Қайднома

Қидирув

Янгиланиш жараёнида учинчи уриниш

Янгиланиш жараёнида учинчи уриниш

  03.07.2019 09:29
  0
  735
Янгиланиш жараёнида учинчи уриниш

Саратон сели ёзилган ушбу кунларда Суперлига биринчи давраси якунланди, Америка кубоги-2019 ярим финали иштирокчилари аниқланди, Африка Миллатлар кубоги авжига чиқди, ЎФА ва ПФЛнинг янги раҳбарияти астойдил ишга киришди. Хуллас, мулоҳазага арзирли воқеалар етарли. Лекин навбатдаги мақоламизни бошлашдан аввал ардоқли шоиримиз Абдулла Ориповнинг «Отелло» шеъридан бир парча кўчирма келтиришни лозим топдик:

Сендай нафратни хоҳлардим асти,

Разиллар кўзига боқолсам хунхор.

Чунки ҳалигача Отелло, рости,

Ягони ўқитиб қўйгувчилар бор.

 

Шеърни унча хушламайдиган мухлислардан узр сўраймиз, албатта. Зеро, шу кўчирмасиз қуйида билдирадиган мулоҳазаларимиз тушунарсиз, ғариб бўлиб қоладигандек туюлаверди.

 

Биласиз, марҳум Мираброр Усмоновнинг ЎФФ бошқарувидаги даврида келишилган ўйинлар масаласи бот-бот бош мавзуга айланаверди. Охир-оқибат «Пахтакор» - «Металлург» ўйинидаги ошкора келишув сабаб бекободликлар собиқ бош мураббийи Рустам Мирсодиқовга чора кўрилди. Эътибор беринг, учрашувнинг келишилгани расман тасдиқланди, аммо фақат бир киши жазоланди. Ҳолбуки, келишувда камида икки киши ёки томон иштирок этиши барчага аён ҳақиқат. ЎФФ эса бундан кўз юмди. Натижада чала ҳақиқат футболимиз жамоатчилигида норозилик уйғотди ва ҳақли савол туғилди - «Иккинчи тараф нима учун жазоланмади?» Саволга бирор мард жўяли жавоб қайтармади. Иккинчи томон, яъни «Пахтакор» раҳбарияти сукут сақлади. Оппоқ кўйлак, костюм-шим кийиб, алламбало папкаларни қўлтиқлаб юрувчи бизга замондош Яголар ҳаммасини босди-босди қилишди, чоғи. Халқнинг кўз ўнгида, унга тик боқиб, ҳақиқат юзига парда тортилди қўрқмасдан. Вақт ўтди, орада қорлар ёғиб, излар ҳам босилди, гўё...

Футбол жамоатчилиги ҳам ўша воқеаларни унутди. Унутмаган бўлса ҳам, эсламаяпти, эслашни хоҳламаяпти. Замондош Яголар футбол аҳлидаги бу каби беқарор ва ўткинчи кайфиятни жуда яхши билишади ва йўлларида дадил давом этишади. Уларнинг Шекспир Ягосидан устунликлари шунда. Керак бўлса, Шекспирнинг Ягосига «дарс» беришади. Шу боисми, футболимиз муҳитида ҳақиқатлар тўлиқ очилмайди. Қачонки ҳар бир футбол кишисида ВИЖДОН уйғонмаса, яқин орада очилмайди ҳам. Кейинчалик ЎФА Вадим Абрамов ва Самвел Бабаянни футболдан четлатди, лекин ҳеч қанча фурсат ўтмай, уларни қайта оқлади. Қарабсизки, миш-мишлар болалади, футболга нисбатан ишонч йўқолди. Шундай бўлса-да, мухлислар вилоятларда футбол томошаси учун стадионларга боришмоқда. Барибир, уларда соддалик, самимият кучли. «Балки бу сафар ҳалол ўйин, кураш кўрармиз» - шу ишонч билан стадионлар сари талпинаверишади. Пойтахтлик футбол мухлислари эса алданишни исташмайди. Аксинча, футболимизни алдаётганлар устидан кулишади, ўзларича уларга нисбатан «бойкот» қилишади. «Пахтакор», «Локомотив», «Бунёдкор» мураббийлари ва футболчиларига қойил қолиш керак. Бир ҳовучгина мухлис бўлса, бас, майдонда тўп сураверишади, мағрурланиб ғалабаларни нишонлашаверишади.

Халқаро пресс клубнинг олий таълим муассасаларига бағишланган сессиясида Шерзод Қудратхўжаев мутасаддилар олдига конкрет савол қўйди: «Адолатсизликлар, бюрократик қарашлар қачон тугайди? Қачон уйғонамиз?»

Айнан шундай саволни биз мамлакатимиздаги футбол одамларига бермоқчимиз: пойтахт стадионлари қачон мухлисларга тўлади? Улар қачон ўйинлар ҳалоллигига ишонишади? Майдон ва унинг ташқарисидаги «ўйинлар» қачон барҳам топади? Мухлислар қачонгача ўзларини алдангандек ҳис қилишади?! Бўлди энди, пичоқ бориб суякка қадалди. Қачон барча мураббийлар, футболчилар ва ҳакамлар халққа мурожаат қилиб, «Ҳалол ўйнамасак, оёғимиз синсин, тилимиз кесилсин, ҳуштак чалолмай қолайлик!» - дейишади баралла. Стадионларга қайтишни мухлислардан қачон ўтиниб сўрашади? Тўғри, Суперлигада ҳам ҳалол ўйинлар бўляпти, чиройли голлар уриляпти, Шоҳрух Маҳмудҳожиев каби янги юлдузлар порлашяпти. Халқ барчасини кўриб турибди. Лекин ҳамма футболимиздаги адолатга тўла-тўкис ишонолмаяпти, иккиланяпти, барибир. Иккиланишга ҳақли, негаки, футболимиз буқаламунга ўхшаб, вазият таъсирида тусланмоқда.

Қисқаси, ҳалоллик ва адолат бобида маром йўқ. Яна ўша чалаҳақиқатлар олови гуриллаб ёнолмай, тутаб ётибди. Мана, Равшан Эрматов футболимизда адолатни тиклаш ЎФАнинг иш услубидаги бош тамойил эканлигини расман тасдиқлади. Унутмайликки, Мираброр Усмонов ҳам, Умид Аҳмаджонов ҳам шундай тамойил байроғи остида иш бошлашган. Афсуски, чалаҳақиқатлар уларнинг йўлларини тўсди, ютуқларига соя солди. Равшан Эрматов - янгиланиш жараёнидаги учинчи уриниш тимсоли. Ҳаддан зиёд чўзилиб кетган янгиланиш жараёнини адолатли ва муваффақиятли якунлаш айнан унинг зиммасида. Эрматов футболимизни чинакам профессионал даражада кўришни истамоқда. Шундай бўлсин! Ахир бу - халқимиз орзуси! Фақат ушбу эзгу ниятга профессионал «шайтон»лар тўғаноқ бўлишмаса, бас! Балки шунда биз ҳам мураббийлар ва жамоаларнинг соф футбол билан боғлиқ хатти-ҳаракатлари ҳамда қарашлари хусусида мулоҳаза юритишга ўтармиз. Ҳозирча бу мавзулардан сўз очиш ўзимизни алдаш билан тенгдир...

Муҳаммад ВАЛИ, “ИнтерФУТБОЛ” газетаси.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz