Қайднома

Қидирув

Винисиус Жуниор: «Хатолар – менинг ёшимдагилар учун табиий ҳол»

Винисиус Жуниор: «Хатолар – менинг ёшимдагилар учун табиий ҳол»

  21.07.2019 01:15
  0
  308
Винисиус Жуниор: «Хатолар – менинг ёшимдагилар учун табиий ҳол»

Бразилиялик ёш ҳужумчи Винисиус Жуниор O Globo газетасига берган интервьюсида Испаниядаги дастлабки мавсуми, мураббийлар алмашуви ҳамда Карим Бензема билан дўстона муносабатлари ҳақида гапирди.

- Кўпчилик сизнинг қандай қарор чиқаришингиз ҳақида гапиришади - пас ёки дриблинг? Буни ўзига хос чақирув сифатида қабул қиласизми?

- Ҳа, изланишда давом этяпман: ҳар бир машғулотдан кейин Зидан билан ҳужумларни якунлаш бўйича ишлаймиз. Жамоадошларим ҳам бу борада менга кўплаб маслаҳатлар беришади.

- Камроқ алдаб, кўпроқ пас бериш ҳақидаги тавсияларга қулоқ тутасизми?

- Мураббий менга кўпроқ эркинлик бермоқда. Эндиликда қачон дриблинг ишлатиш, қачон тўпни шерикка узатиш кераклигини яхши биламан. Баъзан хатоларга йўл қўяман, аммо менинг ёшимда бу табиий ҳол.

- Бир мавсумда уч нафар мураббий (Лопетеги, Солари ва Зидан) қўл остида ишлаш сизга қандай таъсир кўрсатди?

- Бу каби тез-тез ўзгаришларнинг амалга оширилиши яхши эмас, аммо менинг ёшимдаги футболчилар учун бу ўзига хос «плюс», зеро ҳар бир мутахассисдан нимадир ўрганяпман.

- Жамоада инқироз кузатилмоқда, Ла Лига ва Чемпионлар Лигаси ғолиблиги учун курашдан жуда эрта чиқиб кетди. Мазкур ҳолат сизнинг ўйинингизга қандайдир таъсир кўрсатдими? Балки эркин тўп суришингизга замин яратгандир?

- «Фламенго»дан келганимда ҳар доим ўйнашни, жамоага ёрдам беришни хоҳлаганман. Ўша паллада «Реал» олдинги чизиқда ўйнайдиган, дриблинглар ишлатадиган футболчига эҳтиёж сезаётганди. Натижаларга эришишда қийналмадим, чунки клубдагилар менга ишонч билдиришди.

- Илк бор кийиниш хонасига кириб, шунча юлдузларни кўрганингизда қандай ҳиссиётларни бошдан кечирдингиз?

- Катта таассурот олдим, лекин мен келганимда у ерда футболчилар кўп эмасди - аксарияти Россияда ўтган мундиалда қатнашаётганди: Бэйл ва Бензема билан учрашдим, улар мени илиқ қарши олишди. Муаммо шундаки, ёнимда Каземиро ва Марсело йўқ эди, бироз қийналдим, чунки испан тилини тушунмасдим.

- Ўша паллада ким сизга кўпроқ ёрдам қўлини чўзди?

- Карим: илк кунларданоқ менга маслаҳат берди, унинг ёнидан жилмасдим. Бензема ҳар доим атрофидагилар ҳақида қайғуради, менга кўмаклашиш учун ҳам ҳар нарсага тайёр эди. «Атлетико» билан ўйинда ўзимни кўрсатолмадим, тўпни олдириб қўйганимдан кейин дарвозамиз ишғол қилинди. Карим ўшанда ўзига хос тарзда тасалли берди: беш дақиқа ўз ҳудудимдан жилмаслигимни, ўзимга келиб олгачгина ўйинга қўшилишим лозимлигини уқтирди.

- Юлдузлар қуршовида тўп суриш сиз учун осон бўлмагандир?

- Йўқ, клубдагиларнинг аксарияти, мисол учун, Марсело ва Каземиро хотиржам бўлишимда ёрдамлашишди, фақат ўйин ҳақида ўйлашга ундашди. Худди шундай ҳам қилдим ва ишим қовуша бошлади.

- «Бразилияда бўш ҳудудлар кўп бўлгани учун футбол ўйнаш осон» қабилидаги фикрларга қўшиласизми?

- Барчаси ўйинга боғлиқ. Ўйлашимча, Испанияда Бразилиядагига нисбатан ҳудуд кўпроқ: Бразилияда рақиб эркин бурилиб олишингга йўл қўймайди, Испанияда эса кўп нарса тактика ҳисобига қурилади, футболчилар мураббийнинг кўрсатмаларига амал қилишади. Бироқ агар жамоанг тўп билан яхши муомала қилса, сен тез-тез рақиб билан юзма-юз қоласан. «Реал» ва «Барселона» ўртасидаги учрашувларда бўш ҳудудлар кўп бўлади, ўйинчилар турлича бўлгани сабабли турфа хил голлар урилади. Шунинг учун ҳам бу «Класико» - бутун дунё кузатади уни.

- Эден Азар «Реал»га ўтди, сизни энди ўнг қанотга ўтказишлари мумкин. Бу жиддий муаммоми?

- Ҳаммаси Зиданга боғлиқ. Бироз қийналаман, аммо бу муаммо эмас.

- Йил бошида «Барселона»га қарши кетма-кет ўйин ўтказдингиз. Рақиб ўша учрашувларда турлича тўп сургандек туюлмадими сизга?

- Жамоага эндигина келганимда мени ҳеч ким танимасди. Испанияда рақибларни яхши ўрганиш йўлга қўйилган: «Барселона»га қарши уч марта майдонга тушдим, учинчисида улар услубни бироз ўзгартиришди.

- Қандай қилиб? Сизнинг латераль ортидан чиқиб келишингизга чек қўйишдими?

- Улар ҳудудларни қисқартиришди, аммо якунда ўша ҳудуд барибир топилди, шу боис ҳар икки жамоа тўп учун курашди. Тўп йўқотилганда эса, одатда, бўш ҳудудлар юзага келади.

Ж.Бобохонов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz