Қайднома

Қидирув

Жарликдан сакраш ёки барчаси Туркия термаси ҳақида

Жарликдан сакраш ёки барчаси Туркия термаси ҳақида

  25.06.2019 01:33
  0
  468
Жарликдан сакраш ёки барчаси Туркия термаси ҳақида

Туркия термаси узоқ вақт ўртамиёна жамоа бўлди. 1954 йилги жаҳон чемпионатида муносиб қатнашгач, (Швейцарияда ўтказилган турнирнинг қандай формулада ўтказилганини инобатга олиш даркор) турклар бирин-кетин саралаш босқичида омадсизликка учрашди. Ҳаттоки, Германия ва Англия термаларига қарши баҳсларда ўз дарвозаларидан жавобсиз саккизта тўп олиб чиқишганди. Гол уриш эса жуда қийинлашиб қолганди. Яқинда Ўзбекистон миллий жамоаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказган ушбу терма яна ўзига келаётган кўринади. Қуйидаги мақола айнан шу ҳақда.

Мураккаб давр ортда қоляпти

Таъбир жоиз бўлса, кескин бурилиш ўтган асрнинг 90-йилларида рўй берди. Тўпурар Танжу Чолак пайдо бўлди, унинг ортидан голлар ҳам келди. Туркия термаси энди чорасиз кўринмаётганди. 1995 йилда эса умуман, тарихий воқеа кузатилди - турк­лар Европа чемпионати финал бос-қичига чиқишни уддалашди. Тўғри, Англиядаги ҳаминқадар чиқди - уч учрашувда умумий ҳисобда 0:5га ютқазишди. Шарманда бўлишмади, шунинг ўзи таскин беради.

Аммо 90-йиллар охири турк футболида шов-шувларга бой тарзда кечди. Легионерлар ҳисобига кучайган «Галатасарой» еврокубокларда грандларга муносиб рақобат туғдира бошлади, 2000 йилда эса УЕФА кубогини қўлга киритди. Мамлакат термаси Европа чемпионати финал босқичига чиқди ва мазкур турнирда турклар тўрт йил аввалгидан анча яхши қатнашишди. Гуруҳда италияликлардан кейин иккинчи ўринни эгаллаб, мусобақа мезбони Бельгия ва шведларни ортда қолдиришди. Чорак финалда Туркия термаси португалияликлар, хусусан, Нуну Гомеш олдида ожиз қолишди, шунга қарамай, ушбу босқичдаги иштирокнинг ўзиёқ муваффақият сифатида қабул қилинди. Аммо мураббий Мустафо Денизли термадан кетиб, «Фенербахче»да иш бошлади. Бўшаган жойни Шенол Гюнеш эгаллади: у 70 ва 80-йилларда «Трабзонспор»да дарвозабон бўлган, мураккаб даврда Туркия термасини шармандаликдан қутқарганди. Ўша пайтлари Шенолнинг мураббийлик тажрибаси катта эмасди. Унинг қўл остида «Трабзонспор» икки марта мамлакат чемпионлиги ва кубогига сазовор бўлганди. «Антальяспор» ва «Сакарьяспор»да эса объектив сабаблар туфайли иши юришмади.

 

ШарҚҚа борамиз

Шенол Гюнешга Фотиҳ Терим ва Мустафо Денизлидан яхши мерос қолганди. Ундан фақатгина ушбу ҳамкасб­ларининг ишини давом эттириш талаб этиларди. Дастлабки синов 2002 йилги жаҳон чемпионати саралаши бўлди. Терма жамоа мазкур имтиҳондан муваффақиятли ўтиб, шведлардан кейин иккинчи ўринни эгаллади. Ортда Словакия, Македония, Молдавия ҳамда Озарбайжон сингари термалар қолиб кетди.

Япония ва Жанубий Корея мезбонлигидаги мундиал йўлланмасини қўлга киритилгач, Шенол жамоани ер шарининг нариги қисмидаги сафарга тайёрлай бошлади. У энг яхшиларни танлади. Келинг, улар билан танишамиз.

Дарвозани қўриқлаш «Фенербахче» вакили, кўпчиликнинг наздида турк футболи тарихидаги энг яхши кипер сифатида эътироф этилган Рушту Речберга ишониб топширилди. Бу борада у терма жамоа устози Шенол Гюнешни ҳам ортда қолдирганди. Бўйдор ва чапдаст Рушту эффектли ҳаракатларни амалга оширарди. Мисол учун, юзига махсус хизмат вакиллари сингари бўёқ суртарди. Захира дарвозабонлари - Омер Чактич («Газиантепспор») ва Зафар Огутекин («Анқарагужу»). Мудофаанинг ўнг томонида Фотиҳ Оқел («Фенербахче») ўйнарди, чапда - «Блэкберн»даги Ҳоқон Унсал. Марказда - Алпай Озалан («Астон Вилла») ва Бюлент Қўрқмас («Галатасарой»). Захирада Эмре Ошиқ («Галатасарой») ва Умит Озан («Фенербахче»). Таянч ярим ҳимоячиси - Тугай Керимоглу («Блэкберн»), ўнгда Умит Давала («Галатасарой»), чап қанотга яқинроқ жойда жамоанинг ўша пайт­даги энг ёш футболчиси - «Интер» вакили 20 ёшли Эмре Белезоглу ўйнаган бўлса, ҳужумкор ярим ҳимоячилардан бири Йилдирай Боштурк («Байер») марказга яқинроқ жойлашган, тақирбош Ҳасан Шош эса ўнг қанотда ҳаракатланганди.

Шенолнинг ихтиёрида, шунингдек, Окан Бурук («Интер»), Эргун Пембе («Галатасарой»), Тайфур Кавутчу («Бешиктош»), Абдулла Эржан («Фенербахче») ва Мустафо Иззат («Лестер») ҳам бўлишган. Одатда, турклар ўйинни бир ҳужумчи - Ҳоқон Шукур («Галатасарой») билан бошлашган. Вазиятга қараб унга ёрдамчи вазифасини Ориф Эрдем ёки Илхан Мансиз («Бешиктош») бажаришган. «Реал Сосьедад» аъзоси Ниҳат Қаҳвачи эса майдонда кам кўриниш берарди.

 

Юриш Тинч океанида якунланди

Туркия термаси Бразилия, Коста-Рика ҳамда Хитой жамоалари билан бирга «С» гуруҳидан жой олди. Турклар дастлабки ўйинни жаҳон чемпионатларининг азалий фаворити - бразилияликларга қарши ўтказишди. Умуман, мазкур учрашувнинг биринчи бўлимини муносиб тарзда ўтказишди. Ўша пайтнинг тўрт карра чемпиони уюштирган барча ҳужумларни бартараф этишди, танаффус арафасида эса Ҳасан Шош қарши ҳужумни аниқ зарба билан якунлади. Аммо кейинги 45 дақиқаликда «селесао» шу куни ажойиб тарзда ҳаракат қилган Рушту Речбер қўриқлаётган дарвозага барибир йўл топа билди. Ривалдонинг пасидан сўнг Роналдо гол урди. Туркия термаси фахрли дурангни қайд этишга жуда яқин турганди, аммо Алпай ўз жарима майдончасида Луизаога нисбатан ўта қўпол ўйнади. Ривалдо эса пенальтидан зарба йўллашда адашмади.

Турклар Коста-Рикага қарши баҳс­нинг сўнгги дақиқаларида дарвозаларидан тўп ўтказиб юборишди. Уинстон Паркс Эмре Белизоглунинг голига жавоб қайтарди. Айнан ўша Паркс қўшимча дақиқаларда яна битта тўп киритиб, рақибини уйга жўнатиб юбориши ҳам мумкин эди. 1:1 ҳисобидаги дурангдан сўнг Шенол Гунеш шогирдлари гуруҳдан чиқиш имкониятларини сақлаб қолишди.

Жаҳон чемпионати дебютанти - хитойликларга қарши баҳсда муаммолар вужудга келмади. 9-дақиқага келиб турклар иккита гол уришга улгуришди. Тиниб-тинчимас Ҳасан Шош дастлаб ўзи тўп киритган бўлса, кейинчалик Бюлент Қўрқмаснинг голига ассистентлик қилди. Ўйин охирида ўзига хос соч турмагига эга Умит Давала якуний ҳисобни ўрнатди - 3:0. Туркия термаси худди Коста-Рика сингари 4 очко тўплади, лекин тўплар нисбатидаги устунлик (5:3га 5:6) туркларга иккинчи ўрин ва 1|8 финал чиптасини тақдим этди.

Туркия термаси гуруҳ босқичини Жанубий Кореяда ўтказганди, ке-йинги босқич ўйини эса Японияга белгиланди ва турклар турнир мезбонларидан бирига қарши тўп суришди. Гуруҳда Россия термасини мағлубиятга учратган японлар жамоаси чемпионатдаги юришни давом эттирмоқчи эдилар, лекин уларнинг барча умидларини Умит Давала саробга айлантирди: унинг ягона голи ғалабани таъминлади. Турклар чорак финалда бошқа бир кашфиёт терма - Сенегалга рўбарў келишди.

Асосий вақтда 0:0 ҳисобидаги дуранг қайд этилди, бинобарин Ҳоқон Шукур ўша ўйинда камида «хет-трик» расмийлаштириши мумкин эди. Бироқ жамоа етакчисига аниқлик етишмади. Буни ўз вақтида пайқаган Шенол Гунеш Ҳоқоннинг ўрнига Илхан Мансизни майдонга туширди. Мазкур ўйинчи алмашиши 94-дақиқага келиб иш берди. Қримлик татар Илхан Умит Давала узатган тўпни дарвозага йўллади. «Олтин гол» қоидасига кўра ўйин тўхтатилди ва турклар ярим финалга чиқишди. Албатта, сенегалликларнинг кучли тўртликка киришлари катта сенсация бўларди, лекин ушбу босқичга туркларнинг чиқиши ҳам футбол оламини ҳайратлантирганди. Турклар Германиядан ташқари барча Европа термаларини ортда қолдиришганди.

Буни қарангки, ярим финалда туркларга яна Бразилия термаси тўқнаш келди. Луис Фелипе Сколари жамоаси ўйиндан ўйинга кучайиб бораётганди. Роналдо, Ривалдо, Роналдиньо, Роберто Карлос кабилар учун чемпионат ажойиб тарзда ўтаётганди. Шундан келиб чиқиб Жанубий америкаликларнинг туркларни йирик ҳисобда енгиши тахмин қилинганди. Лекин дарвозабон Маркуснинг саъй-ҳаракатлари эвазига Эмре ва Алпай томонидан йўлланган хавфли зарбалар бартараф этилди. Шундан сўнг мўъжиза яратиш навбати Руштуга келди. Ҳарбийларга хос бўёқ суртган кипер фақат бир марта - 49-дақиқада, тўрт рақибини алдаб ўтган Роналдонинг йўллаган зарбасини қайтаришга ожизлик қилганди. Ўйин охирида Ҳоқон Шукур яна бир қулай вазиятдан фойдалана олмади. Бразилияликлар финалга 1:0 ҳисобида ғалаба эвазига чиқишди, аммо бу «селесао» учун муваффақиятли мундиалдаги энг қийин ғалаба бўлганди.

Юпанч финали - учинчи ўрин учун кечган баҳсда Туркия термасига турнирнинг бошқа бир «аълочи» жамоа-си - Жанубий Корея рақиб бўлди. Гус Хиддинк қўл остида улкан натижа қайд этган мезбонлар ярим финалга қадар етиб келишганди... гарчи ҳакамлар хатоси эвазига бўлсада.

Шенол Гунеш бу баҳсда икки ҳужумчини майдонга туширди, улардан бири Ҳоқон Шукур ниҳоят гол уришни уддалади. Бу воқеа 11 сониядаёқ рўй берди ва жаҳон чемпионатлари тарихидан энг тез урилган гол сифатида ўрин олди. Аммо орадан 9 дақиқа ўтиб Ли Юл Ён жарима зарбасидан унумли фойдаланди - 1:1. Илхан Мансиз танаффусгача кореялик дарвозасига яна иккита тўп киритиб, шу тариқа жамоаси учун «бронза»ни кафолатлади. Жанубий Корея эса ҳисобдаги фарқни қисқартиришдан бошқасига ярамади - 2:3.

Туркия термасининг учинчи ўринни эгаллаши катта муваффақият бўлди. Ўз нав-батида, тараққиёт омилига айланди. Эндиликда исталган рақиб турклар билан ҳисоблашишига тўғри келарди. Олти йилдан сўнг Фотиҳ Терим бошчилигидаги жамоа «бронзали» муваффақиятни энди Европа чемпио-натида такрорлади. Ёдингизда бўлса, 2008 йили учинчи ўринни Россия ва Туркия термаси бўлишиб олишганди.

Тўғри, шундан сўнг жамоада пасайиш кузатилди. Мураббийлар, футболчилар ўзгарди. Аммо яқинда турклар амалдаги жаҳон чемпиони - французларни мағлубиятга учратиб, кўпчиликни ҳайрон қолдиришди. Эътиборлиси, айни пайт Туркия термасини, худди 17 йил аввал бўлганидек, Шенол Гунеш шуғуллантирмоқда.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz