Қайднома

Қидирув

Леонид Федун: «Клуб мухлисларга тегишли бўлиши лозим»

Леонид Федун: «Клуб мухлисларга тегишли бўлиши лозим»

  05.07.2019 14:33
  0
  418
Леонид Федун: «Клуб мухлисларга тегишли бўлиши лозим»

Москванинг «Спартак» клуби хўжайини Леонид Федун россиялик журналистларга катта интервью берди. Суҳбат чоғида у клубни мухлисларга топширмоқчи бўлгани ҳақидаги гап-сўзлар ҳақиқат эканини маълум қилди.

- Олдинроқ берган интервьюнгизда «Спартак»ни мухлисларга топширишингизни айтгандингиз. Ушбу ғоянгиз кўп муҳокамага сабаб бўлмоқда. Бу якуний қарорми?

- Асосий ғоя шундан иборатки, 2023 йили «Спартак»даги барча лавозимларимни тарк этаман. Қарор қабул қилинган. Ўйлаган нарсангизни амалга оширишингиз учун 20 йил етарлича муддат. Кейин бир жойда айланаверасиз. Қилишим керак бўлган ишларни қилиб бўлдим. Бизда энг замонавий база, яхши стадион, болалар футбол мактаби ва энг муҳими, барқарор молиявий ҳолатимиз бор. Агар эътибор берсангиз, давлат клубларида ҳомийларни пул тўлашга мажбурлашади. «Спартак» эса ўз меҳнати билан Россияда барчадан кўп ишлаб топади. Абонементлар, мерчендайзинг, тижорий рекламалар, стадион номи ва ҳоказолардан. Айни пайт клуб ўз аравасини ўзи тортмоқда. Келгуси беш йилда «Спартак» нафақат ўзини ўзи таъминлаши, балки ривожланиши ва юқори ўринлар учун курашишга қодир бўлиши керак. Бу бирламчи вазифа.

- Мухлисларда саволлар кўп.

- Латифа айтиб бераман. Бир бой банкир оламдан ўтибди. Жанозасига бир бобойни чақиришибди. У бобой келса, катта тобут турганмиш. Банкирнинг қариндошлари эса ўша тобутга пул тахлаётган эканлар. У «Нима қиляпсизлар?» деб сўрабди. Унга марҳум ҳамма пулларини тобутга солишларини васият қилганини айтишибди. Бобой эса: «Бу нимаси, унга чек ёзиб беринглар», дебди.

- Нимага шаъма қилаётганингизни тушундим.

- «Спартак» учун қилган ишларим - база, стадион, инфраструктура, буларнинг ҳаммаси клубда қолади. Ҳамкорларни топишга ҳаракат қилдик, лекин тополмадик. Ўтган 15 йил ичида ҳеч ким бир чақа ҳам бермади. Энг оддий йўли - «Спартак» мухлисларга тегишли бўлиши лозим. Бундай тизим қачонки клуб ўзини ўзи қоплай олсагина иш беради. Испанияда шундай клублардан тўрттаси бор - «Барселона», «Реал», «Атлетик» ва «Осасуна». «Спартак»да ҳам ҳаммаси етарли. Шу боис клуб мухлисларга тегишли бўлиши лозим.

- Техник жиҳатдан бу ўтиш қандай юз беради?

- Айни пайт бу савол бўйича иш олиб боряпмиз. Вариантлардан бири - нотижорат ҳамкорлик тузамиз ва акцияларнинг назорат пакетини берамиз. Текинга. Бунда мен бир тийин ҳам ишлаб олмайман. Хуллас, клубга алоқадор бўлганлар уни бошқаришда иштирок этишлари мумкин бўлади. Биринчи навбатда, булар - абонементлар соҳиблари. Айни пайт уларнинг сони 20 мингдан ошиқ. Агар бир киши 3-5 йил абонемент сотиб олиб, «Спартак»ка бефарқ эмаслигини исботлаган бўлса, у овоз бериш ҳуқуқига эга бўлади. Қайтараман, бунинг учун ҳеч қандай пул керак эмас, шунчаки, абонемент кифоя.

- Учрашувларга кела олмайдиганлар билан нима бўлади? Айтайлик, бошқа шаҳар ёки бошқа мамлакатда яшайдиганлар ҳам бор.

- Бу борада ҳам ўйлаб қўйганмиз. Ҳозирда membership - аъзолик дастури ҳақида бош қотиряпмиз. Турли категориядаги аъзолик карталарини чиқармоқчимиз. Мактабга кирмаган болалар учун бепул, мактаб ўқувчилари учун арзонроқ. Шу тариқа кетаверади. Бундай карталар соҳиблари ҳам бошқарувда иштирок этишлари мумкин. Карталар бутун жаҳон бўйлаб сотувга чиқарилади. Аммо бу карта ўз-ўзидан катта бонуслар беради. Мисол учун, чипталар, расмий либос, атрибутикаларни арзон нархда сотиб олишлари мумкин. Шунингдек, сафар ўйинларига бемалол бориш имконияти туғилади. Хуллас, бундай мухлислар 2023 йилнинг 1 июнь куни стадионга ташриф буюриб, умумий йиғилишда иштирок этишади ва янги президентни сайлашда қатнашишади.

- Улар қай тартибда овоз беришади?

- Президент ёки Думага сайловлар қандай бўлади? Худди шу тизимда. Барча мухлисларимиз базада рўйхатга олинган. Абонементлар, membership карточкалари. Шундай ҳужжатларнинг бирига мухлис бюллетень олиш имкониятига эга. Унда номзодга овоз бериб, саватчага ташлаши мумкин. Бошқа шаҳар ёки мамлакатдаги карта эгалари учун эса онлайн-сайлов ўтказилади. Мустақил комиссия барчасини ҳисоблаб чиқади.

- «Спартак» бошқарувига радикал кайфиятда бўлганларга клубни беришдан чўчимайсизми? Абонемент соҳиблари доимий равишда жамоага, мураббийларга ва сизга ҳуштакбозлик қилишади. Бошқа абонемент соҳиблари эса улар билан тортишадилар.

- Нима бўпти? Энди ўзларига нисбатан ҳуштакбозлик қилишади. «Биргина мен ақлли, қолганларнинг ҳаммаси аҳмоқ», дейиш осон. Энди ҳуштакбозлик қилишса, «Йигитлар, бу мутасаддини ўзингиз танлагансиз, унинг дастурига овоз бергансиз, ўзингизга нисбатан ҳуштакбозлик қилаверинг», дейиш мумкин.

- Мотивациянгиз қизиқарли. Клубни мухлисларга бериб, масъулиятдан халос бўлмоқчисиз, пул сарфлашдан қутуласиз. Бу «Мен чарчадим, кетаман», деганими?

- Ҳа. Қайсидир маънода чарчадим. Клубни бошқаришдан чарчадим. Икки йил олдин чемпион бўлганимизда чўққига тош қўйгандим. У яна ағанаб кетди. Яна шунча қилган хизматларимиз бир тийин. Бу йил чексиз давом этиши мумкин. 15 йил оғир. 20 йил эса руҳан янада оғир бўлади. Янги президент, янги ҳокимиятни сўкиш, уларга нисбатан мухлисдек ҳуштакбозлик қилиш осон. Пул ҳақида гапирадиган бўлсам, ҳамкорлар билан келишиб қўйганмиз. «Лукойл» яна қанчадир муддат ҳомий бўлиб қолади. Мен кетганимдан кейин ҳам клуб учун катта маблағ ажратади.

- Ҳаммаси парокандалик билан якунланиши мумкинлигини ҳам инобатга оляпсизми?

- Ҳеч нима бузилиб кетмайди.

- Мисоллар борми?

- Испания ва Германияда шу принципларда яшашмоқда.

- Лекин Россия эмас.

- Ишончим комил, яхши раҳбарни танлашади. У танқид ва босим остида бор имкониятини ишга солади ва клубнинг имкониятларини оширади. Умуман олганда, мухлислар фақат сайловларда иштирок этишади. Майдонга кимни туширишни улар ҳал қилишмайди-ку. Раҳбарни мухлислар танлашгани билан, у ҳозиргидек иш олиб бораверади. Мазкур ҳолатда мен ва директорлар кенгаши президентни тайинламаймиз, холос. Бундан нима ўзгаради? Тўғри, мухлислар, айтайлик, форманинг дизайнини танлашлари мумкин. Лекин бошқа жиҳатларда раҳбарлик президент қўлида бўлади. Ҳеч қандай анархия бўлмайди. Шунчаки, мухлислар қандайдир клубга молиявий зарар етказадиган талаб қўйишса, улар ўзларига зиён қилишади. Шу боис ҳам сайловларда «Спартак»ни интернетда камситиб, ўзи стадионга кирмаган қандайдир блогер эмас, балки ўз чипталари, пуллари билан клубга ёрдам берганлар иштирок этишади. Яъни, реал пул сарфлаганлар қатнашади. Бу пуллар орқали «Спартак» кун кечиради. Ҳозирда 20 фоиз даромадимиз мухлислар орқали келади. Бошқа клубларга солиштирадиган бўлсак, бу жуда катта сумма.

- Номзодлар ўзларини ўзлари кўрсатишадими?

- Барча нюансларни ҳозир ўрганиб чиқяпмиз. Мухлислар, экспертлар билан албатта, маслаҳатлашамиз. Муҳими, ким кўп овоз тўпласа, ўша бошқаради. Жамоани «майдалаб» ташламасликлари учун барча номзодлар аниқ мажбуриятлари бор ҳужжатларга имзо чекишади. Масалан, президент ўз ҳаракатлари билан клубга зиён етказадиган бўлса, барча камомадни чўнтагидан тўлайди.

- Ўзгаришларга тайёргарлик билан ким шуғулланади?

- «Спартак»нинг ҳозирги менежменти. Шу боис ҳам ёш, келажаги порлоқ йигитни танлаганмиз. Томас Цорнни барчангиз кўргансиз. Бу инсон кучли Европа менталитетига эга. Агар ҳаммаси яхши кетса, у номзодлардан бири бўлиши мумкин. Бунинг учун унда амбиция бор.

- ЦСКА президенти Евгений Гинер каби фанатлар билан учрашув ўтказмайсизми?

- Мухлислар билан мунтазам равишда учрашиб тураман. Яқин кунларда яна учрашамиз. Айнан ўшанда шу дастур ҳақида маслаҳатлашамиз.

- «Спартак» бюджетининг камайиши ислоҳотлар билан боғлиқми?

- Шубҳасиз. Ахир бу бозор. Ҳамиша юқоридан озиқлантириладиган иқтисодий тузилма узоққа бормайди. Қачондир у барбод бўлади. «Спартак» Россияда ҳаммадан кўп ишлаб топади. Бошқа клублар ўзларига ҳомийларни ёзиб олишади. Бизнинг ҳомийлар эса реал. «Спартак»нинг устунлиги ҳам шунда.

- Бюджетни қисқартирдингиз, клубдан кетасиз. Кейинчалик «Спартак» ўртамиёнага айланиб қолмайдими?

- Қисқартирилган бюджет билан ҳам «Спартак» етакчилар орасида қолади. Тўғри, «Зенит» бор. Лекин ҳозирги раҳбарият қачонгача клуб тепасида қолади? Ҳамма чарчайди. Кўрамиз. Бизнинг бюджетимиз лигада икки-учинчи ўринда.

- Сиз кетганингиздан сўнг миллиардер мухлис пайдо бўлса-чи?..

- Ҳаммасини ишқибозлар ҳал қилишади, мен эмас. Агар назорат пакетини сотмоқчи бўлишса, ўзлари билишади.

- Пулларни ким олади?

- Клуб! Бу нотижорий ҳамкорлик-ку.

- Аленичев - сизнинг хатоингизми?

- Нега энди хато? Агар эсласангиз, мен клубни профессионалларга, футбол билимдонларига беряпман, деганман. Ана ўшалар Аленичевни танлашган.

- Ўша профессионаллар кимлигини айта оласизми?

- Исмларни ошкор этмоқчи эмасман. Уларнинг барчаси ҳурматли инсонлар.

- Айни пайт футбол ташқарисидаги ўйинлар камайганми?

- Анча камайган. Илгари жамоалар биринчи даврада курашардилар, иккинчисида эса пул ишлашарди. Ҳозир бу деярли йўқ. Мавсум давомида бир-иккита ўйин шубҳа остига олиниши мумкин.

- Европа Лигаси ўзига жалб қиладими?

- Тўғрисини айтсам, унчалик эмас. Гарчи ЕЛнинг гуруҳ босқичига чиқиш вазифамиз бўлса ҳам.

- ЕЛ қайси босқичидан бошлаб қизиқарли бўлади?

- Гуруҳ босқичидан. Саралаш баҳсларидаги даромадлар клубнинг молиявий ҳолатига мутлақо таъсир ўтказмайди. Гуруҳ босқичидан олинган даромад эса бюджетнинг бир қисмини ёпади.

Уткирбек УМАРОВ тайёрлади. 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz