Қайднома

Қидирув

Энг сердаромадлар: Спортдан 4 киши, 3 нафари футболдан...

Энг сердаромадлар: Спортдан 4 киши, 3 нафари футболдан...

  18.07.2019 00:26
  0
  443
Энг сердаромадлар: Спортдан 4 киши, 3 нафари футболдан...

Машҳур Forbes журнали жаҳоннинг энг сердаромад 100 нафар юлдузи рейтингини янгилади. Энг бадавлат одамларнинг кучли 10талигида спортчиларга ҳам жой топилди, албатта. Аниқроқ айтсак, дунё спортининг 4 нафар вакили рўйхатнинг илк бўғинида қайд этилди. Эътиборли томони, улардан 3 нафари - футболчи. Энг катта даромад эса кантри-хонанда Тейлор Свифтга тегишли. Унинг йиллик маоши 185 млн. долларга тенг (солиқ тўловларидан кейинги сумма). Кейинги ўринларда модель Кайли Женнер (170 млн. доллар) ва рэпер Канье Уэст (150 млн. доллар) бор.

4-ўрин: Лионель МЕССИ

(«Барселона»), 32 ёш

Даромад миқдори: 127 млн. доллар

«Барселона»нинг аргентиналик етакчиси энг бой футболчилар рўйхатини бошқаришда давом этмоқда. Унинг йиллик даромади 127 млн. долларни ташкил қилмоқда (солиқ тўловларидан олдин). Бу сумма ичида футболчининг клубдан оладиган маоши, турли бонуслар, реклама шартномалари улуши ва бошқа молиявий рағбатлар бор. Айниқса, Adidas билан тузилган йирик битимнинг ҳиссаси катта. Умуман, «Барселона»нинг ўзи Мессига 97,92 млн. доллар (86,9 млн. евро) тўламоқда. Шу суммага яна 10 млн. евро қўшиб, «Спартак» (Москва)нинг бутун таркибини сотиб олиш мумкин. Чунончи, transfermarkt.de портали маълумотлари бўйича айтсак, «қизил-оқлар»нинг барча футболчилари умумий трансфер баҳоси 96,25 млн. еврога тенг. Умуман, охирги икки йилда аргентиналик шоввознинг даромади кескин ошди. Қаранг, Лео соатига 14 минг доллардан кўп топяпти, чакки эмас-а...

6-ўрин: Криштиану РОНАЛДУ («Ювентус»), 34 ёш

Даромад миқдори: 109 млн. доллар

Криштиану олдинги Криштиану эмас. Йўқ, футбол бобида чекинмаяпти. Яъни майдонда ҳамон энг яхшилардан бири эканлигини амалда исботламоқда. Бироқ португалиялик юлдуз охирги йилларда моддият томонидан бироз орқага кетди. Оддий айтганда, унинг учун Forbes талқинида энг сердаромад футболчи сифатида юрган даврлар ортда қолди. Тўғри, у ҳамон катта маошга эга, турли йирик брендлар билан тузган реклама шартномалари ҳам қаергадир ғойиб бўлгани йўқ. Аксинча, Криштиану ҳаттоки, бир неча йил олдингига нисбатан кўпроқ топмоқда. Лекин факт шуки, у бу сафар бойлар рейтингида атиги 6-ўринни эгаллади. Роналду жумладан, Billboard Music Awards талқинидаги 2018 йилнинг энг яхши артисти - хонанда Эд Ширанни олдинга ўтказиб юборди. Қандайдир 6 ой ичида 3та сингл яратишга улгурган малласоч англияликнинг ўтган йилги даромади 110 млн. долларни ташкил этди. Қисқаси, у атиги 1 «лимон» эвазига Роналдудан ўзиб кетди. Нима дердик, Криштиану атиги олтинчи...

7-ўрин: НЕЙМАР («ПСЖ»), 27 ёш

Даромад миқдори: 105 млн. доллар

Жароҳатлар, «Барселона»га қайтиш бўйича «Санта-Барбара»дек узун сериал ва бошқа «спектакл»лар Неймарнинг топиш-тутутишага асло таъсир кўрсатаётгани йўқ. Бразилиялик юлдуз 2018 йил давомида ўз ҳисобини 105 млн. доллар (солиқ тўловларидан олдинги сумма) билан тўлдирди. Парижнинг серҳиммат клуби «шиша» мисоли ҳужумчига бир ҳафталик меҳнати учун 636 860 доллар (565 минг евро) тўламоқда. Яна қўшимча бонуслар ҳам бор. Бунга реклама шартномалари ва Instagram тармоғидаги изоҳлар улушини қўшинг. Ҳа, Неймар оммабоп ижтимоий тармоқ орқали ҳам бинойидек пул топяпти. Le Figaro нашри маълумотларига кўра, бразилияликнинг Instagramдаги ҳар бир чиқиши баҳоси деярли 518 минг доллар (459 минг евро)га тенг. Хуллас, Неймар шу тариқа афсонавий гуруҳ The Eagles (100 млн. доллар) ва америкалик телебошловчи ва руҳшунос Фил Макгроу (95 млн. доллар)дан олдинга ўтиб олди.

10-ўрин: Сауль «Канело» АЛЬВАРЕС (боксчи), 28 ёш

Даромад миқдори: 94 млн. доллар

Мексикалик боксчи июнь ойида жаҳоннинг энг кўп ҳақ оладиган спортчилари рўйхатининг кучли бешлигига кирди. WBC, WBA ва IBF йўналишидаги жаҳон чемпиони даромади миқдорини 94 млн. долларга етказиб, спортнинг яккакураш турлари бўйича ҳамкасблари Энтони Жошуа, Деонтей Уайлдер ва  Конор Макгрегордан ўзиб кетди. «Канело» хусусан, 2018 йилнинг октябрида стриминг хизмати - DAZN билан тарихдаги энг йирик шартномани расмийлаштирди - суммаси 365 млн. доллардан кўп. Ўз ичига 11та жангни олган келишув 2023 йилгача мўлжалланган. Дарвоқе, Forbesнинг кейинги рейтингидаёқ Альварес янада юқорилаши мумкин. Негаки, DAZN билан тузилган шартнома бандларига кўра, агар «Канело» жангларига қизиқувчи пуллик обуначилар сони режалаштирилганидан кўпайган тақдирда тўлов миқдори оширилади.

 

Швейцариялик теннисчи Рожер Федерернинг кучли 10таликка киришига озгина етишмади. 11-қатордан жой олган Рожернинг даромади Альваресникидан атиги 600 минг евро кам бўлиб чиқди. 37 ёшли теннис юлдузи йил давомида 93,4 млн. доллар топди. 14 ва 16-ўринларни тегишлича Америка футболи вакиллари - Расселл Уилсон (89,5 млн. доллар) ва Аарон Рожерс (89,3 млн. доллар) банд этишди. «Лос-Анжелес Лейкерс» баскетболчиси Леброн Жеймс 89 млн. доллар билан 17-ўринни эгаллади.

Уткир УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz