Ўзбекистон олимпия термаси Токио-2020 Олимпиадасига йўлланма берувчи бўлажак Осиё чемпионатига қаратилган тайёргарлик ишларини изчил давом эттирмоқда. Мана, саралаш раунди ўйинлардан сўнг кескин танқидларга учраган Любинко Друлович шогирдлари Миср термасига қарши кечган илк ўртоқлик учрашувида мухлисларни қувонтириш уддасидан чиқишди. Олимпиячиларимиз Андижонда ташкиллаштирилган ўйиндан сўнг футболсевар Наманганга йўл хушкайфиятда олишди. Демак, бугун бизни яна бир қизиқарли тўқнашув кутмоқда. Биз илк ўйин арафасида олимпия термаси етакчиларидан бири - ўзига хос дриблинг ва техникага эга ҳужумчи Бобур Абдухолиқовни суҳбатга чорлагандик. Қарангки, Андижонда ҳисобни айнан «Насаф» вакили очди. Умуман, мухлислар 2016 йили ОЧЛда «Ал-Аҳли»га қарши кечган баҳсда дебют қилган Бобурдан кўп нарса кутишмоқда. Мавсум бошида жароҳатга йўлиққан истеъдодли ҳужумчи шунга яраша аввалги спорт формасини тиклаш учун машғулотларда астойдил ишламоқда.
- Бобур, олимпия термаси ва машғулотларга боғлиқ қандай янгиликлар бор?
- Барчаси режа асосида давом этмоқда - кунига икки маҳал шуғулланяпмиз. Жамоадошларим кайфияти аъло даражада. Яъни ҳамма мураббий кўрсатмаларини қувноқ ҳолда бажаряпти. Янгиликларга келсак, ўзгариш йўқ, ҳисоби. Тўғри, сафимизга 1-2 нафар янги футболчи қўшилди.
- Айтингчи, жароҳатдан буткул қутулдингизми, сизни қачон аввалги спорт формасида кўрамиз?
- Футболда ҳеч ким жароҳатланишдан ҳимояланган эмас. Қисматимда бор экан, начора... Муҳими, аста-секин аввалги ҳолатимга қайтяпман. Ўз ўрнида бу борада менга ёрдам бераётган яқинларим ва дўстларимга миннатдорчилик билдираман. Айнан уларнинг далдалари билан астойдил шуғулланяпман ва тез орада яна голлар ура бошлашдан умидворман. Дўстлар мадади - энг яхши дармон восита.
- Сербиялик мураббий машғулотлар жараёнида кўпроқ қайси жиҳатларга алоҳида эътибор қаратмоқда?
- Бу терма жамоа, клуб эмас. Ўз номи билан айтиб турибди - турли клублардан жалб этилган футболчилар бор. Шундай экан, мураббий аввало, жамоавий ўйинни шакллантиришга уринади. Яна олдиндан ўйнаётган ва илк бор таклиф этилган йигитларнинг ўзаро чиқишиб кетишлари ҳам муҳим. Янги футболчилар - Аббос Ғуломов ва Жасур Жалолиддинов биздан бир неча ёш кичик бўлишсада, ҳамма қатори тер тўкишяпти. Улар билан тил топишиш ортиқча қийинчилик туғдираётгани йўқ. Друлович ва унинг ассистентлари ҳам жамоа бир оила сифатида бирлашиши лозимлигини тинмай уқтиришмоқда. Ахир аҳилликда гап кўп.
- Демак, жамоада ички муҳит талаб даражасида, шундайми?
- Ҳа, барча бир-бири билан илиқ муносабатда. Гоҳида ҳазиллашиб турамиз, тўғри, хатоларни ҳам вақтида муҳокама қиламиз, албатта. Қисқаси барчаси аъло.
- Март ойида Тошкентда бўлиб ўтган Осиё чемпионати саралаш баҳсларидан сўнг Любинко Друловичга нисбатан танқидлар кучайганди...
- Уни тўғри тушуниш керак. Зеро, саралаш ўйинлари бошланишидан атиги 2 ой олдин иш бошлаганди. Мослашиш, жамоа билан танишиш, муайян ғояларни амалга татбиқ этиш маълум вақт талаб қилади, барибир. Аслида саралашда ҳам чакки ўйин кўрсатмадик, қолаверса, натижага эришдик. Ўйлайманки, Друлович қўл остидаги энг яхши ўйинларимиз ҳали олдинда.
- Ўзбекистон - Миср учрашувлари вилоятларда ўтказилишига қандай қарайсиз?
- Мухлислар билан тўлиб-тошган стадионда тўп суриш ўзгача завқ беради. Футбол мухлислар билан жозибали.
- Бўлажак ўйинлардан нималар кутяпсиз - натижа муҳимми ёки томошабоп футбол?
- Аввало, шиддатли ўйин кўрсатишимиз керак. Умуман, қандай ўйин бўлмасин, ғалаба илинжида майдонга тушамиз. Иккинчидан, янги мураббий услубига янада мослашиб олишимиз муҳим. Тўғри, ўртоқлик учрашувларида натижа муҳим эмас, лекин ўз юртимиз - мухлислар қаршисида ўйнашимизни ва улар фақат ғалаба кутишларини эътиборга олиш керак.
- Бобур, дўстларингиз сизга «Пеле», дея мурожаат этишади. Бунга муносабатингиз...
- Кимсан футбол қироли номини олиш ёмонми (кулади). Жиддий гапирсам, бунга ёшлигимдан ўрганиб қолганман. Биринчи устозим Умар Раҳматуллаев нега шундай лақаб қўйгани сабабини билмайман, балки ўйин услубим ўхшагани учундир...
- Катта футболдаги дебютингиз ўта муваффақиятли чиққанди...
- Ҳа. 2016 йили «Насаф» сафида ОЧЛ доирасидаги «Ал-Аҳли»га қарши кечган учрашувга жуда яхши киришгандим. Дебют ўйини гол ҳам урганман, аммо якунда япониялик рефери Рюжи Сато хатолари қимматга тушганди.
А.ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20