Қайднома

Қидирув

Мартин Каллен: «Питер 4та ўйинни қабул қилади»

Мартин Каллен: «Питер 4та ўйинни қабул қилади»

  21.07.2019 03:19
  0
  326
Мартин Каллен: «Питер 4та ўйинни қабул қилади»

Маълумки, УЕФА Евро-2020 турнирини бир қатор мамлакатлар ҳудудида ташкиллаштиришга қарор қилди. Халқаро ташкилот ижрочи-директори Мартин Калленнинг фикрича, бу янгилик кичикроқ миллий федерациялар тараққиётига кенг имкониятлар яратади. Унинг RT мухбири билан суҳбатда таъкидлашича, ҳар бир иштирокчи терма жамоа муайян шаҳарга бириктириб қўйилади. Бундан ташқари, функционер ташкилий масалалар ва чипта чайқовчилигига қарши кураш хусусида тўхталди.

- Навбатдаги Европа чемпионатини бутун қитъа ҳудудида ташкил этиш ғояси қай тариқа амалга оширилмоқда?

- Албатта, бу осон эмас. Ташкилотнинг собиқ раҳбари Мишель Платини турнир юбилейига ўзига хос совға тайёрлаш ғоясини илгари сурганди. Умуман, Европа чемпионатини бир нечта мамлакатда ўтказиш асносида кичик федерацияларга янги стадионлар бунёд этиш имкониятини бериш кўпчиликка маъқул келганди.

- Учрашувларга мезбонлик қиладиган шаҳарлар қайси омилларга асосан танлаб олинди?

- УЕФА аъзо 55та мамлакатнинг ҳар бири турнир ўйинларини қабул қилиш учун ариза топшириш ҳуқуқига эга эди. Якунда 16та мамлакатдан «заявка» тушди ва улардан 12тасини саралаб олдик.

- Россиядан биргина Санкт-Петербург номидан ариза йўлландими ёки...?

- Ҳа, РФИ айнан шу шаҳар номзодини кўрсатди, холос.

- Санкт-Петербург охирги ЖЧда нечоғли ижобий баҳо олди?

- Шак-шубҳасиз, аъло! Дейлик, ташкилотчилик юқори даражада бўлди. Питердек гўзал шаҳар Евро-2020 доирасидаги 4та учрашувни қабул қилишидан беҳад мамнунмиз. Шаҳар айниқса, июнь - июль ойлари бағоят чирой очади.

- Янги форматга кўра, қайсидир жамоа аввал Копенгагенда ўйнаши, кейин Бокуда майдонга тушиши ва у ердан Римга йўл олиши мумкин. Бу ҳолат мухлисларни қийнаб қўймайдими?

- Барчасини обдон муҳокама қилганмиз. Муаммолардан қочиш учун ҳар бир жамоани Евро-2020га мезбонлик қиладиган энг яқин шаҳарга бириктириб қўямиз. Масалан, Санкт-Петербург ва Копенгаген ҳамкор ҳисобланади. Яъни Россия ва Данияда 2тадан учрашув ўтказилгач, жамоалар жой алмашади. Хуллас, миллий термаларда шу шаҳарлардан ташқарига чиқиш зарурати туғилмайди.

- Хўш, Бокуда қайси жамоалар ўзаро учрашади?

- Мавжуд схемага кўра, Боку ва Рим ўзаро шерик. Озарбайжон термасининг финал босқичига чиқишидан умидворман. Тўғри, унинг вазифаси Италия термасиникидан анча мураккаб. Агар озарбайжонликлар финал раунди чиптасини қўлга киритолмасалар, Роберто Манчини шогирдлари 3та рақибни ўз майдонларида қабул қиладилар.

- Чипталар хариди борасида мухлислар учун қандай енгилликлар мўлжалланган?

- 12 июнь - 12 июль оралиғида чипталарга махсус сайт орқали буюртма олинди. Бу энг осон усулдир. Энди чипталар миллий федерациялар орқали сотилади. 

- Сотувда лотерея принципига амал қилинадими?

- Ҳа, агарда талаб ҳаддан ташқари катта бўлса. Айнан шундай бўлишини хоҳлаймиз. Илк лотерея жараёни август ойига мўлжалланган ва бунда 42 фоиз чипта ўз эгасини топади.

- Чипталар баҳоси аниқми?

- Энг арзони - 50 евро. Лекин турнир босқичларига қараб, чипталар қимматлашиб боради. Мисол учун, ярим финал ва финал ўйинлари Лондонга берилган. Табиийки, бу учрашувларга қизиқиш катта бўлади. Шунингдек, даромад масаласини ҳам унутмаслик керак. Ахир турнир фойда келтириши шарт.

- Хўш, финал ўйинини воқеа жойида кўриш учун энг камида қанча тўлаш керак бўлади?

- 100 евродан озроқ. Лекин ташвишланишнинг ҳожати йўқ. Зеро, арзон чипталар барча  стадионларда ўйинларни бемалол томоша қилиш имкониятини беради.

- Стартга 1 йил қолган ҳозирги паллада ечими топилмаган муаммолар ҳам борми?

- Дарҳақиқат, вақт зиқ. Ҳар куни қандайдир масалани ҳал этиш талаб этилмоқда. Лекин бу одатий ҳол. Муҳими, асосий масалаларнинг барчаси ўз ечимини топган. Демак, турнирни пухта тайёргарлик билан қарши олишимизга ишонаман.

- ЕЛ финалидан кейин УЕФА танқидлар остида қолди. Унинг Бокуда ташкиллаштирилганига эътироз билдирганларга қандай жавоб қайтардинглар?

- Биринчидан, ҳал қилувчи баҳс битта шаҳар жамоалари ўртасида кечишини ҳеч ким кутмаганди. Иккинчидан, Боку мезбонлик ҳуқуқини анча аввал қўлга киритганди. Озарбайжон томони УЕФА аъзоларидан бири сифатида ўз вазифасини рисоладагидек адо этди. Тўғри, шаҳарнинг қитъа четида жойлашгани қийинчилик туғдиришини билардик. Лекин шу билан бирга финал Марказий Европадан четроққа чиқишини истадик. Бокуда Евро-2020  учрашувлари ҳам талаб даражасида ўтказилишига аминман.

- «Арсенал» ярим ҳимоячиси Генрих Мхитарян ЕЛ финали арафасида Бокуга киришдан бош тортди. Бундай вазиятни олдиндан тахмин қилиш мумкинмиди? Бу каби масалалар футболга салбий таъсир этмайдими?

- Озарбайжон томони финалда хавфсизликни таъминлашга кафолат берганди ва Мхитарян ўйинда бемалол қатнашиши мумкин эди. Бу энди футболчининг қарори. Умуман, УЕФА сиёсий масалаларда холислик мақомида қолаверади.

- Замонавий футболдаги жиддий муаммолардан бири - чайқовчилик. УЕФА ноқонуний чиптафурушларга қарши қандай чоралар қўлламоқда?

- Онлайн-савдо каби янги технологиялар даврида чайқовчилик билан шуғулланиш анча мураккаб юмуш. Шундай бўлсада, катта миқдорда чипта харид қилувчи юлғичларни назардан қочирмаяпмиз. Бунда Ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорлик қиламиз. Зеро, «қора бозор»га барҳам беришда тегишли органлар ёрдами яққол сезилади.

- ЖЧ-2018да яхши самара берган Fan ID тизими ҳам қўл келиши мумкинми?

- Ҳа, Евро-2020 чипталари ҳам шундай номланган. Аммо тизимни бутун Европада бирдек татбиқ этиш катта харажат талаб этади.

- ФИФА улкан ислоҳотларни амалга оширмоқда. Айтингчи, УЕФАдан қандай янгиликлар кутиш мумкин?

- Ҳозир олдимизда 2та жиддий савол турибди. Биринчиси - 2024 йилдан кейин футбол қандай кўриниш олади? Иккинчиси - мавсум тақвими-чи? Мутахассисларимиз қитъа футболида юз бериши кутилаётган ўзгаришларни муҳокама қилишмоқда. 2021 йили ЧЛ ва ЕЛ ёнига яна битта турнир қўшилади. Яна кўнгилдагидек старт олган Миллатлар кубоги ҳам бор. Демак, изланишдан тўхтамаймиз.

У.Умаров тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz