Қайднома

Қидирув

МАККОР МЕРДОК ёки яна футболдаги катта пуллар ҳақида

МАККОР МЕРДОК ёки яна футболдаги катта пуллар ҳақида

  23.07.2019 05:59
  0
  424
МАККОР МЕРДОК ёки яна футболдаги катта пуллар ҳақида

Австралиялик Руперт Мердок - йирик медиамагнат ва дунё журналистикасидаги ўзгача шахслардан бири. Бир томондан, у кўплаб нашрларга асос солган, телеканалларни сотиб олган ва муваффақиятли медиаимперияни қурган. Бошқа томондан, у каналларга цензурани жорий этган ва унинг бошқаруви пайти маълумотлар ноқонуний тарзда қўлга киритилган.

Мисол тариқасида News of the World газетаси билан боғлиқ машҳур воқеани олиш мумкин. Мазкур нашр машҳурлар, теракт қурбонлари ва Афғонистонда ҳалок бўлган аскарларнинг суҳбатларини яширин тарзда тинглаган. Реклама агентликларининг бойкотидан кейин 2011 йили газета ёпилган. Гап 168 йил фаолият юритган нашр ҳақида бормоқда. Бу маълумот Руперт Мердокнинг қандай шахс эканлигини тушуниш учун келтирилди. У йўлидан чиққан ҳамма нарсани «супуриб» ташларди: нонуштага 20th Century Fox кинокомпаниясини «ютиб юборса», тушликда Fox News яратиларди, кечки тамаддига эса The Wall Street Journal, газагига My Space ижтимоий тармоғини хоҳларди.

Мердокнинг Англияга муқим жойлашиб олишига кўп жиҳатдан Маргарет Тэтчер сабабчи бўлган. Баронесса хонимни миллий ОАВ тўлиқ австралияликнинг ихтиёрига ўтказиб юборганликда айблашганди. Мердок қўл остидаги нашр Тэтчер ҳукуматини фаол қўллаб-қувватларди, жумладан, 1982 йилги Аргентина билан ҳарбий низолар пайтида ҳам.

1983 йили Мердок Sky сунъий йўлдош телеканали улушини сотиб олди. Австралиялик ушбу компанияни бошқариш учун катта куч ва маблағ сарфлади. қарзлардан қутулиш мақсадида икки холдинг - Sky Television ҳамда унинг рақобатчиси British Satellite Broadcasting компанияларини бирлаштиришга тўғри келди. Шу тариқа BSkyB пайдо бўлди. Ишлар у қадар яхши кетмаётганда телекомпания кутилмаган қарорга келди. Мердокнинг канали АПЛ телетрансляцияларига катта пул таклиф қилиб, бошқа бир рақобатчи - ITVнинг йўлига тўғаноқ бўлди.

Руперт Мердок BSkyBни  даволади

Дастлаб Англия чемпионати айнан ITV билан бирга қайта шаклланишга тайёрланаётганди. 1992 йил лига тарихида бурилиш нуқтаси бўлди. Бунга қадар телетрансляциялардан тушадиган даромад олий дивизион ва учта қуйи лигалар ўртасида тақсимланарди (50%, 25%, 12,5% ва 12,5%). Тўртта лигада 92та жамоа қатнашар, уларнинг бари телеҳуқуқлар сотувидан тегишли улушга эга бўлишарди.

Яъни, улар орасида ҳам «Ливерпуль», «Арсенал», «Манчестер Юнайтед» каби грандлар, «Рочдейл», «Уолсолл» ҳамда «Дарлингтон» сингари нотаниш клублар ҳам бор эди. Тушунарлики, мазкур ҳолат олий дивизион жамоаларининг жаҳлини чиқарди, шу боис улар вазиятни ўзгартириш мақсадида янги турнир - АПЛни ташкил этишди. 1992|1993 йиллар мавсумидан бошлаб мусобақа шу ном остида ўтказила бошланди.

ITV билан тузилган янги шартномага кўра, АПЛдаги ҳар бир клуб кўпроқ даромад олиши мумкин эди. Энди гап минг эмас, қарийб миллион ҳақида бораётганди. ITV бир йилда 22та клубга 20 млн. тўлагани жуда катта ўсиш сифатида баҳоланганди. Аммо кутилмаганда Руперт Мердок ҳамда унинг базўр кун кечираётган BSkyB компанияси пайдо бўлди. Банкротлик ёқасида турганлар нима қилишди? Тўппа-тўғри! Англия футболига катта пул тикишди.

Дастлаб BSkyB ижрочи директори ITV раҳбари Грег Дайк билан махфий учрашув ташкил этиб, АПЛ ўйинларини биргаликда намойиш этишни таклиф қилди. Аммо Дайк бунга рад жавобини бериб, турнирни фақат ITV кўрсатишини таъкидлади. Бешта топ клуб унинг томонида эди: «Арсенал», «МЮ», «Тоттенхэм», «Ливерпуль», «Эвертон». Бу жамоалар телеҳуқуқлар бўйича аввалги тизим йўқ қилингани учун Дайкдан миннатдор эдилар. Шу паллада Мердок ITVни йўлдан чиқариб ташлашга қарор қилди. Бунинг учун BSkyB ва BBC ҳамкорлик ўрнатишди.

Аввалига АПЛ раҳбари Рик Перри ITV билан ҳамкорликни давом эттиришни маъқул кўрди. Унга бирданига иккита канал билан шартнома тузиш ғояси ёқмаётганди. Натижада Перрини АқШга, Мердокнинг ёнига меҳмонга чақиришди ва улар ўзаро гаплашиб олишди. Кейин эса BSkyB ижрочи директори Сэм Крисхолм АПЛ раислари қаршисида чиқиш қилди. Бундай ўзгаришлар ITV ва шахсан Дайкни хавотирга солмай қўймасди.

Руперт Мердок нархларни кўтарди

1992 йилнинг 18 майида бир куннинг ичида АПЛ клублари ғазналарини анча бойитиб олишди. The Sunday Post нашри тарихий воқеани қуйидагича ёритганди: «Ёш компания бўлган BSkyB тузган шартнома телевизион пейзажни анча ўзгартирди». Мердокнинг таъкидлашича, айнан шу палла пуллик трансляцияларга йўл очганди.

Йирик келишувдан биринчи нав­батда АПЛ клублари ютгандек туюлганди. Ҳа, улар катта маблағга эга бўлишди, аммо Мердокнинг телекомпанияси кўпроқ муваффақият қозонди. BSkyB сунъий йўлдош телеканали банкротлик ёқасида турганди. Англия чемпионати трансляциялари шарофати билан тўрт йилдан сўнг 300 млн. фойда кўрди! BSkyB Буюк Британиянинг етакчи телевидениеларидан бирига айланди. АПЛ ўйинларини кўриш истагидаги обуначилар сони шиддатли тезликда оша бошлади. Мавсум-1992|1993 арафасида «товоқ»лар 3 млн.дан кўпроқ хонадонга ўрнатилди.

Тасаввур қилинг, уйингизни ижарага бермоқчисиз. Бундан аввал уни яхшилаб таъмирлайсиз ва бу уй энди қимматроқ туради. Мердокнинг ҳолати ҳам шунга ўхшаш. Англия футболи, кўплаб клублар учун сармоя киритиш орқали у топ даражадаги маҳсулотга эга бўлди. АПЛ ҳозиргача томошабоплик бўйича Испания, Германия, Италия ва бошқа мамлакатлар чемпионатларидан устун туради.

1992 йилнинг 16 августида BSkyB илк марта АПЛ ўйинини намойиш этди. «Нотингем Форест» ўз майдонида «Ливерпул»ни 1:0 ҳисобида енгди. Ягона голни Тедди Шерингем урди. Ушбу футболчи ўша мавсум 22та гол билан АПЛнинг энг яхши тўпурарига айланди.

«Нотингем Форест» - «Ливерпуль» ўйини трансляцияси аудиторияси 500 минг кишини ташкил этди. Ўшанда футбол намойиши ҳозиргидан анча сифатсиз бўлганди. Такрорий вазиятлар пайти носозликлар кузатилар, захира ўриндиғи ва трибуналар бирор маротаба кўрсатилмасди. Шунга қарамай, ўйинларни 2003 йили АПЛ­нинг дастлабки ўн йиллигидаги энг яхши овоз соҳиби деб топилган афсонавий Мартин Тейлор шарҳларди.

2007 йили Sky One телеканалида телетрансляциялар АПЛни қай тариқа муваффақиятли лигага айлантиргани ҳақида 45 дақиқали ҳужжатли фильм намойиш этилди. Унда Руперт Мердок ўша 1992 йили амалга оширилган машҳур келишув ҳақида ҳам гапирганди: «Реал ҳаётда компанияга асос солсанг, таваккалга дуч келасан. Ва албатта, бир қарашда бу жуда таваккалчилик эди. Аммо мен газеталар сотуви ва телевидениедаги фаолиятим орқали спортнинг нечоғли буюк эканидан хабардор бўлиб улгургандим. Футбол эса спортда биринчи рақамда қайд этилади».

Руперт Мердок футболни ўзгартирди

АПЛ энг яхши лигага айланди, бироқ Англияда Мердокнинг манзилига шикоятлар йўлланиши учраб турарди. Улардан бирининг мазмуни шундай: 1992 йилга қадар Англия элитасида хорижлик футболчилар камчиликни ташкил этарди. Йирик инвестициялардан кейин эса вазият тамомила тескари тус олди.

Туманли ўлкага нафақат Юрген Клинсманн ва Руд Гуллит сингари юлдузлар, балки унчалик машҳур бўлмаган бошқа легионерлар ҳам ташриф буюришди. Мураббийлар борасида ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилди. Sky келгунига қадар АПЛда фақат британиялик мураббийлар ғалаба қозонишган. Кейинчалик эса инглиз мураббийлари бундай натижага эриша олмадилар, Британиядан фақат шотландлар - Кенни Далглиш ва Алекс Фергюсон чемпионликни нишонладилар. қисқаси, АПЛга бутун дунёдан мутахассислар талпина бошладилар, чунки бу ерда каттагина пул ишлаб олиш мумкин эди.

Вазият шундай тус олдики, АПЛда тўп сураётган футболчиларнинг 70 фоизи Буюк Британия ташқарисида туғилганлиги ойдинлашди. Мазкур ҳолатнинг миллионлар ўйинига асос солинган мамлакатда кузатилгани бироз ғалати эди. Танқидчилар тинмай шикоят қилишди, Sky пуллари турнирнинг мувофиқлигини йўқотиб, Англия термасини «ўлдирганини» таъкидлашди. Мердок эса уларга шундай жавоб берди: «Йўқ. Шунчаки, биз бутун дунёдаги энг яхшиларни қабул қиляпмиз, жумладан, энг яхши британиялик футболчиларни ҳам».

Можароларга қарамай, АПЛ ижобий имиджини сақлаб қолди. Уни Мердокка тегишли нашрлар қўллаб-қувватлашди. Масалан, «Арсенал» мураббийи Жорж Грэм трансферлар орқали пул ишлаётгани ҳақида гап-сўзлар кўпайди. У норвегиялик агентнинг икки мижози «канонирлар» сафига қўшилгани учун 425 минг фунт олганди. Грэм ушбу пуллар агент томонидан берилган «ихтиёрий совға» эканини таъкидлади. Футбол ассоциацияси мураббийни бир йилга четлатди.

1998 йили Руперт Мердок Англия футболида яна бир йирик келишувни амалга оширмоқчи бўлди - «Манчестер Юнайтед»ни сотиб олмоқчи эди. Бу янгилик кўплаб норозиликларни вужудга келтирди. «МЮ» мухлислари «Олд Траффорд» стадиони олдида митинг уюштиришди.

Мердок учун 625 млн. фунт сарф­лаш муаммо эмасди. Manchester Evening Post газетасида ўтказилган сўровда 96 фоиз иштирокчи клубни Рупертга сотишга қарши овоз бергани ҳам уни заррача хавотирлантирмасди. Аммо сўнгги паллада келишувни Британиянинг монополия комиссияси тўхтатди: Мердокка тегишли кўпсонли ОАВ холис ишламаслиги сабаб сифатида кўрсатилди.

1996 йили Sky трансляцияларни сотиб олишга икки марта кўпроқ - 670 млн. сарфлади. Бу аввалгидек беш эмас, тўрт мавсумга мўлжалланганди. Кейинги шартномалар нархи миллиарддан ошиб кетди. Сўнггиси - 4 млрд.дан кўпроқ. Sky максимал даражада кўп ўйинларни харид қилди - 126та. Яна 42та учрашув рақобатчи BT Sport каналига тегди. Аммо биринчи бўлиб танлаш ҳуқуқи Sky компаниясида қолганди.

Руперт Мердок ҳозир 88 ёшда, ҳамон корпорация раҳбари, ўғиллари эса директорлар кенгашига аъзо. Бугунги кунга қадар Sky АПЛнинг асосий ёритувчиси саналади. 1992 йили битта ўйин Sky учун бир миллион фунтдан камроққа тушган бўлса, ҳозир 10 миллиондан кўпроқ тўланмоқда.

Мабодо, АПЛда даражаси юқори бўлмаган клуб 30 миллионлик келишувга эришаётганини кўрсангиз, Руперт Мердокни эсланг. Сунъий йўлдош телеканаллари билан тузилган йирик шартномаларни ёдга олинг. Айнан шунинг учун бугунги кунда АПЛда катта трансферлар амалга оширилмоқда.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz