Қайднома

Қидирув

Арьен Роббен : «Бавария»га ўтиш-фаолиятимдаги энг тўғри қарор»

Арьен Роббен : «Бавария»га ўтиш-фаолиятимдаги энг тўғри қарор»

  19.07.2019 01:56
  0
  208
Арьен Роббен : «Бавария»га ўтиш-фаолиятимдаги  энг тўғри қарор»

Сўнгги йилларни «Бавария»да муваффақиятли ўтказган голландия­лик Арьен Роббен фаолиятини якунлади. Бунгача ПСВ, «Челси» ва «Реал» каби клубларда тўп сурган футболчида Алекс Фергюсон бошчилигидаги «Манчестер Юнайтед»да ҳам ўйнаш имконияти бўлган. қуйидаги суҳбатда у келишув нимага амалга ошмагани ҳақида сўзлаб берди.

- 2004 йили ПСВдан «Манчестер Юнайтед»га ўтишга яқин келгандингиз. Ўшанда Алекс Фергюсон сизга нима деганди ва нега «МЮ»га ўтмагансиз?

- У билан Манчестерда бирга ов-қатланиб, суҳбат қурганмиз. Футбол ва ҳаёт ҳақида гаплашганмиз. Шунинг­дек, жамоанинг машғулотлар майдонига ҳам борганман. Ҳаммаси ажойиб эди. Аммо ПСВга қайтганимдан сўнг ҳеч нима юз бермади. Улар ҳеч қандай реал таклиф билан чиқишмаган ва келишув амалга ошмаган.

- Ўшанда ПСВ «Челси» билан ҳам музокара олиб борганди. Балки лондонликлар кўпроқ пул таклиф қилишгандир?

- Нима бўлганини билмайман. «Челси» билан музокара олиб бордим ва уларнинг режалари менга ёқди. Бир марта учрашганмиз ва ҳаммаси тезда рўй берган. Агар «МЮ» ўша учрашувимиздан кейиноқ таклиф билан чиққанида, ушбу жамоа сафига ўтган бўлардим. Лекин бундай бўлмади ва афсусланмайман.

- 2004 йили «Челси» сиз учун 12 миллион фунт стерлинг тўлаганди. Ўшанда 20 ёшда эдингиз. Жозе Моуриньо қўл остида ўйнашдан қандай таассуротлар олгансиз?

- Жозе ҳақиқатан ҳам талабчан ва қаттиққўл бўлган. Лекин бу омил менинг ривожланишим учун қўл келган, деб ҳисоблайман. Мен худди талабадек эдим. Умуман олганда, Моуриньонинг қўл остида кўп ўйин ўтказганман. У чиндан ҳам яхши менежер. Жозе ўзимга бўлган ишончимнинг ортишига ёрдам берган. У билан ишлаган давримиздан яхши хотиралар қолган.

- Жароҳат олганингиздан сўнг «Челси»даги дастлабки ойларингиз қанчалик оғир кечган?

- Жуда қийналганман. Формамни тиклаб олиш мураккаб бўлган. Аммо қайтганимда фантастик ҳолатда эдим ва «Челси»да яхши старт олганман. Ўзимнинг дастлабки учта ўйинимда биз 1:0 ҳисобида ғалаба қозонганмиз ва мен иккита гол урганман. Англияда керакли бўлган сифатлар - тезлик ва куч менда мужассам эди.

- Англия чемпионатига тезда мослашиб кетишингизнинг сири нимада?

- Англияга илк марта борганимда, соғайиб кетишни хоҳлаганман. Жароҳат туфайли жисмоний ҳолатимни юқори чўққига олиб чиққанман. Бунинг учун бир неча ой тер тўкканман. Натижада АПЛда ўзимни кўрсатиш учун имкон туғилган.

- 2005 йили «Блэкберн»га қарши учрашувда сизга нисбатан қўполликлар жуда кўп бўлганди. Бу фаолиятингиздаги энг қийин ўйинми? Испания ёки Германияда ҳам шундай қилишадими?

- Ўша ўйинни эслайман. Лекин мени 90 дақиқа давомида тепишган бошқа учрашув ҳам бор. Натижада оғир жароҳат олганман. Англиядаги ҳар бир баҳс тезкор. Сиз бунга нафқат жисмонан, балки руҳан ҳам тайёр бўлишингиз керак. Боз устига, ўзингизни жароҳатлардан ҳимоя қилиш учун ақлли бўлишингиз ҳам талаб этилади.

- Моуриньо «Челси»да кўп жароҳат олганингизни айтиб, танқид қилганди. Унинг бу гаплари сизни ранжитганми?

- Тўғрисини айтсам, бу ерда ҳеч қандай танқид йўқ. Агар футболчи жароҳат олса, мураббий ундан фойдалана олмаса, уни тушуниш керак. Жароҳат мураббийдан кўра футболчи учун оғир. Жозе ғалабага чанқоқ мураббий ва у ўз қўл остида кучли ўйинчилар бўлишини истайди.

- Англияда Жон Терричалик ҳеч ким сизга кўп нарса ўргатмаганини айтгандингиз. У сизга қандай тавсия­лар берган?

- У мен билан бирга ўйнаган буюк сардорлардан бири. Унинг майдондаги хатти-ҳаракатлари барчамиз учун ўрнак эди.

- Нима учун 2007 йили «Челси»дан «Реал»га ўтгансиз? Бу қийин қарор бўлганми?

- «Челси»даги тизим бироз ўзгарган бўлсада, бундай қарорга келишим қийин бўлган. Жамоадаги дастлабки икки мавсумимда вингерлар билан ўйнаганмиз. Кейин Жозе бош­қача тактика қўллай бошлади. Ўшанда ҳужумда ҳам ўйнашим мумкин эди. Лекин Андрей Шевченко ва Дидье Дрогбалар асосий бўлишган. Ўша пайтда «Реал»дан таклиф олдим ва «йўқ» дея олмадим.

- Мадридда мухлислар билан муносабатингиз қандай бўлган?

- Улар билан ҳамиша яхши муносабатда бўлганман. Мадриддаги дастлабки мавсумимда чемпион бўлганмиз ва «Барселона»ни 4:1 ҳисобида мағлуб этганмиз. Иккинчи мавсумимда эса фаолиятимдаги энг яхши футболни намойиш қилганман. Айнан ўшанда ўнг қанотда ўйнай бошлаганман.

- Гарчи мавсумни яхши ўтказган бўлсангизда, 2009 йили «Бавария»­га ўтиб кетгансиз. Бунинг сабаби нимада эди?

- Ғалати вақтлар бўлган. Мавсумолди йиғинларда ажойиб ҳаракат қилганман. Лекин «Реал» Криштиану Роналду, Хаби Алонсо, Карима Бензема ва Какаларнинг трансфери учун катта пул сарфлаганди. Раҳбарият менга, Уэсли Снейдер ва Клаас-Ян Хунтелаарга ўзимизга бошқа жамоа топишимизни айтди. Улар пулларнинг бир қисмини қайтариш учун футболчиларни сотишларини таъкидлашди. Жамоа бош мураббийи Мануэль Пеллегрини билан муаммоларим бўлмаган. У жамоада қолишимни истаганди. Аммо клуб президенти Флорентино Перес якуний қарорга келиб бўлганди. қийин бўлсада кетишга мажбур эдим. Натижада «Бавария» билан шартнома имзоладим. Бу эса фаолия­тимдаги энг тўғри қарор бўлганди.

Абдулаҳад ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz