Қайднома

Қидирув

Таҳлил шинавандаси ёки Роберт Морено ҳақида

Таҳлил шинавандаси ёки Роберт Морено ҳақида

  07.07.2019 03:19
  0
  371
Таҳлил шинавандаси ёки Роберт Морено ҳақида

Испания термасида яна нотинчлик кузатилмоқда. Жамоани кутилмаганда Луис Энрике тарк этди, бошқарув «пульт»ини эса унинг ассистенти Роберт Морено эгаллади. Бу ўтган йилнинг ёзидан буён мазкур термадаги тўртинчи мураббий алмашувидир.

Энрике оилавий муаммолар сабаб март ойидан буён кўнгилдагидек ишлай олмади. Гап нимадалиги аниқ эмас, аммо elcierredigital.com ва eleconomista.es (бири суриштирув, иккинчиси иқтисодий масалалар бўйича ишлайди) маълумотларига кўра, мураббийнинг қизларидан бири жиддий касалликка чалинган, оила эса кўп вақтини Америкада ўтказмоқда.

«Луис иккимиз 9 йил бирга ишладик, унинг юлдузлар билан қандай ишлашини кузатдим. Ишончим комилки, биз яхши ишлаймиз, аммо натижалар борасида аниқ ваъда беролмайман. Агар Европа чемпионатида ғолиб чиқсак, аввалроқ менда тажриба бўлганми-йўқми, ҳеч ким эсламайди», - деди Морено тайинловдан кейин.

Умуман, унинг янги лавозимга тайинланиши билан боғлиқ янгилик шов-шув кўтармади, ҳеч кимни ажаблантирмади, аслида эса... Роберт профессионал футболчи бўлишга умуман интилмаган, фаолиятининг катта қисмида қуйи дивизиондаги ёшлар жамоаларида ишлаган, шунингдек, у тактика ва таҳлиллар ишқибози.

ШуҒуллантиришни 14 ёшда бошлаган, 25 ёшда Pro лицензиясини олган

Морено камтарона оиладан, 1977 йили Каталониядаги Оспиталет шаҳрида туғилган. Отаси Тибурсио профессионаллар сафига киришга ҳаракат қилган, кичик клубларда ўйнаган ва ҳаттоки, маълум миқдорда пул ҳам ишлаган, бироқ юқори савияга кўтарилишга ҳарбий хизмат ва жароҳатлар халал берган. У 19 ёшда уйланган, 23га тўлганида эса фарзандли бўлган - Роберт туғилган. Оиласини боқиш учун такси ҳайдовчиси бўлиб ишлашига тўғри келган, аммо у футболни ташламади ва маҳаллий «Флорида» клубида президент сифатида ҳам фаолият юритди.

Роберт футболга Tecla Sala спорт мактаби орқали кириб келган, кейинчалик «Флорида»да марказий ҳимоячи позициясида ўйнаган (у пайтлари отаси ҳали президент бўлмаганди). «Эсимда, у гавдали, бақувват ҳимоячи бўлган. Техникасига қараганда кучи кўпроқ эди», - дея хотирлайди болалигида у билан ишлаган мураббийи Тони Серрано.

Морено ўсмирлик чоғларидаёқ тенгдошларидан ажралиб турарди: 14 ёшга тўлганида, жисмоний тарбия ўқитувчиси унга кичик синфлар билан ишлашни таклиф қилгач, унда мураббийлик соҳасига қизиқиш уйғонади. 2 йилдан кейин Морено «Флорида» бош мураббийига болалар билан шуғулланишда кўмаклаша бошлади.

Мунтазам машғулотлар ўтказишни эса Роберт 2002 йили, университетни тамомлаб, клерк сифатида ишлаётганида бошлади. Унинг фаолиятидаги аҳамиятли босқичлар қуйидагича кечди:

* 1999 йили (21 ёшида) Каталония футбол федерациясининг мураббийлик курсларида ўқиди;

* 2003 йилгача болалар мактабида малака оширди, «Флорида» ёшлар жамоасини бошқарди, шунингдек, университетда савдо ва халқаро алоқалар бўйича ўқиди, дўкон ва банкда ишлашга улгурди;

* 25 ёшида УЕФАнинг «Про» лицензиясини олгач, элита клубини бошқариш ҳуқуқини қўлга киритди, аммо юқорига интилмай, ёшлар жамоасида (масалан, «Оспиталет»да) ишлашни давом эттирди;

* 2006 йили «Кастельдефельс» (ҳозир тўртинчи дивизионда қатнашади)нинг асосий жамоасини бошқарди, аммо қониқарсиз натижалар туфайли мавсум якунига 6та тур қолганда уни истеъфога чиқаришди;

* 2008 йили «Барселона Б»да ишлаётган Луис Энрике билан танишди (унга Моренони видеотаҳлилчи сифатида тавсия қилишди), лекин клубдаги маъмурий ўзгаришлар туфайли унинг «Барса»га трансфери икки йилга кечикди - «Барселона»даги таҳлилчиликни эса 2010 йилдан бошлади;

* шундан буён Морено Энрикедан айрилмади, унинг ассистенти бўлди, «Рома», «Сельта», «Барселона» клублари ва Испания термасида бирга ишлади, Луис таътил олганда эса «Сельта»да Хуан Унсуэга ёрдамчилик қилди.

Дастлаб уни кўпчилик ишга олмаган: 2000 йилларда қуйи лигаларга таҳлилчи керак бўлмаган

Собиқ ҳамкасблари ва функционерларнинг айтишларича, Морено аналитика ва тактика шайдоси, катта миқдордаги видеотаҳлилларни кўриб чиқади. Муаммо шундаки, қуйи дивизионлар ва ёшлар жамоаларида кўпчиликни бу нарса қизиқтирмасди.

Роберт Барселона университетида савдо ва халқаро муносабатлар мутахассислиги бўйича ўқиш билан параллель равишда мураббийликни ҳам ўзлаштирди, кейинчалик El Corte Ingles de Cornella (Европадаги йирик универмаглар тармоғи) дўконида клерк бўлиб ишлади, La Caixa банкида меҳнат қилди.

2004 йили эса («Про» лицензиясини олиб улгурганди), университетни тамомлаб, дўкондан банкка ўтди, бўш вақтида эса Каталонияни кезиб, ёшлар жамоаларига ўзини таҳлилчи ва мураббий сифатида тавсия қилди. «Европа» (айни пайт тўртинчи дивизионда қатнашади) - ёш Морено ишга кирган дастлабки клуб. Шартлар шундай эди: агар уни қабул қилишса, Роберт ҳар ҳафта ўз жамоаси ва рақибнинг ўйини бўйича таҳлилларни тайёрлаши, ҳужум, ҳимоя ва ҳар бир ўйинчи бўйича ҳисобот топшириши лозим эди. Синов тариқасида Морено «Бадалона Б» жамоасига қарши кечган баҳсни ёзиб олди ва текинга ҳисобот берди. Бироқ уни ишга олишмади, жуда катта маош талаб қилаётганини сабаб сифатида кўрсатишди. «Аниқ қанча сўрагани эсимда йўқ, тахминан 100 ёки 200 евро эди. Бу каби иш учун ушбу сумма бироз қимматлик қиларди», - дейди «Европа» клуби матбуот котиби Анхель Гаррета.

Морено Барселона ва унинг теварагидаги яна ўнлаб камтарона клублар офисига ташриф буюрди, лекин ҳеч кимга кераги бўлмади: мазкур ҳолатда гап Робертда эмасди, шунчаки, видеотаҳлилчи лавозими ёшлар жамоаси ёки қуйи дивизион клублари учун ҳашамат ҳисобланарди.

Кейинги тўрт йил ичида бу соҳага муносабат ўзгарди ва Морено «Кастельдефельс» ёшлар жамоасидан жой олди, ўша мавсум давомида клуб бош мураббийлигига тайинланди. Жамоа координатори Оскар Косиалснинг таъкидлашича, Роберт жуда меҳнаткаш эди, дам олиш кунлари Каталониядаги бир майдондан бошқасига бориш учун минглаб километр йўл босган, ёнида ҳар доим видеокамераси бўлган. «Кастельдефельс» унга узоқ муддатли шартнома таклиф этмоқчи эди, лекин улгурмади - «Барселона» ишга киришди.

РафиҚаси билан футбол мавзусида китоб чиҚариб, у орҚали йилига 2 минг евро ишлайди

Морено футболга шу қадар кириб кетганидан 2013 йили рафиқаси Лурдес Торресильяс билан бирга Futbol de Libro нашриётига асос солди, шу номдаги дўконда ўзи нашр этган китобларини сотади: FDL футболга доир турли асарларни чоп этади. Уларда рақиблар ҳақида таҳлилий ҳисоботлар тайёрлаш қоидалари (қандай маълумотлар тўплаш, уларни тўғри шарҳлаш); бош мураббий ва жисмоний тайёргарлик бўйича мутахассис билан алоқа ўрнатиш масаласи; футбол менежменти бўйича қўлланмалар ёритилади.

Futbol de Libro нашриётида «Эспаньол» ёшлар жамоасининг жисмоний тайёргарлик бўйича мураббийи, Сегунда Бда қатнашувчи «Кастельон» клуби устози, «Алавес» консультанти ва бошқа иккинчи даражали қаҳрамонларнинг китоблари бор. Барча муаллифлар жамоаси шу ерда.

Компаниянинг устав капитали - 3000 еврога тенг, ўтган молия йилида пул айланмаси 49 000 еврони ташкил этди, соф фойда - 2843 евро.

Тактика ҳақида «Менинг рецептим - 4-4-2» номли  китоб ёзган

Морено тактик билим бўйича китоб ёзиб, уни Futbol de Libro орқали нашр эттирган. «Менинг рецептим - 4-4-2» - оддий тактик мурожаатнома эмас, ҳақиқий концептуал меҳнат, унда Роберт футбол фалсафасидан сўзлайди. Морено мазкур асарга ўзи ёқтирган схема - 4-4-2ни асос қилиб олган, аксарият жамоаларида айнан шу услубдан фойдаланган. Китоб эса дафтар ва компьютерда маълумотлар йиғилиб қолиши сабаб пайдо бўлган. «Билимларимни бошқалар билан баҳам кўриш ғояси - мен учун ҳаётий заруратдир. Бошқалардан билимдонман демоқчи эмасман, ўзимни кашфиётчи санамайман. Аксинча, ҳал кўп нарса ўрганишим кераклигига ишончим комил».

Роберт футболдаги машҳур фикрларга кўр-кўрона эргашмайди, маъқул вариантни чуқур таҳлиллар орқали танлашга интилади. Морено ўз китобида 5та мураббийлик принципларини ошкор этган: маълумот, прогресс, такрорлаш, модел ичидаги мувофиқлик ҳамда етарли даражадаги мотивация.

Энрикенинг Моренога ҳурмати баланд

«Менинг рецептим - 4-4-2» китобидаги муқаддимани Луис Энрике ёзган, зеро ушбу мутахассис мазкур асарнинг малакавий қийматидан яхши хабардор. Шунингдек, мураббий Моренони ўзига хос тарзда тавсифлаган: «Роберт - ҳеч тўймайдиган мураббий, норозилик унинг табиатига хос. Муаммоларни таҳлил қилиб, ўз вақтида зарур чораларни топиш салоҳиятига эга. Бунга чексиз ишлаш қобилиятини ҳам қўшсак, мураббийлар учун ажойиб маълумотнома бўладиган қизиқарли китоб яралади».

Танишлари ва ҳамкасбларидан Робертни таърифлашни сўралса, улар албатта, унинг ишга бўлган катта лаёқати, чанқоқлиги ва яхшиликка интилишини алоҳида эътироф этишади. Мазкур ҳолатда бу шунчаки мақтов эмас ва Моренонинг фаолияти буни яққол исботламоқда.

Роберт - мисоли мураббийлар орасидаги «Лестер»дир. У миллионларга арзигулик имкониятга эга бўлди. Бизда эса тактика устаси, кучли назариячи ва футболда катта натижаларга эришмаган мутафаккирнинг топ даражада қанчалик шов-шув кўтариши мумкинлигини кузатиш фурсати туғилди.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz