Қайднома

Қидирув

Янги қирол учун ёки «ОЛТИН ТЎП»ГА КИМ ҲАҚЛИ?

Янги қирол учун ёки «ОЛТИН ТЎП»ГА КИМ ҲАҚЛИ?

  19.07.2019 03:08
  0
  223
Янги қирол учун ёки «ОЛТИН ТЎП»ГА КИМ ҲАҚЛИ?

Лионель Месси етакчилигидаги аргентиналиклар «Копа Америка»да яна чемпион бўлолмадилар, Муҳаммад Салоҳ эса Миср термаси билан Африка Миллатлар кубогида омадсизликка юз тутди. Хуллас, «Олтин тўп»га яққол даъвогар икки футболчининг муваффақиятсизлиги катта саволни яна ўртага олиб чиқди: «Хўш, жаҳон миқёсидаги асосий индивидуал соврин бу сафар кимга насиб этади?»

Эсласангиз, газетамизнинг 13 июнь куни нашрдан чиққан 47(1670)-сонида «Янги қирол» сарлавҳаси остида мақола берилган ва унда асосан «Олтин тўп» ҳақида мулоҳаза юритгандим. Ўша мақоладан озгина иқтибос келтираман: «Тасаввур қиляпман, Америка кубогида Аргентина термаси финалга чиқса ва Месси қаҳрамонга айланса-ю, Африка кубогида мисрликлар ҳал қилувчи ўйингача етиб боришса ва Салоҳ қаҳрамон бўлса, «Олтин тўп» «шорт-варақи»да шу икки футболчи аниқ жой олади». Мана, икки мусобақани ҳам кузатдик, чемпионлик биз тилга олган терма жамоалар ва уларнинг етакчиларига насиб этгани йўқ. Салоҳ бошчилигидаги Миср термаси ҳаттоки, ярим финалга ҳам чиқолмаган бўлса, Месси ва унинг жамоадошлари финал йўлида тўхташди. Қолаверса, 3-ўрин учун кечган баҳсда «ўзга сайёралик» футболчи сал қолса, чин антиқаҳрамонга айланиб қоларди. Ҳар ҳолда, Лео 37-дақиқада қизил карточка олди. Фактлар ўз-ўзидан юзага чиқаверадими ёки биз уларни қидириб топамизми, билмадик, лекин бугуннинг ҳақиқати шу - Месси жорий йил 2та йирик турнирда ярим финалдан нарига ўтолмади. 

Америка кубогида Бразилия термаси чемпион бўлди, лекин унинг таркибида Неймар йўқ! Виржиль ван Дейк «Ливерпуль» билан ЧЛ ғолибига айландию, бу ишни Европа Миллатлар лигасида такрорлай олмади. Европанинг янги мусобақасида «Ювентус» билан фақат Италия чемпионатида зафар қучган Криштиану Роналду португаллар етакчиси мақомида ғалаба нашидасини сурди. Хўш, Лука Модрич «Олтин тўп» ютганидан кейин кўпчилик айтган номзодлардан қайси бири зўр ўйин кўрсатди? Улар орасида бир футболчи мукаммал ўйини билан кўзга ташланди - Алиссон. ЕЧЛ ғолиби, АПЛнинг энг яхши дарвозабони ва Америка кубоги чемпиони. Бразилия термаси голкипери бутун турнир давомида бор-йўғи 1та гол қўйиб юборди, шуни ҳам пенальтидан. Вақтида «Олтин тўп» даъвогарлари рўйхатига дарвозабонлардан Мануэль Нойер киритилган, лекин якунда сов­рин унга берилмаганди. Хуллас, ҳозирги ҳолатда Алиссон «Олтин тўп»га реал даъвогардек кўринмоқда. Нима, амплуасига қараб ўтиришадими, Лев Яшиндан кейинги иккинчи лауреат киперга айланса, ёмонми?!

Месси ёки Роналду катта эҳтимолки, иккинчи рақамли номзод бўлади. Ҳар иккиси арзийди. Месси ўз клубида даҳшатли ўйин кўрсатди, чиндан ҳам. Лео майдонга тушмаган баҳсларда «Барса» қандай қийналганини бир эсланг. Криш эса «Юве»да тўпурарлик қилди, терма жамоаси билан Европа Миллатлар лигаси ғолибига айланди. У жумладан, Швейцария термасига қарши кечган ярим финал баҳсида «хет-трик»ка эришди. Хуллас, иккинчи рақамли номзодга ярашадиган натижалар...

Учинчи номзод - Килиан Мбаппе. Эҳтимол, бу кўпчиликнинг хоҳишидир. Ҳа, йигитча Франция термасида ҳеч нарсага эришмагандир, қолаверса, «ПСЖ» билан фақат чемпионат олтин медалини ютди. Лекин 20 ёшида Францияда мавсумнинг энг яхши футболчи сифатида тан олингани оғир тош босади, барибир. Кимдир эътироз билдириши мумкин: «Мбаппе мухлиси бўлганинг учун ҳам уни даъвогарлар учлигига киритяпсан». Йўқ! Мбаппенинг шахсий мухлиси эмасман, шунчаки, бошқа мақсад йўлида унинг «Олтин тўп» соҳиби бўлишини истамоқдаман. Яна ўша «Янги қирол» мақоласидан бошқа иқтибос: «Ўтган йили мундиал арафасида Хайрулла Ҳамидовнинг «Шедевр» кўрсатувида эфирга узатилган Италия ҳақида берилган лавҳада бир гап эътиборимни тортди: «Италия 60 йил олдин мундиалга бормаганида, дунё футбол қиролини кашф қилганди. Хуллас, яна кутинг, ХХI асрнинг қироли чиқиб қолар». Хуллас, Пеледан кейин футболда яна қирол пайдо бўлишини истайман. Месси ва Роналдуни эса қирол эмас, «ўзга сайёралик» сифатида эслаганимиз маъқул. Улар чиндан ҳам, Ер сайёраси фуқароларига ўхшамайдилар, демак, қиролни бош­қалар қаторидан қидириш керак. Хуллас, ўша гап: футболда янги қирол чиқиши учун ҳам «Олтин тўп»ни франциялик ёш ҳужумчига бериш керак, бошқа нарса учун эмас! Саломат бўлинг!

Оғабек САМИСОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Сиз Эктор Купер миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 (Қатар)га олиб бора олишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz