Қайднома

Қидирув

Техник маҳоратингни кўрсат ёхуд энг кўп "алдовчилар" ҳақида

Техник маҳоратингни кўрсат ёхуд энг кўп "алдовчилар" ҳақида

  14.07.2019 01:30
  0
  480
Техник маҳоратингни кўрсат ёхуд энг кўп

Газетамизда бунга қадар Европанинг кучли 5та чемпионатидаги энг зўр креатив футболчиларни яхлит фотожамланма воситасида эътироф этгандик. Навбат техник салоҳияти билан алоҳида ажралиб турган ўйинчиларга келди. Шубҳасиз, футбол бутун жамият тараққиётига ҳамоҳанг тарзда доимий эволюция жараёнидан бормоқда. Дейлик, авваллари футбол соф жамоавий ўйин саналган бўлса, охирги йилларда ёрқин индивидуал ҳаракатлар роли кескин ошди. Бу борада ҳам креатив футболчиларга нисбатан қўлланилган таърифни такрорлаш мумкин: «Жамоавий ҳаракатлар самара беравермаса, техник маҳорати баланд футболчининг индивидуаллиги қўл келади». Тўғри, бунинг учун ўйинчидан фақат техника эмас, балки тактик уқув ва тезлик ҳам талаб этилади. Ахир у йўлига пешвоз чиқадиган бир-икки рақибини алдаб ўтиши керак. Хўш, якунланган мавсум Европа футбол марказларида кимлар кўпроқ финт ишлатишди?

АНГЛИЯ - ПРЕМЬЕР-ЛИГА

 

3. Андрос ТАУНСЕНД («Кристал Пэлас») - 272 марта алдаб ўтиш

3 мавсумдан буён АПЛда «Пэлас» шарафини ҳимоя қилаётган 27 ёшли вингер айнан охиргисида индивидуал маҳоратини борича намойиш этди. Қолаверса, чемпионат-2016|2017да 3та, кейингисида 2тагина гол урган Андрос якунланган мавсум рақиблар дарвозасини 6 бора ишғол қилди. Асосийси, у техник томондан мукаммал ҳаракатлари билан  «Кристал Пэлас» ҳужумларига ранг-баранглик бағишлади. Эътиборлиси, Таунсенднинг алдаб ўтишга уринишларидан 78,3 фоизи муваффақиятли чиқди - анча юқори кўрсаткич.

2. Эден АЗАР («Челси») - 407 марта алдаб ўтиш

Бельгиялик ярим ҳимоячи «Челси»да нечоғли муҳим роль ўйнаганини яна такрорлаш шарт эмас. «Реал» сафига қўшилган футболчи гоҳида барчасини ўз зиммасига олди - алдаб ўтди, зарба йўллади, гол урди... «Кўклар» сафида ким тўпурар бўлди? Эден! Ким кўпроқ самарали узатма берди? Яна Эден! Азар буларга қўшича тарзда финт ишлатишда ҳам етакчилик қилди. Диққатга сазовор томони, «Челси» билан хайрлашган футболчи бу борадаги омадли уринишлари 79,6 фоизга тенглиги билан ҳам бемалол мақтаниши мумкин.

1. Вильфрид ЗАХА («Кристал Пэлас») - 464 марта алдаб ўтиш

Тезкор ивуарлик «Кристал Пэлас» ҳужумининг асосий қудрати сифатида гавдаланди. У финт ишлатишда ҳам анча тез ва ўткир (кескин) ҳаракатланади. Зеро, ажойиб техник қобилияти суръатни пасайтирмаган ҳолда рақибларни алдаб ўтишга имкон беради. Тан олайлик, АПЛдек кучли чемпионатда рақибларни алдаб ўтиш бобида етакчилик қилиш - катта натижа. Дарвоқе, Вильфрид финт ишлатган вазиятларнинг 72 фоизида ўз мақсадига эришди.

 

ИСПАНИЯ - ЛА-ЛИГА

3. Фабиан ОРЕЛЬЯНА («Эйбар») -  265 марта алдаб ўтиш

33 ёшли чилилик «Эйбар» сафига ўтган ёз 2 миллион евро эвазига қўшилди. Қарангки, бунгача «Валенсия»да тўп сурган фахрий футболчи бир уринишда «қуролсозлар»нинг ҳақиқий етакчиларидан бирига айланди. Дейлик, Фабиан 5та самарали узатмага муаллифлик қилиб, бу борада барча клубдошларидан яхшироқ кўрсаткич қайд этди. Жанубий америкалик фахрийнинг асосий устунлиги - бу айнан финтлар. Тўғри, унда алдаб ўтиш ҳаракатлари самараси анча паст - атиги 61,5 фоиз ҳолатда ишлатган финти омадли бўлди.

2. Софиан БУФАЛ («Сельта») - 337 марта алдаб ўтиш

Франция паспортига эга марокашлик «Балаидос»га 2018 йил ёзида «Саутгемптон»дан кўчиб ўтди (ижара келишуви асосида). Кейин маълум бўлдики, «Сельта» мўлжалда адашмабди - Софиан ностандарт қарорларию, алдамчи ҳаракатлари билан жамоа ўйинини яққол кучайтирди. Буфал ўз ҳисобига 3тадан гол ва самарали узатма ёзиб қў-йишдан ташқари, 337 марта финт ишлатиб, улардан 71,8 фоизида самара чиқаргани барчасини кўрсатиб турибди.

1. Лионель МЕССИ («Барселона») - 378 марта алдаб ўтиш

Афсуски, феноменал аргентиналик энди ёшармайди. Лекин у ҳамон жаҳон футболининг сара юлдузларидан эканлигини исботламоқда (Америка кубоги-2019даги иштироки бошқа масала). Ҳамма биладиган ҳақиқат - Лео гоҳида 3-4 нафар рақибини ўта енгиллик билан алдаб ўтиши мумкин. Месси техник салоҳиятини ишга солган пайт уни қандай тўхтатиш мумкин - буниси кўпчиликка номаълум. 378та уринишидан 75,7 фоизи омадли чиққани нимадан далолат? Албатта, Лионелнинг ҳамон бу борада яққол хавф эканлигидан-да.

 

ИТАЛИЯ - «А» СЕРИЯ

 

3. Йосип ИЛИЧИЧ («Аталанта») - 277 марта алдаб ўтиш

Яна бир фахрий футболчи. 31 ёшни уриб қўйган словениялик Бергамо клубидаги иккинчи мавсумида дебютдаги самарали ўйинини тасодифга йўйиб бўлмаслигини тўлиқ исботлади. Рақамларда айтсак, чемпионат-2017|2018да 11та гол ва 8та самарали узатмага муаллифлик қилган Иличич бу сафар ҳам «Гол + пас» тизими бўйича 19 очко тўплади (12та гол ва 7та самарали узатма). Бунга унинг серқирра техник захирасини қўшсак, «Аталанта» дарҳақиқат, ажойиб харидни амалга оширгани ойдинлашади. Умуман, Иличич 77,6 фоиз ҳолатда рақибларини алдаб ўтишга муваффақ бўлди.

2. СУСО («Милан») - 317 марта алдаб ўтиш

Креатив футболчилар ҳақида ёзилган мақолада айтилганидек, испаниялик Сусо «россонерлар»нинг танқидлардан холи саноқли футболчиларидан бири бўлди. Ахир у «А» серия доирасидаги 35та ўйинда 7та гол урди, яна 10тасига ҳаммуаллифлик қилди. Техник қудратига эса гап йўқ - рақибларни алдашга киришган аксарият вазиятларда уларга айтарли имконият қолдирмади. 80,1 фоиз омадли уриниш - шунчаки, супер!

1. Федерико КЬЕЗА («Фиорентина») -

340 марта алдаб ўтиш

Отаси изидан бораётган 21 ёшли Федерико Кьеза «Фиорентина»да шубҳасиз, етакчилар қаторига қўшилди. Қаранг, ёш вингер голлари ва самарали узатмалари сони (тегишлича 6та ва 3та) бўйича жамоада иккинчи яхши кўрсаткичга эришди. Техник иқтидор - Федериконинг майдондаги асосий «қурол»ларидан бири. Тўғри, унинг бу борадаги самарадорлиги нисбатан паст - 68,8 фоиз. Демак, вингер финт ишлатиш устида ҳали кўп тер тўкиши керак.

 

ГЕРМАНИЯ - БУНДЕСЛИГА

 

3. Кингсли КОМАН («Бавария») - 198 марта алдаб ўтиш

23 ёшли французнинг асосий устунликларидан бири - бу ноодатий техник салоҳият. Коман бунда барчасини ёрқин, чиройли ва динамик тарзда бажаришни хуш кўради. Унинг соддароқ ҳаракатланиши мумкин эмас - техникаси ўзгача ўйнашни тақозо этади. «Бавария»дек клубда алдамчи ҳаракатлар сони бўйича етакчилик қилгани ва 79,3 фоиз ҳолатда рақибларни доғда қолдиргани кўп нарсани англатади, барибир.

2. Торган АЗАР («Боруссия» М.) -  230 марта алдаб ўтиш

«Боруссия» М. жамоаси Торган Азар билан ва унингсиз мутлақо бошқа-бошқа жамоадек кўринди. Бельгиялик футболчи якунланган мавсум «Гол + пас» тизимида 20 очко тўплади (10та гол ва шунча самарали узатма) ва ҳар икки йўналиш бўйича жамоа етакчиси бўлди. Азар кўпинча ташаббусни ўз қўли (оёғи)га олишдан чўчимай, алдамчи ҳаракатлари билан ҳужум шиддатини оширди. Лекин унда самара бироз пастроқ - 68,7 фоиз.

1. Жейдон САНЧО («Боруссия» Д.) -  266 марта алдаб ўтиш

19 ёшли англиялик Дортмунд «Боруссия»сида чиндан ҳам, таҳсинга лойиқ даражада тўп сурди. Эҳ, агар клуб охирида бўшашмаганида ва чемпионликни яна «Бавария»га бериб қўймаганида, Санчо Германия Бундеслигаси бош қаҳрамонига айланармиди? Бироқ «сариқ-қоралар» якунда 1-ўринни Мюнхен клубига бўшатиб қўйишди, барибир. Санчога келсак, у 26та голда бевосита иштирок  этди (12та гол + 14та самарали узатма). Хуллас, АПЛга «сиғмаган» йигитча «Гол + пас» тизими бўйича «Боруссия» етакчиси бўлиш баробарида Бундеслига финтчилари хит-парадида ҳам яққол пешқадамлик қилди (Жейдоннинг 73,3 фоиз уриниши омадли чиқди).

 

ФРАНЦИЯ - ЛИГА 1

 

3. Макс ГРАДЕЛЬ («Тулуза») - 323 марта алдаб ўтиш

«Тулуза» ивуарлик тажрибали футболчини ўтган йил ёзда «Борнмут»дан қандайдир 2 миллион евро эвазига сотиб олганди. Градель бу харажатни тўлиқ оқлади - 36та ўйинда фаол ҳаракатланиб, 11та гол урди, 5 марта ассистентлик ролини бажарди. Асосийси, Макс алдаб ўтиш уринишлари сони бўйича Франция чемпионати элит лигасида 3-яхши кўрсаткичга эришди. У 67,8 фоиз ҳолатда барчасини тўғри бажарганини ҳам айтиш ўринли.

2. Юсуф АТАЛ («Ницца») - 333 марта алдаб ўтиш

Ниццаликлар якунланган мавсум старти арафасида жазоирлик Юсуф Атални атиги 3 миллион еврога харид қилишганди. Энди эса мутахассислар унинг трансферини 20 миллион еврога баҳолашмоқда. Ҳаммаси табиий - Атал ўта ёрқин ва самарали ўйинлари билан кўзга ташланди. Хусусан, 6та гол билан «Ницца»нинг мавсумдаги бош тўпурарига айланди. Юсуфнинг ўзига хос финтлари ва алдамчи ҳаракатлари ҳам маҳаллий мухлисларга ёқиб тушди. Фақат 21 ёшли йигитчада бу борадаги эффект бироз камроқ бўлди (61,3 фоиз).

1. Аллан СЕН-МАКСИМЕН («Ницца») - 467 марта алдаб ўтиш

Кичик жуссали Сен-Максимен ҳам «Ницца» кашфиётларидан биридир.  Бу йигитча кўпинча барча масъулиятни ўз зиммасига олиб, ўйин лаҳзаларини мустақил равишда ҳал этишга қодир. Серқирра Аллан ранг-баранг ҳаракатланиб, рақиб ҳимоячиларини енгилгина чув тушириш ҳадисини ўзлаштирган. Мисол учун, у алдамчи ҳаракатлар сони бўйича биргина Лига 1 эмас, балки таҳлил учун олинган 5та лига футболчилари орасида мутлақ пешқадамдир. Асосийси, Сен-Максименда эффект ҳам юқори - 75,8 фоиз уриниши муваффақиятли чиқди.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz