Қайднома

Қидирув

«ПАХТАКОР-79» НИ ЭСЛАБ

«ПАХТАКОР-79» НИ ЭСЛАБ

  21.07.2019 05:28
  0
  337
«ПАХТАКОР-79» НИ ЭСЛАБ

Хотира - бу бутун бир Коинот бўлиб, у ерда одамлар умргузаронлик қиладилар. Улар қисматларининг лаҳзалари ва воқеалари кечадиган хотира - бебаҳо, зеро у ўзида воқеликнинг зарраларини, онларини асрайди, улардан кунлар, ойлар, йиллар ва бутун-бутун воқеалар юзага келади. қуроқ тасвир бўлаклардан вужудга келганидек, эсдаликлардан ҳам у ёки бу воқеанинг умумий манзараси ҳосил бўлади.

Ўз китобимда замондошлар, гувоҳлар ва яқинларнинг эсдаликларидан афсонавий «Пахтакор-79» қиёфасини жамлашга ва китобхонга уни ким тузгани, «пахтакорчилар»нинг шахслари ва уларнинг тақдирлари, футболга, ҳаётга қизиқишлари, хоҳиш-иродаси ва кураши, ғалабалари ва мағлубиятлари ҳақида ҳикоя қилишга уриндим.

Ҳалок бўлган футболчиларнинг оила аъзолари, мураббийлари ва дўстлари билан мулоқотда бўлиш ҳар бир «пахтакорчи»нинг ҳаётидан кўплаб қизиқарли далиллар, уларнинг орзулари, режалари, шунингдек, катта футболга кириб келиш тафсилотларини билиб олишимга ёрдам берди.

Авиация мутахассисларининг муайян фикр ва хулосаларига, журналистик ашёларига, Россия, Украина ва Ўзбекистоннинг қатор ОАВ ҳужжатларига суяниб, шунингдек, бу мавзу билан кўп йиллар шуғулланган ўзбек журналистлари ва мутахассисларининг архив ҳужжатларини ўрганиб, ўша кунларнинг фожиали воқеалари тадрижини тиклашга ҳаракат қилдим.

1979 йил 11 августда Днепропетровск яқинидаги Днепродзержинск шаҳарчаси узра икки Ту-134 авиалайнери тўқнашиб кетиши натижасида 178 йўловчи, шу жумладан, 13 экипаж аъзоси ва «Пахтакор» футбол жамоаси ҳалок бўлган эди. Бу воқеа ҳалигача дунёдаги энг катта футбол ҳалокати деб ҳисобланиб келади.

Бутун Иттифоқ бўйича ва ундан ташқарида миллионлаб мухлислар учун чинакам фожиа бўлган воқеанинг машъумлигига қарамай, «Пахтакор» жамоасини дафн этиш маросими барча шўро ОАВ томонидан чурқ этмай ўтказилди. Фақат Ўзбекистоннинг «Правда Востока» ҳукумат рўзномаси бундан икки кунгина олдин кичик мотам хабари босиб чиқарди.

Шўро Москваси тавсияси билан Тошкент аэропортидаги видолашув митингини воқеадан иложи борича камроқ одам хабардор бўлиши учун эрта тонгда ташкил этишди. Аммо шунга қарамай, ўша мотам тонгида Тошкент «Пахтакор» ўйинчилари билан видолашиш учун минглаб тошкент­ликлар кўчага чиқди.

Сабаби - Собиқ иттифоқда футбол оддий тушунча эмасди, футболчилар эса у вақтларда, биринчи галда, обрў учун, Ўзбекистон Республикаси учун ва чемпион деган фахрли унвонга муносиб бўлиш учун ўйнар эдилар. Шунинг учун ҳам уларни мухлислар миллий қаҳрамонлардек севар ва ҳурмат қилар, исмларини билар эдилар.

Ўзбекистоннинг ўз футбол бойлиги бўлган, бу бутун халқнинг меҳрини қозонган суюкли «Пахтакор» жамоаси эди. 70-йиллар ўрталарида янгиланган, бир текис ўйнайдиган ўйинчилари билан мустаҳкамланган жамоа катта футбол майдонига отилиб чиқди. «Тажриба ва ёшлик қотишмаси», «донгдор жамоа» - футбол мутахассислари уни ана шундай сифатлар билан алқар эдилар.

1979 йилда таниқли мутахассислар Олег Базилевич ва Идгай Тазетдинов бошчилик қилган «Пахтакор» мамлакат биринчилиги медаллари учун курашаётган энг яхши пойтахт (Москва) клублари ва Киев ҳамда Тбилиси «динамочилари» билан тенгма-тенг беллашадиган бўлган эди. Жамоа дарвозасини ажойиб дарвозабон Сергей Покатилов маҳкам қўриқлар эди, мудофаада ўзбек футбол мактабининг тарбияланувчилари - кучли Олим Ашуров, ёш Равиль Агишев ва тажрибали Николай Куликов, шунинг­дек, бир вақтлари Ленинграднинг «Зенит»ида чарақлаган, футбол оламининг таниқли вакилларидан бири Юрий Загуменних собит турар эдилар.

Ярим ҳимояда чинакам футбол усталари Александр Корченов ва Владимир Макаров ўйнар эдилар. Жамоанинг юраги эса фақат Ўзбекистон Республикаси эмас, балки бутун Иттифоқда тан олинган ярим ҳимоячи ва капитан Михаил Ан эди. Ажойиб сардорлик қобилиятидан ташқари Ан ўзининг ҳайратомуз бурчак зарбалари билан шуҳрат қозонганди. Шўро футболининг бутун тарихида битта ўйинда, 15 дақиқа ичида бурчакдан икки марта дарвозани ишғол этиш фақат унга насиб этганди - буни футбол тилида «сухой лист» (қуруқ япроқ) дейишади.

Миша тўпни ҳар доим ўз вақтида ошириб берарди, айниқса, ўзининг дўсти ва шериги, шўро ва ўзбек футболининг юлдузи, ажойиб спринтерлик шитобга, жасоратга ва кучли зарбага эга Владимир Фёдоров билан яхши ҳамкорлик қилар эди. Фёдоров билан тиниб-тинчимас ва ҳар доим чаққон Константин Баканов ва аъло техникаси ҳамда мураккаб вазиятдан гол уриш қобилияти билан ажралиб турувчи Виктор Чуркин билан жуфтликни ташкил этар эди. 1979 йилда Виктор нолли бурчакдан Киев «Динамо»си дарвозасига гол урганини кўплар ҳалигача эслайди.

«Пахтакор-79» таркибида мутлақо ёш, аммо истеъдодли футболчилар - Володя Собиров, Шуҳрат Эшбўтаев, Сирожиддин Бозоровлар ўйнай бошлаган эди. Улар ёшлар чемпионатлари доирасидаги турли мусобақаларда ўз маҳоратларини намойиш этардилар. Ўша машъум 1979 йилда бу йигитлар «Пахтакор»нинг юзи ва тиргаги эдилар, уларнинг атрофида мураббийлар Олег Базилевич ва Идгай Тазетдинов ўзларининг ўйинларини тузардилар.

Футболчилар ва мухлислар ёдида айнан ўша жамоа муҳрланиб қолганди. Дилида ўша хотиралар ҳамон жонланиб турган ҳар бир мухлиснинг бурчи - уларни янги авлодлар билан баҳам кўришдир. Зеро то хотираси тирик экан, инсон ўлмайди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz