Қайднома

Қидирув

Миср футболи фиръавини ёхуд Салоҳ хақида

Миср футболи фиръавини ёхуд Салоҳ хақида

  21.06.2019 16:22
  0
  498
Миср футболи фиръавини ёхуд Салоҳ хақида

2018|2019 йиллар мавсуми якунида клуб футболидаги энг нуфузли соврин географияси яна бир мамлакат билан бойиди. Александрия ва Қоҳира оралиғида жойлашган мўъжазгина Нағриқ қишлоғи ўғлони Муҳаммад Салоҳ ўз юртини ЕЧЛ соҳиблари сафига олиб кирди.

 

Излаган имкон топади

Ўртаҳол оилада улғайган Муҳаммад Салоҳ уйидаги эски телевизор орқали Роналдо ва Зиданнинг ўйинларини ҳайрат билан кузатар, кейин ҳовлида уларнинг финтларини такрорлашга интиларди. Бироқ бу осон иш эмасди. Чунки футбол афсоналари ўз маҳоратларини ҳақиқий тўплар ёрдамида амалга оширишган бўлса, уларнинг бўлажак касбдошларида бундай имконият йўқ, у эски пайпоқларни елимлаш йўли билан тайёрланган қўлбола коптокни тепишга мажбур эди.

Мактаб жамоасидаги шароитлар яхши йўлга қўйилганди. Мусобақаларнинг бирида Салоҳни Қоҳиранинг «Араб Контракторс» клуби скаутлари ўз жамоаларига таклиф этишди. Катта футбол орзусида яшаётган болакай мамнуният билан розилик билдирди. 14 ёшга чиққанида Салоҳ ўз фаолиятидаги дастлабки шартномасига имзо чекди.

Ҳафтасига беш мартадан ташкил этиладиган машғулотларга қатнаши учун у ҳар куни 4 соатни йўлда ўтказарди. Бунинг оқибатида мактаб дастурини ўзлаштиришга улгура олмасди, соат 9га бир амаллаб етиб келган болакай тез орада клуб томонидан берилган рухсатномани кўрсатарди: «Соат 14да бошланадиган машғулотларга кечикмай келиши учун Муҳаммад Салоҳ мактабдаги дарсларидан барвақт кетиши мумкин».

Бир пайтлари бўлажак футболчининг маълум муддат майдонга туша олмай қолганлиги унинг руҳиятига салбий таъсир этди: «Икки ой давомида захира ўриндиғида қолиб кетгач, 4 соат йўл юриб ўйнамай ўтириш жонимга тегиб, отамга арз қилдим. У эса юлдузлик мақомига эришиш осон эмаслигини, барча машҳур футболчилар машаққатли меҳнат эвазига муваффақиятга эришганликларини тушунтирди. Майдонга қайтиш ҳуқуқига эга бўлишим учун астойдил тер тўкишим лозимлигини айтди. Унинг ўша ўгитлари ҳанузгача ёдимда. Отамнинг далдаларидан кейин янада кўпроқ ишлайдиган бўлдим. Бунинг учун ундан жуда миннатдорман. Чунки тез орада майдонга қайтдим».

Қанот ҳимоячиси позицияси

«Араб Контракторс» мураббийлари асосан 3-5-2 тактик схемасидан фойдаланишарди. Муҳаммад Салоҳ чап қанот ҳимоячиси позициясида ўйнарди. Аммо аламли кўз ёшлари ёш иқтидор соҳибининг тақдирини бутунлай ўзгартириб юборди. «Ўшанда биз асосий рақобатчимизга қарши муҳим учрашувда 4:0 ҳисобида зафар қучгандик. Табиийки, ғалабани ечиниш хонасида тантанали тарзда нишонладик. Бироқ Муҳаммад хурсандчиликка қўшилмади. Чунки у шундай муҳим беллашувда гол ура олмагани учун аламдан йиғлаётганди. Ўз орзусини рўёбга чиқариш учун Салоҳ жуда кўп югурганига ўзим гувоҳ бўлганман ва тиришқоқлигига қойил қолгандим», - деганди 16 ёшлилар жамоаси устози Саид ал Шошоний. Тез орада Муҳаммад олдинги чизиққа ўтказилди ва 35та гол билан жавоб қайтарди.

Доимо муваффаҚиятга ишонган

ЖЧ-2018 турнири арафасида хорижлик касбдошимизга интервью берган мисрлик ҳужумчи жумладан, шундай деганди: «Ўзимга бўлган ишончни ҳеч қачон йўқотган эмасман. Шу сабабли ҳеч нарса мени ҳайрон қолдира олмайди. Мен ўз касбимни севаман, узоқ вақт юксак савияда тўп суриш учун кўп меҳнат қилишим кераклигини яхши биламан, ўз камчиликларимни бартараф этиш учун қўшимча машғулотларни ўтказаман. Бу йил аввалги мавсумдагидан икки баравар кўпроқ гол урдим. У мавсумда эса «Челси»даги натижамга қараганда икки марта самаралироқ ўйнагандим. Қисқаси, йил сайин кучлироқ ва самаралироқ ўйнаётганлигим менга қўшимча илҳом беради. Мен учун энг муҳими шу».

Базелдан Лондон сари

Швейцариянинг «Базель» клубидаги икки ажойиб мавсум давомида Муҳаммад Салоҳ 10та гол ва 11та самарали узатмани амалга оширди, чемпионлик унвони ва «Челси» эътиборига сазовор бўлди. Шахсан Моуриньонинг ўзи унга қўнғироқ қилиб, Лондонга таклиф этди. Португалиялик мутахассис бу борада шундай деганди: «ЕЧЛда «Базел»га қарши тўп сургандик. Салоҳ ёш болани эслатарди. Мен шу болани ёқтириб қолдим». Тез орада мисрлик футболчи «кўклар» билан 5 йиллик келишувга эришди. Лекин Лондонда ишлари кўнгилдагидек кечмади - икки мавсумда ҳаммаси бўлиб 13 марта майдонга тушди ва 2та гол урди.

Компьютер ўйинидан чинакам баҳсга

Натижада Салоҳ «Фиорентина»га «сургун» қилинди ва «Рома»даги икки муваффақиятли мавсумдан кейин болалигидан орзу бўлиб келган жамоаси - «Ливерпул»га йўл олди. Ўзининг трансфер борасидаги сўнгги қарорини футболчи шундай изоҳлаганди: «Болалик пайтимда қачондир шу жамоа сафида майдонга тушишни орзу қилганман. Шундай имкониятга эга бўлганимда эса узоқ ўйладим: Римдаги муваффақиятли фаолиятни давом эттирсаммикан ёки орзуни рўёбга чиқарсаммикан? Мен АПЛга қайтишни танладим. Компьютер баҳсларида ҳам доимо Стивен Жеррард, Сами Хюйпя, Жейми Каррагерлар жамоасини танлардим. Мерсисайдликлар ўйин услуби менга жуда ёқарди».

Қизига шаҳар номини берди

Муҳаммад Салоҳ ўзининг никоҳ тўйини қадрдон қишлоғи - Нағриқда ўтказди. Айтишича, қишлоқнинг ёш-у қариси тўй тантаналарида иштирок этди. Маълум муддатдан кейи­н бахтиёр жуфтлик фарзандли бўлди. Муҳаммад тўнғич зурриёдини мусулмонлар учун муқаддас шаҳар ҳисобланган Макка номи билан атади.

Бир бўса можароси

Швейцарияда Муҳаммад Салоҳ чемпионатнинг энг яхши ёш футболчиси унвонига ҳам сазовор бўлиб, тантанали тадбир чоғида совринни топширган қизчани ёноғидан бўса олиш билан миннатдорчилик билдирганди. Эртасига мисрлик журналистлар уни миллий қадриятларни менсимайдиган ахлоқсиз шахс сифатида жиддий тан­қид остига олишди.

Бош вазир аралашуви

22 ёшли пайтида Муҳаммад Салоҳ Миср университетларидан бирига ўқишга кирганди. Аммо олий маълумотга эга бўлиш ҳозирча унга насиб этмади - тез орада талабаликдан воз кечди. Дипломнинг йўқлиги жиддий муаммо эмас, лекин ҳарбий хизмат мажбурияти футболчилик фаолиятини барбод этиши мумкин эди. У ердаги қоидага биноан, Салоҳ бир йилдан уч йилгача хизмат қилиши ва бу давр ичида мамлакатни тарк этиши тақиқланарди.

«Табиийки, бундай қарор Салоҳни мутлақо қониқтирмасди. У Мисрни бутун дунёга танитиш ҳаракатида юрса-ю, мамлакат унга шу тариқа жавоб қайтарса», - деди терма жамоа директори Аҳмад Ҳассан. Мазкур муаммони ҳал этиш учун мутасаддилар Миср бош вазири Иброҳим Махлабдан ёрдам сўрашган, у мамлакат олий таълим вазири билан терма жамоа бош мураббийи Шавқий Ға­­­риблар ўртасида воситачи бўлганди. Якунда Салоҳни ҳарбий хизматдан озод этишди.

«Салоҳ пицца»

«Фиорентина» мухлислари шаҳар таомхоналаридан бирида Муҳаммад Салоҳ шарафига махсус пицца тайёрлашди. Таом моцарелла, пармезан, буйвол сутидан тайёрланган пишлоқ ва оқ қўзиқоринлар билан бойитилди. Тўғри, Салоҳ «Рома» таркибига ўтиб кетгач, флоренцияликлар пиццага Паулу Соуза номини беришди.

Чеченистоннинг фахрий фуҚароси

Россия мундиали пайтида Миср терма жамоаси Чеченистонда истиқомат қилди. Ўлка аҳолиси ва мутасаддилари делегацияга меҳмондўстлик муносабатларини намойиш этишди: Муҳаммад Салоҳнинг таваллуд кунига 100 килограммли торт совға қилишди. Рамзан Қодиров эса терма жамоа шарафига зиёфат берди, кейинчалик Муҳаммад Салоҳга Чеченистоннинг фахрий фуқароси унвонини бериш тўғрисидаги фармонга имзо чекди.

Муҳтожлардан эҳсонини аямайди

Нағриқда Салоҳ номидаги мактаб ва ёшлар маркази фаолият юритмоқда. Қишлоқ мэри машҳур ҳамқишлоғи билан ҳақли равишда фахрланади: «Муҳаммад қишлоғимизнинг жаҳон харитасидан жой олишини таъминлаш билан чекланиб қолгани йўқ. У хайрия тадбирларининг фаол иштирокчиси, мактабнинг ўзига катта сармояларини сарфлади, Базиундаги шифохона таъмири ва ускуналари учун маблағ ажратди».

Бундан ташқари, «Ливерпул»нинг мисрлик тўпурари ёш келин-куёвларга ҳам муносиб тўёна ажратади, хорижий валютага эҳтиёж кучайган паллада ҳукумат ғазнасига 210 минг фунт ўтказиб берди, футбол фахрийлари ва уларнинг оилаларига мунтазам равишда моддий кўмак бериб келмоқда.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz