Қайднома

Қидирув

Самарасини кутамиз..."Реал"дан яна рекорд ва Йович ҳақида...

Самарасини кутамиз..."Реал"дан яна рекорд ва Йович ҳақида...

  21.06.2019 10:29
  0
  506
Самарасини кутамиз...

«Реал» жорий трансфер бозорида чиндан ҳам, ўта фаол. «Қироллик клуби» ҳозирга қадар бир неча жиддий харидларни расмийлаштиришга улгурди. Таҳлилчиларнинг таъкидлашларича, жамоа трансферлар бобида охирги марта 2009 йили шундай фаоллик кўрсатган эди. Илова тарзда берилган тасвир (ўнгда)га қараб, барчасини ўзаро солиштириб кўришингиз мумкин. Дарвоқе, «қаймоқранглилар» мавсум-2009|2010 якунида айтарли ҳеч нарса ютишмаганди. Бернабеу ва Беккенбауэр номи остидаги кубоклар ҳисобга кирмайди. Эҳтимол, «Мадрид» бу сафарги янги ўйинчилар ёрдами билан Ла-лига тахтига қайтар...

Янги рекорд

«Реал» жорий трансферлар бозорида мавсум давомидаги харажат миқдори бўйича ўз рекордини янгилашга улгурди. Ваҳоланки, «олди-сотди»лар муддати ҳали якунлангани йўқ. Ҳаттоки, Криштиану Роналду, Кака ва Карим Бензема харидига ҳам ҳозиргидан камроқ сарфланган эди. Оддий айтсак,  «Лион» ҳимоячиси  Ферлан Менди («Манчестер Сити» вакили - Бенжамен Мендининг укаси) «Реал»нинг 5-янги футболчиси бўлди. Эден Азар («Челси»), Лука Йович («Айнтрахт»), Эдер Милитао («Порту»), Ферлан Менди («Лион»), Родриго («Сантос») - «Қироллик клуби» президенти Флорентино Перес шу футболчилар трансферлари учун жами 300 миллион евродан кўп ажратди. Хуллас, жамоа ўз тарихида муайян трансферлар мавсумида илк марта 300 «лимон»дан кўп сарфлади. Олдинги рекорд 10 йил муқаддам қайд этилганди - 258,5 миллион. Ўшанда сумманинг катта қисми Криштиану Роналду, Кака ва Карим Бензема харидига йўналтирилганди. Умуман, ҳозирги рақам ҳали янада ошиши эҳтимоли катта. Зеро, ОАВда «Реал»нинг Поль Погба, Килиан Мбаппе ва Кристиан Эриксенга қизиқаётгани ҳақида кўп ёзилмоқда. Айтганча, жаҳон футболида энг йирик трансферлар кампанияси «Барселона»га тегишли. Каталонияликлар мавсум-2017|2018да жами 374,5 миллион еврога янги футболчилар сотиб олишганди. Фелиппе Коутиньо ва Усмон Дембеле эса клубнинг энг йирик харидлари бўлишганди.

Қуйида “Реал”нинг янги аъзоси Лука Йовичнинг дастлабки таасуротлари билан танишасиз...

Лука Йович: «Ҳа, «Реал» футболкасида ухлайман»

Илк таассуротлари

- Дунёдаги энг бахтиёр ўсмирман, жаҳоннинг энг йирик клубига тегишли эканлигимдан бениҳоя мамнунман. Албатта, «Мадрид» ишончини оқлашдан умидворман. Майдонда бу жамоа шарафини ҳимоя қилиш туйғуси ўрнини ҳеч нима босолмайди.

Ўзаро ишонч

- Бор куч-маҳоратимни ишга солган ҳолда, иложи борича кўпроқ ўйнаш ва нималарга қодирлигимни амалда кўрсатишга ҳаракат қиламан. Бу ерга ўйнаш ва курашиш учун келдим, жамоага манфаат бера олишимга ишонаман. Негадир сезиб турибман - янги мавсум «Реал» учун мутлақо омадли кечади. Ҳар ҳолда, якунланган мавсум бутунлай унутилиши керак.

Мухлисларга ваъда

- «Реал» дунёдаги энг буюк клуб ва унинг сафида тўп суришдан бахтиёрман. Жамоага ёрдам бериш ва мавжуд совринларга эришиш йўлида бор куч-қувватимни ишга соламан.

«Реал» футболкаси

- Ҳа, «Реал» футболкасида ухлашим - ҳақиқат. Уни менга отамнинг яқин дўсти менга совға қилганди. Зеро, болаликдан «Реал» фанатиман. Жамоа раҳбарияти таклиф билан чиққани ҳамони чорловни қабул қилдим. Бошқа ҳеч қандай таклиф олганим ҳам, кўрганим ҳам, эшитганим ҳам йўқ. Умуман, трансфер масаласи билан агентим шуғулланади.

Кучли рақобат

- Ҳа, жамоада рақобат жуда баланд. Тиришқоқлигим эвазигагина таркибдан жой олишга уриниб кўраман. Агар уддалай олсам, қоламан. Мабодо акси бўлса, айбни фақат ўзимдан қидираман, хатога йўл қўйганимни ҳам тан оламан. Биламан, ҳали жуда кўп нарсаларни ўрганишим керак. Жамоа ажойиб ижрочиларга эга ва улардан ибрат олса, арзийди. Мени бугун бироз хавотирга солган жиҳат - тақдимот маросими. Йўқ, тадбир ўта ажойиб руҳда ўтди. Умид қиламанки, мухлислар расмий ўйинлар чоғи ҳам исмимни қўшиқ оҳангига солишади.

Азар шаънига мақтов

- Эден - фантастик ўйинчи, дунёнинг энг сара футболчиларидан бири. Шундай юлдуз билан ёнма-ён турганимдан бахтиёрман.

Карим Бенземага муносабати

- Гап энг яхши ҳужумчилардан бири ҳақида кетмоқда. Карим Мадридга келганида атиги 11 ёшда эдим. Ундан кўп нарсалар ўрганиш мумкин. Бензема билан тандем ҳосил қилишга тайёрман. Бироқ қарорни мураббий қабул қилади, албатта.

Энг мақбул позиция ва

кумирлари

- Ҳозирча майдондаги роль ҳақида мураббий билан суҳбатлашишга улгурмадим. Ўйлайманки, иккинчи ҳужумчи ёки эркин ижодкор ролини бемалол ўз зиммамга олишим мумкин. Авваллари «Реал» ўйинларини томоша қила туриб, айниқса, Роналдунинг ҳаракатларидан ҳайратланардим. Ҳозир эса кимнидир алоҳида эътироф этишни истамайман. Чунки биз бир жамоа - оила вакиллари ҳисобланамиз.

Голлар ва рақам

- Мадридда бу йилги маҳсулдорликни такрорлай олсам, зўр бўларди, албатта. Асосийси, кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлсам, бас. Бунинг учун эса машғулотларда бор кучимни сарфлайман. Қайси рақам остида майдонга тушишимнинг эса аҳамияти йўқ. Ахир рақамлар ўйнамайди-ку...

«Айнтрахт»даги 5та гол

- 1та учрашувда 5та гол - бу мен учун якунланган мавсумнинг энг ёрқин лаҳзаларидан бири. «Реал»да ҳам юксак самарадорликка эришиш ниятидаман.

Эмилио Бутрагеньо («Реал»нинг халқаро алоқалар бўйича директори): - Лука, сени «Реал Мадрид»нинг барча аъзолари номидан қутлаётганимдан мамнунман. Жамоамиз таркибидан жой олиш учун иқтидоринг, куч-қувватингни аямаслигингни яхши биламиз. Ўз орзуларингни аста-секин амалга ошираётганинг муҳим. Янги жамоада сени улкан зафарлар кутмоқда.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz