Қайднома

Қидирув

Шоҳруҳ Маҳмудҳожиев: «ПАХТАКОР» ДАН БОШҚАСИНИ ЎЙЛАМАЙМАН»

Шоҳруҳ Маҳмудҳожиев: «ПАХТАКОР» ДАН БОШҚАСИНИ ЎЙЛАМАЙМАН»

  18.07.2019 05:48
  0
  627
Шоҳруҳ Маҳмудҳожиев: «ПАХТАКОР» ДАН БОШҚАСИНИ ЎЙЛАМАЙМАН»

Жорий мавсум ўз олдига катта мақсадларни қўйган пойтахтнинг «Пахтакор» клуби гарчи Осиё Чемпионлар Лигасида муваффақиятсизликка учраган бўлсада, ички чемпионат ўйинларида ҳеч бир рақибига имкон қолдираётгани йўқ. Шота Арвеладзе жамоаси ҳам ўйин, ҳам натижа бобида Суперлиганинг энг яхши иштирокчиси бўлиб турибди. Диққатга сазовор жиҳати, грузиялик мутахассис ўйинларда тажрибали футболчилар қатори ёшларга ҳам ўзларини кўрсатиш имкониятини тақдим этмоқда. Мисол учун, асли Наманган вилояти Чуси туманидан бўлган 21 ёшли ҳужумчи Шоҳруҳ Маҳмудҳожиев 13-тур доирасида «қўқон-1912»га қарши кечган сафар ўйинида захирадан майдонга тушиб, «дубль» қайд этганча «шерлар» ғалабасини таъминлади. Асли чустлик иқтидорли йигит табиийки, чемпионатнинг иккинчи ярмини янада кучлироқ иштиёқ билан қарши олиши аниқ. Тўғри, унинг олдида оғир вазифа бор - ҳужумчилар ўртасидаги кучли рақобатга дош бериб, имкон қадар кўпроқ амалиётга эга бўлиши керак.

- Суҳбатни сиз учун ўта омадли кечган қўқондаги ўйин ҳақида бошласак. Сир бўлмаса, айтингчи, жамоа ҳисобда ортда қолаётган паллада мураббий захирадан майдонга туширар экан, айнан қандай кўрсатма берганди?

- Ҳа, ўйиннинг якуний қисми тобора яқинлашаётган, боз устига, жамоамиз мағлубиятга учраётганди. Шу боисми, барча футболчилар асабий руҳда эдилар. Учрашувнинг чамаси 75-дақиқаси Шота Юстинович мени ўз олдига чақирди ва майдонда ҳовлиқмасдан ҳаракатланишим, оддийроқ йўл тутиб, тўпни имкон қадар йўқотмаслигим зарурлигини алоҳида уқтирди. Чунки вақт оз эди, тўп йўқотилиши эса қимматли лаҳзаларга тушади. Арвеладзе шуни назарда тутиб, аввало, вақт қадрига етишим ва албатта, вазиятлардан максимал даражада фойдаланишимга интилишим кераклиги ҳақида кўрсатма берди.

- Шоҳруҳ, аслида катта майдонда илк бора кўриниш берганингиз йўқ. Яъни ашаддий мухлисларга танилиб улгургансиз.

- Ҳа, «Пахтакор» академиясида шуғуллана бошлаганимдан буён кўплаб нуфузли халқаро мусобақаларда иштирок этдим. Мисол учун, аввалига 2014 йили Таиландда ташкиллаштирилган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида қатнашдик. Кейин асосан ўша терма жамоа вакилларидан тузилган Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси таркибига қўшилдим. Шу тариқа Жасур Абдураимов бошқарган жамоа сафида 2016 йили Баҳрайн мезбонлик қилган U-19 тоифасидаги қитъа биринчилигида ўзимни кўрсатишга уриндим. Лекин маълумки, ёшлар ва катталар футболи ўртасида катта фарқ бор.

- Дарвоқе, Жасур Абдураимов ўша Осиё чемпионати олдидан футболчиларга матбуот вакиллари билан гаплашишни тақиқлаб қўйган экан. Нега?

- Ҳаммаси ўз-ўзидан тушунарли - мураббий муҳим мусобақага тайёргарлик жараёнида бошқа юмушларга чалғимаслигимизни истаган. Яъни у бор эътибор ва диққатимизни машғулотларга қаратишимизни талаб қилганди. Жасур ака муҳим паллада ёш футболчилар ҳеч нарсани ўйламай, хотиржам ишлашлари кераклигини яхшилаб тушунтирганди. қолаверса, чемпионатда ижобий натижага эришсак, журналистлар билан бемалол мулоқот қилишимизга ҳеч ким халақит бермаслигини ҳам таъкидлаганди.

- Лекин, натижа ўхшамаганди....

- Тушунарли, жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритолмаганимизни эслатяпсиз... Тўғри, олдимизга қўйилган вазифани уддасидан чиқмагандик, аммо мухлислар ҳам, мутахассислар ҳам иштирокимизга юқори баҳо беришган, айниқса, сифатли футбол намойиш этганимизни эътироф этишган. Чунончи, жамоамиз «ўлим» гуруҳидан жой олганди. Ҳар ҳолда, Австралия, Хитой, ва Тожикистон ёшлар термалари асло кучсиз рақиблар саналмасди. Дейлик, «яшил қитъа» вакиллари турнир ғолиблигига яққол даъвогарлардан бири сифатида қатнашгандилар. Муҳими, биз шундай кучли рақибларга қарши ўта ишончли ўйин кўрсатдик. Фақат чорак финал босқичида Эрон термасига қарши кечган баҳсда омад юз ўгирди. Эсласам, ҳалигача ўзимни қўярга жой тополмайман - форслар дарвозамиз томон 2 марта зарба йўллаб, 2та гол уришганди...

- Хориж клублари скаутлари айнан шундай турнирларда ёш иқтидорларни излашади. қизиқ, ўшанда кимдир сизга ҳам қизиқдими?

- Ҳа. Лекин бу борада гапиришдан маъно йўқ. Ахир ҳозир «Пахтакор» аъзосиман.

- Жорий йил Отабек Ғуломхўжаев мураббийлигидаги Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Осиё чемпионати-2020 саралаш босқичида иштирок этади. Сизнингча, ҳозирги ўсмирлар ва ёшлар халқаро майдондаги мавқеимизни тиклай олишадими?

- Тўғри таъкидладингиз, охирги йилларда ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари халқаро даражада анча суст ўйнади. Ҳозирги авлод йўқотилган мавқени тиклайдими? Очиғи, бунга дангал жавоб беролмайман. Билганим шуки, жамоаларимиз аввало, ўсмирлар ва ёшлар тоифасидаги чемпионатлар саралашидан муваффақиятли ўтиши лозим. Шунда финал раундига эътибор ошади, тайёргарлик режа асосида олиб борилади. Хуллас, ҳозир бор эътибор саралаш ўйинларига қаратилиши шарт.

- «Пахтакор» Ўзбекистон Лига кубоги илк турида «қўқон-1912»га йирик ҳисобда ютқазганига қарамай, яқинда 2-3-ўйинларда ғалабага эришиб, «плей-офф» босқичига чиқди. Тўғриси, жамоангиз ушбу янги турнирга беписанд қараётгандек кўринганди...

- Йўқ, биз ҳар бир учрашувга ўта жиддий ёндашамиз. «Пахтакор»дек клубга ўйинларни керакли ва кераксизга ажратиш ярашмайди. Биз футболчилардан талаб қилинадигани - хоҳ чемпионат, хоҳ кубок баҳслари бўлсин, барчасига бир хил қараш ва ғалабани кўзлаш. Лига кубоги доирасидаги илк учрашувда «қўқон-1912»га йирик ҳисобда ютқазганимизга келсак, биринчидан, жамоамиз етакчилари ўрни сезилганди. Иккинчидан эса, очиқ тан олиш керак, бизга ноқулай рақиб саналган қўқон жамоаси шу куни жуда кучли ўйин намойиш  этганди. Муҳими, биз ўша мағлубиятдан тўғри хулоса чиқарганимизни кейинги учрашувларда тўла исботладик.

- Бироз ноқулай савол: бордию, Маҳмудҳожиев агар «Пахтакор»да ортиқча бўлиб қолганида, ҳозир қайси жамоа шарафини ҳимоя қиларди?

- Очиғи, буни тасаввуримга ҳам сиғдиролмайман. Зеро, футбол йўналишидаги барча ҳаракат ва интилишларим «Пахтакор» билан боғлиқ. Болалигимдан шу жамоа вакилиман. Хуллас, бутун диққат-эътиборим шу жамоа сафида ўз ўрнимни топишга қаратилган. Яъни бошқа клублар ҳақида ҳаттоки, ўйламаяпман ҳам.

- Мактаб ва коллежда қандай ўқигансиз? Футбол машғулотлари таҳсилга халақит бермаганми?

- Ўқишимни отам жиддий назорат остига олгандилар. Мактабда ҳам, коллежда ҳам фақат аъло баҳога ўқиганимда отамнинг бу борадаги эътибори самараси бор, албатта. Барча фанларни вақтида яхши ўзлаштирганман. Шундай экан, футболга ўқишимга салбий таъсир қилган эмас.

- Интернет замонида яшаяпмиз. Айтингчи, кунига ижтимоий тармоқларга қанча вақт ажратасиз?

- Яхши савол. Ҳа, интернет олами мисли кўрилмаган даражада кенгаймоқда, кундан-кунга ривожланмоқда. Янги-янги русумли телефонлар, сайтлар ва ҳоказо. Энди саволингизга келсак, айримларга ўхшаб, телефон ёки ижтимоий тармоқлар асири эмасман. Тўғри, ҳамма қатори интернетдан фойдаланаман. Чунончи, хорижда таълим олаётган дўстларим бор. қолаверса, нафақат футбол, балки бутун дунёдаги янгиликлардан хабардор бўлиб туришнинг энг қулай воситаси - бу интернет. Лекин бунга кунига тахминан бир соатдан ортиқ вақт сарфласам керак. Умуман, энг кўп вақт машғулотларга кетади.

- Мухлислар ёки яқинларингизга айтар сўзингиз бўлса, марҳамат...

- Биринчи навбатда, меҳрибон ота-онамга миннатдорчилик билдираман. Зеро, шу даражага кўтарилишимда айниқса, отамнинг хизмати катта. Менга «Пахтакор» академиясида футбол алифбосидан дарс бериб, доимо маслаҳатларини аямаган илк устозим Линур Эркинович Еремеевга ҳам раҳмат. Шунингдек, чустлик дўст-қадрдонларимга алоҳида салом йўллайман. Биламан, мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида «Пахтакор»га алоҳида қайғурадиган мухлислар бор. Улардан жамоамизни ҳамиша астойдил қўллаб-қувватлашларини сўрайман. Зеро, «Пахтакор» фақат улар учун ўйнайди.

Абдулазиз ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz