Қайднома

Қидирув

Жанни Инфантино: «Маошим катта, лекин Блаттерники 4 баравар кўп еди.... »

Жанни Инфантино: «Маошим катта, лекин Блаттерники 4 баравар кўп еди.... »

  26.06.2019 07:19
  0
  722
Жанни Инфантино: «Маошим катта, лекин Блаттерники 4 баравар кўп еди.... »

Италиялик фукционер Жанни Инвантино шу ой бошида деярли бир овоздан ФИФА президенти лавозимига қайта сайланди. Эътиборли томони, у бу сафарги сайловда ягона номзод сифатида иштирок этди. ФИФА раҳбари яқинда Франциянинг L’Equipe нашрига интервью берар экан, кўпчилик ишончини қандай қозонгани ҳақида ҳам гапириб берди.

Умуман, Инфантино ФИФА президенти ролида коррупцияга қарши курашувчи, шаффофлик, ошкоралик ва футбол глобаллашувига мойил раҳбар сифатида обрў орттирди.

«ВАЪДАЛАРНИ ТЎЛИҚБАЖАРДИМ»

- ФИФА президенти лавозимини қайта сайланиш жараёнида роса ҳаяжонландингиз...

- Шубҳасиз. Ахир бу нафақат обрўли, балки ўта масъулиятли иш ҳисобланади. Ҳаяжонимга келсак, шунча кишининг менга қайта ишонч билдириши ўз-ўзидан таъсир қилди, шекилли. Ваҳоланки, ягона номзод эдим.

- Ҳозир чиндан ҳам, оппозиция йўқми ёки сизни ҳеч ким танқид қилишга ботинолмаяпти?

- Умид қиламанки, барчаси жойида эканлиги туфайли танқиддан ти-йилишяпти. Ҳеч ким ўз номзодни илгари сурмаганига сабаб шуки, федерациялар вакиллари қандай иш олиб бораётганимизни шундоқ кўриб туришибди. Бу борада ўзимга ҳам рўй-рост айтишди: «Барча ваъдаларингни бажардинг».

- Хўш, шахсан ўзингиз ортда қолган 3 йиллик даврда кузатилган қайси воқеаларни алоҳида ажратиб кўрсата оласиз?

- Биринчидан, молиявий оқимлар масаласида шаффофликни таъминладик. Бу ҳақда негадир кам гапиришмоқда. Лекин ФИФА раҳбари сифатида айнан шуни энг катта ютуқларимиздан бири, деб ҳисоблайман. Бинобарин, энди ҳамма ташкилот қаердан пул топаётгани ва қаерга сарфлаётганини билади.

Шунингдек, Forward дастури самарали ишлаб турибди. Эндиликда миллий федерациялар ФИФАдан Блаттер давридагига нисбатан нақ 4 баравар кўп маблағ олмоқда. Олдинлари ҳар бир федерацияга 328 миллион доллар ажратиларди. Айни пайт бу миқдор 1,1 миллиардга етказилди. Яна 3 йилдан сўнг ушбу суммани 1,8 миллиардга оширмоқчимиз.

Қолаверса, VAR тизимини амалга татбиқ этдик, тарихдаги энг ажойиб жаҳон чемпионатини ўтказдик. Шу билан бирга 2026 йилги мундиалга қайси мамлакатлар мезбонлик қилишини ҳам белгилаб олдик. Ушбу турнир 3та давлат -  АҚШ, Канада ва Мексикада ташкиллаштирилади.

- Хўш, янги муддатда қайси масалаларга энг муҳим вазифалар сифатида қарайсиз?

- Асосийси - футболни бутун жаҳонда яхлит ҳолда ривожлантириш. Буни фақат гап эмас, балки амалда ҳам бажаришимиз лозим. Ғарбий Европада глобализацияни оддий тушунишади: «Ҳамма - биз томонга. Пулингизни, ўйинчиларингизни беринглар, барча ишларингизни қойиллатамиз». Мен учун эса глобаллашув жараёни умуман бошқа нарса. Керак бўлса, Осиё ва Америка қитъасидаги чемпионатлар Европаники билан рақобатлашсин.

Ҳозирги кунда жаҳонда топ-клублар сони 10тадан кўп эмас. истардимки, бундай клублар сони камида 50тадан ошсин. Майли, шундан 20таси Европада бўлсин. Терма жамоалар масаласида ҳам шундай. Ахир ҳозирги кунда Европа ва бошқа дунё футболи ўртасидаги фарқ тобора катталашиб бораётганини кўриб турибмиз...

- Лекин бунда сизнинг ҳам айбингиз бор. Ҳар ҳолда, 2009-2016 йиллар оралиғида УЕФА бош котиби лавозимида ишлагансиз.

- Чунки УЕФАда вақтни беҳуда сарфламаганмиз. Эҳтимолки, унда бошқача мақсадларни кўзлагандирмиз.

«ОЁҒИГА ТЕПКИ ҚАБУЛ ҚИЛГАН АЁЛ ДАРҲОЛ САКРАЙДИ...»

- Мана, ФИФА яна гуллаб-яшнаётган «фирма»га айланди. Ташкилотнинг пул айланмаси 5,7 млрд. еврони ташкил қилмоқда. Йиғилган жамғарма эса 2,4 миллиардга етди.

- Эндиликда молиявий ҳисоботимизда «Турли харажатлар учун 160 миллион доллар» қабилида тушунарсиз ёзувлар кўзга ташланмайди. Олдин ҳеч ким «турли харажатлар» нималигини сўраган эмас. Нима, қайсидир фильм ёки музейга пул ажратишганми? Бугунги кунда ҳаммаси шаффоф. Мисол учун, ҳаттоки, ФИФА президенти қанча маош олишини ҳам ҳамма билади.

- Қизиқ, қанча олади? Кўпми?

- Кўп. Йилига 1,4 миллион евро. Лекин бу собиқ президент Зепп Блаттер олган маошдан 80 фоиз камдир. Асосийси, энди ФИФАда ҳеч қандай можаро йўқ. Деярли ҳар бир федерация махсус аудитдан ўтади. Олдинлари текширув ҳажми 20 фоизни ташкил қилган, холос. Таққослаш учун яна бир факт: олдин турли мамлакатларда 30-40та лойиҳа молиялаштирилган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 941тага етди. Тасаввур қилинг, ФИФА деярли 1000та лойиҳани маблағ билан таъминлаяпти.

- Мишель Платини сизни ҳамон қонуний президент ўрнида кўрмаяпти. Унга эътирозингиз йўқми?

- Ҳеч нарсани исботлашим шарт эмас. Ахир 3 йил олдин 4 нафар номзод орасида энг кўп овоз тўплаганман. Энди эса мени бир овоздан сайлашди. Тўғри, қайсидир ишимни танқид остига олишлари мумкин. Лекин фақат ташкилот президенти лавозимида ишлаётганим учун эмас - бу танқиддан холи масала! 

- Аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионати ҳақида қандай фикрдасиз? Турнир шу қадар муваффақиятли чиқишини тасаввур қилганмидингиз?

- Умид боғлагандим, лекин кутганимдан ҳам зиёда бўлди. Бу чемпионат  -аёллар футболидаги катта ўзгаришларнинг бошланиш нуқтаси. Негадир аёллар ўртасидаги чемпионатга кўпинча иккинчи даражали турнирдек қарашади. Лекин қаранг, қандай ажойиб томоша. Франция терма жамоасининг илк ўйинини жума куни деярли 11 миллион киши томоша қилибди. Шанба куни эса эркаклар ўртасидаги ўйинни икки баравар кам одам кузатган...

- Нима, аёлларга эркакларга нисбатан икки баравар кўп ҳақ тўлаш керакми?

- Энг муҳими, пул беҳуда сарфланмаса, бас. Афсуски, ҳозир ҳам ишлар унча яхши эмас. Эски шартномалар ҳали-ҳамон кучда. Яъни авваллари эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионати трансляция ҳуқуқини сотиб олган компанияларга аёллар, пляж, ёшлар футболини ҳам тиқиштиришарди. Ваҳоланки, аёллар футболи шундай тоза ва чиройлики, асти қўяверинг.

Дейлик, аёл футболчи оёғига зарба қабул қилса, дарҳол осмонга сапчийди. Эркаклар эса аксинча, майдонга қулашади, мураббийлар бақиришади, захирадагилар майдон четига югуриб чиқишади. Оқибатда трибуналарда ҳуштакбозлик бошланади.

«ЖАНОБ ПРОКУРОР, БИЗДА БАРЧАСИ ШАФФОФ!»

- 1 июндан бир қатор қоидалар кучга кирди. Яқин келажакда яна қандай ўзгаришларни кўришимиз мумкин?

- Халас... (арабчада - «етарли») ! Чунки ўзгаришга муҳтож бўлган нарсаларни ўзгартириб бўлдик. Ҳозирча шу етарли.

- Европа Чемпионлар Лигасига боғлиқ ислоҳотлар ва ECA (Европа клублари ассоциацияси)га муносабатингиз...

- УЕФАга нима қилиш кераклигини ўргатишим шарт эмас. Лекин бу масаладаги фикрим бироз бошқача: футбол ҳамма учун тенг бўлиб қолиши керак. Шу қоида асосида иш олиб борилса, ҳамма ютади - камбағал клублар ҳам, бойлари ҳам.

- Умуман, ЕЧЛнинг янги форматидан нима наф?

- Англия Премьер-лигасидаги кўплаб клублар хорижлик сармоядорларга тегишли. Франция ва Италияда ҳам шундай клублар бор. Хорижликлар Европа клубларига катта пул сарф-лашяптими, турли турнирлар орқали харажатни чиқариб олишни исташади. Такрор айтаман, бу борада ёпиқлик фақат зарарга ишлайди.

- Яқинда Эммануэль Макрон билан учрашганингизда, ФИФА штаб-квартираси жойини ўзгартириш ҳақида яна сўз очдингиз.

- Бу масала ҳозирги кун тартибида йўқ. Айни пайт турли мамлакатлардаги таъсири кучли инсонлар фикрларини ўрганяпмиз. Барчасини миллий федерациялар вакиллари билан ҳам муҳокама қиламиз, албатта. ФИФА - умумжаҳон ташкилот. Эҳтимол, яна 20 йилдан кейин қароргоҳимиз АҚШ ёки Осиёнинг бирор мамлакатига кўчирилар... Лекин ҳозирча Швейцариядамиз. Кўрамиз, глобаллашув ФИФАни қайси томонга чорларкин..?

- Сир бўлмаса, ФИФАга боғлиқ можароли ишни кўриб чиққан Швейцария прокурори Михаэль Лаубер билан норасмий учрашувда нималар ҳақида гаплашдинглар?

- Йўқ, қандайдир махфий музокара бўлмади. Унга ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр эканлигимни билдирдим. Ахир ФИФА президентининг футбол бизнесидаги жиноятлар билан шуғулланаётган бош прокурор билан ҳамкорлик қилиши ёмонми? Мен қандайдир жиноий гуруҳга алоқадор эмасман ва ниманидир яширишимга ҳожат йўқ! Хуллас, бош прокурор билан учрашувда барчасини дангал баён этдим: «Жаноб, билиб қў-йинг, бизда ҳаммаси шаффоф».

ФИФАнинг янги президенти сифатида ҳам тиниқлик ошиши тарафдориман. Зеро, ташкилот обрўсини тўлиқ тиклашимиз керак. Бу борада америкаликлардан ҳамиша миннатдорман: уларнинг аралашувларисиз ФИФАни тозалай олмасдик ва ташкилот бутунлай таназзулга учраши ҳам ҳеч гап эмасди.


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz