Қайднома

Қидирув

Натижа измидаги ўзгарувчан муносабат

Натижа измидаги ўзгарувчан муносабат

  11.06.2019 08:51
  0
  999
Натижа измидаги ўзгарувчан муносабат

Миллий терма жамоамиз Туркия сафаридан мағлубият билан қайтгач, Эктор Купер ижтимоий тармоқларда кескин танқид остига олинди. «Мен нима дегандим...» қабилидаги муносабатлар кўзга ташланди. Орадан 5 кун ўтгач, Туркия термаси Дидье Дешам шогирдларини ҳам 2:0 ҳисобида енгди.

Шу натижа таъсиридами, ижтимоий тармоқларда Куперга муносабатнинг янги тўл­қини бош кўтарди. Бу сафар аргентиналик мутахассис оммавий тарзда қўллаб-қувватланди, «Футболчиларимиз кучли терма жамоага қарши чакки ҳаракат қилишмаган экан-да...» каби мулоҳазалар янгради.

Муносабатнинг ижобий томонга ўзгарганида КХДР термаси устидан қозонилган йирик ҳисобли ғалаба таъсири ҳам катта, албатта. Аммо Шенол Гюнеш шогирдларининг амалдаги жаҳон чемпионидан устун келишгани муносабат тўлқини ижобий тус олишида муҳим туртки вазифасини бажарди, назаримизда.

Қарангки, Франция терма жамоасининг туркиялик футболчиларга ютқазишидан кўплаб мухлислар кўнгиллари таскин топди. «Жаҳон чемпионларики Туркияда мағлубиятга учрашдими, демак, бизга йўл бўлсин!» - муносабатлар замирида шу мазмундаги қарашлар шаклланди.

Қисқаси, КХДР термаси устидан қозонилган ғалаба шукуҳидан яйраётган Куперни Дидье Дешам мағлубияти ҳам руҳлантириб юборди. Ҳа, бир «бегона» ўйин таъсирида футболимиз муҳитида Куперга нисбатан муносабат тамомила ўзгариб кетди-я... Хўш, бу тўғрими ёки нотўғри? Аслида ҳақиқий аҳвол қандай?

Ўзгарувчан муносабат футболимизнинг энг оғриқли нуқтаси эмасми, бундай ёндашув холислик туйғусини занжирламайдими? Ушбу саволларга ҳар бир мухлис-мутахассисда ўзига яраша жавоблар мавжудлигини биламиз. Бизни эса жавоблар ичига яширин муносабатнинг нечоғли мус­таҳкам - собит эканлигини масаласи кўпроқ қизиқтиради.

Қизиқ, нима сабабдан Куперга муносабат бирдан ижобий томонга ўзгарди? Аввалги танқидлар, ҳақиқатан ҳам, нохолисмиди? Ҳозир «Ноўрин танқиддан воз кечиш - марднинг иши» тарзида иш тутилмоқдами? Очиғини айтамиз, Франция  термаси мағлубияти таъсирида Куперга муносабатнинг ўзгариши бизга асло маъқул келмади.

Маълум терма жамоа натижасини назарда тутиб, муайян мулоҳаза юритиш мумкиндир, лекин бу ҳол якуний хулоса даражасига кўтарилиши умумий маромни издан чиқаради. Дейлик, Туркия термасининг ғалабаси Поль Пог­ба ёки Антуан Гризманнга муносабатни ўзгартиролмайди ҳеч қачон. «Барселона» Бурак Йилмазга қизиқиб қолмайди шу бир учрашув натижаси таъсирида.

Мағлубият Дидье Дешам каби мураббий учун фожеа эмас, аксинча, яхши маънодаги огоҳлик қўнғироғидир. Гюнеш унинг янгиланишга улгурмаган услубига қарши тажовуз ва ёвқурлик оловини йўллади. Французлар буни кутишмаганди ва фақат омад уларни яна 2-3та голдан асради. Бироқ бу Дидье Дешам қўл қовуштириб ўтираверишини англатмайди-ку!

Энди икки муҳим хулосага эътиборингизни қаратамиз:

1. Ўзбекистон миллий термаси Гюнеш жамоасидан кучсиз эди ва ҳаққоний тарзда мағлубиятга учради.

2. Туркия миллий термаси Дидье Дешам жамоасидан кучсиз эди ва иштиёқ эвазига ғалаба қозонди.

Эҳтимол, ҳар икки хулосада ҳам қандайдир жузъий камчиликлар бордир. Майли, ҳозир бу муҳим эмас. Муҳими, Туркия терма жамоаси таркиб бобида ўзидан анча кучли рақибни енгди. Биз учун энг асосий жиҳат шу! Гюнеш ўз жамоасидан кучли рақибни енгиш йўлини топди.

Боз устига, бу иш очколар муҳим саналган расмий учрашувда амалга оширилди. Эктор Купер эса шундай вазиятда Туркия термасига қарши ёрқин ўйин услубини тополмади. Турклар бош жамоасида кучли прессинг ташкиллаш тажрибаси шаклланганини аргентиналик мутахассиснинг ўзи алоҳида таъкидлади. У терма жамоамизда қандай ўзига хос жиҳатни шакллантирди?

Қанотлардан Элдор Шомуродов томон тўп узатишними? Қанақа услуб бу ўзи? КХДР термаси дарвозасига урилган 4та голдан қайси биридан қониқиш ҳосил қилиш мумкин? Қайси гол чинакам маҳорат ва комбинация эвазига урилди? Учинчи голми? Ўша вазиятда рақиблар негадир тўхтаб қолишди ва футболчиларимиз ҳеч бир қаршиликсиз, гўё машғулотдагидек ҳаракатланишди.

Рақибнинг кучли ёки кучсизлигидан қатъий назар, терма жамоамизда ягона оқимга айланган, гоҳ тошиб, гоҳ сокин оқадиган ўйин услуби кўзга ташланмаяпти. Хусусан, рақиб жарима майдони яқини ва ичида комбинация уюштиришдан чўчиш аломатлари сезилмоқда.

Умуман олганда, бош жамоамиз ЖЧ-2022 саралаш босқичига тайёргарлик жараёнида орқада қолаётгандек таассурот уйғонмоқда. Ана, Швейцария терма жамоаси кучли чемпионати мавжуд инглиз футболи билан Миллатлар лигаси 3-ўрни учун басма-бас курашди, 120 дақиқа давомида қатъий босимга дош берди.

Бизнинг жамоамиз япон футболи билан шундай курашишга тайёрми? Ёки шундай курашга қачон тайёр бўлади? Бугун Сурия термаси мағлубиятга учратилган тақдирда ҳам бизни шу каби саволлар ўйлантираверади.

Чунки Япония ёки Жанубий Корея термаларини енгишга одатланмай туриб, жаҳон чемпионатига боришни хаёлга келтириш қийин. Энг асосийси, бизда жаҳон чемпионатида тўп суришга муносиб футболчилар аввал ҳам бор эдилар, ҳозир ҳам йўқ эмаслар. Демак, ҳамма гап мураббийда...


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz