Қайднома

Қидирув

Бартомеу хулосаси – Неймардан Дембеле кучлироқ

Бартомеу хулосаси – Неймардан Дембеле кучлироқ

  09.07.2019 03:36
  0
  502
Бартомеу хулосаси – Неймардан Дембеле кучлироқ

«Барселона» клуби ўтган ҳафта «Аякс»дан харид қилинган Френки де Йонгни расман кенг оммага таништирди. Шу тадбир баҳона ташкил этилган матбуот анжуманида Каталония клуби президенти Хосеп Мария Бартомеу бир қатор муҳим масалалар юзасидан ахборот тақдим этди.

«Барселона» вице-президенти Жорди Местре директорлар кенгаши билан келишолмагани туфайли ўз лавозимини тарк этди. Лекин унинг кетиши клубнинг трансфер сиёсатига таъсир қилмайди:

- Жорди Местренинг кетиши ва Неймар трансфери ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик йўқ. У клубдаги ишини тугатишга қарор қилди - бошқа гап йўқ. Жорди яхши дўст бўлиб қолаверади. Унга ўтган давр мобайнида бажарган ишлари учун миннатдорчилик билдираман. Ҳа, Неймар «ПСЖ»дан кетмоқчи. Аммо парижликлар уни қўйиб юбормоқчи эмаслар. Айни пайт бу борада ҳеч қандай музокара ўтказилмаяпти.

Олдинроқ Бартомеу клуб сафидаги Усмон Дембелени Неймардан устун қўйишини таъкидлаганди. У ҳали ҳам ўз фикридан қайтмаган, кўринади:

- Ҳа, Усмон менга ёқади ва уни Неймардан кучлироқ, деб ҳисоблайман. Дембеле ҳали анча ўсиш имкониятига эгалигини унутмайлик. У айнан «Барса»да юксалишини истаймиз.

Матбуотда клуб етакчиси Лионель Мессининг Неймардан қайтишни сўрагани ҳақида хабарлар тарқалганди. Бироқ Бартомеунинг айтишича, Лео трансферларга аралашмайди:

- Неймарнинг Париж клубидан кетмоқчи эканлиги ҳақида матбуотда ўқидим. Келинг, миш-мишларга барҳам берамиз. Месси клуб раҳбариятидан у ёки бу футболчини сотиб олишни сўрамайди. У шунчаки, рақобатбардош жамоа тузишимиз тарафдори, холос. Такрор айтаман, «Барселона»га қайси футболчилар келишларини ҳамиша мураббийлар ҳал қилишади.

Усмон Дембеле ва Филиппе Коутиньони Неймар билан алмаштириш ғояси ҳам муҳокама қилинганди. «Барселона» президенти эса ҳар икки футболчига ишонч билдирилаётганини таъкидлади:

- Клуб Коутиньога ҳам, Дембелега ҳам мутлақо ишонади. Улар фундаментал футболчилар тоифасига киришади. Шубҳам йўқ, Усмон ва Филиппе таътилдан катта истак билан қайтишади.

Маттейс де Лигтнинг «Барселона»га ўтиш масаласи барбод бўлган кўринади. Ҳар ҳолда, голландиялик ҳимоячи айни пайт «Ювентус» сафини тўлдиришга яқин турибди. Тўғри, туринликлар ҳам «Аякс» билан футболчининг трансфери борасида келишолмаяптилар. Бунда «Барса»нинг таъсири борми? Жаноб президент бу борада мужмал гапирди:

- Ҳа, вақтида де Лигт янги мавсумда қаерда ўйнашини билишимни айтгандим. Ҳозир ҳам бундан хабардорман. Лекин бошқа ҳеч нима деёлмайман.

Гризманн трансферичи? «Барса» раҳбари бунга ҳам тўхталиб, франциялик футболчи масаласида «Атлетико» билан музокара давом эттирилаётганини тасдиқлади:

- Дейлик, «Атлетико» вакиллари билан кеча ҳам учрашдик. Аниқроғи, Оскар Грау «матрасчилар» матасаддиси Мигель Анхел Хиль Мариндан бу трансфернинг иложи бор ёки йўқлигини сўради. Ҳозирча ҳеч қандай тушунтириш бермоқчи эмасман. Қизиқиш борлиги учун учрашдик. Лекин музокара жараёнида шахсан ўзим қатнашмадим.

Ўтган йили Гризманн «Барселона»га ўтишдан бош тортгани ҳақида кўп ёзилди. Бартомеунинг айтишича, ҳозир ҳам шунга ўхшаш вазият юзага келмоқда, лекин хавотирланишга асос йўқ: 

- Ҳа, бунақаси биринчи марта кузатилаётгани йўқ. Тьерри Анри ва Давид Вилья билан ҳам шундай ҳолат бўлганди. Улар кейинчалик «Барса» сафига қўшилишган, барибир. Қисқаси, бу борада умуман хавотир йўқ.

Местренинг истеъфосидан сўнг бош директор Пеп Сегуранинг умумий ҳолати бироз оғирлашди. Муҳими, у ишни давом эттирмоқчи. Аммо клуб президенти Пепнинг қолишига кафолат бермади:

- Пеп Сегура бош менежер ҳисобланади. Агар унинг келажаги борасида янгиликлар бўлса, дарров етказамиз.

Клубнинг баскетбол жамоаси ҳақида: «Барса» Никола Миротични ўз таркибига қўшиб олишга яқин турибди. У Испанияга қайтиш учун МБА клублари таклифларини рад этди:

- Миротич трансферини тасдиқлолмайман. Ҳали агентлар билан келишадиган масалалар бор. Лекин музокара кетмоқда.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz