Қайднома

Қидирув

Гиёхвандликка қарши “гол-дўл” ёки 12-турнинг катта шарҳи

Гиёхвандликка қарши “гол-дўл” ёки 12-турнинг катта шарҳи

  25.06.2019 05:37
  0
  398
 Гиёхвандликка қарши “гол-дўл” ёки 12-турнинг катта шарҳи

ПФЛ ташаббуси билан навбатдаги тур баҳслари «Биз гиёҳвандликка қаршимиз» шиори остида ўтказилди. Балки «Пахтакор»нинг 8та голию, «Динамо»нинг характерини шу иллатга қарши зарба сифатида қабул қилиш керакдир. Умуман, тур голларга бой бўлди, воқеаларга ҳам. Дейлик, Самарқанддаги мағлубиятдан сўнг Андрей Фёдоров «Локо» бошқарувини Самвел Бабаянга топширди, Игорь Сергеев юбилей - 100-голини нишонлади, ёш «қалдирғочлар» Термизда баланд учишолмади... 

1-КУН: «ҚИЗИЛҚУМ» ДАРВОЗАСИ ОЧИҚ...

12-тур сенсацион натижа билан бошланди - ўз майдонида дуч келган рақибга мушкулот туғдираётган «Динамо» бу сафар амалдаги чемпион - «Локомотив»ни ортига очкосиз қайтарди. Биринчи бўлимда томонлар навбати билан ҳужумга ўтган бўлсаларда, илк чинакам хавфли вазият 35-дақиқада кузатилди - Шоҳруҳ Абдураҳмонов зарбасидан кейин тўп «Локо» дарвозаси устуни билан «ўпишди». Голлар эса иккинчи бўлимга тўғри келди. Аввалига тиним-тинчимас Қадамбой Нурметов ҳисобни очгач, бунга «темирйўлчилар голеадори Темурхўжа Абдухолиқов дарҳол жавоб берди - 1:1. Ўртадаги 3 очко тақдирига ойдинлик киритган гол эса 72-дақиқада яна шу Қадамбой Нурметов томонидан урилди - «дубль»! Кейинги дақиқаларда «Локо» вазиятни ўнглаш учун олдинга ташланди, аммо мезбонлар ҳимояда сира бўш келишмади. Фактларга келсак, Даврон Файзиев жамоаси 6-турда бошланган мағлубиятсиз сериясини давом эттириб, бу юришни 7та ўйинга етказди (2та ғалаба, 5та дуранг, шундан 4таси 2:2 ҳисобида). «Локо» эса Суперлигада нақ 10та ўйиндан кейин яна мағлубият кўчасига кирди. Оқибатда клуб раҳбарияти Андрей Фёдоровни бош мураббий вазифасидан озод қилди. Унинг ўрнини кутилганидек, Самвел Бабаян эгаллади.

8та гол - 8:0! «Пахтакор» ўз майдонида «Қизилқум» ва унинг дарвозабони Артём Макосинни сира аягани йўқ. Голлар шоусини 7-дақиқада Егор Кримец узатмасидан кейин Марат Бикмаев бошлаб берди. Шундай тасаввур уйғондики, «шерлар» ҳар бир вазиятдан самара чиқаришди. Хусусан, ўзини тобора тиклаётган Игорь Сергеев «хет-трик»ка эришди, шунингдек, юбилей - 100-голини нишонлади. Марат Бикмаев ва Суперлига бош тўпурари Драган Черан эса 2тадан гол уришди. Яна бир гол захирадан ўйинга қўшилган Владимир Козак ҳисобига ёзилди. Фактлар бир талай - Черан голли сериясини 7та ўйинга чўзди (12та гол), Бикмаев охирги 4та тур ҳисобидан рақиблар дарвозасини 5 марта иш­ғол қилди. «Пахтакор» эса кетма-кет 4-марта йирик ғалабани тантана қилди. «Шерлар» бу оралиқда 20та гол уриб, 1тагина қўйиб юборишди - ажойиб статистика. Яна бир эътиборли натижа - Драган Чераннинг голлари сони 15тага етди. Бу Суперлигадаги 7та жамоанинг умумий голларидан кўп!

 

2-КУН: АГМК САФАРДА ҲАМ ЮТАДИ...

«Сўғдиёна» - «Қўқон-1912» учрашуви мезбон жамоа ҳужуми ва голи билан бошланди. Яъни Нуриддин Ҳасанов 3-дақиқадаёқ ҳисобни очди. Лекин меҳмонлар ҳам бўш келмай, Суҳроб Бердиев зарбаси эвазига тезда мувозанатни тиклашди. 17-дақиқага келиб эса, Улуғбек Бақоев шогирдлари ҳисобда яна олдинга чиқиб олишди. Бу сафар бурчак зарбасидан кейин Элёр Орифов тўп йўналишини шунчаки, ўзгартириб, гол муаллифига айланди. «Қўқон-1912» вакиллари бунисига ҳам биринчи бўлимнинг ўзида жавоб беришди - комбинацион ҳужумга яна Суҳроб Бердиев мантиқан тўғри нуқта қўйди. Иккинчи бўлимда ҳам мухлислар футболчилардан маҳсулдорлик кутишди, лекин ўйин тартибли ҳимоя тантанаси остида давом этди. Хуллас, якунда биринчи 45 дақиқаликда ўрнатилган ҳисоб ўзгармай қолди - 2:2. Факт ўрнида «Сўғдиёна»нинг мағлубиятсиз серияси 5та ўйинга етгани айтиш жоиз. Водий клуби эса нақ 7та турдан буён ғалаба нималигини билмаяпти (3та 2:2 ва 4та мағлубият). 

Андижондаги ўйин АГМК учун омадли бошланди. Ҳар ҳолда, Зафар Полвонов 18-дақиқада ўнг қанотдан ошириб берилган тўпни боши билан Виталий Мирний дарвозасига жойлаб қўйди. «Андижон»нинг ҳисобни тенглашга қаратилган ҳаракатлари биринчи бўлимнинг иккинчи ярмида самара берди - Рўзимбой Аҳмедов ҳам рақиб дарвозасини бош билан зарба йўллаб, нишонга олди. Гол ҳаммуаллифи - Ойбек Қиличев. Миржалол Қосимов жамоасига сафар ўйинлари ҳисобидан биринчи ғалабани тортиқ этган гол эса Миржамол Қосимов ўрнига майдонга тушган Шаҳзод Нурматов номига ёзилди. Эътиборлиси, у захирадан сафга қўшилгани ҳамоно тўпни Мирний дарвозасига боши билан йўллади ва ўйин қаҳрамонига айланди. Дарвоқе, АГМК бунга қадар 4та ўйинда ғалаба нималигини билмаганди. Иккинчи томонда, «Андижон»нинг ғалабасиз одими 6та ўйинга етди. Хусусан, янги бош мураббий Александр Хомяков чемпионатда ҳамон илк ғалабага илҳақ...

3-КУН: СЕРИЯЛАР ДАВОМИ ВА ЯКУНИ

«Бунёдкор» Термиз сафаридан қуруқ қайтди. Иссиқ об-ҳаво шароити ҳар икки жамоага чиройли ўйнашига халақит бергани аниқ. Лекин жазирама «Сурхон»га нисбатан ёш «қалдирғочлар»га кўпроқ таъсир қилди, барибир. Ҳар ҳолда мезбонлар ўйин бошидан ташаббусни қўлга олиб, биринчи бўлимдаёқ Мурод Зуҳуров дарвозасини 2 марта нишонга олишди. Аввалига Ҳусниддин Ғофуров, кейин Владимир Бубанья гол муаллифига айланишди. Иккинчи 45 дақиқаликда эса Вадим Абрамов жамоаси тўп назоратини ўз томони оғдиришга уринди, аммо ҳужумлар самарасиз кетди. Дейлик, вазиятлардан бирида «Сурхон»ни дарвоза устуни голдан қутқарди. Якунда «қалдирғочлар» мағлубиятни тан олиб, 4та ўйинга чўзилган ижобий серияни тўхтатишга мажбур бўлишди. Аниқроқ айтсак, Абрамов дружинаси Термиз сафарига қадар Суперлига доирасидаги охирги 4та учрашувда 2тадан ғалаба ва дуранг қайд этганди.

«Навбаҳор» эса «Бухоро»га қарши ўйинда дуранглар исканжасидан чиқиб кетди. Умуман, «лочинлар» айнан қаторасига қайд этилган 4та дуранг туфайли учрашувга бош мураббий Андрей Канчельскиссиз киришдилар ва якунда 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишди. Кутилганидек, мезбонлар бошидан кескин ҳаракатланиб, тезкор гол уришди. 14-дақиқада «Навбаҳор» ҳужумларидан бирида «Бухоро» кипери Хуршид Хўжаев тўпни қайтарди, лекин у Шаҳзод Шаймановнинг такрорий уринишига халақит беролмади. Орадан кўп ўтмай, Шаҳзод «дубл»ни расмийлаштирди. У бу сафар 20 метрлар узоқликдан кучли ва чиройли зарба йўллади -  2:0. Шундан кейингина «Бухоро» футболчилари нисбатан фаоллашишди, аммо қатор вазиятлардан самара чиқаролмадилар. 63-дақиқада Шаҳзод Шайманов «хет-трик»ни нақд қилиши мумкин эди, фақат унга дарвоза устуни тўсиқ қўйди. Ўйиннинг якуний қисмида мухлислар яна 2та гол кўришди. Аввалига ўта фаоллиги билан ажралиб турган Иван Соловьёв ҳисобни йириклаштирди, кейин меҳмонлар пенальти ёрдасида тасалли учун гол уришди. Унинг муаллифи - Владимир Баенко. Алоҳида таъкидлаш керак, «Марказий» аренаси трибуналарини ҳар доимгидек тўлдириб ўтирган наманганлик мухлислар якунда «Навбаҳор» бош мураббийи лавозимидан четлатилган Андрей Канчельскисни чиройли тарзда олқишладилар. Айтганча, «Бухоро» шу билан кетма-кет 3-мағлубиятни тан олди, жамоанинг ғалабасиз серия­си эса 8та ўйинга етди.

«Металлург» - «Насаф» - 0:1. Бекободдаги учрашув томонларнинг галма-гал уюштирган ҳужумлари остида кечди. Биринчи 45 дақиқаликда меҳмонлар тўпни кўпроқ назорат қилган бўлсалар, кейинчалик мезбонлар ўйин боришини ўз томонларига оғдиришди. Аслида бекободликлар ҳисобни очишга анча яқин келишди, аммо Ислом Исоқжонов, Сервер Жепаров, Музаффар Музаффаров ва Станислав Андреев бирин-кетин яхшигина имкониятларни кўкка совуришди. «Аждарлар»дан эса Бобур Абдухолиқов 2та хавфли вазият яратди. Ўйиннинг якуний қисмида Ҳумоюн Муртазоев ўзининг тўпурарлик қобилиятни яна бир бора ишга солди. Унинг Суперлига ҳисобидан урган 8-голи финал ҳуштаги янграшига қадар ягоналигича қолди ва Рўзиқул Бердиев жамоаси Қаршига қимматли 3 очко билан қайтди. «Металлург»нинг Суперлига доирасидаги қаторасига 6-баҳсда ғалаба қозонолмагани асосий фактлардан биридир.

«ДИНАМО» - «ЛОКОМОТИВ» - 2:1 (0:0)

«ПАХТАКОР» - «ҚИЗИЛҚУМ» - 8:0 (4:0)

«СЎҒДИЁНА» - «ҚЎҚОН-1912» - 2:2 (2:2)

«АНДИЖОН» - АГМК - 1:2 (1:1)

«НАВБАҲОР» - «БУХОРО» - 3:1 (2:0)

«МЕТАЛЛУРГ» - «НАСАФ» - 0:1 (0:0)
***

Тур Статистикаси

Ўйин: 7

Гол: 25  (ўртача: 3,85...)

Мезбонлар ғалабаси: 4

Меҳмонлар ғалабаси: 1

Дуранг: 2

Йирик ҳисобли ғалаба: 1 («Пахтакор» - 8:0)

Энг сермаҳсул ўйин: «Пахтакор» - «Қизилқум» (8та гол)

Огоҳлантириш: 16 (ўртача: 2,28...)

Четлатиш: -

Энг «қўпол» ўйин: «Сурхон» - «Бунёдкор» (5та «сариқ«)

Пенальти: 2 (самарали)

«Дубль»: 5 (Қадамбой Нурметов, «Динамо»; Драган Черан, Марат Бикмаев, «Пахтакор»; Суҳроб Бердиев, «Қўқон-1912»; Шаҳзод Шайманов, «Навбаҳор»)

«Хет-трик»: 1 (Игорь Сергеев, «Пахтакор»)

«Покер»: -

Автогол: -

 1       Пахтакор                     12           10           2              0             35-8             32

2       Локомотив                   12           7             3              2             22-10           24

3       Сурхон                          12           6             3              3             14-13           21

4       Навбаҳор                      12           4             6              2             19-13           18

5       Насаф                           12           5             3              4             16-11           18

6       Динамо                         12           4             6              2             15-14           18

7       Бунёдкор                      12           5             3              4             14-13           18

8       СўҒдиёна                      12           5             2              5             16-18           17

9       Металлург                    12           3             4              5             14-13           13

10     АГМК                             12           3             2              7             15-20           11

11     ҚизилҚум                     12           2             5              5             13-26           11

12     Андижон                      12           1             6              5             10-18           9

13     ҚўҚон-1912                  12           1             5              6             13-26           8

14     Бухоро                          12           1             4              7             7-20             7

Тўпурарлар

Драган Черан («Пахтакор») - 15та (5та - пен.)

Темурхўжа Абдухолиқов («Локомотив») - 9та

Ҳумоюн Муртазоев («Насаф») - 8та

Зафар Полвонов (АГМК) - 8та

Александр Касьян («Навбаҳор») - 7та (1та - пен.)

Марат Бикмаев («Пахтакор») - 6та (1та - пен.)

Хуршид Ғиёсов («Бунёдкор») - 6та (4та - пен.)...

 

28 июнь (жума)

18:00 ДИНАМО — БУНЁДКОР

19:00 АГМК — МЕТАЛЛУРГ

20:00 ҚИЗИЛҚУМ - НАВБАҲОР

29 июнь (шанба)

18:00 ЛОКОМОТИВ — СЎҒДИЁНА

18:00 ҚЎҚОН-1912 - ПАХТАКОР

20:00 НАСАФ - СУРХОН

20:00 БУХОРО – АНДИЖОН    


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz