Қайднома

Қидирув

Аввалги «Нефтчи» қайтармикан?

Аввалги «Нефтчи» қайтармикан?

  20.07.2019 01:49
  0
  474
Аввалги «Нефтчи» қайтармикан?

Ўзбекистонда ўзига хос буюк тарихга эга уч клуб ҳақида гап борса, шубҳасиз, «Нефтчи» ҳам тилга олинади. Чунки бу жамоа узоқ йиллар мобайнида «Навбаҳор» билан биргаликда водий футболининг юзи ҳисобланган. 1992-1996 йилларда кетма-кет чемпионлик нашидасини сурган «Нефтчи»га нисбатан кўпчиликнинг ҳурмати ошди. Терма жамоаларимизга Андрей Фёдоров, Сергей Лебедев, Александр Тихонов, Степан Атоян каби иқтидорларни тарбиялаб берди. Жамоанинг ўша пайтдаги ютуқлари термамизга ҳам ижобий таъсир кўрсатаётганди. Мана шундай клубни бугун муаммолар қийнамоқда. Таассуфки, бир вақтлари нафақат мамлакатимиз, балки Осиёда ҳам ўз ўрнига эга бўлган жамоа бугун Про-лигада ҳам кўнгилдагидек натижа қайд этолмаяпти.

 

Юрий Саркисян - ўзбек Фергюсони. Ҳа, бу мутахассис шундай номга лойиқ, зеро у Фарғона жамоасига оз эмас, кўп эмас, нақ 27 йил устозлик қилди. Бу жуда катта муддат. Тан олиш лозим, Саркисян даврида вилоят футболига бўлган эътибор кучли эди. Малакали мураббий турли қийинчиликлардан жамоани шараф билан олиб чиққан. Уни яқиндан таниганлар яхши билишади - ҳеч қачон катта пуллар эвазига футболчи сотиб олмаган. Юрий Вазгенович кўпинча чекка ҳудудлардан иқтидорларни топиб, уларни тарбиялашга интиларди. Бу, албатта, ўз мевасини бермай қолмасди. Мураббий тартиб-интизомни хуш кўрувчилардан. Тўғри-да, қўл остингизда қанча маҳоратли футболчилар йиғилмасин, тартиб бўлмаса бефойда.

Афсуски, Саркисяннинг «Нефтчи»даги узоқ муддатли фаолияти, қилган ишлари инобатга олинмади ва у 2013 йилнинг иккинчи ярмида жамоадан кетди. Ҳа, ўта хунук тарзда истеъфога чиқарилди. Европа давлатларида аксарият ҳолларда бундай инсонлар тантанали равишда - минглаб мухлислар иштирокида олқишлар билан кузатилади. Саркисян учун эса оддий бўлсада бир тадбир ҳам ташкил қилинмади. Балки Юрий Вазгеновични ортга қайтариш иложсиздир?! Лекин уни Фарғонага таклиф қилиб, дўстлик алоқаларини тиклашга нима халал беряпти? Балки шундан сўнг бари изига тушар?!

Саркисян «Нефтчи»дан кетгач, ўша мавсумни клуб Амет Мемет бошчилигида ниҳоясига етказиб қўйди. 2014 йили эса жамоага Мурод Исмоилов бош мураббий этиб тайинланди. Таркиб буткул янгиланди. Исмоилов учун дастлабки йил оғир кечди. Аммо кейинги мавсумда «Нефтчи» натижа кўрсата олди - 5-ўрин. Бу Саркисян кетганидан кейин қайд этилган энг яхши кўрсаткич бўлиб турибди. Иккинчи даврада жамоанинг собиқ футболчилари - Андрей Фёдоров ва Сергей Лебедев клуб тизимида иш бошлашди, замонавий «Истиқлол» стадиони фойдаланишга топширилди, пойтахт жамоалари мағлуб этилди. Гарчи мавсум кўнгилдагидек якунланган бўлсада, Мурод Музаффарович Қўқонга йўл олди ва бор масъулият Андрей Фёдоров зиммасига юкланди. Вазифа - жамоа аввалги ўрнидан пастга тушиб кетмаслиги керак.

Бироқ Фёдоров илк мураббийлик йилида кучли ўнликдан жой эгаллади. «Нефтчи» ўша мавсум тараддудини Туркияда ўтказди. Дмитрий Комаровский, Сергей Концевой, Трентий Луцевич каби легионерлар билан шартнома имзоланди. Аммо ушбу футболчилар кутилган ўйинни кўрсата олишмади. Боз устига, жамоа биринчи давра охирига келиб сўнгги ўринга «шўнғиди». Қисқаси, Фёдоровга тажриба етишмади. Тоқати тоқ бўлган раҳбарият мураббийлик постига тажрибали мутахассис Вадим Абрамовни тайинлади. Мухлисларда умид уйғонди. Боиси, Абрамовнинг аввал қандай ютуқларга эришгани барчага маълум эди. Аммо Вадим Карленович ҳам ҳар қанча тажрибали бўлмасин, жамоани жарликдан қутқара олмади.

Умуман олганда, муваффақиятсизликлар замирида бошқа омиллар ётарди. Йилдан-йилга «Нефтчи»га эътибор сўниб бораётганди. Мавсум-2017 якунида сўнгги ўринни эгаллаган жамоага 2018 йилни элитада ўтказиш имконияти тақдим этилди. «Нефтчи» йилни яна катта умидлар, улкан мақсадлар билан бошлади, юқори ўринлар кўзланди. Жамоа мавсумни Сергей Ковшов устозлигида бошлаганди, лекин ушбу мутахассис кутилмаганда клубни тарк этди. Айримлар унинг тегишли лицензияси йўқлигини бунга сабаб сифатида кўрсатишди. Натижада бўшаб қолган жойни Баҳром Ҳайдаров эгаллади. Унинг бошчилигида «Нефтчи» ўйини бироз ўзгаргандек бўлди, бироқ вазиятни ўнглашга кеч бўлганди ва Фарғона клуби расман қуйи лигага йўл олди.

Тан олиш лозим, элитадаги сўнгги икки мавсум мобайнида жамоа асосан машҳур номларга ишонч билдирди. Маҳаллий иқтидорларга эса эътибор пасайди. Ваҳоланки, аввалроқ Достон Турсунов ҳамда Мурод Бобожонов каби истеъдодли футболчилар кашф этилганди.

Ўз вақтида «Нефтчи» тизимида тарбия топган ўйинчилар бугун бош-қа клублар етакчилари ҳисобланишади. Сардор Мирзаев, Ислом Тўхтахўжаев, Муҳсин Убайдуллаев шулар жумласидан. Шуниси аниқки, авваллари исталган ёш тоифасидаги термаларда «Нефтчи» тарбияланувчиларини кўрардик. Энди эса...

«Нефтчи»нинг бугунги муваффақиятсизлиги ўзбек футболи учун жуда катта йўқотишдир. Бинобарин, аксарият мухлислар фарғоналикларнинг пойтахт жамоаларига қарши кечган кескин тўқнашувлари, айниқса, «Пахтакор» билан ўтган муросасиз баҳсларни ҳамон қўмсашмоқда. Чунки ўша учрашувлар футболимизга жозиба бахш этарди.

Тўғри, ўтмишда қайд этилган натижаларни эслаш билан ҳеч нарса ўзгариб қолмайди, бироқ янги тарих ёзиш имконсиз иш эмас-ку. Шунчаки, ишга тўғри ёндашиш, футболга, хусусан, клуб фаолиятига бўлган эътиборни ўзгартириш керак. Агар аввал йўл қўйилган хатолардан тўғри хулоса чиқариб, муаммолар ўз вақтида бартараф этилса, элитада яна аввалги кучли ва барқарор «Нефтчи»нинг ўйинларидан баҳра олишимизга шубҳа йўқ.

Абдулазиз ИСКАНДАРОВ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz