Қайднома

Қидирув

Ван Дейкнинг оилавий драмаси ва...

Ван Дейкнинг оилавий драмаси ва...

  06.07.2019 05:34
  0
  511
Ван Дейкнинг оилавий драмаси ва...

11 йил аввал у ресторанда идиш юварди. Бугун эса - АПЛнинг энг яхши ўйинчиси. Виржиль ван Дейк «Ливерпуль» клуби билан шартнома имзолашидан бир неча кун аввал мухлислар унинг янги либосини харид қилишганди. Шу тариқа «Энфилд»даги ишқибозлар маҳоратли ҳимоячи учун рекорд даражада пул ажратган клубга ҳурмат бажо келтиришни мақсад қилишганди. Аммо 2018 йилнинг 1 январь куни «қизиллар» голландияликнинг янги либоси билан тушган видеосини тарқатишди. Мухлислар ҳайратда қолишди. Футболка орқасига фамилия ўрнига исм ёзилганди. Афсус... кечагина сотиб олинган либосни энди ахлатга ташласа ҳам бўлаверади...

Британия ОАВ дарҳол ишга киришиб, ван Дейкнинг тоғаси - Стивен Фо Сьюни топишди. У ҳаммасини тушунтириб берди: «Бир неча йиллар мобайнида жиянимнинг отаси унинг ёнида турмади. Рон хотини билан ажрашиб, уни уч фарзанди билан ёлғиз ташлаб кетди. Виржиль уни кечириши жуда қийин. Либоси орқасига отасининг фамилиясини ёзишдан воз кечиш орқали у нималарни ҳис этаётганини яққол кўрсатди».

Футболчининг қариндоши ажо-йиб ҳамсуҳбат чиқиб қолди ва оиланинг бошқа сирларини ҳам ошкор этди: «Умуман олганда, Рон яхши йигит, аммо ота бўлиш учун бу камлик қилади. Боз устига, у яна уйланди, янги рафиқаси эса унга фарзандлари билан кўришишни тақиқлади». Стивеннинг айтишича, агар отаси бўлмаганида, Виржиль футбол соҳасига кирмаслиги ҳам мумкин экан. Буни ҳимоячининг дастлабки жамоаси - «ВДС~19»даги мураббийи ҳам таъкидлаб, баланд бўйли, кал бир киши кичкинтой ван Дейкни ҳар куни машғулотларга олиб келганини айтди.

Навбатдаги 20 йил мобайнида Рон умуман ўзгармади - ҳамон Бредада телевизион ускуналар ўрнатувчи уста бўлиб ишлайди ва Виржилнинг фаолиятини кузатиб боради. «Ливерпуль» ва «Саутгемптон» трансфер борасида келишувга эришишгач, чидаб туролмади - «Фейсбук» орқали ўғли билан фахрланиши ҳақида ёзди. Шу заҳоти Виржилнинг кенжа укаси Жордан мазкур пост остида изоҳ қолдириб, отаси бундай сўзларни ёзишга ҳақли эмаслигини таъкидлади.

Жордан ва синглисининг ота билан муносабатлари янада ёмон. Виржиль ҳеч бўлмаганда ван Дейк фамилиясини олиб юрган бўлса, улар онанинг қизлик фамилияси - Фо Сьюга ўтиб олишган. Роннинг дўсти болаларнинг бу қарори отага зарба бўлганини таъкидлади. Аммо у ҳаммадан кўпроқ тўнғичига қайғуради.

«Мен Виржилнинг ҳозирги даражага чиқишига нима туртки бўлганини билувчи ягона инсонман. У профессионал бўлгунига қадар она томондан ҳеч ким унинг футболчилик фаолияти ҳақида ўйламади. Бунинг учун менда битта жавоб бор - сизларни фақат пул қизиқтиради», - деган изоҳ қолдирди катта ўғли 12, кичиги 2 ёшлигида Элленни ташлаб кетган Рон.

Кичкинтой Женнифер ва Жордан кейинчалик оналари билан яшашди. Виржилни отаси олиб кетди. «У икки ўт орасида қолганди», - дейди тоғаси Стивен. Футболчи интервьюларида ўша даврни фақат бир марта эсга олган. «Аввалига отам билан яшадим, кейин эса онамнинг ёнига қайтдим, алоқани бутунлай уздим. Нохуш ҳолат эди, вақт ўтгани сари отамга муҳтож эмаслигимни тушундим. У муносабатларни тиклашга уринди, аммо мен уни кўришни хоҳламайман. Балки улғайганимда гаплашарман. Лекин ҳозир унга нисбатан ҳеч қандай туйғуни ҳис қилмаяпман», - деганди ван Дейк 2011 йили журналистлар билан суҳбат пайти.

Етти йил ичида вазият ўзгариши мумкин эди. Виржиль «Саутгемптон»да ўйнаб юрган кезлари ўйинларнинг бирига отасини таклиф қилганди. У эса рад жавобини берган, чунки бу таклиф шунчаки рамзий аҳамият касб этади, деб ўйлаган. Шундан сўнг улар умуман гаплашишмади, ўғилнинг бор эътибори онага қаратилди. Ван Дейк мўмайгина даромад ола бошлагач, волидасига Бредадан каттагина уй сотиб олиб берди. «Селтик»да ўйнаган пайтларда эса ҳар Рождество байрамини онасининг уйида ўтказарди - АПЛ тақвими эса бунга имкон бермайди.

50 ёшли Эллен Суринамда туғилган. Яқинда у пенсияга чиқди, 11 йил аввал эса ҳарбий полициячи сифатида ишлаш баробарида уч фарзандни тарбияларди. «Ўзи учун бир дақиқа ҳам вақт ажратолмасди. Уззукун ишларди, кейин дарҳол уйга - болаларининг ёнига шошарди», - дейди ван Дейкнинг «ВДС~19» клубидаги собиқ мураббийи. «Айнан онаси - бу воқеанинг ҳақиқий қаҳрамони», - дея синглисининг ёнини олди Стивен.

Оилада катта пул йўқ эди. Кундалик харажатларга маблағ топиш учун 16 ёшли Виржиль Oncl Jean ресторанига идиш ювувчи бўлиб ишга кирганди. Ўспириннинг бир соатли иши учун 2,5 фунт беришарди. «Ливерпуль» билан имзоланган беш ярим йиллик шартномага кўра ван Дейк 55 миллион ишлайди.

«Трансфер учун 75 миллион? Илк бор эшитганимда бу суммани қайта такрорладим. Ҳамон ишонгим келмайди. Жуда катта пул», - дейди Жак Липс ҳайратини яширолмай. Oncl Jean хўжайини кутилмаганда мухбирлар орасида машҳур бўлиб кетди. У идиш ювувчининг ҳар бир қадамини ёдга оларкан, бу воқеанинг қачонлардир амалга ошишини ҳис этгандек эди: «Виржиль жуда яхши ишларди. Идишларни астойдил юварди, ҳафтанинг энг иш кўпайган тунларида навбатчилик қиларди. Эсимда, профессионал футболчи бўлишни хоҳларди, «Виллем II» мактабида шуғулланарди. Аммо мен унга орзу қилишни йиғиштириб, кўпроқ идиш ювиши кераклигини айтардим. Биз билан қолишини сўрардим, ресторанда янада кўпроқ пул топиши мумкинлигини айтдим».

Липс ўша пайтларни эсларкан, ван Дейкнинг ажойиб йигит бўлгани, уни ресторандагиларнинг ҳеч бири ҳеч қачон унутмаслигини таъкидлади. Ҳатто 11 йилдан кейин ҳам ушбу муассасадаги ходимлар китобида футболчининг исми ва телефон рақами ҳамон сақланади. «Унга қўнғироқ қилишга уриниб кўрдим, - дейди ресторан хўжайини кулиб. - Йўқ-йўқ, ортга қайтариш учун эмас. Шунчаки, табрикламоқчиман. У билан жуда фахрланаман. Виржиль шундай даражага чиқишга ҳақли».

Эҳтимол, Липс нафақат собиқ ходими билан боғланади, балки уни Oncl Jean ресторанидаги столга ҳам таклиф этади. Голландиялик футболчи у билан илиқ муносабатда бўлганларни яхши эслайди. Икки йил аввал у «ВДС~19»даги икки мураббийини лол қолдирди: ваҳоланки, улар 7 ёшли Виржиль шуғулланадиган жамоа билан ҳафтасига уч марта ишлашарди. «Тасаввур қилинг, у клуб ва ёрдам берганларга миннатдорлик билдириш учун ташриф буюрди. Ўзининг фамилияси туширилган миллий терма либосини олиб келди. Бу жуда ҳаяжонли эди», - дея сал қолса кўз ёш тўкишди мураббийлар. «Бизнинг машғулотларимиз сабаб шундай даражага чиққани жуда зўр бўлди-да!» - дея ҳазиллашишга ҳам улгурди мураббийлардан бири Жон ван дер Берг.

Бергнинг айтишича, ван Дейк биринчи синфда ўқиётганда ҳам тенгдошларидан бақувватроқ бўлган. Бўйи баландлигини инобатга олиб, уни марказий ҳимояга қўйишган. Футболчини ўсмирлик пайтида кашф этганлардан бири Ник Клейн мутлақо бошқача фикр билдирди, унинг айтишича, Виржилнинг жуссаси унчалик катта бўлмаган, етакчиликка ҳам тортмаган. Ван Дейк шу фикрга қўшилади: «16 ёшимда «Виллем II» жамоасида энг ёмон ўйинчи бўлганман. Паст бўйли эдим, аранг югурганман. Улар мени ўнг қанот ҳимоясига қўйишди ва ҳайдаб юборишларига бир баҳя қолган».

Мушкул вазиятдан бўйининг ўсиши қутқарди: бир мавсум давомида бу йигит 20 сантиметрга ўсди, тиззасида муаммолар туғилди, шунга қарамай марказга қайтиб, ишини аъло даражада уддалай бошлади. Энди уни ҳайдаш ҳақида ҳеч ким гапирмасди - фақат ривожланишдан сўзлашарди. 19 ёшида у «Гронинген» сафига қўшилиб, дастлабки профессионал шартномага имзо чекди. Ёшлар жамоасидаги дебют учрашувида иккита гол урди ва «асосий»да ўйнашга тайёргарлик кўра бошлади, бироқ қорнидаги оғриқ халал берди. Шифокорлар турли дори воситалари ёрдамида вазиятни ўнглашга уринишди - футболчи эса машғулот ўтказолмай, ошқозонидаги оғриқдан шикоят қилаверди.

«Яна мендан таҳлил олган шифокорларга учрадим, - дейди Виржиль. - Аммо улар ҳеч қандай касаллик топа олишмади. Эртасига шифохонага бордим, чунки оғриққа чидаб бўлмасди. У ердагилар эса операция қилиш лозимлигини айтишди».

Кўричак билан биргаликда футболчида йиринглаш ҳам бўлган, яна бироз кеч қолганда у бутун қоринга тарқаши мумкин эди. «Шифокорлар бунинг жуда хавфли эканини таъкидлашди. Ичимда ташқарига чиқишга интилаётган заҳар бор экан. Хайриятки, йирингни ўз вақтида бартараф этишди», - дея ўша дамларни ёдга олади ван Дейк. Операция бир неча соат давом этди, кейинги 12 кунни қаҳрамонимиз шифохонада ўтказди, тикланиш жараёни эса тўрт ойга чўзилди. Айнан ўша паллада Виржиль 15 килограмм вазн йўқотди: «Машғулотларга қайтганимда, на мушак, на кучим қолганди. Аммо мавсум олдидан ўтказилган ҳар бир ўйинда қатнашдим, мунтазам равишда аввалги ҳолатимга қайта бошладим».

Жарроҳлик амалиётидан кейин голландияликнинг қорнида иккита чандиқ қолди. Бири қорнининг ўнг қисмида жойлашган бўлиб, узунлиги - 8 сантиметр. Иккинчиси, киндикдан пастга вертикал тарзда йўналган. «Улар дастлаб йирингни ўнг томондан олишга уринишган, якунда эса марказдан ҳаракат қилишганди», - дейди футболчи худди тактик жойлашувни муҳокама қилаётгандек.

Виржиль 2017 йилнинг ёзида Рик Нойжедат билан турмуш қурди, ушбу жуфтлик ўртасидаги муносабатлар мактаб пайтидан буён давом этарди. Ван Дейк футболдаги фаолиятини йўлга қўйди, ёрқинсоч гўзал эса мода бизнеси вакиласи эди. 2013 йилда у топ брендлар ишлаб чиқарган либосларни Голландия дўконларига сотиш бўйича менежер даражасига кўтарилди, аста-секин ўсишга эришаётганди, аммо суюкли кишиси билан Британияга бориш мақсадида ишини ташлади.

Аёл кўзи ёрийдиган пайт Виржиль ҳам худда рафиқасидек иш тутди: терма жамоадан тушган таклифни рад этиб, туғруқ пайтида севгилисининг ёнида қолишни маъқул кўрди. Чақалоқ 2014 йилнинг сентябрида дунёга келди. Миллий жамоадан тушадиган навбатдаги таклифни эса ван Дейк яна бир йил кутишга мажбур бўлди.

Абдураҳмонхўжа АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz