Қайднома

Қидирув

Легионерсиз чемпион

Легионерсиз чемпион

  23.07.2019 03:55
  0
  725
Легионерсиз чемпион

21-асрга келиб жаҳон футболини легионерларсиз тасаввур қилиш душвор бўлиб қолди. Ҳар бир мамлакат миллий жамоаси ўз таркибида хориж чемпионатларида тўп сурадиган кучли легионерларга эга бўлишни хоҳлайди. Дейлик, биз ҳам миллий жамоасмизнинг етакчи футболчиларини Европанинг кучли 5та лигасида кўришни орзу қиламиз...

Лекин еврофутбол ривожи ўзгача йўналиш олишга улгурдики, баъзи мамлакатлар бош жамоасида легионерларга мутлақо эҳтиёж сезилмайди. Мисол учун, Россия ва Англия термаларининг охирги йирик турнирлардаги иштирокини бир эсланг. Италия термаси эса 2006 йилги мундиалда легионерсиз ҳам барчадан устунлик қила олишини амалда исботлаганди. «Мовий гвардия»ни Германия яшил майдонларида ташкиллаштирилган мундиалга Марчелло Липпи тайёрлади. У таркибга жалб этган футболчилардан ҳеч бири ўша вақт Италиядан ташқарида тўп сурмасди. Оддий айтганда, 23 нафар футболчи ҳам «А» серия клубларидан танланган эди. Мана, ўша таркибни бирров эсга оламиз:

Дарвозабонлар - Жанлуижи Буффон («Ювентус»), Анжело Перуцци («Лацио»), Марко Амелия («Ливорно»)

Ҳимоячилар - Кристиан Заккардо, Фабио Гроссо, Андреа Барцалли («Палермо»), Фабио Каннаваро, Жанлука Замбротта («Ювентус»), Алессандро Неста («Милан»), Массимо Оддо («Лацио»), Марко Матерaцци («Интер»)

Ярим ҳимоячилар - Женнаро Гаттузо, Андреа Пирло («Милан»), Даниэле де Росси, Франческо Тотти, Симоне Перротта («Рома»), Мауро Каморанези («Ювентус»), Симоне Бароне («Палермо»)

Ҳужумчилар - Алессандро Дель Пьеро («Ювентус»), Альберто Жилардино, Филиппо Инзаги («Милан»), Винченцо Якинта («Удинезе»), Лука Тони («Фиорентина»)

Асосийси, Липпининг фақат маҳаллий лига вакилларидан тузган жамоаси Германияда ҳимояни мустаҳкам ушлаб, деярли бехато ўйнаганди. Ҳар ҳолда, итальянлар бутун турнир давомида мағлубият нималигини билишмади. қолаверса, «Мовий гвардия» рақиблар дарвозасини 12 марта нишонга олиб, атиги 2та гол қўйиб юборди. Асосий факт, шу минус белгисидаги 2та голдан бири авто қўшимчасига эга эди, иккинчиси эса финалда Зайниддин Зидан томонидан пенальти воситасида урилди.

Мана, ўша таркибда жавлон урган футболчилар бутсаларини михга илишганидан кейин «Скуадра Адзурра» ҳамон инқироз кўчаси атрофида айланмоқда. Итальянлар орада нафақат терма жамоа, балки клублар миқ­ёсида ҳам қитъадаги мавқеларини буткул йўқотишди. Мисол учун, охирги 6 йилда ЕЧЛда асосан Испания, Англия ва Германия клублари ҳумкронлик қилмоқда. Италиядан эса биргина «Ювентус» бироз яхшироқ кўрсаткичга эришмоқда. ЧЛ финалида майдонга тушиб, якунда ғалаба нашидасини сурган италиялик охирги футболчи эса - Марко Матерацци. У ҳам 2010 йилги финалнинг 90-дақиқасидагина захирадан майдонга тушганди. Италия вакилининг турнирдаги охирги ғалабаси ҳам ўша мавсум қайд этилганди. Шундан буён италияликларга бош евротурнирда ғалаба нашидасини суриш насиб этаётгани йўқ. Боз устига, Милан клубларининг инқироз кўчасига кириши «А» серияга нисбатан қизиқишни сезиларли даражада пасайтирганди. Ҳа, футбол оламининг ишлари қизиқ - бир неча йил олдин мундиалда легионерсиз ўйнаб, чемпионлик рутбасига эришган Италия термаси савияси шу қадар тушдики, у ҳаттоки, охирги ЖЧдан четда ҳам қолди...

Ж.Бобохонов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz