Қайднома

Қидирув

Чақмоқ эффекти ёки Ади Хюттер билан танишамиз

Чақмоқ эффекти ёки Ади Хюттер билан танишамиз

  23.06.2019 01:39
  0
  428
Чақмоқ эффекти ёки Ади Хюттер билан танишамиз

Австриялик камтарин мураббий Ади Хюттер бир йилча олдин ҳам кенг футбол жамоатчилиги учун деярли нотаниш эди. Энди эса евромавсумнинг бош кашфиёти сифатида ном қозонди. Зеро, у бошқарган «Айнтрахт» клуби ёрқин ўйинлари билан Германия Бундеслигасига қўшимча шукуҳ бағишлади, ЕЛда эса нақ ярим финалга чиқди. Камтарин жамоа учун чинакам парвоз...

 Хуллас, Франкфурт клуби юксак парвоз самараси ўлароқ, мавсум кашфиёти мақомини олди, Ади Хюттер эса ўзига хос услубга эга малакали мутахассис сифатида танилди. Дейлик, австриялик мураббий бошқарувидаги клуб якунланган мавсум хал-қаро аренада анчадан буён мунтазам ўйнаётган Донецкнинг «Шахтёр» клуби устидан ишончли ғалабага эришди, ЕЛ чорак финалида эса «Бенфика»ни курашдан чиқариб юборди. Ярим финалга келиб, нуфузли совриннинг бўлажак соҳиби - «Челси» билан «Стэмфорд Бриж»да тенгма-тенг тўп суриб, пенальтилар сериясидагина имкониятни бой берди. Асосийси, «Айнтрахт» Бундеслиганинг сўнгги турларигача етакчи квартетдан жой олишга даъвогарлик қилди. Хуллас, 1 йил аввал Франк-фуртга келган австриялик мураббий билдирилган ишончни тўла оқлади. Аслида мутассаддилар ундан шундай ёрқин парвоз кутишган, салоҳиятига катта умид боғлашганди. Чунки Хюттернинг ўтмишдоши - Нико Ковач «бургутлар» билан Германия кубогини қўлга киритган, аутсайдер жамоани ўртамиёналар гуруҳининг энг яхши вакилларидан бирига айлантирганди. Эвазига хорватиялик мутахассис «Бавария» бошқарувини ўз қўлига олди. «Хюттер масъулиятни тўлиқ ўз зиммасига олган ҳолда, таклифни қабул қилди. Бу унинг ўзига нисбатан ишончи ва жиддий синовларга тайёр эканлигидан далолатдир», - деганди Франкфурт клуби спорт директори Фреди Бобич.

Вақтида футболчи сифатида Авс-трия терма жамоаси шарафини ҳимоя қилган Ади Хюттер мураббийлик фаолиятини Альт ва Гредиг орқали «Ред Булл Зальцбург»да бошлади. Бу жамоа хусусан, мавсум-2014|2015да Ади раҳбарлигида ёрқин футбол кўрсатиб, «олтин дубл»га эришди. Хуллас, «Зальцбург» ёш мураббий учун «Янг Бойз»даги 3 йиллик фаолияти арафасида ўзига хос тажриба мактаби вазифасини ўтади. Шу тариқа Хюттер Швейцарияда янги жамоасини 32 йиллик тарихида илк марта чемпионлик шоҳсупасига олиб чиқди. Бундан ташқари, «Янг Бойз» ЧЛ доирасида Украина грандлари - «Шахтёр» ва «Динамо»ни курашдан четга сурди.

- Хотиржам бўлаверинг, сизлар супермураббийни қўлга киритяпсиз, - деганди ўз вақтида Швейцария терма жамоаси ва «Айнтрахт» клубида муносиб тўп сурган ва ҳозирда «Янг Бойз» мураббийлар штабида фаолият юритаётган Кристоф Шпихер франкфуртлик мутасаддиларга. Лекин у шунинг баробарида германияликларда «Ким экан бу Ади Хюттер?»  қабилида савол туғилишини тахмин қилганди. Амалда ҳам нафақат мухлислар, балки экспертлар австриялик мутахасиснинг бош мураббий ваколатини қўлга олишига ишонишмади. Ҳаттоки, Хюттернинг ўзи ҳам бу иш амалга ошишига шубҳа билан қарагандир. «Негадир Бобич сўнгги паллада бош-қа номзодга ишонч билдиришларини маълум қиладигандек туюлганди...», - дея тан олди Хюттер охирги учрашув чоғи.

Табиийки, 3 йилга мўлжалланган шартнома Ади хавотирларини бутунлай тарқатиб юборди. Аммо янги бош мураббий қатори мутасаддилар ҳам тез орада хотиржамликка берилиш ҳеч кимга фойда келтирмаслигига амин бўлишди. Чунки мавсумнинг илк беллашуви Хюттер ва «Айнтрахт» учун ўта муваффақиятсиз кечди - жамоа Германия суперкубоги учун баҳсда «Бавария»дан 5та жавобсиз гол қабул қилиб олди. Бунинг ортидан «Айнтрахт» охирги 22 йил бадалига Германия кубогига амалдаги ғолиб сифатида киришиб, биринчи босқичдан кейиноқ турнирдан чиқиб кетган биринчи жамоа бўлди. Боз устига, Германия биллур соврини эгаси тўртинчи дивизион (!) иштирокчиси - «Ульм»га бас келолмади. «Табиийки, бундай улкан омадсизликни сира кутган эмасдим» - Хюттер катта кўнгилсизликка бошқа изоҳ беролмади. Йўқ, ёлғиз унинг ўзи ўйчанлик домига ғарқ бўлмади. Зеро, франкфуртликлар Бундеслига стартида лоақал нормал кайфиятни сақлаб туришга интилишдию, бунда роса қийналишди. Ҳар ҳолда, «Айнтрахт»  дастлабки 5та учрашувда бор-йўғи 4 очко олди, холос. Бу вақтида футболчи сифатида Бундеслига клуби таклифини рад этган, мураббийликда эса Германия чемпионатида ишлаш орқали болалик орзусини амалга оширишга бел боғлаган Хюттер учун даҳшатли зарба эди. Адини машаққатли меҳнат эвазига чекланган имкониятдан юксак самара чиқарадиган мураббий сифатида таърифлаган ва уни «Айнтрахт» учун энг муносиб номзод ўрнида кўрсатган Бобичнинг эътирофи бир лаҳзада баландпарвоз хушомадга айланганди.

Сабр-қаноатга яраша рағбат. Ниҳоят, 6-турга келиб, «Ганновер» 4:1 ҳисобида маҳв этилгач, жамоанинг 11та учрашувдан иборат мағлубиятсиз серияси бошланди, Ади шогирдлари бу оралиқда нақ 10 марта ғалаба нашидасини суришди. Бундеслиганинг 22-туридан кейин эса жамоа ҳисобида 42 очко бор эди. Қисқаси, 66 имкониятдан шунча очко тўплаган Франкфурт дружинаси турнир жадвалида ЧЛ йўлланмасини тақдим этадиган жойга кўтарилди. Тез орада Ади Хюттер «Айнтрахт» бошқарувидаги натижалар бўйича ўз ўтмишдоши Нико Ковачдан ўзиб ҳам кетди.  Яъни «бургутлар» мавсумнинг 28та ўйинида  аввалгисига нисбатан 7 очко кўпроқ олиб, 4-поғонадан жой олишганди. Бундан ташқари, Ади «Байер»га ўтиб кетган Лукаш Градецка ўрнига вақтида муносиб ўринбосар топди - «ПСЖ» вакили Кевин Трапп ижара келишуви асосида Германияга қайтарилди. Энг асосийси, мураббий ўз ихтиёридаги 3 нафар ҳужумчидан ўта сермаҳсул трио шакллантирди - Лука Йович - Анте Ребич - Себастьян Алле. Буларнинг барчаси дебютдаги муваффақиятга замин яратди.

А.Аҳмедов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz