Қайднома

Қидирув

«Олтин бутса»нинг барча соҳиблари: Эйсебиодан Мессигача

«Олтин бутса»нинг барча соҳиблари: Эйсебиодан Мессигача

  25.06.2019 03:01
  0
  260
«Олтин бутса»нинг барча соҳиблари: Эйсебиодан  Мессигача

«Барселона» ҳужумчиси Лионель Месси якунланган мавсумда навбатдаги «Олтин бутса»сини қўлга киритди. Олтинчи соврин учун курашда унга «ПСЖ» ҳужумчиси Килиан Мбаппе жиддий рақобат туғдирди. Бироқ якунда Месси барибир ғолиб чиқди.

«Олтин бутса» Европанинг тўпурар футболчисига илк бора 1967-1968 йиллар мавсуми якунига кўра берилган. Мазкур мукофот Франциянинг L~Equipe нашри ва Adidas компанияси томонидан тақдим этилган. Қоидалар оддий эди: ким кўп гол урса, «бутса» ўшаники бўлади. Шу тартиб 1991 йилга қадар сақланиб қолган. Ке­йинчалик Кипр футбол федерациясининг эътирози сабаб беш йил мобайнида ушбу соврин ҳеч кимга топширилмаган. Бироқ Adidas лауреатларни норасмий тарзда тақдирлаб келаверган. 1997 йилдан буён «Олтин бутса» ҳозирги тартибда тақдим этиб келиняпти. Мазкур мукофотни энг кўп очко жамғарган футболчига берилади. Кучли бешлик чемпионатларидаги ҳар бир гол учун 2, УЕФА рейтингида 6-21-ўриндаги мамлакатлар чемпионатлари вакиллари учун 1,5 очкодан тақдим этилади. Қолганларнинг битта голи бир очкога тенг. Энди турли даврларда ушбу нуфузли совринни қўлга киритган футболчилар билан танишамиз.

1967-1968: Эйсебио («Бенфика») - 42 гол

Бутун Европанинг биринчи тўпурари Эйсебиодир. У Португалия чемпионатида «Бенфика» рақиблари дарвозасига 40тадан ошиқ гол урган.

1968-1969: Петар Жеков (ЦСКА, София) - 36 гол

Бу Петарнинг софиялик армиячилар сафидаги дебют мавсуми эди.

1969-1970: Герд Мюллер («Бавария») - 38 гол

XX асрдаги германиялик суперфорвардни ортиқча таърифлашга ҳожат йўқ.

1970-1971: Йосип Скоблар («Марсель») - 44 гол

Югославиялик ҳужумчи Франция чемпионатида уч марта тўпурар бўлган. Ўша мавсумда у энг кўп голини урганди.

1971-1972: Герд Мюллер («Бавария», 2) - 40 гол

Мюллернинг иккинчи «Олтин бутса»си.

1972-1973: Эйсебио («Бенфика», 2) - 40 гол

Эйсебио ҳам Герднинг ортидан мазкур совринни иккинчи бор қўлга киритган.

1973-1974: Эктор Ясальде («Спортинг») - 46 гол

Яна ажойиб кўрсаткичга эга Португалия чемпионати вакили. Умуман, Ясальде «Спортинг» сафида 131 учрашувда 126та гол урган.

1974-1975: Дуду Жоржеску («Динамо Бухарест») - 33 гол

Руминиялик футболчига ғолиб бўлиш учун 33та гол етарли бўлган. Бу ўшанда «Олтин бутса» ташкил қилинганидан буён қайд этилган энг паст кўрсаткич бўлганди.

1975-1976: Сотирис Кайяфас («Омония») - 39 гол

Тенгҳуқуқлик даврлари. Ҳаттоки, Кипр чемпионати вакили ҳам «Олтин бутса»га эга чиқиши мумкин эди.

1976-1977: Дуду Жоржеску («Динамо Бухарест») - 47 гол

Энг паст кўрсаткичга эга бўлган Жоржеску европалик тўпурарлар орасида рекорд ўрнатди - 47 гол. Унинг кўрсаткичини йиллар ўтиб Месси ва Роналду янгилашган.

1977-1978: Ханс Кранкль («Рапид») - 41 гол

Сермаҳсул мавсумдан сўнг австриялик ҳужумчи «Барселона»га йўл олган ва гол уришни канда қилмаган.

1978-1979: Кес Кист («АЗ Алкмар») - 34 гол

АЗ афсонаси «Олтин бутса»ни қўлга киритган биринчи голландиялик футболчи ҳисобланади. Лекин охиргиси эмас.

1979-1980: Эрвин Ванденберг («Льерс») - 39 гол

Совринни 21 ёшида қўлга киритган. Ажойиб мавсумдан сўнг Бельгия термаси билан Евро-1980га йўл олган. Ушбу мусобақада бельгияликлар кумуш медалларни қўлга киритишган.

1980-1981: Георгий Славков («Тракия») - 31 гол

Болгариялик футболчининг натижаси шубҳа остига олинган. Шундай бўлсада соврин унга берилган. «Тракия» клуби эса ҳозир «Ботев» деб аталади.

1981-1982: Вим Кифт («Аякс») - 32 гол

1988 йили Европа чемпиони бўлган футболчи «Олтин бутса»ни ютганида 19 ёшда эди.

1982-1983: Фернанду Гомеш («Порту») - 36 гол

«Порту»нинг афсонавий ҳужумчиси гол уришни жуда яхши кўрган.

1983-1984: Иан Раш («Ливерпуль») - 32 гол

Соврин биринчи бор Англия чемпионати вакилига насиб қилган.

1984-1985: Фернанду Гомеш («Порту», 2) - 39 гол

Эйсебио ва Герд Мюллердан сўнг «Олтин бутса»ни бир мартадан кўп ютган учинчи футболчи.

1985-1986: Марко ван Бастен («Аякс») - 37 гол

Барча даврларнинг энг яхши ҳужумчиларидан бири бўлган ван Бастен ҳам «Олтин бутса»га эга чиққан.

1986-1987: Тони Польстер («Аустрия») - 39 гол

Аввалига совринни руминиялик Родион Кэмэтаруга беришган. Лекин унинг ноҳалол ўйинда иштирок этгани аниқлангач, мукофот Тони Польстерга насиб қилган.

1987-1988: Танжу Чолак («Галатасарой») - 39 гол

Туркиялик футболчининг лақаби «Жаноб Гол» бўлган. У Туркия чемпионатидаги 12 мавсумда 306та гол урган.

1988-1989: Дорин Матеуц («Динамо Бухарест») - 43 гол

Фаолиятининг қолган 14 мавсумида миллий чемпионатларда 75та гол урган.

1989-1990: Христо Стоичков (ЦСКА, София) ва Уго Санчес («Реал»).

Санчес «Олтин бутса»ни қўлга киритган Испания чемпионатининг дастлабки вакили бўлган. Юқоридаги футболчилар бир йилдан сўнг «Эль Класико»да рақиб бўлишган.

1990-1991: Дарко Панчев («Црвена Звезда») - 34 гол

1991 йили «Олтин бутса»да ғолиб бўлган югославиялик футболчи совринни 2006 йили қабул қилиб олган. 1991 йили у «Црвена Звезда» билан Чемпионлар Кубогида ҳам зафар қучганди.

1991-1992: Алли Маккойст («Глазго Рейнжерс») - 34 гол

Ўша пайтда соврин расман берилмаган. Лекин эски қоидаларга кўра, шотландиялик футболчи «кўҳна қитъа»­нинг энг яхши тўпурари бўлган.

1992-1993: Алли Маккойст («Глазго Рейнжерс», 2) - 34 гол

Яна бир бор шундай кўрсаткич билан.

1993-1994: Дэвид Тейлор («Портмадог») - 43 гол

Бундай ҳужумчини танимайсизми? Шарт ҳам эмас.

1994-1995: Арсен Аветисян (АОСС) - 39 гол

Собиқ иттифоқ вакиллари ҳам мукофотни қўлга киритишган. Аветисянни россиялик мухлислар Сочининг «Жемчужина» клубидаги фаолияти орқали танишади.

1995-1996: Звиад Энделадзе («Маргвети») - 40 гол

Виртуал «Олтин бутса» соҳиби бўлган грузиялик футболчи Россия чемпионатида «Луч» (Владивосток) шарафини ҳимоя қилган.

1996-1997: Роналдо («Барселона») - 68 очко (34 гол)

Ҳозирги системадаги «Олтин бутса»нинг дастлабкисини «Феномен» қўлга киритган.

1997-1998: Никос Махлас («Витесс») - 68 очко (34 гол)

«Аякс»нинг Европа майдонларидаги муваффақиятлари туфайли Голландия чемпионати кучли бешликка кирарди. Бундан грециялик Махлас унумли фойдаланиб қолган.

1998-1999: Марио Жардел («Порту») - 54 очко (36 гол)

Бразилиялик тўпурар Португалия клубларида ажо­йиб фаолият олиб борган. Унинг «Порту» ва «Спортинг»даги голлари ўйнаган ўйинларидан кўп. Шу ўринда айтиш жоиз, Португалияда урилган голга 1,5 очко берилади.

1999-2000: Кевин Филлипс («Сандерленд») - 60 очко (30 гол)

Кутилмаганда АПЛ тўпурари бўлган футболчи Европада ҳам тенгсиз бўлганди.

2000-2001: Хенрик Ларссон («Селтик») - 52,5 очко (35 гол)

Ларссон фаолиятидаги энг яхши дамларни «Селтик»да ўтказган. 2000|2001 йиллар мавсумини ўта юқори кайфиятда ўтказиб, барча турнирларда 53та гол уришга эришган.

2001-2002: Марио Жардел («Спортинг», 2) - 63 очко (42 гол)

Марио турли клубларда «Олтин бутса»ни қўлга киритган дастлабки футболчига айланди.

2002-2003: Рой Макай («Депортиво») - 58 очко (29 гол)

Юз тузилиши Луис Суаресга ўхшаш бўлган голландиялик футболчи дастлаб «Депортиво»да, кейинчалик «Бавария»да сермаҳсуллик кўрсатган.

2003-2004: Тьерри Анри («Арсенал») - 60 очко (30 гол)

Франциялик футболчининг исмиёқ «Арсенал» мухлисларини қувонтириб юборади.

2004-2005: Тьерри Анри («Арсенал», 2) ва Диего Форлан («Вильярреал») - 50 очко (25 гол)

Келгуси мавсумда ҳам Анри чўққида бўлди. Фақат бу сафар ёлғиз эмас.

2005-2006: Лука Тони («Фиорентина») - 62 очко (31 гол)

«Олтин бутса» Тонининг 2006 йилдаги ягона ютуғи эмас. У ўша йили Италия терма жамоаси сафида жаҳон чемпиони ҳам бўлган.

2006-2007: Франческо Тотти («Рома») - 52 очко (26 гол)

Яна бир италиялик жаҳон чемпиони. Қаторасига икки йил «Олтин бутса» Апеннин ярим оролига йўл олганди.

2007-2008: Криштиану Роналду («Манчестер Юнайтед») - 62 очко (31 гол)

Роналду биринчи «Олтин бутса»сини гол уриш қийин бўлган чемпионатда тўпурар бўлиб қўлга киритган.

2008-2009: Диего Форлан («Атлетико», 2) - 64 очко (32 гол)

Уругвайлик ҳужумчи ҳам совринни икки марта қўлга киритган футболчилар гилдиясига аъзо бўлган. Жарделдан сўнг у ҳам турли клублар сафида мукофотга эга чиққан.

2009-2010: Лионель Месси («Барселона») - 68 очко (34 гол)

Бўлажак рекордчининг биринчи соврини.

2010-2011: Криштиану Роналду («Реал», 2) - 80 очко (40 гол)

Криштиану турли клублар сафида «Олтин бутса»ни қўлга киритиб, Жардел ва Форланнинг трюкини такрорлади. Боз устига, у бу ишни турли мамлакатларда уддалади.

2011-2012: Лионель Месси («Барселона», 2) - 100 очко (50 гол)

Бу сермаҳсуллик рекордидир. Ҳаттоки, ҳеч қандай коэффициентлар бўлмаган даврларда ҳам ҳеч ким бир мавсумда 50та гол урмаган.

2012-2013: Лионель Месси («Барселона», 3) - 92 очко (46 гол)

Лео «Олтин бутса»ни уч марта ютган биринчи футболчига айланди.

2013-2014: Криштиану Роналду («Реал», 3) ва Луис Суарес («Ливерпуль») - 62 очко (31 гол)

Роналду ортда қолишни истамади. 2014 йили «бутса»ни иккига бўлишга тўғри келди.

2014-2015: Криштиану Роналду («Реал», 4) - 96 очко (48 гол)

Кейинги мавсумда Криштиану ёлғиз ўзи ғалаба қозонди. Мессининг рекордини янгилаш учун иккита гол камлик қилди. Шунингдек, мукофотни тўрт марта қўлга киритган биринчи ўйинчи бўлди.

2015-2016: Луис Суарес («Барселона», 2) - 80 очко (40 гол)

Луис Суарес фаолиятидаги иккинчи «Олтин бутса»га эга чиқди. У ҳам Роналду сингари совринни Англия ва Испания чемпионатлари ўйнаб қўлга киритди.

2016-2017: Лионель Месси («Барселона», 4) - 74 очко (37 гол)

Месси ҳам Роналду сингари тўртинчи «бутса»сини музейига олиб кетди.

2017-2018: Лионель Месси («Барселона», 5) - 68 очко (34 гол)

Ўтган мавсум Месси бешинчи соврин билан рекорд қайд этди.

2018-2019: Лионель Месси (Барселона, 6) - 72 очко (36 гол)

«ПСЖ» вакили Мбаппега «Олтин бутса»ни Мессидан тортиб олиш насиб қилмади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz