Қайднома

Қидирув

МАЙДОНДАГИ МУРАББИЙ ёхуд Хаби Алонсо яхши устоз бўла оладими?

МАЙДОНДАГИ МУРАББИЙ ёхуд Хаби Алонсо яхши устоз бўла оладими?

  22.07.2019 01:29
  0
  354
МАЙДОНДАГИ МУРАББИЙ  ёхуд Хаби Алонсо яхши устоз бўла оладими?

Бундан бир ойча аввал кўпгина таниқли собиқ футболчилар (Хави, Вальдес, Хаби Алонсо, Риера, Рауль, Капдевила, Камбьяссо, Жулио Баптиста) бир гуруҳда таълим олиб, УЕФА Pro лизенциясига эга бўлишди. Дейлик, Хави ушбу ҳужжат билан қатарнинг «Ал-Садд» клубида иш бошлади. Афсонавий Рауль «Реал Кастилья» бошқарувини қўлга олди. Хаби Алонсо эса ноодатий йўлдан кетиб, камтарингина «Реал Сосьедад» клубининг ўринбосарлар жамоасини бошқаришга қарор қилди.

Маълумот учун айтсак, бу жамоа Б Сегунда - Испания чемпионатининг учинчи лигасида иштирок этади. Бошқа томондан эса Алонсо «уйи»га қайтди. Чунончи, у айнан Сан-Се-бастьянда футболчилик фаолиятини бошлаб, 20 ёшидаёқ жамоа сардори даражасига кўтарилганди (дарвоқе, бир пайтлари Хабининг отаси ҳам худди шу клуб шарафини ҳимоя қилган). Кўпчиликка маълумки, Хаби бутсаларини михга илгач, Мадриднинг «Реал» клуби тизимида фаолият юритаётганди. Эътиборлиси, ўтган йили Алонсонинг шогирдлари 13 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Испания чемпионатида ғолиб чиқишди.

Келажакда Хаби Алонсо қандай мутахассис бўлиб етишиши маълум эмас. Умуман, бу собиқ футболчидан яхши мураббий чиқиши ҳам сўроқ остида. Аммо унутмайлик, Хаби ҳали майдонда тўп суриб юрган кезлариёқ бир қатор таниқли мутахассислар у ҳақда шунчалик кўп илиқ фикрлар айтишганки, буларга таянсак, Алонсода моҳир мураббий бўлиш учун барча имкониятлар борлиги ойдинлашади. Келинг, яхшиси бу фикрларни кўриб чиқайлик.

• Испания терма жамоасининг собиқ мураббийи Иньяки Саес (Алонсо айнан шу мутахассис қўл остида дебютини нишонлаган): «У ҳар қандай ҳолатда ҳам идеал даражадаги тўп узатишларни амалга оширади, шунингдек, майдонни ҳам қандайдир ақл бовар қилмас аниқлик билан кўра олади».

• Хаби «Реал Сосьедад»да ўйнаб юрган кезлари унинг устози бўлган Жон Тошак: «Мен жамоа ўйинига кучли таъсир кўрсата оладиган бундай ёш футболчини кўрмаганман. У майдонда бўлса, бутун жамоа яхши ўйнайди».

• Рафаэль Бенитес, Алонсонинг «Ливерпул»га ўтишини таъминлаган инсон: «Хаби жуда ақлли. У исталган масофага тўпни аниқ узатади. Ақлий салоҳияти ўта кучли бўлгани учун майдонда натижага эришади. қисқаси, у - майдондаги мураббий».

• Стивен Жеррард, қаҳрамонимизнинг идеал ҳамкори: «Биринчи маш­ғулотдаёқ аён бўлдики, Алонсо - қирол! У мен бирга тўп сурган ярим ҳимоячилар орасида шак-шубҳасиз, энг яхшиси. Дейлик, қачонлардир «Ливерпуль» мураббийи бўлиб қолсам, ёрдамчи сифатида кимни ишга таклиф қилишим аниқ».

• Луис Гарсия, Алонсо билан «Ливерпул»да ўйнаган футболчи: «Биз ҳаммамиз билардикки, Хаби Алонсодан яхши мураббий чиқади. Чунки у ҳали футболчилик давридаёқ бошқаларга ўгит берарди. Хаби майдон марказида туриб ҳаммани бошқарарди. Жумладан, нима қилиш керак, қаерда туриш лозимлигини аниқ кўрсатиб берарди. У катта футболдан дарҳол мураббийлик фаолиятига ўтиб кетса, ажабланмаган бўлардим».

• Барчага маълум-у машҳур Моуриньо ҳам Хабининг истеъдодига тан берган: «Ишончим комил, Хаби футболчилик фаолиятини тугатса, ундан ажойиб мураббий чиқади. У менга Пеп Гвардиоланинг футболчилик даврини эслатиб юборяпти. Яъни, майдонда ўзини худди мураббийдек тутади».

• Карло Анчелотти ҳам ўз вақтида Алонсо билан «Реал» ва «Бавария»да ишлаган: «Хаби Алонсода ҳамма эшикларга тушадиган калит бор. У алоҳида истеъдод ва билимларга эга. қолаверса, унда атрофдаги воқеаларни теран англайдиган қобилият бор».

• Алонсо эса Хосеп Гвардиолани ўзининг энг яхши устози деб билади. Афтидан, Пеп Хабига бошқа мутахассислардан кўра кўпроқ таъсир ўтказа олган. Гвардиоланинг фикрлари: «Менинг унга ўргатадиган нарсам йўқ. Алонсо ўйинимизни белгилаб беради - бу эса фақат энг кучли ярим ҳимоя­чиларгина уддалай оладиган вазифа. Аминманки, у тез орада мураббий сифатида яна футболга қайтади. Келажакда эса Хаби бирор-бир топ-клубни бош­қаришига шубҳа қилмайман. қисқаси, Хаби - мен ҳаётимда кўрган энг яхши ярим ҳимоячилардан бири. У ўйинни тушунибгина қолмай, унга «руҳ» бағишлай олади. Кейинги ўйинни қандай ютишимиз мумкинлигини Алонсо бошқалардан бир ҳафта олдин сезарди. Менга бундай инсонлар билан ишлаш ёқади».

• «Бавария» президенти Карл-Хайнц Румменигге эса испаниялик футболчи унинг клуби тизимини ташлаб кетганидан афсусда: «Мен унинг қачонлардир яна «Бавария»га қайтишини истардим. Ундан фантастик мураббий чиқади. Хаби туғма обрў эгаси. Бир неча тилни билади, бир қатор кучли мутахассисларнинг шогирди. У - ноодатий шахс».

Хаби эса унинг жамоаси қайси услубда тўп суришини ҳозирча ошкор қилмади. Зеро, у бир-биридан кескин фарқ қилувчи мураббийлар билан бир текис, барқарор ишлай олган футболчи: «Мен - омадлиман, чунки Анчелотти, Моуриньо, Гвардиола ва Бенитес каби машҳур кишилар билан футбол борасида бафуржа суҳбатлашардим. Уларнинг ҳар биридан қандайдир янгиликларни ўзлаштирганман».

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz