Қайднома

Қидирув

Муаммолар тарихи – ўзгаришлар асоси: Аҳмаджонов ЎФАнинг бошқаришда қийналди...

Муаммолар тарихи – ўзгаришлар асоси: Аҳмаджонов ЎФАнинг бошқаришда қийналди...

  20.06.2019 01:49
  0
  1102
Муаммолар тарихи – ўзгаришлар асоси: Аҳмаджонов ЎФАнинг бошқаришда қийналди...

Футболимиз яна ўзгаришлар жараёнини бошдан кечирмоқда. Ҳаммаси қайтадан бошланади, чоғи. Савол туғилиши табиий: нима учун? Умид Аҳмаджонов катта мақсадларни ўз олдига қўйган, уларни амалга ошириш учун жиддий қадамлар ташлаган, ғайрат ва шижоат билан иш бошлаган эди-ку?! У нима учун истеъфога чиқди? ЎФА бошқаруви янгиланиши учун шу қадар муҳим сабаблар бормиди? Янги бошқарув аппаратида узоқроқ ишлаш имконияти қай даражада? Қуйида шу саволлар борасида навбати билан мулоҳаза юритамиз.

Назаримизда, Умид Аҳмаджонов битта муаммо таъсирида мамлакатимиз футболини бошқаришда қийналди. Энди шу муаммо Равшан Эрматовни ҳам мушкул аҳволга солиб қўйиши мумкин. Ёдингиздами, Мираброр Усмонов футболимиз бошқарувини қўлга олган паллада терма жамоаларимизнинг халқаро натижалари аянчли эди ва бу ҳолатга ЎФФнинг иқтисодий жиҳатдан ночорлиги асосий сабаб сифатида кўрсатиларди. Шундай мураккаб вазиятда Мираброр Усмонов зиммасига бирдан 2та вазифа, яъни терма жамоаларимизнинг халқаро натижаларини яхшилаш ва ЎФФни иқтисодий жиҳатдан бақувват ташкилотга айлантириш масъулияти юкланди. Вазият шундай эдики, мамлакатимиз раҳбарияти ҳам, футбол мухлислари ҳам узоқ кутишни исташмасди. Барча жиҳатларни обдон тарозида тортган Мираброр Зуфарович нисбатан осон йўлни танлади. Дастлаб ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларининг Осиё ҳамда жаҳон чемпионатларида муваффақиятли қатнашиши режалаштирилди. Мазкур ёндашув миллий жамоамиз учун пойдевор - замин сифатида изоҳланди. Фаолияти тезроқ самара беришини истаган ва келажакни ҳам ўйлаган раҳбар бундан бошқача йўл тутиши мумкинми? Албатта, йўқ! Шу боис ЎФФ тез фурсатда олқишларга кўмилди. Чунки Алексей Евстафеев бошчилигидаги ўсмирлар, Аҳмаджон Мусаев бошқарган ёшлар халқаро майдонда ёрқин ғалабаларни қўлга киритиб, футболимиз келажагига умид уйғотишди. Афсуски, бу умидлар сароб бўлиб чиқди. Футболимиз ўша ёрқин авлодни йўқотди. Қаранг, ўшанда бош жамоамиз лидерига айланишлари  кутилган Шерзод Каримов ва Аббос Махсталиев ўтган тур «Сурхон» билан 1:5 ҳисобида мағлубиятга учрашди. Учрашувда ўзаро ўрин алмашган бу икки иқтидор эгасини кўрган қанча-қанча мухлислар афсус ва армон ила бош чайқашди. Наилож? Бугунги тақдир учун футболчиларнинг ўзларини айблаш ҳам инсофдан эмас. Чунки футболимизда авлоддан авлодга эстафета узатиш механизми яхши ишламади. Натижалар учун жавобгар саналувчи мураббийлар масъулият юки остида катта авлодга эътибор қаратаверишди. Охир-оқибат бош жамоамизда авлодлар алмашинуви жараёни бузилди. Жаҳон чемпионатининг сўнгги саралаш ўйинларида Самвел Бабаян дейлик, Жавоҳир Соҳибов ва Игорь Сергеев каби шогирдларига ишонч билдираверди. Ҳолбуки, Шерзод Каримов ва Аббос Махсталиев ҳам унинг назорати остида футбол сирларини ўрганишганди.

Қисқаси, ЖЧ-2018 саралаш босқичида бой берилган авлод ўрнида нисбатан ёш футболчилар ҳаракатланишди ва бу ўзини оқламади. Бошқача айтганда, катта ва анчайин ёш авлод ўйинлари ўзаро уйғунлашмади. Барибир, ўртадаги, яъни йўқотилган авлоднинг ўрни сезилди. Фикримизча, Америка кубоги-2019да дастлабки учрашувни 0:2 ҳисобида бой берган Аргентина терма жамоасида ҳам шунга ўхшаш жараён кузатилмоқда. Ҳужум чизиғи фақат катта авлод, яъни Лионель Месси, Анхель ди Мария ва Серхио Агуэродан иборат. Чарчоқ ва тажриба ёнида ёшлик ҳамда шижоат йўқлиги билиниб қолди. Таркибдаги бошқа ёш футболчиларда эса ташаббускорлик учун журъат етишмади. Бундай руҳий босим ҳолати мутасаддилар ва мураббийлар аралашувига муҳтож. ЖЧ-2018 финал босқичи арафасида Дидье Дешам биз орзу қилган каби йўлдан борди ва Килиан Мбаппе, Бенжамин Павар ва Люка Динь сингари футболчиларни таркибга чорлади. Айни чоғда уларни катта авлод ҳимоялади. Дешам шу жиҳати билан Самвел Бабаян ва Лионель Сколонедан фарқланади. Таъкидлаш жоизки, айни шу каби муаммо Эктор Купер жамоасида ҳам мавжуд. Қувончлиси, аргентиналик мураббий Остон Ўрунов, Достон Иброҳимов, Ҳожиакбар Алижонов сингари кичик авлодга ҳам дадил ишонч билдирмоқда. Бу яхши, албатта. Аммо уларнинг тобланишлари учун вақт керак. ЖЧ-2022 саралаш босқичи эса кутиб турмайди. Шундай пайт бугун оғир юкни кўтариши лозим бўлган, лекин йўқотилган авлод кўз олдимизга келаверади...

Умид Аҳмаджонов мана шундай муаммолар гирдобида футболимизни бошқаришга киришди. Хусусан, 2016 йил мавсуми якунида олий лига жамоаларининг аксарияти иқтисодий танглик ҳолатига тушганди. Бу Мираброр Усмонов футболимизда олиб борган молиявий сиёсат натижаси эди. Миллий иқтисодий макондаги нотекис молиявий сиёсатни ҳисобга олмай, олий лига жамоалари зиммасига катта миқдорда бадал пули юкланди. Бундай тўлов ЎФФ, ПФЛ ва терма жамоалар фаолияти учун зарур, деб ҳисобланди. Бир қарашда, ҳаммаси мантиққа мос. Бироқ «Олий лига жамоалари улкан молиявий айланма учун маблағни қаердан топади?» - деган саволга амалий жавоб изланмади. Тўғри, жамоаларга ҳомийлар бириктирилди. Бироқ ҳомийлар мўрт эди, юзаки эди. Нима дейишга ҳайрон футболимиз муҳитининг боши қотганди.

Юзага келган вазият жамоаларни инфратузилмаси ва молиявий ҳолатига қараб, иккига ажратишни тақозо қиларди. Бунда асосий шарт жамоалар ва янги ташкилланган лигаларнинг бир-биридан кескин фарқланишига йўл қўймаслик эди. Биз шу ҳолат учун алоҳида лойиҳа - таклифлар билан чиқдик. Таассуфки, билдирилган мулоҳазалар ЎФА томонидан охиригача ўрганилмади ёки чала бажарилди. Айниқса, Суперлига жамоалари бадал пулининг камайтирилмагани, аксинча, айрим жамоаларга нисбатан катта миқдорда жарималар белгилангани вазиятни баттар чигаллаштирди. Қолаверса, «Пахтакор» ва «Локомотив» ўртасида нохолис рақобат кучайди. Ижтимоий тармоқларда ЎФА президенти «Локомотив»га, биринчи вице-президент эса «Пахтакор»га ён босиши билан боғлиқ эътирозлар янгради. «Бунёдкор» ва «Насаф»даги сунъий инқироз, «Нефтчи» ва «Машъал»нинг катта футболдан четда қолиши кўпчиликни ранжитди. Қолаверса, келишилган ўйинлар масаласида ҳам бир томонлама қарорлар чиқарилди ва чала ҳақиқатлар норозилик тўлқинини авж олдирди.

Хуллас, ЎФА мавжуд муаммоларнинг оқилона ечимини тополмади, бу борада яхлит ва бир бутун кучга айланолмади. Шу маънода ЎФА бошқарувидаги ўзгаришларни мухлислар қизғин қўллаб-қувватлашганини тўғри тушуниш даркор.

Кўриниб турибдики, Равшан Эрматов оғир муаммолар ортилган футбол «машина»си рулини қўлга олди. «Қизилқум» - «Сўғдиёна» учрашувида Элёр Орипов, «Андижон» - «Металлург» баҳсида эса Рўзимбой Аҳмедов «ишлаган» пенальтилар тасодифми ёки кўплаб футболчиларда шундай йўл тутиш «касал»и бор? Бу борада ҳакамлик қилолмаймиз. Мулоҳазамизга ҳам аён-ошкор, фактларга эга ҳақиқат сифатида қарамаслик лозим. Бу каби масалалар энди Равшан Эрматов назорати остида. У АГМК - «Навбаҳор» учрашувидаги пенальтига тортувчи, аммо ҳакам эътиборсиз қолдирган ҳолат ҳақида қандай фикрда? Умид қиламизки, халқимиз эътирофига эришган таниқли ҳакам раҳбарлик лавозимида ҳам мухлислар ишончини оқлайди.  Ғуломжон ака Ҳамидов йўллаган шеърда бу ишонч шундай шукуҳли ифодаланган.

Энди отилмайди тош,

Ахир ишонч - катта куч.

Равшан бўлса агар бош,

Умидлар бўлмайди пуч.

Ишонар Карпин, Купер,

Кундан-кун ўсар Элдор.

Ўйининг бўлар супер,

Элдор, сенда бир гап бор.

У гўёки Понедельник,

Қутлуғ манзил - Дон бўйи.

Термамизнинг қадди тик,

Бошланар футбол тўйи...

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz