Қайднома

Қидирув

Паулу СОУЗА: «МЕНИНГ ЖАМОАЛАРИМ БИРИНЧИ РАҚАМДА ЎЙНАШЛАРИ КЕРАК»

Паулу СОУЗА: «МЕНИНГ ЖАМОАЛАРИМ БИРИНЧИ РАҚАМДА ЎЙНАШЛАРИ КЕРАК»

  00.00.0000 00:00
  0
  81
Паулу СОУЗА: «МЕНИНГ ЖАМОАЛАРИМ БИРИНЧИ РАҚАМДА ЎЙНАШЛАРИ КЕРАК»

Франциянинг «Бордо» клубини португалиялик мутахассис Паулу Соуза бошқармоқда. Эндиликда жамоа футболчилари нонуштани биргаликда базада қилишмоқда. Шунингдек, мураббий бирор жойда ишлашдан олдин шаҳар ва унинг аҳолисини ўрганиш муҳимлигини айтиб ўтди.

 

- Флоренцияда (Паулу 2015-2017 йилларда «Фиорентина»ни бош-қарган) шаҳар руҳиятига мос жамоани тузмоқчи бўлгансиз. Бордода ҳам мақсадингиз шундайми?

- Мен ўзгармадим. Ваҳоланки, шароитлар турлича. Шаҳар спецификаси, жамоалар қандай футбол ўйнайди, рақиблар қандайлигини билишим муҳим. Қолаверса, концепцияларим, жамоанинг ўйин услуби маҳаллий мухлисларга мос келишини истайман. Бунинг учун эса қандай шаҳардаман, бу ернинг аҳолиси қандайлигини билишим зарур.

- Лекин жамоа ўйинини шакллантиришда ўз принципларингизга эгасиз.

- Иккита муҳим жиҳат бор. Биринчиси - ўйиндаги баланс. Иккинчиси - менинг жамоаларим биринчи рақамда ўйнашлари керак. Чунки футболчи ҳужумкор футбол намойиш этганда, тактик жиҳатдан ўсади. Ҳимояланаётганда эса рақибга майдонда устунлик қилишга имкон бермаслигимиз керак. Демак, тўпни йўқотгандан кейи­н уни дарҳол қайтариб олиш лозим. Тўпни олиб қўйиш ҳам жамоавий ҳаракат бўлиб, ҳар бир ўйинчи белгиланган ролни бажаради. Лекин футболчиларга қандайдир кўрсатмалар беришдан олдин уларнинг имкониятларини билишим талаб этилади. Акс ҳолда, ўйлаган ишим амалга ошмай қолиши мумкин. Яъни, биринчи нав­батда улар билан танишиш даркор.

- Жамоага келишингиз билан биринчи навбатда ёрдамчингизни таништирдингиз: «Мана, Виктор, унга қулоқ солинг. Тўпни назорат қилишни юқори чўққига олиб чиқишимиз асосан унга боғлиқ», дегандингиз. Тўпни назорат қилиш шунчалик муҳимми?

- Тўпни назорат қилиш орқали сиз керакли ўйинни ташкиллаштира оласиз, футболчилар ўсади. Шу боис ҳам биринчи ўринда ҳужумни ташкил қилишни ўрганамиз. Шунингдек, уни самарали якунлашни ҳам. Ўйин турли босқичларга бўлинади: ҳужумни бошлаш, уни ташкил қилиш, голли вазиятни яратиш ва дарвозани ишғол қилиш. Мазкур этаплар учун белгиланган қоида, схема борки, ҳар бир ўйинчи унга амал қилиши керак. Албатта, импровизация учун ҳам жой бор. Муайян бир футболчи қайсидир вазиятда ўзича ҳаракатланиши мумкин. Лекин энг муҳими, асосий принципларга амал қилиш талаб этилади.

- «Бордо» сизнинг қўл остингизда тўпни назорат қилаётганда 3-4-3, ҳимояланаётганда эса 4-4-2 схемаси бўйича ҳаракатланмоқда. Сабабини тушунтириб берасизми?

- «Схема» сўзининг ўзиёқ ниманидир англатади. Албатта, майдонга юқоридан қарасангиз, футболчиларнинг турли жойлашувларини кўрасиз. Яъни, турли схемаларни. Лекин гап схемаларда эмас. Футболчиларнинг жойлашуви шундай бўлиши лозимки, биз рақиб дарвозасига тезроқ етиб олишимиз керак. Аммо баъзида ҳужумни секинлаштиришга тўғри келади. Ҳимояланаётганда, тўпни тезроқ олиб қўйиш учун схемани ўзгартирамиз. Шу боис ҳам 4-2-3-1 схемасида ўйнаб туриб, уни 4-3-3 ёки 3-4-3га алмаштиришимиз ҳам мумкин. Ҳаммаси вазиятга боғлиқ.

- Футболчининг фикрлаш қобилиятини ривожлантирса бўладими?

- Албатта, бўлади. Ҳар бир инсон фикрлаш қобилиятини ривожлантириши мумкин. Бунинг учун елканинг тепасида бош бўлса бўлгани. Шунинг­дек, истак ҳам керак. Лекин сиз ҳамма нарсани биламан, деб ҳисоблаб, ўқишдан тўхтасангиз, барчаси тамом. Бир сўз билан айтганда, ҳаммаси одамнинг ишга бўлган муносабатига боғлиқ.

- Люсьен Фавр («Боруссия Дорт­мунд» бош мураббийи) бир пайтлари «Футболчилар майдонда фикр­лашни билмаса, ҳамма муаммо шунда», деганди...

- Муаммосиз бўларканми. Ўйинчилар муаммоси мураббий учун ўзига хос чақирув. Тўғри, тезроқ фикрлайдиган футболчи билан ишлаш осонроқ кечади.

- Ҳаётингиз ва фаолиятингизда Марчелло Липпи катта роль ўйнаган. Шундайми?

- Барча мураббийларим маълум миқдорда таъсир ўтказишган. Португалиянинг шимолидаги шаҳарчада туғилганман. Мамлакатнинг барча йирик шаҳарлари соҳил бўйида жойлашган. Камбағал вилоят. Мен жуда камтар йигитча бўлганман. Лекин кузатиш қобилиятимни ривожлантирганман. Шу орқали одамлардан кўп нарсани оласиз, ривожланасиз. Шунда турли шароитларга мослашиш осон кечади. Италияда тактикага жиддий эътибор қаратишади. Бу борада Липпидан кўп нарса ўрганганман. Айниқса, ўйинларни таҳлил қилишни.

- «Бордо»га келишингиз билан футболчиларнинг биргаликда нонушта ва тушлик қилишларини жорий этдингиз. Бундан кўзланган мақсад нима?

- Арсеналимда кўп нарса бор. Мақсадга эришиш йўлида майда-чуйдалар бўлмайди. Бундай қилишимнинг биринчи сабаби, футболчиларнинг тўғри овқатланишларини таъминлаш. Бу жуда муҳим. Иккинчидан, уларнинг кўпроқ мулоқот қилишларини истайман. Айрим мураббийлар машғулотдан беш дақиқа олдин келишга рухсат беришган.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz