Қайднома

Қидирув

АПЛда бахти бор-у тахти йўқ...

АПЛда бахти бор-у тахти йўқ...

  22.07.2019 09:00
  0
  438
АПЛда бахти бор-у тахти йўқ...

Ташкил этилганидан бери клуб футболида байроқдорлик қилаётган АПЛда ғалаба нашидасини суришнинг энг ёрқин юлдузлар фаолиятидаги ўрни беқиёс. Бироқ мазкур турнир тахтига ҳеч бўлмаганда бир бора кўтарилиш ҳаммага насиб этавермайди. қуйидаги ҳикоя АПЛ чемпиони шукуҳидан бебаҳра қолган афсоналар ҳақида.

Робби Фаулер

Бу футболчи инглиз футболи тарихидан энг сара ҳужумчилардан бири сифатида жой олган. У ўз фаолиятини 1992 йилда «Ливерпуль» таркибида бошлаганди. Айнан шу жамоадаги бетакрор ўйинлари билан мухлислар қалбини ром этган. Кейинчалик ҳужумчи «Лидс», «Манчестер Сити» ва қисқа вақт «Блэкберн» шарафини ҳимоя қилди.

Фаулер АПЛ доирасида 379 марта майдонга тушиб, 162та гол урди. Англия ва Лига кубоклари, Англия Суперкубоги соҳибига айланди. Шунингдек, УЕФА кубоги ва Суперкубогига сазовор бўлди. Аммо АПЛнинг олтин медалига етиша олмади.

 

Мэтт Ле Тиссье

«Саутгемптон» мактабида таҳсил олган Мэтт фаолиятини шу жамоага бағишлади. Ўзининг садоқати эвазига нафақат «авлиёлар», балки бошқа жамоалар мухлислари орасида юксак нуфузга эга бўлди. Ле Тиссье АПЛда 10 мавсум тўп сурди, 270та учрашувда 102 марта рақиб жамоа дарвозабонларини ранжитди.

«Саутгемптон»дан кўнгил уза олмаган Мэтт совринлардан четда қолди. Фаолияти давомида ойнинг энг яхши футболчиси унвони билан кифояланишга мажбур бўлди, сурати инглиз футболи шон-шуҳрат залидан жой олди. Лекин АПЛ тахти унга ҳам ушалмас орзу бўлиб қолди.

 

Жанфранко Зола

Италиялик тенги йўқ ҳужумчи «Парма»дан АПЛга ўтганди. Бироқ унга ҳам «Челси» сафида АПЛ чўққисини забт этиш насиб қилмади. Унинг даврида «кўклар» ҳозиргидек қудратли жамоа эмасдилар. Зола чемпионатдаги 7 йиллик фаолиятида 229 учрашувда иштирок этди, 58та гол урди. Унинг ҳисобида Англия ва Лига кубоклари, Суперкубок, халқаро майдонда Кубок эгалари кубоги ва УЕФА Суперкубоги бор. Аммо АПЛнинг олтин медали армонлигича қолиб кетди.

 

Жейми Каррагер

АПЛ ва «Ливерпул»нинг асл афсонаси. Каррагер қизил либосда 17 йил тер тўкди, ҳисобида 508та ўйин, 3та гол мавжуд. Шу давр ичида Жейми бир неча мартадан ички мусобақалардаги барча совринларни, УЕФА ва ЕЧЛ кубокларини қўлга киритди. Шунингдек, 2та УЕФА Суперкубокларини ҳам. Фақат АПЛ тахтига чиқа олмади.

 

Лес Фердинанд

АПЛнинг «КПР», «Ньюкасл», «Тоттенхэм», «Вест Хэм», «Лестер» ва «Болтон» клубларида тўп сурган сермаҳсул ҳужумчи 349 беллашувдаги 149та голи эвазига лиганинг энг сара тўпурарлари ўнлигидан жой олган. Бироқ афсуски, бу кўрсаткич Фердинанднинг нуфузли совринларга эга бўлиши учун камлик қилди. У 1999 йилда «Тоттенхэм» сафида қўлга киритган Лига кубоги билан кифояланишга мажбур бўлди. АПЛда эса фақат бир марта шоҳсупага жуда яқин келди. Бироқ 1995|1996 йиллар мавсумида таъқибчисидан 10 очкога ўзиб кетган «Ньюкасл» якунда ғолибликни «МЮ»га бой берганди. Лес эса 25та гол билан АПЛ тўпурарлари баҳсида кучли учликдан жой олди. Табиийки, бу «қарғалар» ва Фердинанд учун шунчаки тасалли берувчи натижа эди.

Гарет Бэйл

«Реал» таркибида ЕЧЛнинг 4 карра ғолибига айланган уэльслик футболчи ўз фаолиятини «Саутгемптон»да бошлаганди. Тез орада тезкор Бэйл «Тоттенхэм» эътиборини тортди ва 6 мавсум давомида «тақачилар» шарафини ҳимоя қилди. Ана шу давр мобайнида маҳоратини янада оширган вингер АПЛ доирасида 146 марта майдонга тушиб, 43та гол муаллифига айланди. Бироқ ғолиблик шоҳсупасига кўтарилиш унга насиб этмади.

Бэйлнинг ички чемпионатдаги энг юқори натижаси кучли квартетдан жой олиш бўлди. Табиийки, бу топ-клуб ва унинг иззатталаб ҳужумчисини қониқтирадиган натижа эмасди. Шу боис, Гарет 2013 йилнинг ёзги трансфер мавсумида Мадридга йўл олди. «қироллик клуби» уни ўз таркибига қўшиб олиш учун 101 млн. евродан воз кечишига тўғри келди.

 

Хаби Алонсо

Испаниялик иқтидорли ярим ҳимоячи 2004 йилнинг ёзида амалга оширилган 16 миллионли трансферга асосан «Реал Сосьедад»дан «Ливерпул»га ўтганди. Буни қарангки, дебют мавсумидаёқ Хаби «қизиллар» билан ЕЧЛ ғолибига айланди, бир йилдан кейин эса «шалпанг­қулоқ» ёнига Англия кубоги ва Суперкубогини териб қўйди.

«Ливерпул»нинг АПЛ тахтига мунтазам равишда даъвогарлик қилиши барчага маълум. Алонсо даврида жамоа чемпионликка 2008|2009 йиллар мавсумида жуда яқин келганди. Бироқ якунда «қизиллар» «МЮ»дан 4 очкога ортда қолиб, орзу армонга айланди. Шундан кейин Хаби Алонсо ватанга қайтишни лозим топди ва 34,5 млн. евро эвазига «Реал» сафидан жой олди.

 

Фернандо Торрес

Испаниянинг навбатдаги вакили ҳам АПЛда сезиларли из қолдирди, аммо турнир ғолиблиги шукуҳидан баҳраманд бўлиш унга насиб этмади.

Фернандо 2007-2014 йиллар оралиғида туманли ўлка тузини ичди. Аввал «Ливерпул»да 4 мавсум, кейин «Челси»да 3 мавсум тўп сурди. Гарчи сўнгги йилларда маҳсулдорлиги анча пасайиб қолган бўлсада, ЕЧЛ, ЕЛ ва Англия кубокларига сазовор бўлди. Аммо у ҳам на «қизиллар» ва на «кўклар» сафида АПЛ чўққисига кўтарила олди.

 

Хуан Мата

АПЛдаги испан гвардияси вакиллари ҳақидаги ҳикоямизда навбат яна бир ажойиб ярим ҳимоячига келди. Хуан Мата 2011 йилдан бери АПЛда тўп сурмоқда. Уни «Челси» 27 млн. евро эвазига «Валенсия»дан харид қилганди. Дастлабки 2,5 йил ичида у «кўклар» билан Англия кубоги, ЕЧЛ ва ЕЛ турнирлари ғолиби бўлди. Лекин АПЛнинг олтин медалларига эриша олмади.

2014 йилнинг январида Матанинг «Олд-Траффорд»га ўтиши учун манкунианлар 45 млн. евродан воз кечишди. Бироқ ярим ҳимоячи «қизил иблислар» таркибига мураккаб паллада қўшилганди. Алекс Фергюсон истеъфосидан кейин «МЮ» аввалги мавқеини тиклай олмаяпти. Шу боис, Хуаннинг шоҳсупага кўтарилиш имконияти пасайиб кетди. Дарвоқе, яқинда манкунианлар испаниялик ярим ҳимоячи шартномасини 2 йилга узайтирдилар. Демак, АПЛ орзусининг армонга айланмаслиги учун унда камида 2та имконият бўлади.

 

Стивен Жеррард

«Ливерпул»нинг асл афсонаси 17 йил «қизиллар»га садоқат билан хизмат қилди, фаолияти давомида ЕЧЛ, УЕФА кубоги, Англия ва Лига кубоги турнирларида, УЕФА ҳамда Англия Суперкубоклари беллашувларида зафар қучди. Аммо мамлакат чемпиони деган юксак унвон унинг изнига бўйин эгмади.

Лекин шунга қарамасдан, Стиви Жи шаънига дакки-дашномлар йўллашга нафақат «Ливерпуль», балки ашаддий рақиблар мухлислари ҳам журъат эта олмасликларига шубҳа йўқ. «қизиллар»нинг 3 марта шоҳсупа остонасида қолиб кетишларига Жеррард заррача бўлсада айбдор эмас!

С.РАҲМОНОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz