Қайднома

Қидирув

Алкоголга ўрин йўқ ёки Гарри Кейн ҳақида...

Алкоголга ўрин йўқ ёки Гарри Кейн ҳақида...

  15.06.2019 01:36
  0
  460
Алкоголга ўрин йўқ ёки Гарри Кейн ҳақида...

«Тоттенхэм»нинг бош юлдузи Гарри Кейн тартибли ҳаёт тарзига оғишмай амал қиладиган юлдузлардан биридир. Ҳа, ҳужумчи ЧЛ финалида «шпорлар»га ёрдам беролмади, лекин мухлислар бунинг учун ундан ўпкаланишмайди асло. Зеро, Гарри Кейн оғриқли жароҳатдан кейин тўлиқ тикланмай туриб, ҳал қилувчи баҳсда майдонга тушди. Айтишларича, футболчи Мадрид финалига тайёр бўлиш илинжида ўз уйидаги спорт залида тинимсиз шуғулланганди, бироқ орада маълум вақт амалиётсиз қолгани билинди, барибир. Хўш, Англия терма жамоаси сардорининг кундалик ҳаёти қандай тузилган? Демак, юлдузлар ҳаётини қамраб олган туркум мақолаларимиздан навбатдагиси воситасида Гарри Кейн турмушига назар соламиз, унинг уйига виртуаль саёҳат уюштирамиз.

 

Оила

Гарри Кейн ва унинг ҳамхонаси - Кэти Гудленд ўртасидаги муносабатлар тарихи Голливуд фильми сценарийсига ўхшаб кетади. Улар болаликдан бир-бирларини яхши билишади, ҳаттоки, битта мактабда таҳсил олишган. Гаррининг айтишича, Кэти унинг фаолиятини бошидан буён диққат билан назорат остига олган ва баъзан шахсий қарашларини дангал-дангал айтган. «Аслида у футболни бироз бемаъни юмуш ўрнида кўрарди», — дея тан олганди ҳужумчи Esquire нашрига берган интервьюсида. Муҳими, Кэтининг салбий қараши жуфтлик ўртасидаги муҳаббатга салбий таъсир қилмайди. Қолаверса, Гаррининг маҳбубаси бўлажак турмуш ўртоғи футболсиз туролмаслигини теран англаб, тезда барчасига кўникади. Ушбу жуфтлик ҳозирда икки қизалоқни тарбияламоқда. Танишларининг алоҳида таъкидлашларича, Гарри уларни еру кўкка ишонмайди ва ўғли йўқлигидан бирор марта ўксиган эмас...

Уй

Кейнлар оиласи ҳозирги турар-жойга 2018 йилнинг сентябрь ойида кўчиб ўтди. Лондонда жойлашган шинам уй шахсий эмас. Яъни Гарри ва Кэти ундан ижара келишуви асосида фойдаланишади. Шартноманинг ҳафталик баҳоси 15 минг фунтга стерлингга тенг. Шундай экан, «Тоттенхэм» голеадори бир йил учун 780 минг фунт тўлайди. Асосийси, Гарри ва унинг яқинлари ҳақиқий қасрда яйраб яшашади. Дейлик, уйда нақ 7та ётоқхона бор. Қолаверса, ижара тўлови ҳужумчига ортиқча муаммо эмаслиги ҳам тайин. Ахир унинг ҳафталик маоши 200 минг фунт стерлингни ташкил қилади. Хуллас, 1 ойлик гонорари барча қулайликларни ўз ичига олган кошонада яшашига етиб ортади. Футболчининг «Инстаграм» тармоғидаги саҳифасига қўйилган суратларга қарасак, уйнинг ичида шинам муҳит ҳукмрон. Қисқаси, ортиқча нарса йўқ, ҳаммаси юқори дид билан жойлаштирилган. Дарвоқе, ижара келишуви муддати якунлангач, Кейн қасрни тўлиқ сотиб олиши мумкин. Ҳар ҳолда, шартномага мувофиқ, унда шундай ҳуқуқ бор. Ётоқхоналарга бой уйда тўлиқ жиҳозланган тренажёр зали ҳам бор. Одатда залда Гарри эмас, балки Кэти кўпроқ шуғулланади. Эҳтимолки, ҳужумчи ҳам қаллиғидан кам шуғулланмас, аммо ижтимоий тармоқларда буни тасдиқлайдиган суратлар йўқ. Балки у уйда ўз устида қандай ишлаётганини афиша қилишни хоҳламас...

Кейнлар оиласи бунга қадар нисбатан оддийроқ хонадонда яшаган. Бошида унда ҳаттоки, ҳовли ва кўчани ажратиб турувчи тўсиқ ҳам бўлмаган. Клубда бундан хабар топишгач, Гаррига қатъий танбеҳ беришади: «Машҳур футболчисан, демак, ўғрилар, босқинчилар ва телба фанатлардан ҳимояланиш чораларини кўришинг шарт». Англия терма жамоаси голеадори эса барчасини тўғри тушуниб, тезда уй атрофини чиройли девор ва дарвоза билан ўраганди.

Автомобиллар

Англиялик ҳужумчи Британия оролларида ишлаб чиқарилган буюмларни алоҳида қадрлайди. Жумладан, Англия автомобилларига меҳри баланд. Ҳар ҳолда, унинг барча машиналарида Made in England ёзувини кўриш мумкин. Хуллас, бу Кейн учун жуда муҳим саналади. Бошқача айтганда, футболчи шахсий автогаражидаги Range Rover, Jaguar ва Bentley автомобилларини дунёдаги энг яхшилари сифатида кўради. Бу ҳам ватанпарварликнинг битта ёрқин намунаси. Тан олиш керак, миллий маҳсулотларга эътибор воситасида ўз мамлакатини севишини изҳор этадиган футбол юлдузлари унча кўп эмас. Jaguar F-Pace — Кейн гаражидаги энг ойдий автомобиль: унинг баҳоси чамаси 35 минг фунт стерлинг. Гарри ихтиёридаги яна бир машина — Range Rover Autobiography. Ушбу гўзал «тойчоқ» анча қимматроқ: 100 минг фунт. Ҳар икки улов асосан оилавий сафарларга мўлжалланган. Гарри уларда ҳамхонаси ва қизалоқлари билан сайрга чиқишни хуш кўради. Бордию, футболчининг кўнгли «темир тойчоқ»да учишни тусаб қолса, унда Bentley Supersports хизматига шай. Айтганча, компания бу русумни чекланган миқдорда ишлаб чиқарган - атиги 710 дона. Эътиборлиси, бу Кейн учун биринчи чинакам спорткардир. Тўғри, ҳужумчи кейинчалик шахсий коллекциясини импорт маҳсулотлар - Ferrari ёки Lamborghini билан тўлдириши мумкинлигини айтган, бироқ унинг сўзларига кўра, аввало, бир неча соврин ютиши керак.

Уй ҳайвонлари

Брэди ва Уилсон - булар Гаррининг тўрт оёқли дўстлари. Бири оппоқ, иккинчиси қора лабрадор. Кейннинг тасдиқлашича, итлар билан сайр хотиржам тортишнинг энг осон йўли экан. Қизиқ маълумот: Канадада ушбу ит зотига инсонларнинг ҳимоячи ва ёрдамчиси сифатида қаралади. Шундай экан, айтиш мумкинки, «Тоттенхэм» ҳужумчиси агар ноқулай вазиятга тушиб қолса, Брэди ва Уилсон оддий ҳамроҳдан бевосита кўмакчи функциясига мослашиши ҳеч гап эмас. Қолаверса, барча лабрадорлар каби футболчининг доимий ҳамроҳларида ҳам тажовузкорлик аломатлари йўқ. Хуллас, мухлислар кўчада Гарри Кейннинг ўз итлари билан сайр қилиб юрганини кўришса, бемалол унга яқинлашаверадилар. Зеро, Брэди ва Уилсон бегоналарга шунчаки, эркаланиши мумкин, холос.

 

Ишдан холи ваҚт

Англиялик ҳужумчи лабрадорлар билан сайрга чиқиш баробарида яқин дўстлари даврасида чарчоқ ёзишни ҳам хуш кўради. Гарри бунинг учун кўпинча уйи яқинидаги тамаддихона ёки гольф майдонини танлайди. Шовқинли кечалар ва тунги клубларга эса асло тоқати йўқ. бундай жойларга охирги марта қачон борганини Гаррининг ўзи ҳам эслолмаса керак. Ҳарқалай, у интервьюларидан бирида шу мазмунда гапирганди. Англиялик жентльмен шунингдек, севимли турмуш ўртоғи ҳамда фарзандлари билан саёҳатга чиқишни ҳам яхши кўради. Оддий айтганда, у қисқа таътил вақтини максимал даражада мароқли ўтказишга одатланган. Яна бир томони, Гарри ҳаттоки, узоқ юртларга сафар чоғи ҳам одатий кун тартибига қатъий риоя қилади. Дейлик, ҳар қандай ҳолатда ҳам, спиртли ичимлик яқинига йўламайди.

Ўткир УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz