Қайднома

Қидирув

Марта энди Клозедан «ҳам устун»

Марта энди Клозедан «ҳам устун»

  26.06.2019 05:33
  0
  453
Марта энди Клозедан «ҳам устун»

Бразилия аёллар терма жамоаси етакчиси Марта жаҳон чемпионатида гол уриш бўйича германиялик Мирослав Клозега тегишли рекордни янгилади. 33 ёшли ҳужумчи ЖЧдаги 17-голини пенальтидан урди. У шу тариқа эркаклар|аёллар футболининг мутлақ рекордчисига айланди.

Хуллас, футбол тарихида ҳеч ким на аёллар ва на эркаклар мундиалида бу қадар кўп гол муаллифига айланмаган.

Барчаси 2003 йилнинг сентябрида бошланган... Бразилияликлар Франция майдонларида ташкиллаштирилган жаҳон чемпионати гуруҳ босқичида барқарорлик кўрсатолмадилар. Улар аввалига Ямайка термасини 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратишдию, кейин кутилмаганда, авс-тралияликларга ютқазиб қўйишди - 2:3. Шу тариқа 3-турдан ўрин олган Италия термасига қарши баҳс «ҳаёт-мамот» жанги мақомини олди.

Бинобарин, Бразилия аёллар жамоаси агар итальянларга ҳам ютқазганида ортга қайтарди, дуранг натижа қайд этганида эса, бошқа гуруҳдаги ўйинлар натижасига қарашга мажбур бўларди. Якунда барчасини ягона гол ҳал қилди. Унинг муаллифи - афсонавий Марта. ЖЧнинг янги рекордчиси Австралия термаси билан ўйиндаги каби яна пенальтидан унумли фойдаланди. Лекин бу Мартанинг кўрсаткичига соя сололмайди, албатта.

Диққат қилинг, ушбу қаҳрамон аёл нақ 5та ЖЧ (!)да рақиблар дарвозасини нишонга олган. У ЖЧдаги дебют голини 2003 йилнинг 21 сентябрида нишонлаганди. Қаранг, ўшанда Мартанинг ҳозирги жамоадошларидан айримлари энди бошланғич мактабда таҳсил ола бошлагандилар. ЖЧ-2019 иштирокчиларидан бири - аргентиналик Далиле Ипполито эса атиги 1 ёшда эди...

Клозе ва Пеледан «устун». Билимдон мухлислар яхши билишади, бирор эркак футболчи 5та мундиалда гол урган эмас. 4тадан ЖЧда гол қувончини туйганлар эса атиги 3 нафар - Мирослав Клозе (2002, 2006, 2010, 2014), Пеле ҳамда Уве Зеелер (1958, 1962, 1966, 1970). Бори шу! Тўғри, аёллар орасида бундай «узоқ умр кўрувчи» голеадорлар кўпроқ. 

Хусусан, германиялик Биргит Принц (1995, 1999, 2003, 2007) ва Беттина Вигманн (1991, 1995, 1999, 2003), америкалик Эбби Уомбах (2003, 2007, 2011, 2015), Майа Хэмм (1991, 1995, 1999, 2003) ҳамда Кристин Лилли (1995, 1999, 2003, 2007) ва хитойлик Сун Вэн (1991, 1995, 2003). Бунга қадар 2003, 2007, 2011 ва 2015 йиллардаги мундиалда гол урган канадалик Кристин Синклэйр эса Францияда Марта кўрсаткичини такрорлади.

Қолаверса, бразилияликлар чемпионатдан чиқиб кетишди, Канада термаси эса иштирокини давом эттирмоқда (канадаликлар кеча 1|8 финал доирасида швецияликларга қарши майдонга тушишди). Лекин Бразилия аёллар футболи афсонаси ЖЧдаги голлари сони бўйича анча олдинда. У Италия термасига қарши баҳсдаги голи билан бетакрор Мирослав Клозедан ўзиб кетди. Шунингдек, Пеле ҳам Мартадан орқада!

Навбатда Формига рекорди.  Асосийси, Марта 17та гол билан чекланиб қолмоқчи эмас. Жорий чемпионатни қўя турайлик, у 2023 йил тақвимига киритилган кейинги мундиалда ҳам иштирок этмоқчи. Нега уриниб кўрмаслиги керак? Ахир бразилиялик яна бир футболчи - 41 ёшли ярим ҳимоячи Формига Францияда ўзининг еттинчи (!) мундиалини нишонлади.

Марта эса бу аёл олдида ўзини ёш қизчадек ҳис қилади. Энг ачинарли томони, Марта футболда не-не совринларни қўлга киритдию, ҳамон ЖЧ кубогини ютгани йўқ. У 2007 йили олий мақсадига жуда яқин келганди, бироқ бразилияликлар финалда немисларга бас келолмаганлар - 0:2. Шу-шу Пеленинг аёл ватандошлари йирик турнирлар ярим финалидан нарига ўта олишмаяпти. Улар айнан Бразилияда ташкиллаштирилган Олимпиада-2016 ҳал қилувчи ўйини йўлланмасини қўлга киритишлари мумкин эди, аммо швециялик аёлларга қарши кечган баҳснинг пенальтилар сериясида омадлари чопмади.

Хуллас, Марта учун нуфузли турнирнинг олтин медали армон бўлиб қолмоқда. Ваҳоланки, у аёллар футболидаги «Олтин тўп»га 6 марта (!) лойиқ кўрилган. Эътибор қаратинг, ҳаттоки, Лионель Месси ва Криштиану Роналдудан ҳам кўп! Мартани охирги бора 2018 йил якунларига кўра, жаҳоннинг энг яхши аёл футболчиси сифатида эътироф этишганди.

Мартанинг ЖЧдаги барча голлари

Йил           Босқич                        Рақиб - ҳисоб                           Голлар сони

2003          Гуруҳ                           Ж.Корея - 3:0                            1

2003          Гуруҳ                           Норвегия - 4:1                          1

2003          1|4 финал                     Швеция - 1:2                             1

2007          Гуруҳ                           Янги Зеландия - 5:0                  2

2007          Гуруҳ                           Хитой - 4:0                                2

2007          1|4 финал                     Австралия - 3:2                         1

2007          1|2 финал                     АҚШ - 4:0                                 2

2011          Гуруҳ                           Норвегия - 3:0                          2

2011          1|4 финал                     АҚШ - 2:2 (пен. - 3:5)              2

2015          Гуруҳ                           Ж.Корея - 2:0                            1

2019          Гуруҳ                           Австралия -  2:3                        1

2019          Гуруҳ                           Италия - 1:0                              1


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz