Қайднома

Қидирув

Милош Николич: «Қўқон-1912» Бир умр қалбимда қолади»

Милош Николич: «Қўқон-1912» Бир умр қалбимда қолади»

  06.07.2019 21:32
  0
  531
Милош Николич: «Қўқон-1912» Бир умр қалбимда қолади»

Милош Николич: «Қўқон-1912» Бир умр қалбимда қолади»

Жорий мавсум ўз мухлисларини хушнуд эта олмаётган «Қўқон-1912» жамоасини биринчи давра якунига етмай турибоқ икки нафар легионер - Боян Кнежевич, Милош Николичлар тарк этишга улгуришди. Хорижлик футболчилардан кўп нарса кутилган эди, бироқ мураббий ва раҳбарият билдирган ишонч оқланмади. Шундай паллада ишқибозлар кўз ўнгига ажойиб ўйинлари билан танилган Дарко Гожкович келади. Дарҳақиқат, ярим ҳимоя ва мудофаа чизиғида бирдек барқарор ўйин кўрсата олган футболчини ҳали-ҳамон эслаб турадиганлар йўқ эмас. Яқинда Гожкович билан боғланиб, интервью олдик.

- Сиз кўплаб хориж жамоаларида тўп сургансиз, шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, «Қўқон-1912» жамоасида ўйнаганингиздан афсусланмайсизми?

- Йўқ, нега энди афсусланишим керак? Ажойиб икки ярим йилни ўтказдим. Менга барча нарса манзур келди, нолишга асос йўқ. «Қўқон-1912» клуби ва Ўзбекистонни яхши кўраман. Жамоанинг жонкуяр мухлисларини алоҳида ҳурмат қиламан. Улар мени бу ерга келганимдан, то кетадиган кунимгача ёлғизлатиб қўйишмади. Менга легионер сифатида эмас, худди ўз ҳамшаҳарларидек муносабатда бўлишди. Улар билан ҳамон алоқаларимиз мавжуд, ижтимоий тармоқлар орқали ёзишиб турамиз. Жамоанинг айни вақтдаги ҳолатидан хабардорман. Умуман олганда, «Қўқон-1912» бир умр қалбимда қолади.

- Яқинда бош мураббий Нўъмон Ҳасанов истеъфога чиқарилди. У жамоада қандай ўзгаришларни амалга оширди, ушбу мутахассиснинг фаолиятига қандай баҳо берасиз?

- Қўқон шаҳрида оз эмас, кўп эмас, нақ икки йилдан ортиқ истиқомат қилдим. Жамоага айнан Нўъмон Ҳасановнинг таклифига биноан ташриф буюрдим. У Ўзбекистондаги етук мураббийлардан бири, шахс сифатида майдондан ташқарида ҳам яхши таассурот қолдира олган. Шогирдлари билан ўртасида масофа бўлмасди, жамоанинг ҳар бир аъзосини ўз ўғлидек кўрарди. Шу хислати мени қойил қолдирган. Яна бир нарсани таъкидлаб ўтишни истардимки, унинг қўл остида ҳеч бир мавсумда ёмон жамоа тўпланмади. Ўтган йили биринчи даврани ҳатто юқори ўринда тугатгандик. Энг муҳими, мураббий биринчи ўринда ўйинимизда ўзгариш қила олди. Яъни, ҳар қандай жамоага қарши қўрқмасдан ҳужумкор ўйин кўрсатдик. «Бунёдкор»ни ўз майдонида ҳам, Қўқонда ҳам мағлубиятга учратдик, «Локомотив» билан сафарда, «Пахтакор» билан уйимизда дуранг қайд этдик. Кўринг, пойтахт грандларига қарши ўйинларда қандай натижалар қайд этганимизни. Буларнинг ҳаммаси мураббий меҳнати маҳсулидир.

- «Қўқон-1912»нинг ҳозир қайд этаётган натижалари ҳавас қиларли даражада эмас. Нима деб ўйлайсиз, жамоа бу мураккаб вазиятдан чиқа оладими?

- Ушбу мавсумни жамоа яхши бошлаганди. Таркиб асоси сақлаб қолинди, деярли. Лекин муҳим фигуралардан ҳисобланган Жавоҳир Сиддиқовнинг кетиши марказда бўшлиқни юзага келтирди. Энди жамоа қайта шаклланиши учун вақт зарур.

- Вилоят ва воҳа жамоаларидан қайси бири ўйин борасида сизда илиқ таассурот қолдирди?

- Мен «Насаф»ни алоҳида эътироф этган бўлардим. Мазкур клубда академия тўғри йўлга қўйилган, иқтидорли ёшлар етишиб чиқмоқда. Футбол билан шуғулланиш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Майдон чими республика бўйича энг сифатлиси, десам адашмаган бўламан. Улар аввал кучли футболчилар ва легионерларга эга бўлган пайтда замонавий ва бошқача футбол кўрсатишарди. Энди эса ёшлар жамоа ўзагини ташкил этишаётгани учун бироз ўйин услуби ўзгарган.

- Ўзбек футболида қандай муаммоларни кўра олдингиз?

- Муаммо ҳамма жойда бор. Фақат унинг тўғри ечимини топиш керак. Сизларда футболдаги муаммоларни ёпиб кетадиган ютуқларингиз етарли. Ёшларга қаратилаётган эътибор, талабчанлик юқори эканлиги аҳамиятга молик.

- Сизнингча, яқин йиллар ичида ўзбек футболини нима кутмоқда?

- Ўзбекистонда миллионлар ўйини йилдан-йилга ўсиб боряпти. Терма жамоаларингизда юқори малакали мутахассислар ишлашмоқда. Яқин орада Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиёда етакчилар қаторига киради, деб ўйлайман. Сизларни ёрқин келажак кутяпти.

А.ИСКАНДАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz