Қайднома

Қидирув

Ҳаёт завқини сур, «Шрек» ёхуд УЭЙН РУНИ ҚАНДАЙ ЯШАМОҚДА?

Ҳаёт завқини сур, «Шрек» ёхуд УЭЙН РУНИ ҚАНДАЙ ЯШАМОҚДА?

  19.07.2019 09:14
  0
  496
Ҳаёт завқини сур, «Шрек» ёхуд  УЭЙН РУНИ ҚАНДАЙ ЯШАМОҚДА?

Оддий ва қисқа айтганда, жуда зўр! Дейлик, ҳозирда 30 миллион евро эвазига ўзи учун бункер (фавқулодда вазиятларда ҳимояланишга мўлжалланган махсус иншоот)га эга уй қурдирмоқда. Англия футболида шуҳрат қозонган ҳужумчининг океан ортига йўл олганига бир йил бўлди. Кўринишидан, «шрек» лақаби билан танилган инглиз шу вақт оралиғида янги мамлакат ва муҳитга яхшигина мослашиб олди. Ҳар ҳолда, у шахсий ҳаётида айтарли муаммо сезаётганини йўқ, ўйинлар ва машғулотлардан бўшаган пайт сира зерикмаяпти. Англияда ҳам деярли шундай эди. Демак, бугун «Юлдузлар ҳаётидан» рукни остида Уэйн Рунининг футболдан ташқаридаги турмушига назар соламиз (манба - championat.com).

 

Уй

Англия терма жамоаси собиқ ҳужумчиси АҚШга кўчиб кетар экан, Буюк Британия ҳудудидаги кўчмас мулкларидан ҳеч бирини сотгани йўқ. У ҳалигача имконият туғилиши билан ватанига талпинади. Зеро, яқинларининг айтишларича, Уэйн Чешир графлигида жойлашган шахсий кошонасида ўзини жуда яхши ҳис қилади. 2 йилча олдин ушбу қаср мисоли уйга ўғри тушганди. Ўшанда полиция жиноятчиларни тезда ҳибсга олган бўлсада, ноўрин кўнгилсизлик Рунилар оиласига қаттиқ таъсир қилди. «Барчаси жангари фильм лавҳасига ўхшаб кетди. Полициячилар гўёки, осмондан тушишди ва бир зумда бутун атрофни ўраб олишди. Итлар, полиция машиналари, сиреналар садоси, осмонда гир айлана бошлаган вертолёт...», - дея воқеа тафсилотини баён этишганди қўшнилар.

Ҳозирда Рунилар оиласи учун янги турар-жой қад кўтармоқда. Бунисининг 4 томонига баланд девор солинади. Лекин уй таркибига кирувчи алоҳида бир иншоот борки, баланд девор унинг олдида «ҳолва», холос. Айтишларича, Руни кошона ичида бункер бўлишини хоҳламоқда. Буюртмага асосан кузатув камералари маркази ҳам айни шу фавқулодда ҳолатлар учун мўлжалланадиган хонага жойлаштирилади. Хуллас, бу ерда бутун уй ҳудудида нима бўлаётгани мунтазам назорат қилиб борилади. Лойиҳа қиймати чамаси 30 млн. еврога тенг эканлиги таъкидланмоқда.

Ҳозирча фахрий футболчи кўп вақтини Вашингтонда ўтказмоқда. Эътиборли томони, Уэйн у ерда машҳур сиёсатчи Барак Обама оиласи билан қўшни. Шунингдек, Иванка Трамп ҳам шу атрофда истиқомат қилади. Айтиш жоиз, Руни учун ажратилган турар-жойда асло камчилиги йўқ. Уйнинг умумий кўриниши ҳам кўзни қамаштиради.

 

Автомобиллар

Энди Рунига тегишли темир «тойчоқ»лар ҳақида. Футболчи АҚШда асосан қандай уловларда сайрга чиқаётгани хусусида етарли маълумот йўқ, лекин у АПЛдаги фаолияти давомида улкан автопарк яратганди. Британия телеканаллари ҳаттоки, футболчига тегишли автоколлекция ҳақида алоҳида кўрсатувлар тайёрлаган. Тўғриси, бундай гаражга ҳар қандай миллионер ёки миллиардер ҳам енгил ҳасад билан қараши мумкин. Зеро, Уэйн «МЮ»да катта маош олишига яраша фақат элит автомобиллар харид қилган.

 

Бокс, баскетбол, Овечкин

Кўпчилик билади, АҚШда футбол биринчи рақамли спорт тури ҳисобланмайди. Уэйн ҳам шуни инобатга оляпти, шекилли, мунтазам  равишда турли спорт тадбирларида кўриниш бермоқда, хусусан, бокс, баскетбол ва хоккей ўйинларига асло бефарқ қарамаяпти. Айниқча, боксга меҳри баланд. Чунончи, Уэйн болалигидан шу спорт турини ёқтиради, маълум вақт қўлига чарм қўлқоп олиб, жиддий шуғулланган ҳам. Бироқ бўлажак футболчи 15 ёшида боксни бир четга суришга мажбур бўлган. Чунки «Эвертон» раҳбарияти бу қизиқишига қатъий қарши чиқиб, қўшимча машғулотларга қатнашини тақиқлаб қўйган. Хоккейда эса у россиялик Александр Овечкин мухлисига айланди. Умуман, Руни янги истиқомат жойига ҳурмат нуқтаи назари билан маҳаллий клубларни баралла қўллаб-қувватламоқда. Ҳаттоки, улар Британия жамоаларига тўқнаш келишганида ҳам. Руни яна тунги клубларнинг доимий мижози. Ҳа, у кўнгилхушлики ўрнига қўймаса, туролмайди.

 

Хайрия ишлари

Уэйн Руни гарчи мулоҳазали йигитга ўхшамасада, хайрия ишларига мойил ва имкон борича болаларга ёрдам қўлини чўзади. Дейлик, «Эвертон»да ўйнаган вақти Родества байрами арафасида Болалар ўйига ўз ҳисобидан чамаси миллион евро (!) ажратганди. Шунингдек, «Манчестер Юнайтед» ва «Эвертон» клублари ўртасида айнан ўзи ташкиллаштирган ўйиндан тушган маблағни борича болалар шифохонасига йўналтирганди. Аниқроқ айтсак, хайрия суммаси тахминан 1,5 млн. еврога етганди. Эҳтимол, турмуш ўртоғи - Колин Маклафлиннинг 14 ёшли синглиси Рози наслий хасталик туфайли ҳаётдан кўз юмгани Уэйнга ўзгача таъсир қилгандир... Ҳар ҳолда, у шу воқеадан кейин бемор болаларга кўмаклашишни одат тусига айлантирди. Асосийси, Руни океан ортида ҳам хайрли ишларга қўл урмоқда. Дейлик, инглиз футболчиси ўтган йили Англия миллий жамоаси билан хайрлашув ўйини ташкиллаштирди ва тушумнинг маълум қисмини ўзи таъсис этган жамғарма фаолиятига йўналтирди. Айтганча, Уэйн фақат болаларни қўллаб-қувватлаш билан чекланаётгани йўқ. Хусусан, ирқчиликка қарши кураш ҳаракатларини ҳам фаол тарғиб этмоқда. У бу муаммога ҳамиша ўткир муносабат билдиради.

 

Уэйн Руни - катта оила бошлиғи. Америкалик мухлисларни чиройли голлари билан қувонтираётган фахрий ҳужумчи ва Колин 4 нафар ўғил фарзандни тарбиялашмоқда. Ҳа, вақтида Рунилар оиласи бузилиш ёқасига ҳам келганди. Лекин Колин ҳаётидаги энг ёқимсиз лаҳзаларда ҳам оилани сақлаб қолишга куч топа олди. Дарвоқе, яқинда ушбу жуфтликнинг никоҳдан ўтганига 11 йил тўлди. Шу жойда битта ажойиб намуна: Уэйн ҳам, Колин ҳам ҳар қандай тушунарсиз ҳолат (жанжал юзага келса)да  ўғилчаларини қўлларидан тутиб, хиёбон томон йўлга тушишади - музқаймоқ ейиш учун. Бу жанжалдан қочишнинг ўзига хос усули, тўғрими?

С.РАҲМОНОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz