Қайднома

Қидирув

УЧ МАВЗУДА ҚАНДАЙ УМУМИЙЛИК БОР

УЧ МАВЗУДА ҚАНДАЙ УМУМИЙЛИК БОР

  20.07.2019 14:52
  0
  429
УЧ МАВЗУДА  ҚАНДАЙ УМУМИЙЛИК БОР

 Ҳар уч мавзу юзасидан ўзингизга яраша мулоҳазаларингиз борлигига ишончимиз комил. Бироқ қайси омил бу уч мавзуни бир-бирига боғлаб туради? Долзарблик!

Ҳа, ўлманг! Ҳар уч мавзу жуда долзарб. Буни инкор этмаймиз асло. Тилагимиз шуки, бу ва бошқа муҳим мавзулар эскириб, архивларда қолиб кетмасин.

қуръа - шунчаки расмиятчилик

Миллий терма жамоамизнинг ЖЧ-2022 навбатдаги саралаш босқичидаги рақиблари муҳокамаси бугун ҳам кун мавзуси, десак асло хато бўлмайди. Рақиблар эса ўша-ўша, яъни Ойдан тушган эмас - барчага маълум терма жамоалар. Фарқи шуки, бу сафар Сурия ёки Ливан терма жамоалари билан бир гуруҳдан жой олмаслигимиз аввалдан аниқ бўлди. қачондир бу икки терма жамоа билан бир гуруҳдан жой олишни омад сифатида баҳолардик. Энди эса вазият ўзгарди. Ҳозир «Шу терма жамоалар билан бир гуруҳда ўйнамаганимиз ҳам яхши!» - дейдиган мухлислар топилади орамизда. Чунки вакилларимиз айнан шу терма жамоалардан аввалги саралаш босқичларида максимал 6 очко тортиб олишолмаган. Шундай экан, терма жамоамиз учун энди қайси рақиб билан бир гуруҳдан жой олиш муҳим ҳисобланмайди. Майли, терма жамоалар рейтинг асосида гуруҳларга ажратилиб, бир-бирларининг имкониятларини чамалайверишсин. Бизнинг терма жамоамиз учун қуръа - шунчаки расмиятчилик. Шу пайтгача терма жамоаларни кучли ва кучсизга ажратиб, имкониятларимизни роса ҳисоб-китоб қилдик. «Ютади!» - деган ўйинда терма жамоамиз ют-қазганини ёки «Барибир, ютқазади!» - дейилган учрашувда ютиб қўйганини кўрдик.

Демак, терма жамоамиз шу вақтга қадар саралаш босқичларида бир маромда тўп сурмаган, тўп суролмаган. Эктор Купер жамоасида ҳам шундай ҳолат кўзга ташланмоқда. Осиё кубоги-2019 ва кейинги ўртоқлик учрашувларида қайд этилган натижалар фикримиз далилидир.

Умид қиламизки, терма жамоамиз наинки 5-саватча, балки 1-саватча вакилини ҳам ҳар икки ўйинда мағлуб этиб, ўзида ғолиблик маромини шакл­лантиради.

 

Трансфер миқдорини белгилаш ихтиёрийми?

Остон Ўруновнинг 40 минг доллар нари-берисида трансфер қилиниши, очиғи, бизни таажжублантирди. Мухлисларнинг кўнгли тўлмаганича бор: келажаги порлоқ ёш истеъдод соҳибининг трансфер миқдори жуда-жуда паст баҳоланган. Гап бошқа футболчи эмас, балки айнан Остон Ўрунов ҳақида бораётгани учун ҳам шундай мулоҳаза юритмоқдамиз. Трансфер оламида истеъдоднинг даражаси ва ёшнинг нисбатан кичиклиги бирламчи омил ҳисобланишини назарда тутсак, Остон Ўрунов бой-бадавлат «Локомотив»га арзон-гаров сотиб юборилибди.

Хўш, миллий терма жамоага номзод футболчининг трансфер миқдори нега шу қадар паст белгиланди? Бундан қандай мақсад-муддао кўзда тутилган? Нима сабабдан ёш футболчининг нархини паст баҳолаб, унинг қадрини ерга уряпмиз ёки бу ерда бошқа гап борми?

«Локомотив» Остон Ўрунов трансферини бир миллионга сотиб олиб, Марказий Осиё минтақасида шов-шув уйғотиши керак эмасми? Футболимиздаги ёш «юлдуз»ларни ўзимиз шу тахлит тарғибот қилмасак, биров четдан келиб жон куйдирармиди... Ўйлаймизки, мазкур трансфер жараёнини тайёрлаганлар: «343 миллион сўм озми?» - дея ўзларини оқлашга уринишмайди. Ҳа, оз! Жуда оз! Ва шунинг учун ҳам мухлисларда шубҳа уйғотиши табиий.

 

Мухлисларда мамнунлик

ЎФА янги раҳбариятини мухлислар мамнуният билан олқишлашди ва бу жараён ҳамон давом этмоқда.

Бунга биз ажойиб футбол мухлиси ғуломжон ака Ҳамидовнинг «Голлар гулдуроси» номли янги китобига материаллар тўплаш асносида шахсан гувоҳ бўлдик. «Футболимизда энди коррупция бўлмайди!» - дея ғуломжон ака сафдош мухлислар билан мулоҳаза алмашди. Шундай шукуҳ билан таниқли собиқ футболчилар - Жаъфар Ирисметов, Илҳом Шарипов, Собир Ҳодиевларнинг кўнг­лини кўтарди. Ҳатто ҳамон футбол ўйнаб, бироз жароҳатланган Собир Ҳодиев билан «Тинмас экансиз-да...» - дея ҳазиллашиб қўйди. Доимгидек хушфеъл Дмитрий Адисман эса ҳали ҳаммаси яхши бўлишини айтиб, фахрий мухлиснинг елкасидан қучди...

Бу каби хуш кайфиятнинг сабаби ЎФА янги раҳбариятига юксак ишонч­дан, албатта.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz