Қайднома

Қидирув

Ақлдан озиш ҳеч гап эмас...

Ақлдан озиш ҳеч гап эмас...

  19.07.2019 05:17
  0
  514
Ақлдан озиш ҳеч гап эмас...

Хитой клуби Гарет Бэйлга ҳафтасига миллион евродан кўпроқ маош бермоқчи. Ҳа, осмонўпар мамлакат жамоаларидан бири уэльслик юлдузни ақлни шошириб қўядиган даражадаги мегашартнома воситасида ўз томонига оғдирмоқчи. Йилига 62,4 миллион фунт стерлингга тенг маош! Тўғриси, бунга ишониш ҳам қийин. Гарет Бэйл ўтган мавсум «Реал»да энг даҳшатли (яхши маънода эмас) даврини бошдан кечирди. Аслида Криштиану Роналду клубдан кетгач, айнан 29 ёшли уэльслик қимматбаҳо юлдуз бош ролга чиқиши керак эди. Бироқ у амалда бутун чемпионат давомида 8тагина гол урди, холос. Гарет фақат мавсум-2016|2017да бундан пастроқ кўрсаткич қайд этган. Лекин ўшанда жароҳатлар туфайли чамаси ярим йил майдонга тушолмаганди. Ҳозир эса британиялик футболчида ҳаммаси жойида - саломатлигида муаммо йўқ. Қолаверса, банк­даги ҳисоб рақамига пул «оқиб» тушмоқда. Ҳар ҳолда, The Guardian нашри маълумотларига кўра, Бэйл «Реал»да ҳафтасига 600 минг фунт стерлинг миқдорида маош олади. Натижаларга қарасак, футболчи шунча иш ҳақини сира оқлолмаяпти. Шунинг учун бўлса керак, «Қироллик клуби» ундан қутулиш ниятида. Қолаверса, мадридликлар Бэйл ўрнига Эден Азарни сотиб олишга улгуришди.

Бироқ муаммо шундаки, Европада уэльсликка бу қадар катта маош тўлашга қодир клублар кўп эмас. Қодир жамоалар эса Бэйл хизматига эҳтиёж сезаётгани йўқ. Асосийси, охирги ҳафтада тарқалган хабарларга қараганда, Бэйлга потенциал мижоз чиқмоқда. Хуллас, Испания матбуоти маълумотларига ишонсак, Хитой клубларидан бири жиддий харидор сифатида гавдаланмоқда. Дақиқасига 119 фунт - бунга нима дейсиз? El Chiringuito телеканалида таъкидланишича, номи сир тутилаётган Хитой клуби Бэйлнинг ҳозирги маошини 2 ҳисса оширишга тайёр. Европада тезда барчасини ҳисоблаб ҳам чиқишди: агар хабар рост бўлса ва уэльслик ҳужумкор футболчи таклифга кўнса, унда Осиёда йилига 62,4 миллион фунт миқдорида маош олади. Бу ҳафтасига 1,2 миллион фунтдан ва дақиқасига 119 фунтдан тўғри келади.

Ҳар қандай футболчи бундай таклифни орзу қилса керак. Лекин масаланинг иккинчи томони ҳам бор - «Реал» Бэйлнинг Осиёга қўйиб юбормоқчи эмас. Негаки, хитойликлар Бэйл трансферини текинга қўлга киритмоқчилар. Гап шундаки, осмонўпар юртда футболчилар харидига нисбатан икки ҳисса солиқ жорий этилган. Шунингдек, маҳаллий клублар хориждан футболчи сотиб олса, давлат ғазнасига шу трансфер суммасига тенг миқдорда маблағ тўкиши шарт. Шу нуқтаи назардан қараганда, хитойликлар футболчилар трансферига имкон қадар пул тўламасликка ҳаракат қилишади. Лекин потенциал харидор фойдасига ишлайдиган жиҳатлар ҳам бор. Дейлик, «Реал» Бэйл билан хайрлашса, клубнинг маош тўлови анча енгиллашади. Уэльслик футболчи ва «Қироллик клуби» ўртасидаги шартнома 2022 йилнинг июнига қадар мўлжалланганини ҳисобга олсак, мадридликлар чамаси 100 миллион евро иқтисод қилишлари мумкин. Ҳар ҳолда, Бэйл яқин 3 йилда шунча иш ҳақи олиши керак.

Яна бир масала - футболчининг еврофутболдан юз ўгириб, Хитойга йўл олиши тўғрими? Бэйл шу ҳафта 30 ёшга тўлади - футболда кучга тўлиш ва нафақа ўртасидаги чегара. Лекин уэльс­лик юлдуз пенсияга яқинроқ. Ҳар ҳолда, саломатликка боғлиқ сурункали муаммолар унга 40 ёшига қадар ўйнаш имкониятини бермаса керак. Ҳа, у Мадридда яхшигина маошга эга, аммо Азарга ўринбосар бўлиши эҳтимоли баланд. Боз устига, таркибда Винисиус Жуниор, Марко Асенсио, Лукас Васкес, Браим Диас ва яна бир дебютант Родриго борки, бу йигитларнинг ҳар бири Бэйлга реал рақобат тақдим этишга қодир. Бу вақтда футболчининг шахсий агенти Жонатан Барнетт матбуотда ўзини жуда ғалати тутмоқда. Мисол учун, ESPN журналистлари Бэйлнинг «Бавария»га ўтиши эҳтимоли юзасидан қўнғироқ қилишганида, агент бу маълумотни кўча гапига йўйди. Sky томонидан Бэйлнинг ижара келишуви асосида бошқа жамоага ўтиши ҳақида берилган саволга эса, у қўпол оҳангда жавоб берди: «Бундан кўра, менинг Аскота қироллик пойгасида ғалаба қозонишим осонроқ. Ижара келишуви бўлмайди». Қисқаси, агент Бэйл «Реал»дан ҳеч қаерга кетмаслигини қатъий оҳангда таъкидлаб, музокара жараёнидан бош тортмоқда.

Ҳа, британиялик футболчи Хитойга йўл олган тақдирда роса зерикиши тайин. Лекин у шунинг баробарида бутун бир лига «юз»ига айланиб, фақат ўз оиласи эмас, келажак авлодини ҳам моддий томондан тўлиқ таъминлайди. «Реал» раҳбарияти ўз навбатида, обдон ўйлаб кўриши керак: Бэйлни олиб қолиш манфаатлими ёки у билан хайрлашиш? Мадридликлар яна молиявий «Фэйр-плей» қоидаси қопқонига тушиш хавфи борлигини ҳам унутмасликлари лозим. Зеро, катта маош оладиган, аммо доимий жароҳатлар таъқиби остида юрадиган футболчи гоҳида қўшимча муаммолар яратиши турган гап. Ушбу дилеммани ечиш - клуб президенти Флорентино Переснинг бугунги асосий вазифаларидан бири.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz