Қайднома

Қидирув

Мўйдин МАМАЗУЛУНОВ: «МУХЛИСЛАРГА МУНТАЗАМ ГОЛ УРАДИГАНЛАР ЁҚАДИ»

Мўйдин МАМАЗУЛУНОВ: «МУХЛИСЛАРГА МУНТАЗАМ ГОЛ УРАДИГАНЛАР ЁҚАДИ»

  30.06.2019 09:19
  0
  607
Мўйдин МАМАЗУЛУНОВ: «МУХЛИСЛАРГА МУНТАЗАМ ГОЛ УРАДИГАНЛАР ЁҚАДИ»

Ўзбекистон Про-лигасида Суперлига йўл олишни хоҳлаётган жамоалар сони кўпаймоқда, рақобат ошяпти. «Шўртан» ва «Машъал» юқори мақсад йўлида дадил одимлаётган бўлса, мазкур дивизионда илк бор иштирок этаётган клублар ҳам уларга муносиб қаршилик кўрсатишмоқда. Ўтган мавсум Фарғона вилояти иккинчи лига мусобақаларида юқори ўринларни қўлга киритган «Турон» ҳам пешқадамларга етарлича муаммо туғдираётгани рост. Баҳром Ҳакимов бошқарувида мавсумни бошлаган жамоа аъзолари дастлабки турларданоқ мухлисларбоп футбол намойиш этишмоқда. Гарчи тажрибали мутахассис маълум сабабларга кўра истеъфога чиқарилган бўлсада, бу омил жамоа ўйинига асло салбий таъсир кўрсатмади. Яқинда «Турон» клубининг тажрибали ҳужумчиси Мўйдин Мамазулуновни суҳбатга чорлаб, унга ўзимизни қизиқтирган саволлар билан мурожаат этдик.

 

- «Турон» олдига аниқ мақсад ва вазифа қўйилганми?

- Ҳа. Гарчи бу йил Про-лигада биринчи марта қатнашаётган бўлсакда, мавсум аввалида раҳбарият олдимизга юқори вазифаларни белгилаб берди. Режамиз бўйича «В» гуруҳида биринчи ўринни эгаллаб, кейинги мавсумда «А» Про-лигасида иштирок этишни, кейинчалик Суперлига йўлланмасини қўлга киритишни мақсад қилганмиз. Бунинг учун бизга барча зарур шарт-шароитлар яратиб берилган. Клуб раҳбарлари томонидан эътибор жуда кучли, улар билан тез-тез мулоқот ўтказилади. Керак бўлса, ҳар бир машғулотимизни кузатгани ташриф буюришади. Молиявий томонидан муаммо йўқ, ҳисоби.

- Баҳром Ҳакимовнинг кетиши жамоа режаларига қай даражада таъсир кўрсатди?

- Ҳа, Баҳром ака нафақат Ўзбекис-тон, балки Осиёда ҳам энг тажрибали мураббийлар тоифасидан. Унинг «Насаф» ва бошқа жамоалар билан қандай ютуқларга эришгани ҳаммага маълум. Истеъфо футболнинг бир қисми. Унинг кейинги фаолиятига омад тилайман. Нима бўлганда ҳам, мен бу инсондан кўп нарса ўргандим.

- Янги мураббий Ислом Исмоиловни қанчалик яхши биласиз?

- Исломни «Нефтчи»да бирга фаолият юритган Мурод Исмоиловнинг тўнғич ўғли сифатида танирдим. Умуман олганда, турли мусобақаларда, учрашувларда тез-тез кўришиб турардик. Энди унинг янги қирраларини кўриш мумкин бўлади.

- Ҳозирги кунгача «В» Про-лигада 14дан зиёд гол уриб, тўпурарлар рўйхатини бошқариб турибсиз. Бу кўрсаткич жамоада ўзингизни яхши ҳис қилаётганингиздан далолатми ёки чемпионат даражаси пастми?

- Мавсум-2018нинг биринчи даврасида «Динамо»да ўзим истагандек ўйнай олмадим, иштирокимдан тўла қониқиш ҳосил қилганим йўқ. Шу боис иккинчи даврада «Турон» сафига қўшилдим. Ҳужумчининг биринчи галдаги вазифаси - гол уриш. Мунтазам тўп киритадиган футболчи мухлисларга ҳам манзур бўлади. Агарда бирор муддат ичида спорт формангни йўқотсанг, улар учун сендан ёмони йўқ. Шунинг учун ҳар бир учрашувда жамоамга фойда келтиришни истайман. Пас бераманми, гол ураманми бунинг аҳамияти йўқ.

- Ҳозиргача турли мураббийлар қўл остида шуғулландингиз. Улар орасида қай бирини юқори ўринга қўясиз?

- Ҳар бирининг фаолиятимда ўз ўрни бор. Масалан, менинг элга танилишимда, мухлислар назарига тушишимда Шквириннинг хизматлари катта. Айнан у ўйинларимни бир неча маротаба кузатиб, АГМКга таклиф қилган. Игорь Анатольевич иқтидорларни ўзи қидириб топарди, ваҳоланки, айрим мураббийлар бу ишга ёрдамчиларини, скаутларни, селекционерларни жалб қилишади. Аммо Шквирин ундайлар сирасига кирмайди. Агар бир кишини ажратиб кўрсатиш имкони бўлса, мен Вадим Абрамовни танлардим. Олмалиқда юрган кезларим у ҳаттоки мени термага жалб қилган. Лекин маълум сабаблар туфайли миллий жамоада майдонга тушмадим. Тақдир тақозоси билан «Нефтчи»да яна Абрамов қўл остида ишлаш бахтига мушарраф бўлдим. Фёдоров бош-қарувида тўғриси, қийналганман. Боиси, у ҳимоявий услуб, яъни 5-4-1 тактик схемасидан фойдаланишни маъқул кўрарди. Бундай услубда одатда ҳужумчига эҳтиёж қолмайди. Вадим Карленович келгач, мени асосий таркибда майдонга тушира бошлади. Чунки у имкониятларимни жуда яхши биларди. Хуллас, бунинг натижасида 13та учрашувда 9та гол урдим.

- Адашмасам, Абрамов билан «Локомотив»да ҳам фаолият юритгансиз?

- Тўғри, у мени аввалдан билган учун ўз жамоасига чақирди. Асосан дуранг қайд этилаётган ёки мағлуб бўлаётган ўйинларимизда захирадан туширарди ва мен ишончни оқлардим. Умуман, Вадим Абрамовдан бир умр миннатдорман. Ҳозирда у «Бун-ёдкор» билан совринли ўринлар учун курашмоқда. Таркибдаги футболчилар ёш ва тажрибасиз бўлсада, шогирдларини ҳар бир ўйинга ўзига хос мотивация билан тайёрламоқда. У ёшларга ишонч билдиришдан асло чўчимайдиган, таваккалдан сира қўрқмайдиган камсонли мутахассислардан биридир.

- Маълумотларга қараганда, сизга Эрондан чорлов бўлган экан...

- Тўғри, буни яширмайман. Ҳатто шартнома имзолашимиз мумкин эди. Аммо сўнгги паллада айрим масалаларда келиша олмадик. Ҳар доим йил бошида кўплаб хорижий давлатлардан таклиф бўлади. Жорий мавсумда ҳам ўзимни астойдил кўрсатсам, бу борада яна бир бор ўйлаб кўраман.

- Нима учун ўзбекистонлик футболчилар легионер сифатида тўп суриш учун ўзимизникидан нисбатан кучсизроқ бўлган чемпионатларни танлашмоқда?

- Улар тўп сураётган чемпионатлар футболга бўлган эътибор, инфратузилма бўйича биздан ортда, тўғри. Бироқ молиявий томондан клублари ўта барқарор. Ҳатто, айрим мамлакатларда легионерлар маошларини Олимпия қўмитаси тўлайди. Демак, ягона сабаб - молиявий томондан муаммолар йўқлиги. Ўсишни истаган футболчилар эса кучлироқ лигаларни танлашмоқда. Сардор Рашидов, Одил Аҳмедов, Элдор Шомуродов бунга яққол мисол бўлиши мумкин.

А.ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz