Қайднома

Қидирув

Дани Алвеш: «Келажакка қарайман»

Дани Алвеш: «Келажакка қарайман»

  25.06.2019 10:39
  0
  453
Дани Алвеш:  «Келажакка қарайман»

Анчадан буён Бразилия миллий жамоаси билан ишлаётган журналист Алешандре Лозетти Америка кубоги-2019 гуруҳ босқичи 2-туридан ўрин олган «пентакампеонлар» ва Венесуэла термаси ўртасидаги ўйин (0:0) олдидан ташкиллаштирилган матбуот анжуманини алоҳида эътироф этди: «Бу мен 15 йиллик фаолиятим давомида кўрган энг яхши учрашувдир». Чунончи, Салвадор шаҳрида ўтказилган ўйинолди расмий тадбирида Бразилия миллий термаси бош мураббийи Тетега ҳамроҳлик қилган фахрий ҳимоячи Дани Алвеш матбуот вакиллари билан деярли 1 соат гаплашди. Кўринишидан, жонажон штати - Баияга қайтиш Бразилия термаси сардорини тўлқинлантириб юборди, чоғи, у ўз ҳаёти ва фаолиятида кузатилган кўплаб қизиқарли воқеаларни эслади. sports.ru сайти эса Дани Алвешнинг энг диққатга сазовор ҳикояларига эътибор тортди.

 

Илк профессионал

шартнома

- Биринчи расмий келишувимни эслашнинг ўзи кулгули. «Баия» аслида бошқа футболчини харид қилган ва унинг трансфери доирасида мен ҳам жамоа сафига қўшилгандим. Агар шартнома тузмасак, клуб менга маош беролмасди. Шу боис, федерация биноси йўлида, автобус ичида бир парча ҳужжатга имзо чекишимга тўғри келганди. Биринчи маошим? Эсимда, қўлимга 60 реал (ҳозирги курс бўйича чамаси 15 доллар)  тутқазишганди. Ҳа, арзимас ҳақ, бироқ бу оиламиз учун жуда асқотганди.

Вазият таҚозосиёхуд Самуэль...

- 2001 йилги мавсум «Баия» учун жуда оғир келди. Хусусан, кўплаб футболчилар бирин-кетин жароҳатланиб, сафдан чиқишди. Шунинг таъсиридами, мураббий ёшлар жамоасидан бир қатор йигитларни асосий таркибга жалб қилди. Жумладан, мени ҳам. Ҳозир ишонмассиз, лекин бу ҳақиқат - мураббий ўша вақт ҳаттоки, исмимни ҳам билмасди. У шунчаки, тилига келган исм билан чақира бошлади - Самуэль. Янги исмга кўникишдан ўзга чорам йўқ эди. Ахир тезроқ мураббий назарига тушиб, ишончига киришни хоҳлардим. У деярли барча футболчиларни ўнг қанот позициясида синаб кўрди. Ҳаттоки, ҳужумчиларни ҳам шу нуқтада ўйнатди, аммо натижадан қониқмади. Ёшлар жамоаси мураббийи ўнг қанот ҳимоясида менга ишонч билдириш кераклигини айтгачгина барчаси ўзгарди. Эсимда, илк марта бошланғич таркибда майдонга тушиб, ўйиннинг энг яхши футболчиси бўлгандим. Ҳар ҳолда, битта самарали узатмага муаллифлик қилишдан ташқари, жамоам фойдасига пенальти ҳам ишлагандим. Соврин сифатида эса бир яшик пиво олганман. Тўғриси, бундан унча қувонмаганман, чунки ўшанда мутлақо ичмасдим. Лекин дўстларим чинакамига байрам қилишганди.

Кафу ва Жоржиньо

- Болалигимда фақат «Сан-Паулу» клубига мухлислик қилганман. Айниқса, Теле Сантана ёқарди. Умуман, жамоа ўйинларидан ўзгача завқ олардим. Энг қизиғи, отам бошқа жамоани қўллаб-қувватларди. Аниқроғи, унинг учун «Палмейрас»дан яхшиси йўқ эди. Энди футбол ўйинлари вақти уйимизда қандай ҳолат юзага келганини ўзингиз тасаввур қилиб олаверинг! «Сан-Паулу»нинг ўша таркибида Кафу доимо ажралиб турарди ва унинг ҳаракатларига алоҳида эътибор қаратардим. Аслида футболчиларни ўзаро таққослашни унча хуш кўрмайман. Лекин истисно тариқасида айтаман, менда айнан Кафунинг характери ва Жоржиньо (ЖЧ- 94 ғолиби, ўнг қанот ҳимоячиси)нинг техник қобилияти мужассам.

Нордестино

- Азалдан «Фонте Нова» стадиони (Бразилия - Венесуэла ўйини шу аренада ўтказилди) га ўзгача меҳр билан қарайман. Ахир айнан шу жойда улғайдим. Илдизим «Фонте Нова»да! Ҳаммаси шу стадионда бошланган. Кўп йиллардан буён хорижда яшаяпман. Доимо бир гапни такрорлашни хуш кўраман: қаерда ўйнамайин, қаерга бормайин, ҳамиша чин нордестино (Бразилиянинг шимолий-шарқий ҳудудида туғилган одам) бўлиб қолавераман ва бундан фахрланаман. Мен учун энг ёқимли маскан - Жуазейро. Машҳурлик ҳеч нарсани ўзгартирмайди - Дани Алвеш олдин қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай. Бошқача ифода этсам, оддий халқ ичидан чиққан оддий йигитман.

Торсида

- Футбол Бразилияда аллақачон эътиқод даражасига чиқиб улгурган. Мухлислар севимли жамоалари учун ҳар қандай қурбонликка тайёр туришади ва бундай ёндашувни ўзгартириш иложсиздир. Шу ўринда алоҳида таъкидлашни истардим - бу ерда кўнгилхушлик учун йиғилмаганмиз. Барчаси кўпчилик ўйлаганидан анча жиддий. Ахир биз бутун мамлакатимиз номидан майдонга тушамиз. Демак, мухлислар айни ҳолатда клубларга боғлиқ муҳаббатни бир четга суриб қўйиб, яхлит куч сифатида бирлашишлари керак (гап шундаки, Америка кубоги-2019 доирасидаги илк ўйинда торсида «Коринтианс» ҳимоячиси Фагнерга нисбатан ҳуштакбозлик қилди. Зеро, учрашув «Сан-Паулу»нинг уй аренаси - «Морумби»да бўлиб ўтди). Ҳа, бирлашиш вақти келди. Тажрибадан маълумки, агар мухлислар муносиб қўллаб-қувватлаб туришса, Бразилия терма жамоаси икки-уч чандон яхши ўйнайди.

Совринлар ҳисоби

- Ўзимни ҳақиқий чемпиондек ҳис қиламан. Лекин жуда кўп совринлар ютганим эмас, балки ҳаётда катта қийинчиликларни енгиб ўтганим учун. Ҳар ҳолда, ҳозирги даражага чиқиш йўлида не-не синовларга дуч келдим. Қолаверса, сенинг қанча соврин ютганинг, нечоғли машҳур ёки бой эканлигинг биринчи даражали муҳим масала эмас. Муҳими - одамларга муносабатинг ва уларга яхшилик қилишинг.

У.УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz