Қайднома

Қидирув

Икром Алибоев: «Саралашда бошқача ўйнаймиз ва...»

Икром Алибоев: «Саралашда бошқача ўйнаймиз ва...»

  21.06.2019 04:09
  0
  805
Икром Алибоев: «Саралашда бошқача ўйнаймиз ва...»

Ўзбекистон терма жамоасининг ФИФА кунлари доирасидаги навбатдаги йиғини Сурияга қарши ўтказилган баҳсдан сўнг ниҳоясига етди. Эктор Купер шогирдлари пойтахтимизда ўтказилган икки ўртоқлик учрашувида мухлисларга ажойиб ғалабаларни тақдим этиш баробарида, имкон қадар чиройли ўйин кўрсатишга уринишди. КХДР билан учрашувда термамиз жамоавий ҳаракатлар эвазига ғалабани тантана қилган бўлса, кейинги ўйинда Элдор Шомуродовнинг «дубл»и оз бўлсада миллий жамоага бўлган ишончни қайтарди. Мазкур ўйинларда сўнгги вақтларда терманинг муҳим футболчисига айланиб улгурган Икром Алибоев ҳам тезкор ҳаракатлари билан ажралиб турди. Сурия билан ўйин ниҳоясига етгач, иқтидорли ярим ҳимоячига бир қатор саволлар билан мурожаат қилдик.

 

- Икром, сизнингча, Сурия терма жамоаси бизга етарли даражада қаршилик кўрсата олдими?

- Ўйин биз учун яхши бошланди, тезкор гол уриб олганимиз ишимизни бироз енгиллаштирди. Сурия термаси ҳам анча шаклланган, жисмоний жиҳатдан кучли футболчиларга эга. Рақиб таркибидаги аксарият футболчилар турли ёш тоифаларидаги жамоалардан бошлаб бирга ўйнаб келишмоқда. Тошкентга сурияликларнинг икки муҳим ўйинчиси - Омар Ҳарбин ва Омар Алсоманинг келмагани катта аҳамиятга эга эмасди. Чунки биз тайёргарлик жараёнида бир ёки икки кишига эътибор қаратмай, бутун жамоани ўрганамиз. Биринчи бўлимда рақиб дарвозасига иккита гол урганимиздан сўнг ўйин тизгини улар томонга ўтиши табиий ҳол. Шу боис кейинги 45 дақиқаликда рақибга қараб ўйнашимизга тўғри келди ва асосийси, натижани ушлаб қолдик.

- Учрашув давомида марказдан қанотга тўп узатишларда хатолар кўп кузатилди. Бу янги қўшилган футболчилар билан боғлиқми ёки майдон сифати халал бердими?

- Терма жамоада «янги» деган сўзни ишлатиш ноўрин, менимча. Чунки таркибда ҳамма футболчилар бир-бирини танийди, гарчи бошқа клуб вакиллари ҳисоблансада, миллий чемпионат баҳсларида жуда кўп тўқнаш келишган. Марказда йўл қўйилган хатолар ҳақида гапирадиган бўлсам, балки бу майдоннинг айни вақтдаги ҳолати билан боғлиқ бўлиши мумкин. Чим ётқизилганига кўп бўлмади, у етарли даражада мустаҳкам бўлмаган, ҳали юмшоқ. Ўйлайманки, бир-икки ой мобайнида, саралаш баҳслари бошлангунига қадар бари жойига тушади.

- ЖЧ-2022 саралаш ўйинларига қадар тайёр бўласизларми?

- Албатта. Сентябрь ойида бошланадиган муҳим мусобақада янада яхши ва чиройли футбол кўрсата оламиз. Жароҳатлар ва бошқа сабаблар панд бермаса, насиб қилса, халқимизни ёрқин ғалабалар билан хушнуд этмоқчимиз.

- Мундиалга йўлланма олиш учун доимгидек ОФК грандлари - Япония, Эрон, Австралия ҳамда Жанубий Корея тўсиғидан ўтишимизга тўғри келади...

- Албатта, гапингиз тўғри. Асосийси, бизда уларни мағлуб этиш учун улкан ишонч бор, бусиз нимагадир эришиш қийин. Осиё кубогида Японияни иккинчи бўлимда қандай аҳволга солганимизни ҳамма кўрди. Ҳатто ўша учрашувда дуранг натижа қайд этишимиз ҳам мумкин эди, аммо омад биздан юз ўгирди. Даврон Ҳошимовнинг зарбасидан сўнг тўп дарвоза тўсинига тегиши ва яна бир нечта вазиятлар... Австралия билан ўйинда, назаримда, биз рақибдан яхшироқ ўйнадик. Қисқаси, кучли жамоаларга бемалол қаршилик кўрсата олишимизни исботладик. Қандай ўйин бўлишидан қатъий назар, фақат ғалаба учун майдонга тушамиз.

- Сурия билан ўйиннинг иккинчи бўлимида термамиз прессингни кучайтиришга эътибор қаратди. Бу Эктор Купернинг танаффус пайтидаги кўрсатмасими?

- Ҳа. Жаноб Купер иккинчи бўлим бошланиши билан рақибга тезкор босим ўтказишимизни, бу ишни биринчи бўлимда унчалик уддалай олмаганимизни таъкидлади. Чунки прессинг қилмасак, ўйин назорати сурияликлар томонига ўтиб кетарди. Мураббий кўрсатмаларини қўлдан келганча бажаришга интилдик. Шунингдек, захирадан майдонга тушган футболчилар ҳам ёмон тўп суришмади.

- Пойтахтда ўтказилган икки учрашувда жамоа олдига қандай вазифа қўйилганди? Натижа муҳиммиди ёки мухлисларбоп ўйин кўрсатиш?..

- Ўртоқлик баҳсларида мураббийлар штаби асосан янги футболчиларни синовдан ўтказиш асносида, турли тактик схемаларни кўздан кечириб олишади. Чиройли футбол, натижа кейинги ўринда туради. Албатта, минглаб юртдошларимиз қаршисида ғалаба қозонишга ҳаракат қилдик, чунки ажойиб атмосфера, мухлислар ҳайқириқлари остида тўп суриш бизга қўшимча куч-қувват бағишлайди.

- Бу икки баҳсда рақиблар дарвозамизни ишғол эта олишмади. Мазкур ҳолатда КХДР ва Сурияга ўзбекистонлик ишқибозлар босими халал берди, деган фикрга қўшиласизми?

- Албатта. Ўртоқлик учрашувларида трибуналарнинг шу даражада тўлиб-тошгани таҳсинга сазовор. Саралаш босқичида бундан кўпини кутамиз, зеро ҳал қилувчи беллашувларда стадионга мухлислар сиғмай қолса, асло ажабланмайман. Сабаби, бу - Ватан жамоаси.

- «Сеул»даги ишларингиздан кўнглингиз тўляптими?

- Жанубий Кореядаги фаолиятим бир маромда кетяпти. Барча учрашувларда майдонга тушиб, фаол тўп суряпман. Фақат иккита ўйинни дисквалификация сабаб ўтказиб юбордим. Мураббийимиз менга ишонч билдираётган экан, бу ишончни майдонда ортиғи билан оқлашга тайёрман.

А.ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz