Қайднома

Қидирув

«Кечирасиз, тўйимиз бор...»

«Кечирасиз, тўйимиз бор...»

  15.06.2019 05:50
  0
  705
 «Кечирасиз, тўйимиз бор...»

Монаес Даббур - Исроил футболининг бугунги юлдузларидан бири. Лекин унинг мамлакат миллий жамоасига муносабати у қадар яхши эмас. Дейлик, араб миллатига мансуб ҳужумчи Исроил термасининг навбатдаги ўйинларида иштирок этмасликка қарор қилди. Шу ёз Австриянинг «Ред Булл Зальцбург» клубидан «Севилья»га ўтадиган 27 ёшли футболчи ўзбошимча қарорини олдиндан тўй кунини белгилаб қўйгани билан изоҳлади. У жамоа мураббийлар штаби ва Исроил футбол федерациясига йўллаган хатида тўй маросимини қолдириш имконсиз эканлигини тушунтирди.

 

Хуллас, Исроил термасининг июнь ойидаги ФИФА саналарига белгиланган ўйинлари вақти  Даббурнинг никоҳдан ўтиш кунларига тўғри келиб қолди. Ҳа, буни шароит тақозосига йўйиш мумкин, бироқ миллий жамоа ўйинлари тақвими аллақачон маълум бўлган ва футболчи тўй кунини белгилашда ҳаммасига эътибор қаратиши шарт эди, албатта. Зеро, у уйланиш тадорикини мавсум тугаганидан кейингина бошлаган. Демак, барчасини била туриб, номақбул кун (албатта, Исроил термаси учун) танлаган. Таъкидланишича, мамлакат футбол федерацияси энди тўпурар ҳужумчини шу муносабати туфайли яна 2та ўйинга дисквалификация қилиши ҳеч гап эмас. Яна бир томони, Даббур Исроил термаси ўйинларидан олдин мамлакат миллий мадҳиясини умуман куйламайди. Бу ҳам мухлисларда кучли эътироз туғдираётганди. Масаланинг нозик томони шуки, Исроил футболи мутасаддилари Даббур билан кенгашиб, иш кўришга уринишди, аммо у бунга қўрс оҳангда жавоб берди: «Йўқ, ҳозирга қадар айнан терма жамоа чақируви туфайли ўғлим туғилган кун маҳбубам ёнида бўлолмадим. Етар...». Бунинг оқибати ўлароқ, у Исроил термасидаги келажагини ҳам шубҳа остида қолдиргани аниқ.

Монаеснинг бўлажак умр йўлдоши - тиббиёт институти талабаси. У кейинги ой илмий сафар билан Исроилдан ташқарига чиқиши лозим. Қисқаси, Даббур барчасини маҳбубасининг бўш вақтига қараб режалаштирган экан. Тўй билан боғлиқ яна бир муаммо бор: футболчи тантаналарни Назарет шаҳри, яъни ўзининг тарихий ватанида ўтказишни хоҳлаганди. Бироқ талаба қиз асосан араблар яшайдиган Назарет вариантига кўнмади.

Аслида Даббур - қизиқарли тақдирга эга футболчи. Мана, асли араб миллатига мансуб исроиллик ҳақидаги бир неча фактларга эътибор қаратинг:

*** Монаес Исроил миллий мадҳиясини атайин куйламайди.

*** Монаес ўз аждодлари ва араб мухлисларига ҳамиша ҳурмат билан қарашини бот-бот таъкидлайди.

*** Монаес шунинг баробарида Исроилни қаттиқ севишини айтишдан сира чарчамайди: «Бу мамлакат мен учун катта аҳамиятга эга. Биринчидан, айнан шу ерда ўзимни кўрсатиб, янги савияга чиқдим. Иккинчидан, сиёсатга арашишни истамайман. Ҳа, мамлакат гимнини куйламайман, аммо бу Исроил халқига нисбатан ҳурматсизлик ифодаси эмас асло. Шунингдек, арабларга муносабатим ҳам жуда яхши».

*** Монаес 2013 йили «Маккаби» шарафини ҳимоя қилган пайт Беэр-Шеванинг «Хапоэль» клуби фанатлари унга атаб, алоҳида баннер кўтаришганди: «Сен чин фуқаро эмассан ва бу ерда ўйнамаслигинг керак». Исроил футбол федерацияси бунинг учун «Хапоэл»га 10 минг евро миқдорида жарима солганди.

*** Монаес 2016 йили Россиянинг ЦСКА ва «Локомотив» клубларидан бирига ўтиши мумкин эди. Бироқ томонлар ҳужумчининг трансфер нархи масаласида келишолмаганлар.

*** Монаеснинг «Ливерпуль» билан шартнома тузиши Муҳаммад Салоҳ туфайли амалга ошмаган. Аниқроғи, мисрлик футболчи 2018 йили агар «Ливерпуль» исроиллик футболчини ўз сафига қўшиб олса, клубдан кетишини айтган.

   *** Исроилда араб миллатига мансуб фуқароларни ўзи ичига олган турли рейтинглар тузишни хуш кўришади. Бундай рўйхатларда асосан актёрлар, журналистлар, моделлар ва бизнесменларга жой берилади. Шунингдек, Даббурга ҳам...

С.Раҳмонов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz