Қайднома

Қидирув

Шунақаси ҳам бўлади: Жуссадорлик бобида тенгсиз...

Шунақаси ҳам бўлади: Жуссадорлик бобида тенгсиз...

  27.06.2019 01:03
  0
  614
Шунақаси ҳам бўлади: Жуссадорлик бобида тенгсиз...

Камтарин «Уикомб» клубида тўп сурадиган Адебайо Акинфенвани Англия биринчи дивизионининг энг машҳур вакили, десак муболаға бўлмайди. «Атиги» 108 килограмм вазнга эга ҳужумчи қаршисида нафақат рақиб футболчилари, балки яшил майдон ҳам титраб туришига дуч келсак, асло ажабланмаймиз. Бироқ қаҳрамонимиз жаҳлдор ҳам, тажовузкор ҳам эмас, оғирлиги каби вазмин табиат соҳиби.

Сўнгги мавсумни «Уикомб» халоскор 17-ўринда, ўтиш баҳслари ҳудудидан бор-йўғи 3 очкога ўзган ҳолда якунлади. Адебайо эса худди жамоадоши Жо Жейкобсон каби 7та гол уриб, жамоанинг энг яхши тўпурари бўлди. Бундан ташқари, 6та самарали узатма ва ўзининг ташқи кўринишига оид бир қатор ёрқин ибораларни совға қилди.

Уларнинг бири «Саутенд»га қарши сафар учрашувида юз берди. Унда Акинфенва «дубл»га эришган, «Уикомб» эса 2:0 ҳисобида ғалаба қозонганди. «Маҳаллий мухлислар менга майдонни тарк этишни ва яқин барларнинг бирида каламушхўрлик қилишни маслаҳат беришди. Ажойиб ғояни қабул қилдим, аммо эртага залда машқ қилишимни, шу боис ёғли таом ейиш мумкин эмаслигини айтдим», - деди Адебайо киноя билан.

Гўштни кўп ейди, спиртли ичимликлар ичмайди

Бир пайтлари Акинфенва Four Four Two мухбири Бэн Уэлш билан мускулларнинг жадал ривожланишига имкон берадиган озуқалар хусусида суҳбатлашганди. Интервьюга Уэлш Адебайодагидек бақувват мушакларга эга бўлиш учун инсон жуда кўп қўшимча озуқаларни истеъмол қилиши керак, деган қатъий фикр билан келганди. Футболчи касбдошимизнинг тахминларини пучга чиқарди: «Мен гўштни жуда кўп ейман, нонуштада, тушлик ва кечки таом вақтида ҳам. Масалан, машғулотлар арафасида доимо товуқ гўшти ва гурунч истеъмол қиламан, кейин гўшт ва сабзавотлар ёрдамида қувватимни тиклаб оламан. Шу йўл билан мускулларим фаоллигини таъминлайман».

Тиббиёт нуқтаи назарига биноан, 37 ёшли киши организмидаги ёғ миқдори умумий оғирлигининг 16,25 фоизи атрофида бўлиши энг мақбул меъёр ҳисобланади. Акинфенвада бу кўрсаткич 30 фоизга тенг. Бироқ мускулларида ёғ қатлами кўзга ташланмайди. Футболчининг айтишича, спиртли ичимликларни истеъмол қилмаслиги унга шундай имкониятни берар экан. Ўтган йили «Уикомб» биринчи дивизион йўлланмасини қўлга киритгач, муваффақиятни пиво, шампан виноси ва бошқа ичимликлар ёрдамида «ювганди». Адебайо ана шу базми жамшидда ҳам нафсига эрк бермади.

Бу футболчи спиртли ичимликлардан ташқари, турли ширинликларга ҳам ружу қўймаган. Фақат асал бундан мустасно - Акинфенва рафиқаси томонидан тайёрланадиган асалли сухари нондан ўзини тия олмайди: «Очиғи, менга асални кўп истеъмол қилиш мумкин эмаслигини яхши билсамда, мазали сухаридан воз кечолмайман. Тўғри, бу таомни фақат бир марта, нонушта пайтида ейман».

Танқиднинг самараси

2008 йилда Акинфенва илк бора «Нортгемптон» сафидан жой олганида ҳам ортиқча вазнга эга эди Шу боис, икки йил ичида 88 марта майдонга тушиб, 40та гол урганига қарамай, тезлик бобида кўпинча рақибларига тенглаша олмасди. Натижада бошқа жамоалар мухлислари уни калака қилишарди. «Биласизми, ҳақоратларга голларим билан жавоб қайтариб турган бўлсамда, кишига барибир алам қиларкан. Айниқса, бош билан оз гол урганим (2 йилда 4та) учун «Бақалоқ» лақабини олганимга чидай олмасдим. Уларнинг ҳимоячиларидан устун эканлигимни ҳеч ким гапирмасди. Қисқаси, семизлигим учун роса мазах қилишган», - дейди Адебайо.

Дарҳақиқат, Акинфенва бундан 11 йил аввал ҳам баҳайбат гавда соҳиби эди. 2009 йилдан бошлаб у ортиқча ёғларини бақувват мускулларга айлантиришга киришди. Бунинг учун жамоавий машғулотлардан ташқари спорт залида ҳам қўшимча шуғулланди. «Нортгемптон»нинг ўша пайтдаги мураббийи уни ортиқча юкламалар жароҳатга сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган бўлсада, шогирди машғулотлардан воз кечмади ва мақсадига эришди.

Ҳужумчи «Гиллинхэм»га ўтганидан кейин мускулларни чиниқтириш янада кучайди. Жамоа бош мураббийи Мартин Аллен жисмоний тайёргарлик бўйича қўшимча мутахассис ёллаб, клуб шифокорига Адебайонинг саломатлигига алоҳида эътибор қаратишни тайинлади. Оқибатда 105 килограмм­ли футболчи 2 йиллик машғулотлар давомида тошлар вазнини 95 килограмм­дан 200 килограмм­гача олиб чиқди ва Англиянинг энг бақувват футболчиси номига сазовор бўлди.

Футболнинг унга кераги борми?

Ўзининг эътирофига кўра, ҳа. «Футбол - жону дилим! Хушбичим қоматим доимо диққат марказида бўлишимни таъминласа, футбол ўзим ва оила аъзоларимнинг ҳаётий эҳтиёжларимизни қондиради», - дейди Адебайо.

Биринчи дивизион меъёрлари бўйича олганда, Акинфенванинг маҳсулдорлиги чакки бўлмасада, у номдор футболчилар сирасига кирмайди. Шунга қарамасдан, айнан футбол туфайли шуҳрат қозонди.

Уни ФИФА 15 тақдимот маросимига таклиф этишганди. Ўшанда Адебайога Рио Фердинанд ва Эден Азар ҳамроҳлик қилишганди. Акинфенва 66 рейтинг баллига лойиқ топилганди.

Дарвоқе, ФИФА 18да у энг кучли футболчи сифатида эътироф этилди.

Адебайо Диего Костани майдондаги ҳаддан ташқари одобсизлиги учун жуда ёмон кўради. Бир пайтлари у испаниялик касбдошини рингга таклиф этганди: «Мен унинг таъзирини бериб қўймоқчиман, токи Диего ўз рақибларини ҳурмат қилишга одатлансин».

Акинфенва муҳим учрашувлар арафасида жамоатчилик эътиборини тортишни хуш кўради. 2015 йилги «Ливерпул»га қарши баҳс олдидан у шундай деганди: «Бу жамоа 100 килограмм­ли ҳужумчига қарши ўйнашга одатланмаган. Шундай экан, рақибнинг менга етарли эътибор бермаслигига умид қиламан. Ахир кўпчилик мени қандай зарарсизлантиришни билмайди-да».

Ўйин бошланиши арафасида ҳужумчи ўз жамоадошларини Стивен Жеррард билан футболка алмаштирмаслик ҳақида огоҳлантирди. Чунки унинг ўзи футбол афсонасининг либосига эга бўлишни режалаштирганди ва буни амалга оширди.

Буёғи нима бўлади?

Яқинда Акинфенва «Уикомб» билан амалдаги шартномасини 2020 йилга қадар узайтирди. Лекин матбуот анжуманида фаолиятини якунлаш хусусида ўйламаётганини маълум қилди: «Нафақа ҳақида нима дейишим мумкин? Суст ҳаракат қилишимни яхши биламан. Лекин тезлик менинг асосий қуролим эмас. Рақибларимни жисмоний тайёргарлик эвазига енгаман. Тўғри, тўп суриш мен учун йил сайин қийинлашмоқда, чунки ёшим улғайиб бормоқда. Аммо ҳозирча ўйин билан тирикман. Бир йилдан сўнг нима бўлишини эса вақт кўрсатади».

Янги мавсумдан кейин Акинфенва яшил майдонни тарк этса ҳам кўчада қолмаслиги аниқ, рисоладагидек ҳаёт кечириши учун пул топиш вариантлари етарли:

1. Хушбичим ва бақувват қомати ёрдамида BeastModeOn спорт либослари брендини реклама қилмоқда. Ҳозирча корхона ҳужумчининг яқин танишлари тасарруфида. Адебайо футболчилик фаолиятидан кейин фирма билан шуғулланишини маълум қилди. Айтганча, футболкалар баҳоси унчалик қиммат эмас - тахминан 1500 рубль атрофида;

2. Реслингга ўтиши мумкин. «Фарзандларим бу спорт турини ёқтиришади. Қолаверса, менинг гавда тузилишим ҳам реслингга жуда мос. Бу соҳада муваффақиятли фаолият юрита оламан, деб ўйлайман», - деди Акинфенва;

3. Жамоа тизимида ишлаши ҳам мумкин, фақат мураббий сифатида эмас. Чунки у ўзининг таш­қи кўринишини ҳам, фикр­лаш доирасини ҳам бу касб­га мос эмас, деб ҳисоблайди;

4. Яна қўшимча сифатида Адебайо футболдаги ишлари юришмай қолган тақдирда хафа бўлмаслигини маълум қилди - у бодибилдинг билан шуғулланиши, кинода суратга тушиши ёки турли маҳсулотларни реклама қилишда иштирок этиши мумкин.

Хуллас, нима бўлганда ҳам, Адебайо Акинфенва яна бир йил яшил майдонда жавлон уради. Биз эса унга омад ва муваффақиятлар ёр бўлишини тилаб қоламиз.


А.Абдуҳамитов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz