Қайднома

Қидирув

«Навбаҳор»да муаммо йўқ

«Навбаҳор»да муаммо йўқ

  02.07.2019 11:18
  0
  630
«Навбаҳор»да муаммо йўқ

«Навбаҳор»да бош мураббий алмашгач, бунга жамоа таркибидаги футболчиларнинг икки лагерга бўлиниб қолишгани сабаб эканлиги хусусида гап сўзлар тарқалди. «Қизилқум»га қарши кечган сафар учрашувидан сўнг «лочинлар» тўпурари Александр Касьян ушбу мавзуга тўхталиб, ички муҳитга боғлиқ ҳеч қандай муаммо йўқлигини таъкидлади. «Навбаҳор» етакчиларидан бири Азим Аҳмедов ҳам клуб матбуот хизмати вакиллари билан суҳбат давомида Касьяннинг ўйиндан кейинги фикрларини қўллаб-қувватлаб, аҳиллик жойида эканлигини билдирди.

Азим Аҳмедовнинг ишонтириб айтишича, жамоанинг аҳиллигига путур етгани ҳамда маҳаллий ва легионер футболчилар ўртасида бўлиниш юзага келгани ҳақидаги гап-сўзларда мутлақо асос йўқ. «Мухлислар ораси ва ижтимоий тармоқларда жамоамиз хусусида тарқалган бундай хабарлар ҳақиқатдан йироқ. Бунга ишониш қийин. Агар чиндан ҳам, икки гуруҳга бўлинганимизда, ҳозиргидек натижалар қайд этолмасдик. Хуллас, маҳаллий футболчилар ва легионерлар ўртасида қандайдир келишмовчилик йўқ. Ўзаро муносабатимиз аъло даражада. Мухлислар асло хавотирланишмасин, «Навбаҳор»да ҳеч қандай бўлиниш йўқ. Жамоамиздаги иноқлик талаб даражасида. Бунинг исботи сифатида ўйинларимизни келтиришим мумкин. Кимдир гапларимга шубҳа билан қараса. марҳамат, учрашувларда легионерлар билан қандай тушуниб тўп сураётганимизни кўрсин. Ўз ўрнида мухлисларга бир илтимосим бор - асоссиз гап-сўзларни ўйлаб, сиқилманг. Яхшиси, стадионга келиб, жамоамизни қўллаб-қувватланг. Зеро, биз доимо сизларга қувонч улашиш ҳаракатидамиз. Албатта, ортиқча шубҳа-гумонлар жамоа зарарига ишлайди. Энг яхши мотивация - бу ишонч. Шуни унутмасак, бас», - деди ярим ҳимоячи. Демак, «Навбаҳор» мухлислари хотиржам тортишлари мумкин.

Дарвоқе, «Навбаҳор» лагеридан олинган яна бир маълумот бор. Суперлига биринчи давраси тугагач, жамоа легионерлари ўз юртларига жўнаб кетишди. Айтиш жоиз, Наманган клуби давралар оралиғидаги танаффусга 3-ўринда чиқиб кетди: 13та ўйин, 5та ғалаба, 6та дуранг ва 2та мағлубият тўплар нисбати - 21-14),  21 очко. Олдинда «лочинлар»ни Лига кубоги 2-3-турлари доирасида «Машъал» ҳамда «Андижон» жамоаларига қарши кечадиган ўйинлари кутиб турибди. Муборакликлар Наманганда меҳмон бўлишса, андижонликлар «лочинлар»ни ўз майдонларида қабул қилишади. Шунга қарамай, клуб мураббийлари легионерларга эртароқ таътил беришди. Демак, бўлажак баҳсларда маҳаллий футболчиларга таянилади. Ўз навбатида таъкидлаш жоиз, «Навбаҳор»нинг сербиялик ҳимоячиси - 30 ёшли Славко Лукич 9 июль куни никоҳ тўйини ўтказади.

«Навбаҳор»нинг самадорлигида россиялик ҳужумчи Александр Касьяннинг муносиб ҳиссаси бор. У жамоанинг биринчи давра доирасидаги 13та учрашувида ҳам майдонга тушиб, жами 1064 дақиқа тўп сурди. Россиялик футболчи жумладан, 8та ўйинда тўлиқ вақт ҳаракатланган бўлса («Қизилқум»га қарши кечган сафар баҳсининг қўшимча вақтида алмаштирилди), 5та учрашув давомида ўз ўрнини захира вакилига бўшатиб берди. Муҳими, Александр  «Навбаҳор»нинг 9та голига муаллифлик қилди. Шундан 2тси пенальти самарасидир. Россиялик ҳужумчи шунингдек, 12-тур доирасидаги «Навбаҳор» -  «Бухоро» учрашувида Шаҳзод Шаймановнинг 2-голига ҳаммуаллифлик қилди.

Қолаверса, Шайманов ушбу ўйиндаги биринчи голини ҳам Касьяннинг зарбасидан кейин урганини айтиш жоиз. Тўғрироғи, россиялик легионер томонидан тепилган тўпни «Бухоро» голкипери Хуршид Хўжаев қайтарди ва Шайманов иккинчи уринишда дарвозани ишғол қилди. Умуман олганда, «Навбаҳор» биринчи даврада 21та гол урганини инобатга олсак, уларнинг 42,85 фоизи Александр Касьян ҳисобига тўғри келмоқда. У айни пайт Суперлига тўпурарлари рўйхатида «Локомотив» ва «Насаф» вакиллари Темурхўжа Абдухолиқов ҳамда Ҳумоюн Муртазоев билан бирга 2-ўринни бўлишиб турибди. Яққол пешқадам - «Пахтакор» ҳужумчиси Драган Черан ҳисобида эса  15та гол бор. 

У.УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz