Қайднома

Қидирув

ОСИЁДАГИ ЎРНИМИЗ ёхуд клубларимиз охирги 5 йилда ОЧЛда кўрсатган каромат

ОСИЁДАГИ ЎРНИМИЗ ёхуд клубларимиз охирги 5 йилда ОЧЛда кўрсатган каромат

  16.07.2019 06:42
  0
  459
ОСИЁДАГИ ЎРНИМИЗ ёхуд клубларимиз охирги 5 йилда ОЧЛда кўрсатган каромат

Жамоаларимизнинг халқаро турнирлардаги иштирокини кузата туриб, футболимиз кундан-кунга бўғилиб бораётганини фаҳмлаб, ачиниб кетасан киши. Миллий жамоамизнинг анчадан буён мақтанса арзигулик натижага эришолмаётгани, клубларимизнинг Осиё Чемпионлар Лигасида ҳеч нарса қилолмаётгани ва бунинг оқибатида бизга тегадиган квота (ўрин)лар қисқариши эвазига бошқа мамлакатларга кўпроқ йўлланма насиб этаётгани... Очиғи, ОЧЛда қатнашаётган кам сонли жамоаларимизнинг кетма-кет муваффақиятсизликка учраётганига қарамай, «Бизда футбол ривожланяпти» қабилида хулоса чиқаришимиз барчасини четдан кузатиб, таҳлил қилаётган инсоннинг қаҳ-қаҳ отиб, кулишига сабаб бўлади. Афсуски, бу аламли ва аччиқ ҳақиқатдир. Ундан қочиб қутулишнинг иложи йўқ. Ҳаётда ҳамма бир хил фикрламайди. Табиийки, бизда ҳамон футбол ривожланаётгани хусусида баралла гапираётганлар бор. Шундай кишилар фикрига қарши ўлароқ, етакчи клубларимизнинг охирги йилларда халқаро майдонда қандай иштирок этганини бирров эслатиб ўтамиз. Шунингдек, натижаларни ОФК миқёсидаги рақибларимизники билан солиштириб кўриш ҳам зарар қилмайди. Охирги йилларда клубларимизнинг ОЧЛдаги мавқеи кескин пасайгани - айни ҳақиқат. Пасайиш даражасини билиш учун охирги 5 мавсумда гуруҳ босқичида неча очко тўплаганимизни ҳисоблаб чиқишимиз кифоя қилади.

ОЧЛ-2015. Турнирнинг гуруҳ босқичида 4та клубимиз иштирок этди. «Тиниб-тинчимас» квартет ёхуд тўртовлон раунд якунига қадар биргалашиб, 19 очко олди («Насаф» - 8та, «Пахтакор» - 6та, «Локоматив» - 4та, «Бунёдкор» - 1та). Тасаввур қилинг, Европада шу каби ҳолат Испания ёки Англия клублари билан содир бўлса, чинакам шармандалик ўлароқ қабул қилинади. Маълумот ўрнида айтиш керак, ўша мавсум мусобақада 2та клуб билан иштирок этган қатар футболи нақ 23 очко тўплаганди. Яъни «Лаҳвия» ва «Ал-Садд» жамоалари гуруҳ раундида 36 имконият (12та ўйин)дан шунча очко тўплаганди. Энди 1та жамоага тўғри келган ўртача очко миқдорига қаранг: Ўзбекистон - 4,7та, қатар - 11,5та. Изоҳ ортиқча...

ОЧЛ-2016. Турнирнинг асосий босқичига биздан яна ўша квартет йўл олди - охирги марта. Ҳар тугул бу сафар умумий натижа бироз яхшиланди - жами 28 очко («Локоматив» - 10та, «Пахтакор» - 10та, «Насаф» - 5та, «Бунёдкор» - 3та). Лекин ўртача кўрсаткич паст бўлди, барибир. Яъни 1та вакилимиз ҳисобига 7та очко тўғри келди. 6та ўйин учун жуда оз... Дейлик, мавсум-2016да Эрон футболи шарафини ҳимоя қилган 3та клуб биргаликда 29 очко тўплади. Ўртада яна каттагина тавофут...

ОЧЛ-2017. Клубларимиздан атиги 2таси гуруҳ босқичига қўшилди. Бироқ сон камайиши сифат ошишига олиб келгани йўқ. Ахир вакилларимиз 12та ўйинда бор-йўғи 8 очко олиш билан кифояланишди. Эътибор беринг, 36 имкониятдан, демакки, жамоаларимиз мавжуд очколардан 25 фоизини ҳам ўзлаштиролмаган. Ўша йили гуруҳ раундида қатар ҳам 2та клуб билан иштирок этган - «Лаҳвия» ва «Ал-Райян». Улар якунда биргаликда 21 очкога эга чиқишди. Назаримизда футболи бизникидан анча орқада турадиган Таиланд шарафини ҳимоя қилган «Муангтонг» клубининг бир ўзи икки вакилимиз билан тенг миқдорда очко тўплаганига нима дейсиз?

ОЧЛ-2018. Ўтган йили «Локомотив» 7, «Насаф» эса 10 очко тўплаб, гуруҳда қолиб кетганди. Ҳа, «аждарлар»­га бироз ачиниш мумкиндир. Ҳар ҳолда, улар мавжуд 18 очконинг ярмидан кўпроғини ўзлаштиришди. Бироқ амалдаги чемпион сифатида ўйнаган «Локо»нинг ўта паст натижаси ўртача кўрсаткич ҳаминқадар бўлиб қолишига олиб келди, барибир.

ОЧЛ-2019. Жорий мавсум «Пахтакор» яна Осиё Чемпионлар Лигасига қайтди. Жуда кучли таркиб билан. Шунга мувофиқ, «шерлар»дан кўп нарса кутдик, жамоага катта умид боғладик. Аммо ўта мураккаб гуруҳдан жой олган Шота Арвеладзе жамоасига озгина омад етишмади.  «Локомотив» эса нисбатан енгилроқ квартетда ўйнаган бўлсада, яна муваффақиятсизликка учради. Шу тариқа вакилларимиз биргаликда 15 очко олишди, холос («Пахтакор» - 8та, «Локоматив» - 7та). қисқаси, ўртача кўрсаткич пастлигича қолди.

Умумий манзара. Охирги 5 йилликда клубларимиз ОЧЛ гуруҳ босқичида жами 84та ўйин ўтказди. Жами очколар сони эса атиги 87та. 252 имкониятдан 87 очко. Хулоса ўзингиздан. Клубларимиз яна гол уриш ва ҳимоя­ланиш бобида ҳам оқсамоқда. Рақамларда айтсак, вакилларимиз 84та учрашувда жами 94та гол уриб, 122та қўйиб юборишди. Солиштириш учун, корейс клублари натижасига қараймиз: 360 имкониятлардан 188 очко. Хитой жамоаларининг ўртача кўрсаткичи ҳам чакки эмас - 342 имкониятдан 187 очко. Миллий жамоамизлари мундиал йўлланмаси йўлида асосий рақибларимизга айланадиган бошқа мамлакатлар вакиллари ҳам бу борада биздан сезиларли фарқ билан олдинлаб кетишди. Оддий ва аччиқ хулоса шундай бўлмоқдаки, футболимиз қитъадаги рақиблардан барча соҳаларда ортда қолмоқда. Гўёки, тобора ўртамиёналар қаторига тушиб боряпмиз. Миллий чемпионатимизда тўп сурадиган футболчиларнинг умумий трансфер қиймати Япония иккинчи дивизиони иштирокчилариникидан ҳам 2 баравар кам бўлиб қолган бир паллада Эктор Купердан ЖЧ йўлланмасини талаб қиляпмиз. У миллий жамоамиздан икки бош устун рақибларни қандай ортда қолдириши ҳақида эса жиддий ўйлаб кўрмаймиз.  Шундай вазиятда жаноб Куперни машҳур «Уддалаб бўлмас вазифа» фильмидаги бош қаҳрамонга қиёсласак хато бўлмайди. қачондир футболимиз жаҳон миқёсида энг олд ўринларга чиқишига ишонадиган соддадил мухлисларимиз эса шу паллагача имкони топилмаган вазифани жаноб Купер уддалаши ва чин қаҳрамонимизга айланишини орзу қилаверишади...

Фахриддин РЎЗИЕВ тайёрлади, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz