Қайднома

Қидирув

Максимал ҳисоб ёки Сан-Марино термасида "дарвоза" йўқми?

Максимал ҳисоб ёки Сан-Марино термасида "дарвоза" йўқми?

  21.06.2019 09:16
  0
  541
Максимал ҳисоб ёки Сан-Марино термасида

Миттигина Сан-Марино мамлакати миллий терма жамоасига ачиниш керак. Европа футболи грандларини қўя турайлик, ўртамиёна ва ҳаттоки, нисбатан заиф термалар ҳам бу рақиб билан ўйинга яйраб гол уриш имконияти сифатида қарайди, гўё. Мана, яқинда Россия термаси Сан-мариноликларга қарши ўйин (Евро-2020 саралаши)да ўз тарихидаги энг йирик ҳисобли ғалабани расмийлаштирди - 9:0. Soccer.ru сайти ижодкорлари эса шу баҳона еврофутбол архивини титкилаб, катта миллий жамоаларнинг энг йирик ғалабаларига эътибор қаратишди. Хўш, Испания, Германия ва Франция термалари рақиб дарвозасига энг кўпи билан нечта гол урган? Айтиш жоиз, Европа футболи бу борада «ёввойи» рекордларга эга!

                                  

Германия - 16:0 (Россия термаси билан ўйинда). 16та жавобсиз гол! Буни тасаввур қилиш ҳам қийин. Боз устига, немислар энг йирик ҳисобни ҳозирда қитъа футболида ўз ўрнига эга бўлган Россия термасига қарши баҳсда қайд этишган. Дарвоқе, замонавий бундестим янги аср (2006 йили)да узоқ 1912 йилнинг 1 июль куни расмийлаштирилган ўша рекордни янгилашга уриниб кўрди. Рақиб - яна шу ғариб Сан-Марино термаси. Ҳайтовур, немислар бу сафар 13:0 билан чекланишди. Энди рекордга келсак, немислар ўша ўйинда Олимпиада ўйинларида Финляндия термасига ютқазган Россия империяси жамоаси дарвозасига беармон гол уришганди. Стокгольмдаги баҳсда таниқли бастакор Рихарднинг акаси - «нотаниш» Фукс химия фанлари доктори Лев Иванович Фаворский (қаранг, буюк Яшиннинг адаши)  қўриқлаган дарвозани нақ 10 марта нишонга олган. Яна бир томони, ўйиндаги 16та гол 2-69-дақиқалар оралиғида урилган!

Франция - 10:0 (Озарбайжон термаси билан ўйинда). 1995 йил 6 сентябрь. Осер. Зайниддин Зидан етакчилигидаги бўлажак жаҳон чемпионлари озарбайжонликларни сира аяшмаганди. Ҳисобни 13-дақиқада Марсель Десайи очгач, Юри Жоркаефф ва Венсан Герен танаффусгача яна биттадан гол уришади. Иккинчи 45 дақиқаликда эса стадионга йиғилган 14 минг мухлис нақ 7та гол кўради. Эътиборни тортадиган томони, Евро-96 саралашидан ўрин олган учрашувдаги 10та гол нақ 8 нафар футболчи номига ёзилганди. Хуллас, фақат Франк Лебёф ва Юри Жоркаефф «дубл»га эришадилар, холос. Тушунарлики, бу Озарбайжон термаси тарихидаги энг йирик ҳисобли мағлубият.

Дания - 17:1 (Франция термаси билан ўйинда). Бунисига нима дейсиз? Французлар «калтакланувчи бола» ролида. Ҳа, 1908 йили данияликлар Лондонда Франция термасига шунчаки, мастер-сабоқ ўташган экан. Факт: ўша ўйинда даниялик математик Харальд Бор (физик Нильснинг укаси) ҳам қатнашган.  Тўғри, инсоф юзасидан айтиш керак, Франция футболи ҳали порфессионал даражага чиқмаган, яъни ҳаваскорлар миқёсида эди.

Италия - 9:0 (АҚШ термаси билан ўйинда). Ўта йирик ҳисобда ғалаба қозониш ҳимоявий футболга меҳри баланд «Скуадра» учун мос эмасдек. Лекин итальянлар ҳам АҚШ билан муносабатларда сира бўш келишни истамайдилар. Буни ҳар бир соҳада кўриш мумкин - хоҳ бизнес, хоҳ спорт ёки санъатда. Футболдаги тарихий тўқнашувга тўхталсак, америкаликлар Англиянинг Бредфорд шаҳрида, аниқроғи, Олимпиада ўйин-лари 1|8 финалида шундай шармандаликка юз тутишган. Энг қизиғи, АҚШ термаси атиги 2 йилдан кейин ЖЧ-50да анча қудратли Англия миллий жамоасидан устун келади - 1:0. «Скуадра» тарихидаги энг катта ҳисобни таъминлаган буюк «Торино» вакиллари эса яна бир йилдан сўнг авиаҳалокатга учраб, ҳаёт билан видолашадилар.

Англия - 13:0 (Ирландия термаси билан ўйинда). 1948 йилги Лондон Олимпиадаси мавзусини давом эттириб, турнирда атиги 12 нафар футболчи билан қатнашган Швеция термаси асосан буюк учлик - Гре-Но-Ли (Гуннар Грен - Гуннар - Нордаль - Нильс Лидхольм) хизматлари эвазига олтин медаль соҳибига айланганини айтиш жоиз. Чемпионликни кўзлаган мезбон - Британия термаси эса данияликларга қарши ўйинда омадсизликка йўлиқади. Англия футболи бунга қадар ўз рекордини ўрнатиб улгурганди. Аниқроқ айтсак, 1882 йили Белфастда Ирландия термаси инглизлардан 13та жавобсиз гол қабул қилганди. Айтиш жоиз, Англия термаси сафар ўйинида рекорд ўрнатган кам сонли жамоалардан биридир.

Португалия - 8:0 (Лихтенштейн термаси билан ўйинда). Португаллар бечора Лихтенштейн термасини 2 марта хижолатда қолдиришган - 1994 ва 1995 йилларда. Хуллас, улар аввалига Лиссабон, кейин Коимбрада камтарин жамоани 8та жавобсиз гол билан «сийлашади». Қолаверса, «Европа Бразилияси» ҳисобида яна битта 8:0 бор. Охиргиси янги аср (2003 йили)да Қувайт термаси билан баҳсда қайд этилган. Ўшанда Педро Паулета «покер»га эришган бўлса, Нуну Гомеш «хет-трик» қайд этганди.

Испания - 13:0 (Болгария термаси билан ўйинда). Висенте Дель Боске бошқарган «Қизил фурия» ЖАР-2010 мундиалида рақибларини асосан 1:0 ҳисобида енгиб, тахтга кўтарилганди. Икер Касильяс, Серхио Рамос, Хави ва Андрес Иньеста ўтмишдошлари эса узоқ 1933 йили Мадридда болгарияликларга чинакам «меҳмоннавозлик» кўрсатишган. 13та голдан 6таси буюк тўпурар Замора ҳисобига ёзилган.

Голланлия - 11:0 (Сан-Марино термаси билан). Голландлар инглизлар ва немислардан фарқли ўлароқ, ўтган асрнинг 60-йилларига қадар еврофутболда катта ролга эга эмасдилар. Ҳаттоки, «учар голландлар» даврида ҳам ўта йирик ҳисоб қайд этилмаган. 2011 йили эса Голландия дружинаси ҳам яна шу Сан-Марино термасининг заифлигидан фойдаланди. Эйндховенда Евро-2012 саралаши доирасида кечган учрашувда айниқса, Робин ван Перси («покер»), Уэсли Снейдер («дубль») ва Клаас-Ян Хунтелар («дубль») ўзларини кўрсатишганди. Дарвоқе, жамоанинг охирги голи ёш Жоржиньо Вейналдум номига ёзилган. ЧЛнинг амалдаги ғолиби захирадан майдонга тушиб, мураббий ишончини тўлиқ оқлаганди.

 

Европанинг яна бир Қатор терма жамоалари тарихидаги рекорд ҳисоблар

(камида 7та гол фарқи)

 

Бельгия - Сан-Марино - 10:1  (2001 йил)

Хорватия - Сан-Марино - 10:0 (2016 йил)

Швейцария - Литва - 9:0 (1924 йил)

Швеция - Латвия - 12:0 (1927 йил)

Польша - Сан-Марино - 10:0 (2009 йил)

Украина - Сан-Марино - 9:0 (2013 йил)

Туркия - Сурия - 7:0 (1949 йил)

Россия - Сан-Марино - 9:0 (2019 йил)

Хуллас, Сан-Марино термаси зиммасида тарихий миссия бор - ўзга жамоаларнинг рекорд ўрнатишига ёрдам бериш.

А.Аҳмедов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz