Қайднома

Қидирув

Янги душман – Алиссон ёки Мессининг омадсизликлари ҳақида...

Янги душман – Алиссон ёки Мессининг омадсизликлари ҳақида...

  12.07.2019 09:18
  0
  744
Янги душман – Алиссон ёки Мессининг омадсизликлари ҳақида...

Бразилиялик дарвозабон Лионель Мессини совринлардан мосуво қилмоқда. Европа Чемпионлар Лигасининг қаторасига 2та мавсуми ортидан «Копа Америка»... Ҳа, Алиссон аргентиналик буюк голеадорни асло тан олмаяпти. Умуман олганда, Бразилия миллий жамоаси ва «Ливерпуль» дарвозабони чиндан ҳам, мавсумни космик даражада ўтказди. Клуб миқёсидаги турнирларга қарасак, қимматбаҳо голкипер ЧЛдаги ғалабанинг асосий сабабчиларидан бирига айланди, қолаверса, АПЛ кумуш медалига эга чиқди. Буларнинг замирида талайгина «супер-сэйв»лар ва қуруқ ўйинлар бор. «Ливерпуль» 2018 йилнинг ёзида Алиссон учун «Рома»га 60 миллион евродан кўпроқ тўлаганида, кўпчилик ажабланганди: «Дарвозабон учун шунча-я...». Бразилиялик амалда йил давомида шу қадар ишончли ўйнадики, энди уни жаҳоннинг энг кучли дарвозабонларидан бири сифатида эътироф этишмоқда. Асосийси, у жаҳон футболининг бош юлдузи - Лионель Мессининг янги бош душмани сифатида ҳам гавдаланмоқда.

                         

Айни пайт Алиссоннинг трансфери 80 млн. еврога баҳоланмоқда. Лекин «Ливерпуль» уни 100 «лимон»га ҳам сотмаслиги аниқ. Чунончи, бразилиялик «девор» шунга муносиб. Буни «бечора» Лионель Месси тўла тасдиқлаши мумкин. Умуман, бразилиялик кипер дарвозасига тўп киритиш нечоғли қийинлигини айнан не-не машҳурларни кўп бора «йиғлатган» аргентиналик даҳочадан сўраш керак. Ҳа, Лео уни «Камп Ноу»да икки бора ожиз қолдиришга муваффақ бўлган (ЧЛ-2018|2019 ярим финалини эсланг). Лекин якунда... Хуллас, ўша учрашувдан буён Мессининг ишлари юришмаяпти. Асосий факт шуки, икки футболчининг ўзаро рақобати Лео учун ҳеч қандай яхшилик олиб келган эмас. Дейлик, «Ливерпул»га қарши шармандали ўйиндан бир йилча олдин Римда мегаомадсизликка юз тутганди Месси «Барселона» билан. Аниқроғи, «Рома» 2018 йилнинг 10 апрель куни «Камп Ноу»да 1:4 ҳисобида «куйиб», кейин ўз майдонида «Барса»ни уятга қолдирди — 3:0. Шу тариқа римликлар ЧЛ ярим финалига йўл олишди. Доим гол уришни хоҳлайдиган Лео Месси иши юришмаган ўша баҳсда «Рома» дарвозасини айнан Алиссон қўриқлаганди. Яна бир йилдан кейин бразилиялик Лионелга катта алам уйғотган яна бир ўйинда иштирок этди. Бу сафар «Ливерпуль» сафида. «Қизиллар» илк ўйинда 0:3 ҳисобида ютқазиб, «Энфилд»да «Барселона» дарвозасига жавобсиз 4та гол йўллашди. Натижада биринчи учрашувда «дубл»га эришган Месси ЧЛда яна курашдан четга чиқди. Оддий айтганда, Алиссон ўз шериклари ёрдами билан қаторасига 2 марта Лео йўлидаги катта тўсиқ бўлиб гавдаланди.

  2019 йил 3 июль. «Копа Америка». Ярим финал. Месси бутун вақт давомида тинмади, вазиятлар яратди. Жумладан, ўзи 4 марта зарба йўллади, бироқ бу ҳаракатларидан маъно чиқмади. Негаки, Бразилия терма жамоаси дарвозасида Алиссон турганди. У барчасини бартараф этди, хусусан, Мессининг жарима нуқтасидан берган зарбасини ҳам. Ваҳоланки, Лео «стартарт»ни худди «Камп Ноу»да «Ливерпул»га қарши кечган биринчи ўйиндаги каби мукаммал ижро этганди. Лекин Алиссон бу сафар донгдор рақиб ҳаракатига тўғри баҳо бериб, тўпни хотиржам ушлаб олди.

    Умуман, Алиссон анчадан буён гол қўйиб юбормаяпти. Дейлик, Аргентина термасига қарши баҳс унинг учун миллий жамоа сафидаги қаторасига 6-қуруқ учрашув бўлди. Месси билан шахсий рақобатига келсак, 180+ дақиқадан буён аргентиналикка гол уриш имконини бергани йўқ. Нима, Лео «плей-офф» тизимига эга халқаро турнирларда ғалаба қозониш учун Алиссонни «Барселона» либосини кийишга кўндириши керакми?

Месси Аргентина термаси билан 9та турнирда муваффақиятсизликка учради. Шундан 4таси омадсиз финал билан хотима топди. Лео аслида ўз мамлакати жамоаси сафида 10та турнирда қатнашган, лекин улардан бири умумий ҳисобга кирмайди. Гап Пекин Олимпиадаси ҳақида кетмоқда. Ўшанда ёш Лео 2та гол урганча Серхио Агуэро, Хавьер Маскерано, Роман Рикельме, Анхель ди Мария ва Эзекьель Гарай қатори олимпия чемпионига айланган эди. Бу 21 ёшли футболчи учун самарали фаолиятининг бошланишидек кўрингани ҳам рост. Лео кейинчалик чиндан ҳам, жуда кўп соврин ютди, лекин фақат клуб миқёсида. Терма жамоасида эса нақ 4 марта 2-ўрин билан чекланди.

Лионель Месси Аргентина миллий жамоасида

ЖЧ-2006: 1|4 финал

(Германия  - 1:1, пен. - 2:4)

Америка кубоги-2007: финал (Бразилия - 0:3)

ЖЧ-2010: 1|4 финал

(Германия - 0:4)

Америка кубоги-2011: 1|4 финал (Уругвай - 1:1, пен. - 4:5)

ЖЧ-2014: финал (Германия - 0:1)

Америка кубоги-2015: финал (Чили - 0:0, пен. - 1:4)

Америка кубоги-2016: финал (Чили - 0:0, пен. - 2:4 )

ЖЧ-2018: 1|8 финал

(Франция - 3:4)

Америка кубоги-2019: 3-ўрин

 

Биласизми?

 

Лионель Месси «Копа Америка» турнирида мувафаққиятсизликка учрагач, уни фақат «клуб футболчиси» сифатида кўрадиганлар «ошиғи олчи» бўлди. Аслида ҳам шундай: Лионель клуб миқёсидаги фаолияти давомида жами76тажамоа дарвозасига йўл топган. Шундан 40таси Испанияники, қолган 36таси хорижий клубдир. Расмий ўйинлардаги жами голлари сони - 603та.

Лионель Мессидан гол қўйиб юборган клублар

36та - «Севилья»

29та - «Атлетико»

28та - «Валенсия»

26та - «Реал»

25та - «Эспаньол»

24та - «Атлетик»

23та - «Осасуна», «Бетис»

21та - «Леванте»

20та - «Депортиво»

19та - «Хетафе»

17та - «Райо Вальекано»

15та - «Вильярреал», «Реал Сосьедад», «Эйбар»

14та - «Сарагоса»

13та - «Альмерия», «Малага»

12та - «Мальорка», «Расинг»

11та - «Гранада»

10та - «Сельта»

9та - «Арсенал» (Англия)

8та - «Алавес», «Леганес», «Милан» (Италия), «Селтик» (Шотландия)

7та - «Байер» (Германия)

6та - «Аякс» (Голландия), «Кордоба», «Манчестер Сити» (Англия), «Спортинг» Х.

5та - «Вальядолид», «Лион» (Франция), «Тенерифе», «Эльче»

4та - «Бавария» (Германия), «Жирона», «Лас-Пальмас», «МЮ» (Англия), «Панатинаикос» (Греция), ПСВ (Голландия), «ПСЖ» (Франция), «Спартак» (Россия)

3та - АПОЭЛ (Кипр), «Виктория» Пл. (Чехия), «Копенгаген» (Дания), «Рекреативо», «Челси» (Англия), «Шахтёр» (Украина), «Штутгарт» (Германия)

2та - «Базель» (Швейцария), БАТЭ (Беларусь), «Динамо» К. (Украина), «Ливерпуль» (Англия), «Нумансия», «Рома» (Италия), «Сантос» (Бразилия), «Тоттенхэм» (Англия), «Уэска», «Химнастик», «Эркулес», «Ювентус» (Италия)

1та - «Альбасете», «Атланта» (Мексика), «Бенидорм», «Боруссия» М. (Германия), «Вердер» (Германия), «Глазго Рейнжерс» (Шотландия), «Леонеза», «Олимпиакос» (Греция), «Порту» (Португалия), «Ривер Плейт» (Аргентина), «Сеута», «Спортинг» (Португалия), «Эстудиантес» (Аргентина)

Уткир УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz