Қайднома

Қидирув

Хотира: ЕЧЛ асосчисини эслаб

Хотира: ЕЧЛ асосчисини эслаб

  19.06.2019 01:57
  0
  234
Хотира: ЕЧЛ асосчисини эслаб

Ўтган ҳафта УЕФАнинг собиқ президенти Леннарт Юханссон вафот этди. У 89 ёшда эди. Шу йилларининг 27 йилини УЕФАга бағишлаган Юханссон мазкур ташкилотни 1990 йилдан 2007 йилгача бошқарган. Бу бир президент учун рекорд кўрсаткичдир. Хуллас, шу вақт оралиғида у футбол учун кўп нарса берди.

Юханссон Чемпионлар Лигаси асосчисидир. Аслида, турнир бундан олдин ҳам ўтказиларди ва Европа Чемпионлар Кубоги деб аталарди. Юханссон эса турнирни косметик таъмирдан чиқарган:

* У туфайли 1992 йили ЕЧЛ мадҳияси тасдиқланган.

* 1994 йили мусобақанинг ҳозирги эмблемаси - бир шарга жойлашган саккиз юлдуз (1993-1994 йиллар мавсумида чорак финалга йўл олган саккиз жамоа шарафига) ўйлаб топилган.

* Юханссон еврокубоклар форматини ўзгартирган. У 1991-1992 йиллар мавсумидан бошлаб Чемпионлар Кубогида гуруҳ босқичини ташкил қилди. Турнир ўша йили охирги марта ЕЧК деб аталган. Келгуси мавсумда ЕЧЛ жорий қилинганидан сўнг турнир олимпия системасида ўтказилди. Унда 32 жамоа иштирок этган. Якунда 8та клуб олтин медаллар учун курашган.

* 1994|1995 йиллар мавсумида 4тадан жамоа 4 гуруҳга бўлинган ҳолда кураш олиб борди. 1997-1998 йиллар мавсумида 6 гуруҳлик тизимни жорий қилишди. Чорак финалга гуруҳ ғолиблари ва энг яхши кўрсаткичга эга иккита иккинчи ўрин соҳиблари йўл олишган. 1999 йили УЕФА 8 гуруҳли форматга ўтди. Биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган 16та жамоа қўшимча гуруҳ босқичида иштирок этишган. Иккинчи босқичда 4та гуруҳ бўлган ва саккиз жамоа чорак финал йўлланмасини қўлга киритган.

* Ҳозирги формат (саккизта гуруҳ ва «плей-офф»нинг 1|8 финалдан бошланиши) 2003|2004 йиллар мавсумида жорий қилинган. Ўтган вақт давомида Леннарт Юханссон бир қатор ўзгаришлар қилиб, турнирни замонавий кўринишга олиб келган.

Independent нашрининг мухбири Ян Стэффорднинг айтишича, у Юханссондан интервью олиш учун уч ой уринган. Охир-оқибат УЕФА раҳбари Стэффорд билан суҳбатлашишга рози бўлган. Фақатгина бу ишни «Арсенал» ва «Вест Хэм» ўйинида қилишини айтган. Юханссон Англияга ишчи ташриф билан борган ва ўйин пайтида гаплашиш учун вақт топганини айтганди.

Инглизлар Юханссонни жуда ҳурмат қилишади. Бунга уларда иккита сабаб бор:

1. Юханссон «Ливерпул»нинг еврокубокларга қайтишини таъминлаган. 1985 йили «Эйзель» стадионида ЕЧК финали бошланишидан бир соат олдин (финалда «Ливерпуль» ва «Ювентус» жамоалари ўйнашган) фожиа юз берган. Англиялик мухлислар полиция қаршилигига қарамай, тўсиқлардан ошиб ўтиб, «Ювентус» финатлари билан муштлашишган. Италияликлар оз бўлишгани боис бошқа трибунага қочишга ҳаракат қилишган. Натижада девор қулаган. 39 киши ҳалок бўлган, 700га яқин мухлис жароҳат олган. Якунда УЕФА бу иш юзасидан суриштирув ишларини олиб борган. Ташкилот «Эйзель» стадионининг УЕФА хавфсизлик талабларига жавоб бермаслигини аниқлаган. Якунда ушбу арена 1995 йили бузиб ташланган. Полицияга учрашувдан олдин ва ўйин пайтидаги тартибсизликлар борасида маълумотлар тақдим этилган. Ўйинга қадар Брюсселда кўплаб тўқнашувлар бўлган. Ўйин пайтида мухлислар бир-бирларига петардалар ва бошқа буюмлар отишган. Лекин фақат инглизлар жазоланишган. УЕФА Англия клубларини беш йилга еврокубоклардан четлатган. «Ливерпул»га эса ўн йиллик жазо қўлланилган. 1991 йили Юханссон доклад билан чиқиш қилиб, Брюсселдаги фожиага қадар ЕЧКда ғолиб чиққан жамоа еврокубокларга қайтиши кераклигини айтган. УЕФАнинг бошқа раҳбарлари ҳам унинг фикрига қўшилишган. Натижада 1991 йили «Ливерпул»дан жазо олиб ташланган.

2. Юханссон Англиянинг Евро-1996га мезбонлик қилишида ёрдам берган. Ўшанда қитъа чемпионатини ўтказиш ҳуқуқи учун Германия, Франция ва Англия кураш олиб борган. Англияликларда мухлислари туфайли имкониятлари кам эди. «Эйзел»даги фожиа ва АПЛнинг ҳар бир ўйинида юз берадиган тартибсизликлар негатив қарашларни юзага келтирганди. Юханссон эса Англия «заявка»сини очиқ-ойдин қўллаб-қувватлаган. 2000 йили Юханссон ЖАРнинг ЖЧ-2006 учун «заявка»сини қўллаган, лекин бу курашда Германиянинг қўли баланд келганди. Die Zeit нашрининг хабар беришича, немислар ҳаққоний тарзда ғалаба қозонишмаган экан. Улар Шимолий Корея ва Саудия Арабистонига сифатли автомобиль саноатини ваъда қилиб, овозларини сотиб олишган экан. Айнан ўшандан сўнг Зепп Блаттер ва Леннарт Юханс­сон ўртасига совуқчилик тушган. Блаттер Германияни очиқ қўллаган. Кейинчалик Юханссон уни коррупцияда айблаган.

Леннарт Юханссон ҳақида билишимиз керак бўлган маълумотлар:

- 1967-1990 йилларда АИК клуби президенти бўлган. 2007 йили клубнинг фахрий президентига айланган;

- 2007 йилнинг октябрида тўпли хоккейни Олимпия спорт турларига киритиш комиссиясига кирган;

- 2001 йилдан бошлаб Швеция чемпионларига Леннарт Юханссон номидаги кубок тақдим этилади;

- 1998 йили Юханссон ФИФА президентлигига ўз номзодини қўйган, аммо ўша сайловларда Зепп Блаттернинг қўли баланд келганди. У Юханссондан 31та кўп овоз тўплаган - 111-80.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz