Қайднома

Қидирув

ДАҲО ПЕРЕС «РЕАЛ»ДА ЯНГИ ДАВРНИ БОШЛАДИМИ?

ДАҲО ПЕРЕС «РЕАЛ»ДА ЯНГИ ДАВРНИ БОШЛАДИМИ?

  27.06.2019 13:14
  0
  598
ДАҲО ПЕРЕС «РЕАЛ»ДА ЯНГИ ДАВРНИ БОШЛАДИМИ?

«Реал Мадрид» президенти Флорентино Пересни бошқа клуб раҳбарларига қараганда ақллироқ деб ҳисоблайман. Футболчилар трансфери, мураббийлар алмашинуви каби ишларда нима қилишни яхши билади. Перес - даҳо. Унинг сўнгги 10 йил ичида бажарган ишлари буни исботлаб турибди.

 

2003|2004 йиллар мавсумида Испаниянинг бошқа бир гранди - «Барселона»да янги ниҳол ўсиб келаётганди. Ўз навбатида, Португалия томонларда ҳам келажаги порлоқ бир йигит чиққанди. Ҳа, топдингиз, булар - Месси ва Роналду! Лео-ку жамоасига содиқ ҳолда ўз ўрнини топишга интилди, бироқ «Манчестер Юнайтед»­-нинг ўша вақтлардаги бош мураббийи Сэр Алекс Фергюсон португални ўз жамоасида кўрмоқчи бўлди ва кўрди ҳам. Месси секин-асталик билан Роналдиньога соғлом рақобат туғдираётган паллада Криш Англияда чинакамига порлаётганди, ҳатто 2008 йили «Олтин тўп»га ҳам эга чиқди.

Шу воқеалардан кейин «Реал» президенти Роналдуни нима бўлсада сотиб олиш кераклигини онгли равишда ҳис қилди ва ниятини амалга оширди. «Реалча услуб», яъни дунёнинг энг кучлиларини сотиб олишга ишониш айнан шу даврдан бошланаётганди. Ўша пайтлардаги Гвардиоланинг «Барса»сига рақобатдош жамоа қурилаётганди. Аслида мен у пайтлари «эль класико»ни севардим. Моуриньо - Гвардиола «жанги» ўша вақтлардан бошланганди. Ушбу мавзуга бежиз тўхталмадим, зеро айнан шу мураббийлар қўл остидаги жамоаларда Месси ва Роналду ўйнашарди, иккисининг «жанги» энди-энди бошланиш арафасида эди.

Айнан ўша трансфердан сўнг ЕЧЛда «Реал» 4 марта, «Барселона» эса 3 марта чемпионга айланди. Месси 5 марта, Роналду 4 марта «Олтин тўп»га эга чиқди. Бу ҳақиқий юксалиш эди. Переснинг бу иши нафақат Испания футболи ривожига ҳисса қўшди, балки икки футболчи ўртасида узоқ муддатли рақобат пайдо бўлишига замин ҳозирлади. Таъбир жоиз бўлса, Перес ўзи билмаган ҳолда футбол мухлислари учун чинакам «даҳанаки жанг»ни яратиб бера олди. Авваллари ҳам «эл класико» пайтида дунёдаги мухлислар иккига айрилади, деган гаплар юрарди, лекин айнан шу давр оралиғида нафақат «Барса» ва «Реал», балки Роналду ва Мессининг персонал мухлислари ҳам икки томон бўлишарди. Эндигина футболга кириб келаётган ёш болалар ҳам ё португалга ёки аргентиналикка ўхшамоқчи бўлишганди. Бу трансфер билан Перес дунё футболига катта нарса берган, деб ҳисоблайман.

Ўтган йили Роналду «Ювентус»га ўтганини яхши биласиз. Кейин Зидан ҳам кетди ва «Реал» бу мавсум деярли ҳеч нарса юта олмади. Кўпчилик жамоага янги етакчи кераклигини таъкидлади. Ўзи аслида бу гаплар ўтган йилиёқ янграганди. «Реал» мухлислари эса супертрансфер кутишганди. Эсимда, Мбаппе, Неймар ва яна бир неча номлар айтилганди, бироқ янги 7 рақам эгаси сифатида Мариано Диаз таништирилганди. Бир неча кун аввал эса мадридликлар Лука Йович харидидан кейинги яна бир «бомба» трансферни эълон қилишди. «Челси» етакчиси Эден Азар кейинги мавсум мадридликлар либосида майдонда кўриниш беради. Перес Роналдуни Англиядан олиб келганди, Азарни ҳам туманли альбиондан харид қилди. Лекин шу трансфер амалга ошганидан кейин ХХI асрда «Челси»дан «Реал»га трансфер қилинган футболчилар рўйхатига назар солдим. Унда Роббен, Карвальо, Эссьен, Куртуа номлари бор эди. Шу футболчиларнинг «Реал»да кўрсатган ўйинларидан келиб чиқадиган бўлсак, фақат Карвальо нисбатан яхши ўйнагандек кўринмоқда. Куртуани-ку якунланган мавсумда кўрдик, қандай маҳоратга эгалигини. Шу боис менда бироз ҳадик бор: Азар «Реал»да ўйинини топиб кета олармикан? Топиб кетса-ку, яхши, акс ҳолда...

Лекин кишини хурсанд қиладиган яна бир томони ҳам бор: ўтган йил якунларига кўра Лука Модрич «Олтин тўп»ни олганидан сўнг 10 йиллик эрага якун ясалганини эътироф этдик. Азар «Реал»га келди, Гризманн ҳам «Барселона»га ўтадиган кўринади. Агар француз каталонияликлар сафига қўшилса, биз балки янги эрани кўрармиз?! Азар - Гризманн қарама-қаршилиги ҳам ёмон бўлмайди. Бу мавсум «Олтин тўп»ни катта эҳтимол билан Азар ёки Гризманн олмайди, лекин кейинги мавсумдан шу икки футболчи «дунёни иккига бўлиб қўйса» ажабмас.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz