Қайднома

Қидирув

Сергей Смородин: «Ўзбек клубларидан таклиф кутяпман»

Сергей Смородин: «Ўзбек клубларидан таклиф кутяпман»

  20.07.2019 03:53
  0
  754
Сергей Смородин: «Ўзбек клубларидан таклиф кутяпман»

Айни кунларда Отабек Ғуломхўжаев бошчилигидаги Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси пойтахтимизда Осиё чемпионати саралаш баҳсларига тайёргарлик кўрмоқда. Сўнгги йилларда бу ёшдаги термамизнинг халқаро майдондаги нуфузи тушиб бораётгани айни ҳақиқат. Вазиятни ўнглаш эса навбатдаги авлоднинг бош вазифаси ҳисобланади. Бугунги суҳбатдошимиз - 2011-2012 йилларда ёшлар термаси дарвозабони бўлган, Украинанинг «Черноморец» клубида тажриба орттириб келган посбон Сергей Смородиндир. Яқинда маҳоратли кипер билан боғланиб, интервью олдик. У суҳбат давомида Украина чемпионатидан олган таассуротлари билан ҳам ўртоқлашди.

 

- Сергей, дастлаб Украинадаги фаолиятингиз ҳақида гапирсангиз. Келишув қай тарзда амалга ошди?

- Турмуш ўртоғим ҳамроҳлигида Киевда ҳордиқ чиқараётгандим. У вақтда «Нефтчи» билан янги шартнома бўйича келишувим бор эди. Ўшанда Украина клуби ҳақидаги янгиликлар билан танишдим, жамоани икки муҳим дарвозабон тарк этган экан. Шунинг учун мени кўрикка таклиф қилишди. Одессада мураббий ва раҳбарият билан учрашдим. Туркия йиғини доирасидаги ўртоқлик баҳсларида кўрсатган ўйиним уларга маъқул келди, менда потенциал борлигини алоҳида таъкидлашди. Футбол ҳамма жойда кундан-кунга ривожланиб, ўзгариб бормоқда. Мисол учун, Ўзбекистон чемпионатининг даражаси бошқача эди, ўйин тезлиги, футболчиларнинг тезкор фикр юритиши... Украинада ҳам шундай. Ҳозир «Черноморец» билан шартномам якунланди - ўзбек клубларидан чорлов кутяпман.

- «Черноморец» савия ва даража жиҳатидан Ўзбекистоннинг қайси жамоаси билан беллаша олади?

- Фикримча, «Локомотив» шундай жамоа саналса керак. «Черноморец» яхшигина базага эга, клуб инфратузилмаси бўйича етакчи ўринларда туради. Энг асосийси, Ўзбекистонда кам учрайдиган витамин таъминоти тўғри йўлга қўйилган. Хуллас, бари футбол ривожи йўлида хизмат қилади.

- Турли ёшдаги терма жамоаларимизда тўп сургансиз, лекин биринчи рақамли дарвозабон бўлмадингиз...

- Муҳими, Ватан жамоасининг бир қисми бўла олдим. Бундай имконият ҳаммага ҳам берилавермайди.

- Нима учундир ёшлар юқори натижалардан ҳаволаниб кетишади. Ўйин ҳам, спорт формаси ҳам йилдан-йилга йўқолиб бораверади... Бунга сабаб нима?

- Эҳтимол, мусобақалардан кейин улар кучли руҳий таъсирга эга бўлиб қолишар?! Ўйинларга жиддий тайёргарлик кўришади, жон-жаҳдлари билан тўп суришади, ғалаба қозонишса, ҳаволаниб кетишади, муваффақиятсизликка учрашса, тезда тушкунликка тушиб қолишади. Бу борада мувозанат йўқ. Ҳаммаси мураббийнинг маҳорати ҳамда футболчининг характерига боғлиқ. Қийин вазиятларда таслим бўлмасангиз, ҳаммаси жойида бўлади. Шу ўринда, мен билан бирга ўйнаган дўстим Сардор Собирхўжаевни алоҳида эътироф этмоқчиман. У бошидан нималарни ўтказмади, қанча жамоаларда ўйнамади, дейсиз. «Обод», «Сўғдиёна», «Шўртан»... Ўтган йили «Бунёдкор»да етакчилик қилди, бу мавсум «Пахтакор»да ўйнаяпти. Унинг мураккаб вазиятларда тушкунликка тушмай, қийин ҳолатлардан сабот билан чиқиб кетгани руҳан кучли эканлигидан даракдир.

- Ўзбекистонда болалар футболининг энг оғриқли нуқтасини айта оласизми?

- Ҳеч ким камчиликлардан холи эмас, ҳар қандай муаммонинг олдини олиш мумкин. Болалар учун мусобақаларни кўпайтириш керак, клубларга болалар билан ишлайдиган психологларни жалб этиш лозим.

- Украинада ўзбек футболи афсонаси Максим Шацких билан кўришиб, маслаҳатлар олдингизми?

- Макс билан «Динамо Киев»га қарши кечган баҳсларда бир неча бор кўришдим. У ҳозир Александр Ҳацкевичнинг бош ассистенти, жуда самимий инсон. Охирги марта кўришганда, бир-биримизга омад тиладик.

- Украинада футболчиларнинг кун тартибига жиддий эътибор қаратилиши ҳақиқат эканми?

- Албатта, бу ердаги ўқув жараёни менда илиқ таассурот қолдирди. Шифокорлар ҳар бир футболчини тўлиқ назорат қилиб борадилар. Кун тартиби қатъий белгиланган: машғулотлар соат 17:00да бошланади, биз эса уч соат аввал базага етиб борамиз. Вазнимизни ўлчашади, тиббий кўрикдан ўтамиз. Сўнг қаҳва ва шарбат, мевали коктейллар тақдим этилади. Бу машғулотлардан олдин ўзига хос қувват беради. Назарий машқлар махсус жойда олиб борилади, унда рақиб жамоа ҳақида маълумот берилади, унинг кучли ва кучсиз томонлари ўрганилади. Асосий машғулотлар олдидан 30 дақиқа гимнастика, акробатикадан сабоқ оламиз. Футболда йиқилиш, ҳаводаги курашлар кўп бўлади. Якунда кийиниш хонасида витаминлар, оқсиллар билан озиқланамиз, сарф-ланган энергияни тиклаш учун, албатта. Агар ортиқча вазн тўпласангиз, жаримага тортиласиз. Умуман олганда, машғулотлар жараёнида кўпроқ ўзингизни кўрсатишингиз талаб этилади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz