Қайднома

Қидирув

Роберто Карлос: «Авваллари ҳимоячилар ҳам «олтин тўп» учун курашарди»

Роберто Карлос: «Авваллари ҳимоячилар ҳам «олтин тўп» учун курашарди»

  04.07.2019 03:40
  0
  419
Роберто Карлос: «Авваллари ҳимоячилар ҳам «олтин тўп» учун курашарди»

2002 йилги жаҳон чемпиони, ўзининг кучли зарбалари билан кўпчиликни қойил қолдирган бразилиялик собиқ ҳимоячи Роберто Карлос яқинда журналистларга интервью бериб, Россиядаги фаолияти, Неймар яна дунёнинг энг яхши футболчиларидан бири бўлиш учун нималар қилиши кераклиги ва шунга ўхшаш мавзуларда фикр билдирди.

- Мадридга «Футбол дўстлик учун» хайрия турнирида қатнашиш учун келдингиз. Нега бу таклифга рози бўлдингиз?

- Роберто Карлос ва дўстликни бир-биридан ажратиб бўлмайди. Бутун фаолиятим давомида кўплаб танишлар орттирдим ва уларнинг ҳар бирига ҳурмат билан муносабатда бўлдим. Бу жуда муҳим. Шу боис футболчи ва журналист бўлиш истагидаги болалар учун ўтказилган ушбу турнир ташкилотчиларига раҳмат айтмоқчиман.

- Сизнингча, бу каби мусобақалар шунчаки майдонга тушиб, футбол ўйнаш эмас, балки янада кўпроқ нарсани англатадими?

- Бу спорт турида дўстлик жуда катта аҳамият касб этади. «Реал» ва «Барселона» ўртасида кечадиган баҳсларга қаранг. Майдонда энди қўпол муносабат йўқ, чунки барча футболчилар бир-бирлари билан суҳбатлашиб туришади. Албатта, рақобат ҳам йўқолмаган, аммо у фақат майдонда қолади. Унинг ташқарисида эса ўзаро ҳурмат ҳукм суради. Буни ҳамиша ўзимнинг мисолимда кўрсатишга интилганман. Афсуски, Бразилияда ҳамон адоват кўзга ташланади, ушбу вазиятни ўзгартириш даркор.

- Бу каби турнирлар иштирокчиларида профессионал бўлиш имконияти қандай?

- Албатта, буни уддаласа бўлади. Ҳозир уларни бутун дунё кузатмоқда. Агар сен профессионал футболчи бўлишни истасанг, бор салоҳиятингни намоён этишинг лозим, ахир кўпчиликнинг нигоҳи сенга қаратилган. Ҳар доим шартнома таклиф этадиган, янги чўққилар сари етаклайдиганлар топилади.

- Профессионаллар ва чўққилар ҳақида гапирсак - Бразилия Россияда ўтган жаҳон чемпионатига турнир фаворитларидан бири сифатида келганди, аммо чорак финалдан уёғига ўтолмади. Жамоага нима халал берди?

- Жамоа мундиалда муваффақият қозониши учун бошидан охиригача барқарорлик кўрсатиши керак. Бельгия билан ўйинда бизга нафақат ақлли ҳаракатлар, балки мотивация ҳам етишмади. Рақибда эса бундай муаммо кўринмади. Шунақаси ҳам бўлиб туради. Аммо мен учун бразилияликлар ҳар доим энг яхшидирлар.

- Неймар аввалгидек Бразилия футболининг «тилла боласи» саналадими?

- Неймарда яқин йиллар ичида «Олтин тўп» соҳиби бўлиш учун ҳамма нарса етарли. Лекин бунинг учун «ПСЖ» билан совринлар ютиши лозим. Бу ерда гап фақат ички чемпионат эмас, Чемпионлар Лигаси ҳақида ҳам бормоқда. Шундагина у нафақат энг яхшилардан бири бўлади, балки дунёнинг тенгсиз футболчисига айланади.

- Айни пайт унга биринчи рақамли бўлиш учун нима етишмаяпти?

- Биринчи навбатда аввалги Неймарга айланиши керак. Айнан ўша - футболдан роҳат оладиган, кўп вақтини оила даврасида ўтказадиганларга, менинг давримда ўйнаган бразилияликларга ўхшаши лозим. Унинг янги даражага чиқишига умид қиламан.

- ЖЧ-2018 пайти кўпчилик Роберто Фирминонинг кўпроқ майдонга тушиши кераклигини таъкидлаганди. Сизнингча, у асосий таркиб ўйинчиси бўлишга тайёрми?

- Фирмино - ажойиб футболчи. Унинг муаммоси шундаки, мунтазам равишда асосий таркибдаги жой учун Неймар, Филиппе Коутиньо, Виллиан билан кураш олиб борди. Мундиалда эса у ўзини яхши томондан кўрсатди, ҳозир Чемпионлар Лигасининг амалдаги ғолиби, буюк «Ливерпуль» клубида тўп суряпти. Мураббий уни ўз вақтида пайқади ва Робертода «асосий»га кириш учун имконият етарли. Бундан ташқари, у ҳали ёш, олдида кўплаб йирик турнирлар турибди. Фирмино ўйинини яхшилашга улгуради.

- Агар сиз мураббий бўлганингизда, олдингизда Фирмино ёки Лукас Моурадан бирини танлаш ҳуқуқи бўлса, қайси бирини танлардингиз?

- Моура ҳам ажойиб ўйинчи. Аммо гап Бразилия термаси ҳақида бораркан, Фирминони танлардим. У жуда ақлли футболчи, дунёнинг исталган клуби уни ўз сафида кўришни хоҳлайди. Роберто чаққон, тезкор қарорлар чиқаради, кучли зарба соҳиби, майдон марказида фойда келтиради, шунингдек, бутун жамоани ортидан эргаштира олади.

- Коутиньо «Ливерпул»дан «Барселона»га ўтиб хатога йўл қўймадими?

- Бундай деб ўйламайман. У юксак савияли ўйинчи, демакки, энг кучли клубларда ўйнаши керак. Испанияда ҳеч кимга осон бўлмайди. Ростини айтганда, Филиппени «Реал»да кўришни хоҳлагандим: ўйлашимча, бу жамоа унга жуда мос тушарди. Аммо у танловни амалга оширди, шу боис Коутиньога нафақат «Барселона», балки Бразилия термасида ҳам омад ёр бўлишини тилайман.

- Коутиньонинг Англияга қайтиши ҳақида гап-сўзлар юрибди. У шундай қилиши керакми?

- Филиппенинг «Барселона»дан кетиши тўғрисида гапирганда, Каталонияда ўз ишини эплай олмайди, деб ўйлашади. Бу фикрга қўшилмайман. Коутиньо - жаҳон даражасидаги футболчи. Албатта, у Лионель Месси билан бир поғонада эмас, лекин майдонда аргентиналик юлдуз билан елкама-елка тўп суришга лойиқ. Боз устига, Коутиньо жамоага керак. Мабодо, улар ўртасида қандайдир тушунмовчилик бўлса, уни бартараф этиш лозим. Шунчаки, хотиржам бўлиб, ишлашда давом этиш даркор. Филиппе «Барса»да қолишни истаса, шундай қилиши шарт.

- Алиссон Бекер «Ливерпул»га ўтди ва Англиядаги илк мавсумидаёқ «Олтин қўлқоп» соҳибига айланди, кўплаб рекордлар ўрнатди. Бундай дарвозабоннинг борлиги жамоага хотиржамлик берадими?

- У ажойиб голкипер, ваҳоланки, яқиндагина унинг учун жуда кўп пул тўланганидан нолишаётганди. Бекер дунёдаги барча совринларга муносиб, буни ўз ўйини билан кўрсатиб қўйди. «Ливерпуль» дарвозасини бразилиялик қўриқлаётганини кўриб, жуда фахрланаман. Алиссон чиндан ҳам ҳақиқий профессионал.

- Сиз ўйнаган пайтда Бразилия термасида Клаудио Таффарел дарвозабон эди. Аммо кейинчалик миллий жамоа яхши киперлари билан мақтана олмади.

- Маркосни эслайсизми? 2002 йили унга «Арсенал»дан таклиф тушган, у эса рад жавобини берганди. Биласизми, бразилияликларнинг менталитети шунақа, ҳар доим ярим ҳимоячи ва ҳужумчиларни муҳокама қилиб, ҳимоячи ва дарвозабонларни ёддан чиқарамиз. Ваҳоланки, бизда савияли киперлар бисёр - Алиссон, Гомес, Таффарел.

- Сиз, собиқ ҳимоячи сифатида, Алиссон ва Эдерсон Мораес ўртасидаги рақобатга қандай баҳо берасиз? Бразилияда бирданига икки нафар юқори даражадаги дарвозабон пайдо бўлгани сизни ҳайрон қолдирмаяптими?

- Шу тариқа «Бразилия фақат сифатли ҳужумчилар етиштиради» стереотипини йўқотдик. Қаранг: Эдерсон ўз йўлини Португалияда бошлаган, Алиссон эса - Италияда.

- Агар ушбу икки дарвозабондан бирини танлаш керак бўлса, қайси бирини маъқул кўрасиз?

- Жуда мураккаб ҳолат. Менга Алиссон ёқади. У баланд бўйли, тўғри позиция танлашни билади. Эдерсон эса нафақат голкипер, балки ҳимоячи, зарур пайтда таянч ярим ҳимоячиси чизиғида ҳам ўйнайверади. Шу боис «Манчестер Сити» дарвозабонини танлайман: у оёқ билан яхшироқ ўйнайди.

- Ҳозирги ва ўтмишдаги ҳимоячилар ўртасида қандай фарқ бор?

- Биз ўйнаган пайтларда мудофаа чизиғи вакиллари ҳам «Олтин тўп» учун курашишарди. Ушбу совринга мен, Марко Матерацци ва Паоло Мальдини даъвогарлик қилганмиз. Бугун эса фақат Неймар, Месси, Роналду ва Мбаппе ҳақида гапиряпмиз. Уларнинг ҳаммаси ҳужум вакиллари. Вазиятни ўзгартириш керак. Масалан, Марсело, Эдер Милитао бор. Виржиль ван Дейк ҳам ажойиб футболчи. Лекин энг яхши бўлиш учун барқарорликка эришиш муҳим саналади. Умид қиламанки, улардан бири Фабио Каннаваронинг муваффақиятини такрорлаб, «Олтин тўп»га эга чиқади. Мисол учун, «Ливерпуль» ҳимоячисида бунинг учун имконият етарли, шундай экан, кейинги бир-икки йил ичида уни сайёрамизнинг энг яхши футболчиси деб топишса, ажабланмайман.

- «Халл Сити»дан «Ливерпул»га атиги 8 млн. евро эвазига ўтган Эндрю Робертсон ҳақида қандай фикрдасиз?

- У ажойиб ўйнамоқда. Ўзим томоша қилган «Ливерпуль» ўйинларида Робертсон ҳужумда ҳам жуда кучли кўринди. «Тоттенхэм» вакили Дэнни Роузни ҳам унга тенглаштириш мумкин. Умуман, Англия термасида ҳам, АПЛда ҳам қанот ҳимоячилари борасида ҳаммаси жойида.

- Франция термасига қарши кечган ўртоқлик баҳсида қойилмақом гол ургандингиз. Бугунги кунда шу тариқа тўп киритишга қодир футболчилар борми?

- Ўша пайт билан ҳозиргисини солиштирганда, бундай ижрочилар анча камайди. Авваллари мен бор эдим, шунингдек, Зайниддин Зидан, Франческо Тотти, Роналдо, Роналдиньо, Ривалдо ҳам. Ўйлашимча, бугунги кунда жарима ёки бурчак зарбасидан унумли фойдланиб, ўйин натижасига таъсир кўрсатадиганлар етишмаяпти. Бу борада фақат Роналдуни кўрсатишим мумкин. Ундан ташқари Месси, Коутиньо, Серхио Рамоснинг стандартлар пайтидаги ҳаракатларини эътироф этаман. Кўриниб турибдики, улар бунинг устида ҳар куни ишлашади. Бу жуда яхши. Ҳа, менинг зарбам ажойиб чиққан, кейинчалик тўпни бундай айлантиришни такрорлай олмаганман. Тўпни қўйдим, зарба йўллаб, дарвозани ишғол қилдим. Умуман, авваллари ҳам жаримадан чиройли голлар урилган. Мисол учун, Дэвид Бекхэмнинг зарбалари ҳайратланарли чиқарди.

- Маълум муддат Маҳачқалъанинг «Анжи» жамоасида тўп сурдингиз. Ушбу клубнинг кейинги тақдиридан хабарингиз борми?

- Жамоага келганимда, уни Сулейман Керимов бошқарарди, биз қисқа муддатда Европа Лигасига чиқдик, «Анжи Арена» тартибга солинди. Ҳозир эса бу клубнинг молиявий аҳволи яхши эмас. Жамоа футболни чин дилдан севадиган, «Анжи»ни яна Европанинг энг яхши клубларидан бирига айлантирадиган одамга эҳтиёж сезмоқда. Маҳачқалъада яхши инсонлар яшашади, улар менга ҳамиша илиқ муносабатда бўлишган. Уларга бу жамоа жуда керак.

- «Анжи» чиндан ҳам йўқолиб кетиш хавфи остида турибди. Вазиятни ўзгартириш учун нима қилиш керак?

- Хотиржамликни сақлаб, клубни қайта ташкил этиш билан шуғулланиш лозим. Юқори поғоналардаги жойни сақлаб туриш қийин, «Анжи»нинг қуйига шўнғиши эса жуда тез амалга ошди. Такрорлайман, кимдир келиб, «Бу менинг клубим» дейиши ва маблағ ажратиши керак. Умид қиламанки, тез орада шундай бўлади ва маҳачқалъаликлар Россия Премьер-лигасига қайтишади.

- Россияга қайтишингиз мумкинми?

- Москвада ҳам, Маҳачқалъада ҳам вақтим чоғ ўтган. Россияликлар менга яхши муносабатда бўлишган. Шу боис, қачонлардир ушбу мамлакатга қайтиб, у ерда ишламоқчиман.

Хўжа АБДУЛАҲАД тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz