Қайднома

Қидирув

Кеча футзалчи, энди Австралия термаснинг янги етакчиси Томас Рогич ҳақида...

Кеча футзалчи, энди Австралия термаснинг янги етакчиси Томас Рогич ҳақида...

  11.07.2019 03:05
  0
  411
Кеча футзалчи, энди Австралия термаснинг янги етакчиси Томас Рогич ҳақида...

Санкт-Петербургнинг «Зенит» клуби «соккеруз» вакилига  нега жиддий қизиқмоқда? Яқиндагина Британия медиаси «Селтик» ярим ҳимоячиси Томас Рогич фаолиятини Россияда давом эттириши мумкинлиги ҳақида хабар берганди. Ҳаттоки, Питер клуби австралиялик футболчи трансферига 10 миллион евро тўлаши қўшимча қилинганди. ОФК миқёсида ЖЧ-2022нинг навбатдаги саралаш босқичига қуръа ташлаш муддати яқинлашган сари табиийки, мухлисларимизни эҳтимолий рақибларимизга дахлдор ҳар қандай маълумот алоҳида қизиқтиради. Шуни инобатга олган ҳолда, sport24.ru сайти мақоласи асосида Томас Рогични яна бир бора таништиришни лозим топдик. Бинобарин, миллий жамоамизнинг бўлажак мундиал йўлида Австралия термаси билан ҳам тўқнашиши эҳтимолдан холи эмас.

Томас Рогич ким?

Австралия миллий жамоасининг асосий ярим ҳимоячиларидан бири. У жумладан, Россия мезбонлик қилган ЖЧ-2018да ҳам иштирок этди. Тўғри, «соккерузлар» охирги мундиалда «плей-офф»га чиқиш вазифасини бажара олишмади. Лекин гуруҳ раунди доирасидаги 3та учрашувда ҳам майдонга тушган Томаснинг ўзи чакки таассурот қолдиргани йўқ. Австралия термаси жорий йил бошида ўтказилган Осиё кубогида эса бироз узоқроққа бор: нимчорак финал раундида айнан Эктор Купер бошқарувидаги жамоамизни пенальтилар серияси воситасида енгиб, кучли 8та иштирокчи қаторига қўшилди. Рогич эса БАА майдонларида 1та гол уришдан ташқари, ўз ҳисобига самарали узатма ҳам ёзиб қўйди. Эҳтимолки, қитъа чемпионати 1|4 финалида «соккеруз»га айнан Рогич етишмагандир. Ҳар ҳолда, у дисквалификация туфайли БАА термасига қарши кечган омадсиз ўйинда майдонга тушолмади.

Диққатга сазовор факт: Томас катта футболга футзалдан кириб келган. Эътиборлиси, у 8 йил олдин ҳам Австралия шарафини мини-футболда ҳимоя қиларди. Томас хусусан, бу йўналишдаги фаолиятида Nike лойиҳасида ғолиб чиққан. Шундан сўнг футболга юз бурган бақувват йигит маҳаллий «Централ Кост Маринерс» клуби билан шартнома тузди. Орадан атиги бир йил ўтгач эса, кечаги футзалчи «Селтик»дек машҳур жамоа сафидан жой олди. Дарвоқе, австралиялик ярим ҳимоячи «Зенит»га қарши ўйнаш тажрибасига  эга. 2018 йилнинг февраль ойи. Европа Лигаси 1|16 финали. «Зенит» - «Селтик». Томас «Газпром Арена»да бўлиб ўтган мазкур учрашувда 45 дақиқа тўп сурганди. Бироқ ҳаракатлари у қадар яхши чиқмаган. Қолаверса, Шотландия гранди якунда 0:3 ҳисобида ютқазиб, турнир билан хайрлашганди.

У «Зенит»га керакми?

Айни пайт Питер клуби таркибида соф ҳужумкор ярим ҳимоячи йўқ. Статистика бўйича айтсак, Рогич аниқ узатмалар борасида бинойидек кўрсаткичга эга. Зарбаси ҳам чакки эмас, стандарт вазиятларда самарали ҳаракатланади. Шундай экан, австралиялик футболчи жамоа ўйинига янгилик олиб кириши мумкин. Томаснинг қўшимча устунлиги ўтмишда футзал билан шуғулланганига боғлиқ. Яъни кичик ҳудудда, рақиблар қуршовида ўзини анча эркин ҳис қилади, тўпни ўзгача енгиллик билан бўйсиндиради. Йўқ, у дриблинг шайдоси эмас, рақибларни камдан-кам ҳолатларда алдашга уринади. Лекин бундай ҳаракати кўпинча муваффақиятли чиқади. Асосийси - бой тажрибаси. Ҳар ҳолда, Рогич ҳам терма жамоалар, ҳам клублар миқёсидаги катта турнирларни кўрган, уларда тобланган футболчидир.

Қандай минуслари бор?

Футболчининг биринчи минуси мамлакатига боғлиқ. Рогич — Австралия миллий жамоасининг амалдаги футболчиси. Демакки, мавсум давомида бир неча марта «соккеруз» ихтиёрига йўл олади. Масофа эса жуда катта. Табиийки, футболчини узоқ ўлкаларга қўйиб юбориш - клублар учун яққол бош оғриғи. Иккинчидан, Томас гарчи асли серб миллатига мансуб бўлсада, бутун ҳаёти давомида инглиз тили ҳукмрон жамиятда яшаган. Хуллас, унинг янги муҳитда ўзини қандай ҳис қилиши масаласи ҳам бор. Учинчидан, Шотландия чемпионати савияси кўпчилик ўйлаганидек, ўта юқори эмас. Айтиш мумкинки, «Селтик» ички биринчиликда рақобатдан мутлақо холи. Қисқаси, 1та жамоаси бор чемпионат. Бу жамоа эса 1,5 йилча олдин «Зенит»га 0:3 ҳисобида ютқазган. Австралия термасига келсак, унинг таркиби бинойидек ижрочилардан тузилган. Бироқ жамоа жаҳон футболи грандлари қаторига кирмайди, барибир. Шуларни ҳисобга олсак, Рогичнинг «Зенит»да ўзини кўрсатишига кафолат бериш мушкул.

Яна қайси клуб?

«Зенит»дан ташқари, «Лестер» ҳам Рогичга яққол даъвогар эди. Қишда «тулкилар» бошқарувини қўлга олган Брендан Рожерс узоқ вақт «Селтик»да фаолият юритган ва австралиялик футболчини жуда яхши билади. Қисқаси, «Ливерпул»нинг собиқ устози эски танишини АПЛга чорлаганди. Томас шунингдек, «Лидс»дан ҳам таклиф олган, бироқ у Чемпионшипда ўйнашга хоҳишманд эмас.

Абдураҳмонхўжа АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz