Қайднома

Қидирув

U20 мундиали тўлқини ёки ёшлар ўртасидаги ЖЧнинг 5 нафар кашфиёти

U20 мундиали тўлқини ёки ёшлар ўртасидаги ЖЧнинг 5 нафар кашфиёти

  28.06.2019 01:26
  0
  519
U20 мундиали тўлқини ёки ёшлар ўртасидаги ЖЧнинг 5 нафар кашфиёти

Улардан иккиси Осиёдан. Польшада ўтказилган ва Украина терма жамоаси ғалабаси билан якунланган кичик мундиалда бир қатор ёшлар чинакамига порлашди ва яқин келажакда кучли клубларга йўл олишлари мумкин. Диққатга сазовор томони, турнирнинг 5 нафар энг сара кашфиёти орасида Осиё футболи вакиллари ҳам бор. Демак, championat.com маълумотлари ёрдамида Польшада чакки таассурот қолдирмаган ва скаутлар назарига тушган йигитлар билан танишиб чиқамиз.

Дион Лопи (Сенегал)

U-20 мундиали чорак финалчиси таянч ярим ҳимоячиси майдонда оқ рангга бўялган сочию, фаоллиги билан алоҳида ажралиб турди. Ваҳоланки, у атиги 17 ёшда. Аслида Лопи ўз ёшига нисбатан каттароқдек кўринади. Сенегаллик йигит жисмонан анча ривожланган, бир қарашда 17 ёшли ўсмирга сира ўхшамайди. Лопи шунинг баробарида таянч ярим ҳимоячиси учун яхшигина хислатларга эга. Ҳимоявий ҳаракатларга мойил африкалик кўплаб савияли ўйинчилар каби Дион ҳам тўпни олиб қўйиш, ҳужумни бузишда ўта тажовузкор ва яккакурашларда кучига таяниб ҳаракатланади. У яна дриблинг бобида ҳам чакки эмас, яъни ёш футболчида жисмоний куч ва техника мужассамлашган. Дион суръатни тезда ўзгартиришга уста, қисқа ва узун диагонал узатмалари яхши. Асосийси, йигитча майдонда бошини тик кўтарган ҳолда эркин ҳаракатланади. Лопи ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Сенегал термасининг асосий ўйинчиси бўлганди. У бу сафар Ж.Корея термасига қарши кечган омадсиз чорак финал баҳсида дисквалификация туфайли майдонга тушгани йўқ. Агар Лопи чиндан ҳам, 17 ёшда бўлса, у Дакар академиясида узоқ вақт қолмаса керак.

Тайсей Мияширо (Япония)

«Кунчиқар юрт» термасининг марказий ҳужумчиси Польша турнирида 2тагина гол урди, холос (боз устига, ҳар иккисини гуруҳ босқичида Мексика ёшлар жамоаси дарвозасига йўллади). Камтарин самарадорликка қарамай, бу йигит бутун турнир давомида алоҳида ажралиб турди. Жумладан, 1|8 финал босқичида Ж.Корея термасига қарши кечган омадсиз баҳсда ҳам. 19 ёшли Мияширо ҳозирда «Кавасаки Фронтале» клуби ихтиёрида. Диққатга сазовор томони, у асосий жамоа сафида лоақал 1та ўйинни тўлиқ ўтказмай туриб, Япония чемпиони бўлди. Мияширонинг муҳим фазилати - олдинда хилма-хил ҳаракатланиш. Япон йигити яна бўш ҳудудга вақтида чиқиб боришни қойиллатади. Япония термаси Польшада чиройли комбинацион юришлари билан яхши таассурот қолдирди - тўп қанотдан 2та узатма орқали марказга етказилади ва Мияширо рақиб жарима майдонига «бостириб» киради. Бунда ҳам футболчига бўш ҳудудни тезда илғаш хусусияти жуда қўл келади. Умуман, ёш «самурай» баъзан бўш зонани ўзи яратади. Яъни тўпни қабул қилиб олгач, рақибларни маълум масофагача ўз ортидан эргаштиради, кейин бирданига диагонал йўналишини ўзгартириб, таъқибчиларини ғафлатда қолдиради. Тайсейнинг дриблинг маҳорати ҳам чакки эмас. У яна жарима майдонининг ўзида тезлик олиб, рақибларни чув туширишни хуш кўради: мексикаликлар билан баҳсда ҳимоячидан анча ортда турганига қарамай, бирданига тўп томон отилдию, якунда гол урди. Футболчининг жуссаси катта эмас (бўйи - 178 см., вазни - 67 кг.), лекин у тўпни гавдаси ёрдамида ёпишни ҳам, ҳавода курашишни ҳам ўз ўрнига қўяди. Мияширо шунинг баробарида ҳимояланишда ўта фаол - кўпинча рақибга қарши кучли прессинг қўллайди. 1та ўйинда рақибдан ўртача ҳисобда 1,5 марта тўп олиб қўйиш - ҳужумчи учун яхшигина кўрсаткич. Демакки, япон йигити юқори прессингга таянадиган клубларга жуда мос тушади.

Денис Попов (Украина)

Инсоф юзасидан айтиш керак, чемпион - Украина термасида бир қатор футболчилар алоҳида эътирофга муносиб ўйнашди. Жумладан, Андрей Лунин ва Сергей Булец ОАВ диққат марказида туришди. Попов ҳам ажо-йиб ўйинлари билан ёдда қолди. Денис - Киев «Динамо»си ҳимоячиси. Тўғри, у якунланган мавсум асосий жамоа таркибида бирор расмий учрашувда майдонга тушгани йўқ, лекин ёшлар ўртасидаги Чемпионлар Лигасида яққол кўзга ташланди. Попов Украина ёшлар термаси сафида ўнг қанот ҳимоясига жавоб бериш баробарида марказий ҳудуд вакилларига яқиндан ёрдам берди. Биринчи нав-батда, унинг тўп билан муомала қилиш санъати ҳайратлантирди. Дейлик, чемпион жамоанинг аксарият ҳужумлари айнан Попов жой олган қанот орқали бошланди. Украиналик йигит яна ҳимоявий ҳаракатлар давомида тўпни тўғри марказ бўйлаб ерлатиб олдинга аниқ узата олишини бир неча марта намойиш этди. Асосийси, «Динамо» тарбияланувчиси ҳам яхшигина  дриблинг ва техникага эга, жисмоний ҳолати ҳавас уйғотадиган даражада. Попов ЖЧ-2019 якунига кўра, ҳаракатдаги тўпни узатиш бўйича 6-яхши кўрсаткичга эришди. Дениснинг асосий устунлиги эса ҳимояга дахлдор, барибир. У бунда жуда тажовузкор ва совуққон, кўпинча тўғри позиция танлаши эвазига тўпга биринчи бўлиб етади. Ҳа, украиналик баъзан қўполликка мойилдек кўринади, яъни агар рақибдан ортда қолса, тезда охирги чорани қўллайди. Йигитча аввало, шу жиҳат устида кўпроқ ишлаши керак. Бошқа томондан Денисга жиддий эътироз йўқ: ҳаммаси жойида. Яъни тўғри позиция танлайди, узатма ва зарба йўлига вақтида чиқади, ҳаводаги тўп учун курашда кучли... Айнан бош билан яхши ўйнаш қобилиятидан ҳужумда ҳам тез-тез фойданалади. Дейлик, Польшада бурчак зарбаларидан кейин боши билан 3та гол урди.

Андреа ПИНАМОНТИ (Италия)

Италиялик марказий ҳужумчи аслида Европа клублари учун янги кашфиёт эмас. Зеро, Пинамонти якунланган мавсум «А» серияда нақ 1600 дақиқа ўйнаб, «Фрозиноне»  клубида «Гол}Пас» тизими бўйича иккинчи яхши кўрсаткичга эришди (5та гол ва 3та самарали узатма). 20 ёшли иқтидорнинг агенти машҳур Мино Райола эканлигини ҳисобга олсак, у келажакда гранд клублар сафида ўйнаш учун реал имкониятга эга. Ярим финалда Украина термасига сенсацион тарзда ютқазган итальянлар 3-ўрин учун баҳсда камтарин Эквадор жамоасига ҳам бас келолмадилар. Шунга қарамай, Пинамонти ёрқин ҳаракатларию, 4та голи билан эсда қолди (тўғри, 2та голи - пенальти самараси). Аслида Андреанинг асосий вазифаси голлар «териб» ташлаш эмас. У терма жамоада ҳам клубидаги каби мобиль «симёғоч» функцияларини бажарди. Яъни тўпни орқароқда қабул қилиб олиб, уни гавдаси ёрдамида маълум вақт назорат остига олади ва рақибларни чалғитганча шерикларини зарба йўлига чиқаради. Пинамонти хусусан, рақиб дарвозасига тескари турган ҳолда ҳам бемалол шундай қилиши мумкин. Оддий айтганда, унинг устун томони - жамоадошларига бўш ҳудуд ҳозирлаш, лекин баъзан бундан ўзи ҳам фойдаланади. Чунончи, ҳимоячилар орасидан ёриб киришни хуш кўради. Андреанинг энг катта муаммоси эса - зарба учун энг мақбул лаҳзани танлай олмаслик. Ҳар ҳолда, ёш ҳужумчи гоҳида ўта мураккаб нуқталардан ҳам зарба йўллайдию, баъзан жуда яхши вазият туғилганида охирги ҳаракатни негадир пайсалга солади. Лекин бу камчилик тажриба ошиши билан ўз-ўзидан йўқолса керак.

Ли Кан Ин (Жанубий Корея)

Ли Кан ҳам мутлақо нотаниш йигит эмасди, лекин Пинамонтичалик танилмаганди. 2011 йилдан «Валенсия тизимида шуғулланаётган корейс йигити мавсум-2018|2019дан эътиборан жамоанинг асосий таркибида кўриниш бера бошлади. Ҳарқалай, Ла-лигада 15 дақиқа, ЕЛда 42 дақиқа ва Испания кубогида нақ 444 дақиқа тўп сурди. Қизиғи, Ли «кўршапалаклар» сафида вингер ролини бажаради (гоҳида чап, баъзан ўнг қанотда), Жанубий Корея U-20 термаси бош мураббийи эса 3-5-2 тактикасидан келиб чиқиб, еврофутбол таъмини тотиб кўрган йигитни иккинчи ҳужумчи позициясига қўйди. Кан Ин Польша мундиалида атиги 2та гол урди (ҳар иккисини пенальтидан), лекин турнирнинг энг яхши ассистентига айланди - 4та самарали узатма. Умуман, Ли ҳар икки позицияда ўзининг энг яхши хислатларидан унумли фойдаланади. Кан Ин - ўта тезкор, шиддатли ва техник салоҳияти баланд футболчи. Айниқса, тўпни икки оёғида бирдек ўйнатиши эвазига энг қийин вазиятлар ва тор ҳудуддан ҳам осонгина чиқиб кетиши мумкин. Ли шунинг баробарида яккама-якка курашларда беназир, комбинацион ўйинга мойил. Чунки майдонни яхши кўради, вазиятни тўғри баҳолайди. Шунинг ҳисобига пастдан ўткир ва нафис узатмаларни амалга оширади. Мисол учун, Эквадор термасига қарши кечган баҳсда деярли майдон марказидан рақиб жарима майдонидаги шеригига тўпни аниқ узатиб, гол ассистентига айланди. Кореялик футболчининг яна бир хусусияти - ақлни шошириб қўядиган кросслар. Муҳими, у шундай юришлардан сўнг тўпни рақиб учун ноқулай траектория бўйлаб узатади. Кореялик футболчилар эса етакчининг шундай ҳаракатланишига тайёр туришади. Умуман, Ж.Корея ёшлар термасида деярли барча стандарт вазиятларни айнан Кан Ин бажаради. Сенегал термасига қарши ўйинда унинг шундай ижроларидан кейин кореялик ёшлар 90}8-дақиқада гол уриб, барчасини қўшимча бўлимларга чўзишди ва якунда ярим финалга чиқишди.

А.Аҳмедов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz